РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ ТИББИЙ ФОЙДАЛАРИ

by Matbuot xizmati
7 👁️

Бугунги кунда фан ва тиббиёт илми тараққий этган дунёда айрим жойларда “очлик билан даволаш” муассасалари фаолият юритмоқда. Тиб мутахассисларининг фикрича, инсон бир йилда 28–32 кун ихтиёрий равишда овқатдан тийилиши ва оч қолиши кераклигини таъкидлайдилар. Аҳоли маълум пайтлар ва мавсумларда ейиш-ичишдан парҳез қилади. Бу турли касалликларнинг, ҳатто тузалмас дардларнинг олдини олиш ёки шифо топишда самаралидир.

Инсон туғилганидан то вафотига қадар узлуксиз ишлаган ҳазм аъзолари йилнинг муайян ойларида ярим кундан (12 соатдан) ортиқ ишлашдан тўхтаб турса, бу тиббий жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Шу маънода рўза тутиш ҳам вужудга фойдали бўлиб, турли хасталиклардан сақлайди. Буни тиббиёт фани ҳам тасдиқлайди.

Бир ой давомида вужуд тубдан ўзгарган таъминот тартибига мослашади ва хасталикка қарши кураш қобилияти ортиб, озиқ-овқат маҳсулотларидан тўла фойдаланиш учун зарур вақтга эга бўлади. Одам кун давомида енгил ҳаракат қилади, кечаси эса тўла дам олиб, куч тўплайди. Бу жараёнда кўрсатилган сабр ва тоқат шахсият камолида катта аҳамиятга эга бўлади.

Қоннинг ичакда эмас, мияда ишлаши натижасида инсон соғлом фикрлайди, нарса ва ҳодисаларни тўғри баҳолайди ва дунёқараши аниқлашади. Шу орқали йил давомида ошқозон ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилар ҳазм қилинади. Бу ихтиёрий оч қолиш усули ҳозирда одамлар орасида кенг тарқалган ўттизга яқин касалликларга даво ҳисобланади.

Рўза тутаётган киши ҳаддан ташқари тўйиб овқатланмаслиги керак. Керагидан ортиқ овқатланиш соғлиққа зарар келтиради. Араб табибларидан бири Ҳорис ибн Колда: “Ошқозон касалликларнинг уйидир, парҳезкорлик эса барча давонинг бошидир” деган.

Тиббиёт мутахассислари ортиқча тўйиб овқатланишнинг кўплаб зарарларини санаб ўтганлар: оғирлик, чарчоқ, кўнгил кўрлиги, ғам, руҳий заифлик, гуноҳдан қўрқмаслик, ҳаёсизлик, ақлнинг заифлиги, ношукрлик, ахлоқсизлик, нотинчлик, шаҳватпарастлик, хотирасизлик, ўлимни эсдан чиқариш, дунёни кўп севиш, бахиллик, хасислик, зулм, шайтонга эргашиш, сабрсизлик, ҳикматдан узоқ бўлиш, қўрқоқлик ва дангасалик. Шу боис ислом таълимотида ҳам меъёр ва қаноатга алоҳида эътибор қаратилади. Мўъмин киши ҳатто ҳалол нарсаларда ҳам исрофга йўл қўймаслиги керак. Овқатланишда мувозанатни сақлаш — соғлиқ ва маънавият учун фойдали одатдир.

Халқимизда яқин-янгигача камтарона ва тартибли овқатланиш одати мавжуд эди. Замонавий ҳаёт тарзи билан бирга овқатланиш маданияти ҳам ўзгарди. Бироқ тиббиёт ва диний таълимот ҳам ортиқча истеъмолдан сақланишни тавсия қилади. Доимий равишда тўқ юриш эмас, балки меъёрий овқатланиш энг мақбул йўлдир.

Буюк ҳакимлар шундай дейишади: “Соғлиқ, хотиранинг баркамол ва гўзаллиги – ўртача очликда юришдир”. Бу ерда “очлик” деганда ҳаддан ташқари овқатланиш эмас, балки нафсни тарбия қилувчи қаноат назарда тутилади. Чунки оз еган инсон енгил ҳаракат қилади, фикри равшан бўлади ва ибодатга фаолроқ бўлади.

Заковатнинг ривожланиши – машаққатнинг озлиги, қаноат, Аллоҳ таолонинг бало ва азобларини унутмаслик, ўлимга тайёр туриш, доим таҳоратли ва ибодатли бўлиш каби амалларга боғлиқ. Оз еган кишининг ташвиши ҳам кам бўлади. Бундай кам еб, кам харжлайдиган инсон орттирганларини муҳтожларга улашиши мумкин.

Луқмони Ҳаким ҳам фарзандига шундай насиҳат қилгани ривоят қилинади: “Эй фарзанд қорнингни босиб-тиқиб тўйдирсанг, фикр хазиналаринг қурийди, тафаккур қилолмайдиган аҳволга тушасан, сендан ҳикмат деган неъмат кетади, аъзоларинг ибодат қилишдан қолади”. 

Меъёрий ҳаёт тарзи инсонни қаноатли қилади. Қаноат эса саховатга олиб боради: кам еб, кам исроф қилган инсон ортиқчасини муҳтожларга улашиш имкониятига эга бўлади. Шу жиҳатдан рўза нафақат шахсий соғлиқ, балки ижтимоий адолат ва меҳр-шафқатни ҳам мустаҳкамлайди.

Рўзанинг соғлиқ учун фойдали жиҳатлари замонавий тадқиқотларда ҳам қайд этилмоқда. Айниқса, даврий парҳез ва очлик модда алмашинувига, вазн назоратига ва айрим касалликларнинг олдини олишга ижобий таъсир кўрсатади. Эътиборли жиҳати шундаки, бу илмий изланишларнинг кўпчилиги мусулмон бўлмаган олимлар томонидан ҳам амалга оширилмоқда. Бу эса исломдаги рўза ибодатининг нафақат маънавий, балки ҳаётий ва амалий ҳикматларга эга эканини кўрсатади.

Мазкур илмий  тажрибаларнинг натижалари Ислом динида бундан ўн беш аср илгари рўза тутишни фарз қилиниши илмий мўжиза бўлганига далолат сифатида қабул қилинмоқда. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: “Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир”, деган ояти ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деган ҳадислари шу ҳикматни исботлайди.

Тиббий илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиши ва уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги исболанмоқда. Баъзи мисолларни келтирамиз:

1. Иммунитетни мустаҳкамлайди. Рўза тутаётган одамда касалликларга қарши курашувчи ҳужайралар кўпаяди ва бу организмнинг муҳофаза қобилиятини яхшилайди.

2. Семизликка қарши таъсир қилади. Тўйиб овқатланиш ва нотўғри овқатланиш семизликка олиб келса, рўза тутиш организмнинг модда алмашинувини яхшилайди ва ортиқча вазнни олдини олади. Шунингдек, руҳий ҳолат ҳам семизликка таъсир кўрсатиши мумкин; рўзадор кўпроқ ибодат ва зикр билан машғул бўлиб, руҳий ва ақлий барқарорликка эришади.

3. Буйрак ва сийдик йўлларини муҳофаза қилади. Рўза тутаётган инсоннинг қонидаги сода ва калий тузлари назорат қилинади, сийдик йўлларидаги тузларнинг тўпланишини камайтиради.

4. Танадаги зарарли моддаларни чиқаришда ёрдам беради. Озиқ-овқат, дори-дармон ва атроф муҳит орқали танага тушган зарарли моддалар рўза тутиш орқали тозаланади.

5. Жинсий нафс ва мойилликни назорат қилади. Бу айниқса ёшлар учун фойдали бўлиб, организмни нафсий ва жисмоний изтироблардан ҳимоя қилади.

Шу билан бирга рўза инсонни нафс ва руҳий тарбияда ҳам қувватлайди. Сабрни мустаҳкамлайди, узлуксиз машаққатлар ва тўсиқларга чидамли қилади, яхши ахлоқ ва муомала кўникмаларини ривожлантиради.

Аллоҳ таолодан Рамазон ойининг фазилатидан қолган ойларни ҳам барокатли қилишини, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликлар бардавом бўлишини, кейинги Рамазон ойларига ҳам эсон-омон етказишини сўраб қоламиз.

Имом Термизий халқаро маркази

илмий ходими Олим Жўраев

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика