БУХОРОНИНГ МАШҲУР ФИҚҲ ОЛИМИ

by Matbuot xizmati
13 👁️

Аҳмад ал-Уқайлийнинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Уқайлий ал-Ансорий Шамсиддин ал-Бухорий (? – 657/1259, Бухоро) бўлиб, ул зот ҳанафий мазҳаби фақиҳларидандир. Аллома ҳозирги Бухоро вилояти ҳудудида туғилган ва шу ерда фаолият олиб борган. У Бухоронинг машҳур фақиҳларидан ҳисобланиб, она тарафдан бобоси Шарафиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлийдан илмий сабоқ олган. Она тарафидан унинг шажараси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг акаси Уқайл ибн Абу Толибга туташганлиги сабабли у “Уқайлий” нисбасини олган, ота тарафидан эса ансорийларга туташгани учун “Ансорий” нисбасини олади.

Аҳмад ал-Уқайлий ҳанафий фиқҳига оид билимларни қуйидаги илмий силсила орқали ўрганган: бобоси Шарафиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлийдан, у Садру-ш-Шаҳид Ҳисомуддин Умардан, у Абдулазиз ибн Умар ибн Мозадан, у Шамсу-л-аимма Сарахсийдан, у Ҳулвонийдан, у Қози Насафийдан, у Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлдан, у Сабзамунийдан, у Абу Ҳафс Сағирдан, у отаси Абу Ҳафс Кабирдан ва охирида Имом Муҳаммад Шайбонийдан ҳанафий фиқҳи асосларини ўрганган.

Узоқ йиллар мобайнида Аҳмад ал-Уқайлий ўз даврининг машҳур уламоларидан илм олган ва ҳанафий фиқҳи бўйича етук олим даражасига эришган. Ҳаётининг асосий қисмини илмий фаолият билан ўтказган. Ҳижрий 657 йил, милодий 1259 йил рамазон ойининг бешинчи кунида Бухорода вафот этган.

Унинг илмий меросига асосан, “Жоме ас-сағир” асари киради, бу асарда Имом Муҳаммад Шайбонийнинг фиқҳга оид қарашлари қамраб олинган ва Аҳмад ал-Уқайлий уни севиб мутолаа қилган ҳамда назмий шаклда қайта ёзган. Умуман айтганда, Аҳмад ал-Уқайлий нафақат ўз замонасининг билимли фақиҳларидан бири, балки фиқҳий меросни келажак авлодга етказишда жонбозлик кўрсатган фидокор олим сифатида ҳам машҳурдир.

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи

Ад.: (манба ва адабиётлар рўйхати )

  1. Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризода. Табақоту-л-фуқаҳо. – Мосул: 1941. 139 б.
  2. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий Абул Ҳасанот. Фавоиду-л-баҳийя фий тарожим ҳанафийя. – Қоҳира: Дору-л-китоб исломий, 1907. 263 б.
  3. Умар Ризо Каҳҳола. Муъжам ал-муаллифин. Ж.5. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1993. Ж.2. 680 б.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика