АР-РАҲМАТ

by Matbuot xizmati
5 👁️

ﭽ ﮎ  ﮏ   ﭼ يونس: ٥٧

МЎМИНЛАРГА РАҲМАТ. ЮНУС, 57.

 Ояти кариманинг тўлиқ шакли шундай келади: “Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Қуръон – кўксдаги маънавий кўрликка шифо бўлувчи баён, залолат йўлидан олиб чиқувчи ҳидоят ва азобдан қутқарувчи раҳматдир.

Албатта, муфассирлар Қуръоннинг раҳматлиги борасида дейишадики, у Аллоҳнинг мўминларга улкан неъмати, Аллоҳнинг раҳматига етиштирувчи асосий восита эканлиги, у билан бандаларидан хоҳлаганига раҳм этиб, уни азобдан қутқариши, унга эргашган ва уни маҳкам тутган кишига раҳмат бўлиши, ғамларни аритиши, айблардан поклаши ва гуноҳларга каффорат бўлиб, уларни ўчириши кабилардир.

Юқоридаги оят маъноси кейинги оятда ҳам давом этади:

“Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт” (Юнус, 58). “Тафсири Ҳилол”да дейилади: “Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир”. Исмоил Ҳаққий Бурсавий ҳазратлари ушбу ва кейинги оят тафсирида қуйидаги гўзал байтларни келтиради:

Зиҳе каломи ту маҳзи ҳидоят ва ҳикмат

Зиҳе паёми ту айни иноят ва раҳмат

Кашад каманди каломи ту аҳли ирфон ро

Зи шуразори хасосат багулшани ҳиммат.

Маъноси:

Сенинг Каломинг айни ҳидоят ва ҳикматдир

Сенинг паём (хабар)инг айни иноят ва раҳматдир.

Сенинг Каломинг арқони ирфон аҳлини ўзига тортиб

Тубанлик шўразоридан ҳиммат гулшанига чиқаради.

Ҳар касе ро сармоя аст ва сармояи мўминон фазли ман

Ҳар касе ро хизона аст ва хизонаи мўминон раҳмати ман.

Маъноси:

Ҳар кимнинг сармояси бор ва мўминларнинг сармояси менинг фазлимдир

Ҳар кимнинг хазинаси бор ва мўминларнинг хазинаси менинг раҳматимдир.

Гар шоҳ ро хизона ниҳоданд бувад ҳавас

Дарвешро хизона ҳамин лутфи дўст бас.

Маъноси:

Шоҳга хазина тўпламоқ бўлса ҳавас

Дарвешга эса хазина шудирки, дўст лутфи бўлса бас.

Шунингдек, Бурсавий Қуръон раҳматлигининг муҳим бир хусусиятига урғу беради: Қуръон – барча учун раҳматдир, чунки у ҳар бир кишини ўз даражасига етказади!

Бу таърифнинг маъноси шуки, ундан ҳар ким ўз мартабаси ва даражасига кўра фойда олади ва шунга кўра юксалади. У ҳар бир кишини унинг ўзи етиши мумкин бўлган юксакликка олиб чиқади.

Ҳаким Термизий ўз “Тафсир”ида Қуръони Каримнинг бу исмига тўхталиб ўтар экан, дейди: “Қуръоннинг “раҳмат” деб номланишига келсак, Аллоҳ Қуръонни сиз учун гўё идишдек қилди, бу эса худдики онангиз қорнидаги “раҳм” (бачадон)да бўлганингиз кабидир. Шунинг учун раҳм “раҳм” деб аталган. Ўша раҳм сизнинг (унда саломат) сақланувчи идишингиз, сақловчингиз бўлиб, сиз унда бўлган она қорнида сизни ўша орқали озиқлантириб туради, шунингдек, ўша идишда сизни барча ёмон нарсалардан сақлаб, ривожлантириб боради. Қуръонни ҳам Аллоҳ ўшандай “раҳм” қилди ва уни сизга озуқа бўлувчи нарсалар билан тўлдирди. Раҳмат – нарсаларга намлик (ҳаёт) бағишлайди ва уларни юмшатади”.

Демак, Ҳаким Термизий сўзидан маълум бўладики, киши Қуръон ичра бола она қорнидаги раҳмда бўлганидек яшаса, унга ҳаво ва озуқанинг барчаси етиб боради ва у маънан ҳазрати инсон бўлиб шаклланади.

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика