АЛ-КИТОБ

by Matbuot xizmati
3 👁️

ﭽ ﮃ  ﮄ   ﮅ  ﭼ الأنعام: ٩٢

БУ БИЗ ТУШИРГАН КИТОБ. АНЪОМ, 92

Имом Замахшарий ва Насафий ўз “Тафсир”ида Қуръоннинг Китоб маъноси ҳақида дейдики, ушбу Китоб – комилдир, унинг муқобилидаги бошқа китоблар эса унинг даражасига ета олмайди. Қуръон – “Китоб” деб номланишга китобларнинг энг ҳақлиси ҳисобланади. Бу худди бир кишининг “У – эркак” дейилгани каби бўлиб, ушбу сўз ўша эркакда юксак даражадаги эзгу хислатлар жамлангани аломати бўлгани кабидир.

Ушбу Китобни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир қатор таърифлар билан таърифлаган бўлиб, айрим мисоллар қуйидагича:

“Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир” (Бақара, 2).

“Батаҳқиқ, Биз уларга илм ила муфассал қилинган, иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган китобни келтирдик” (Аъроф, 52).

“(Ушбу) китоб оятлари маҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир” (Ҳуд, 1).

“…очиқ-ойдин китоб…” (Юсуф, 1).

“Бу китобни сенга одамларни Роббиларининг изни ила зулматлардан нурга, азиз ва мақталган зотнинг йўлига чиқаришинг учун нозил қилдик” (Иброҳим, 1).

“Ўз бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Уни тўғри қилган” (Каҳф, 1-2).

“…ҳикматли Китоб…” (Луқмон, 2).

“Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила нозил қилдик” (Зумар, 2).

Имом Табарийнинг таърифлашича, китоб – котибнинг ҳарфларни қўшиб ва алоҳида ҳолда чизиб, битишидир. Аммо бу истилоҳий маъно бўлиб, бу сўзнинг луғат жиҳатидан янада чуқурроқ маънолари бор.

Ҳаким Термизий ўз “Тафсир”ида дейди: “Қуръоннинг “Китоб” деб номланишига келсак, китоб бу ўзи низом – тартибдир. Жанг вақтларида лашкарнинг қолган-қутганини жамлаб, бирлаштириб юрувчи кишининг ҳам “катийба” деб номланиши шу сабаблидир. Энди оламларнинг Парвардигорининг тартиб билан жамлаши етарли эканлиги аёнки, муваҳҳид бандлари учун қорин тўқлаш, хос бандалари учун эса базм, хос бандаларнинг ҳам хослари учун зиёфат ва туҳфалар, душманлари учун эса узр ҳамда ўзи ва улар орасида пардалар бўлиши учун унинг оятларини қандай низомга солди! Ўз ҳикмати билан яхши ваъдаларини ваъийдлари (огоҳлантиришлари), башоратни (яхшилик, суюнчилик хабар)ни огоҳлантирувчи хабарлари, олдинги аср хабарлари ҳақидаги хабарларни бошқа қиссалар билан, сифатларни эса бошқа сифатлар билан, мавъизани ҳикмат билан, ҳикматни мавъиза билан шундай низом – тартибда аралаштирдики, бу низом борасида ҳаким зотлар ва Аллоҳ иноятига етишган олимлар ҳайратда қолишди”.

Ҳаким Термизий “Таҳсилу назоирил-Қуръон” китобида ҳам бу сўзга кенг тўхталиб дейди: “Ёзмоқ (китобат) – бирон нарсани тартиб-интизомга келтирмоқдир. Шу сабабли қўшинда “катийба” деб аталган бўлинма бор. “Китоб”нинг ҳам шу ном билан аталиши унда ҳарфларнинг қатъий бир тартиб-интизомга келтирилгани сабаблидир”.

Умуман олганда, “Ал-Китоб” (الكتاب) нинг асли “катб(ун)”  (كتب) дан олинган бўлиб, бу “жам” деган маънони беради. Шунинг учун қўшинни жамловчиси ҳам “катийба” (كتيبة) дейилади. Бу сўз унинг ҳарфларни жамлагани учун “китобат” ва “китоб”га нисбатан ишлатилган. Қолаверса, Қуръон қиссалар – тарих, мўъжизалар, аҳкомлар ва бошқа кўплаб турдаги хабарларни жамлаши жиҳатдан ҳам “Китоб”дир.

Демак, ушбу сўзнинг асли жамлаш ва тартиб-низом маъноларини билдиради. Қуръони Карим эса ўз ичига барча яхшиликларни жамлаши ва тартиб-низоми мукаммаллиги сабабларидан ҳам “ал-Китоб” номи билан аталади. Қолаверса, бунда унинг кейинчалик Китоб шаклига келиши муқаррарлигига ҳам ишора мавжуд. “Сатрланган китоб билан қасам” (Ват-Тур, 2) оятида ҳам шунга ишора бор ва бу тўғрида Қуръоннинг “Мастур” (Сатрланган) исми ҳақида тўхталган ўринда сўз юритилди. Зеро, китоб – башарият тамаддунининг энг муҳим пойдевори ва энг юксак чўққисидир. Барча тамаддунлар мана шу ўлчов билан ўлчаниши ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат саналади. Чунки у маълум низом асосида битилиб, ўзида инсониятнинг энг сара фикр ва тажрибаларини жамлайди. Қуръони Каримнинг бу исми мана шунга ишора ҳамдир. Чунки мусулмон уммати учун Китоб доимо Қуръон мисолида ҳақиқий асос ва ўзгармас ҳақиқат тимсолидир. Бу эса Китоб исмига ҳикмат нуқтаи назаридан ёндашувни келтириб чиқарадики, у Қуръондаги илк оятнинг “Ўқи!” амри билан бошланишига боғланиб кетади. Буларнинг бари эса Қуръонда “китоб” сўзи турли ўринларда  “ҳифз қилиш, собит қилиш, жазо-мукофотини бериш, лозим қилиш, буюриш, бир ишни қазо қилиш – битириш, вожиб ва фарз қилиш” каби маъноларда келгани билан умумлашиб кетади ва “китоб”нинг ниҳоятда кенг маънодаги фалсафий англам эканлигини кўрсатади.  

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика