
Бугунги глобаллашув даврида жамият аъзолари ўртасида, хусусан ёшлар орасида соф маърифий ислом тамойилларини тўғри тушунмаслик, гўзал ахлоқий фазилатларни тарғиб қилувчи диний тушунчаларни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида жамиятда турли ёт ғоялар таъсирига берилиш ҳолатларининг кузатилишига, радикаллашувга сабаб бўлмоқда. Радикаллашув нафақат шахснинг ҳаётига, балки бутун жамиятнинг тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид солади. Шу сабабли, ушбу иллатга қарши курашишнинг энг самарали йўли – бу маънавий вакцина, яъни инсонларни маърифат билан қуроллантиришдир. Маърифат, таъбир жоиз бўлса, радикал ғояларга қарши энг самарали маънавий вакцинадир. Маънавий вакцина тушунчаси рамзий маънода бўлиб, у инсон қалбини зўравонлик ва адолатсизликка олиб борувчи ғоялардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Маърифат инсонни асл ва ёлғон маълумотларни ажрата олишга, адолатли ва ҳалол ҳаёт кечиришга, сабр-тоқатли ва бағрикенг бўлишга ўргатади. Қуръони Каримда айтилганидек: Аллоҳ сизларни дин сабабли уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир” (Мумтаҳана сураси, 8-оят). Ушбу оят бизга шуни кўрсатадики, Аллоҳ барчани адолатли ва ҳалол бўлишга чақиради. Ҳеч ким шахсий манфаат ёки диний келишмовчилик сабабли бошқаларга нисбатан адолатсиз муомала қилишга ҳақли эмас.
Пайғамбаримизнинг муборак ҳадиси шарифларида ҳам бағрикенглик, жамият аъзолари ўртасида муросаю мадора қилиш тарғиб қилинади. Ҳадислар доимо инсонларни эзгулик, адолат, меҳр-шафқат ва жамият учун фойдали ишларга чақиради. Ҳадисларда келтирилган ғоялар асосида ёшларни соғлом эътиқод асосида тарбиялаш радикаллашувга қарши энг самарали воситалардан биридир.
Маънавий вакцинанинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири – таълим ва тарбия орқали танқидий тафаккурни ривожлантиришдир. Ёшлар турли ахборотлар, сохта маълумотлар ва экстремистик руҳдаги тарғиботларга дуч келганда, уларни баҳолаш ва тўғри йўлни танлаш қобилияти шахсни радикал таъсирлардан ҳимоя қилади. Таълим жараёнида ёшларни маърифий ва ахлоқий билимлар билан қуроллантириш, уларни тарихий ва маданий меросга ҳурмат билан қарашга ўргатиш радикаллашув хавфини сезиларли даражада камайтиради.
Шунингдек, миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш ҳам радикаллашувга қарши самарали чоралардан ҳисобланади. Ижтимоий беқарорлик, носоғлом оилавий муҳит ва маънавий етишмовчилик ёшларни радикал ғояларга берилишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, маърифий ислом тамойилларини тарғиб қилувчи умуминсоний қадриятларни жамият орасида тарғиб қилиш, сабр-тоқат ва бағрикенглик руҳини шакллантириш зарур. Радикаллашувга қарши маънавий вакцинанинг яна бир муҳим жиҳати – бу ёшларни жамиятга фойдали ишлар билан шуғулланишга йўналтиришдир. Ёшлар ижтимоий ва маданий фаолиятда, спорт, илм-фан ва маънавий жараёнларда фаол қатнашганда, радикал ғоялардан узоқлашади.
Умуман айтганда, маърифатли жамиятда радикал ғояларга берилиш ҳолатларига барҳам берилади. Маърифат инсон қалбини тозалайди, уни зўравонлик ва адолатсизликдан сақлайди, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди. Шу сабабли, ёшларимизни ва бутун жамиятни радикаллашувдан ҳимоя қилишда маърифат ва тарбия энг муҳим восита сифатида қаралади. Шу сабабли жамиятнинг барқарорлиги, тинчлиги ва фаровонлиги нафақат иқтисодий ва сиёсий омилларга, балки маънавий вакцина вазифасини бажарувчи маърифатга боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,