
Мовароуннаҳрга Ислом дини кириб келганидан сўнг жуда кўпчилик Куфага бориб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг таълимоти билан танишди ва сафарининг самараси ўлароқ унинг сўзлари ва фатволарини ўз юртига олиб келди. Шу тариқа Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудлари Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг таъсирида шаклланган алоҳида таълимотни қабул қилди.
Ҳанафий мазҳаби тарқалиши жараёнига дастлаб, Балх ва Рай 145 шаҳарларида асос солинди. 142/759-60 йилдаёқ Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирдларидан бири Абу Бакр ибн Абдуллоҳ Умар ибн Аҳмад ибн Довуд (ваф. 171/787-788 й.) Балх шаҳри қозиси бўлган. Ҳатто унинг вафотидан кейин ҳам ҳанафийлар у ерда ўз таъсирини сақлаб турди.
Балх муҳим тижорат йўли бўйида барпо қилинган Афғонистоннинг шимолида жойлашган вилоятдир. Бағдодга илм олиш мақсадида келганлар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)дан дарс олишди. Кейин ўз юртларига қайтиб бориб, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабларини ёйганлар. Ҳақиқатда манбаларда шахсан Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг ўзидан ёки шогирдларидан таълим олган балхлик кўплаб уламолар ҳақида баҳс юритилади. Жумладан, Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Сулаймон ибн Зиёд (ваф. ҳ. ІІ ярми), Абу Умар Муҳаммад ибн Маймун ибн Баҳр ибн Саъд ибн Раммоҳ (ваф. 171/787 й.), Абу Муҳаммад ибн Салим ибн Солим Балхий (ваф. 194/809 й.), Абу Мутеъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий (ваф. 199/814 й.) ва Абу Муоз Холид ибн Сулаймон Балхий (ваф. 199/814 й.). Бу уламолар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабларини Хуросонда, хусусан Балхда тарқатган.
Ҳанафий мазҳаби бўйича етишиб чиққан ушбу уламолар юқори лавозимларга тайинланган. Булардан бири Абу Мутеъ Ҳакам Балхий Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг дўсти ва етук шогирди бўлиб, “ал-Фиқҳ ал-авсат” асарини у зотдан ривоят қилган. У йигирма йилдан ортиқ Балх қозиси бўлган Абу Умар Муҳаммад ибн Маймун ибн Баҳр ибн Саъд ибн Раммоҳдан (ваф. 171/787 й.) кейин ўн олти йил қозилик қилган ва ҳанафий фиқҳини таълим бериб, ёйган. Абу Мутеъ Балхий устози Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг эътиқодий масалаларга бағишланган “Китабул олим вал-мутааллим (Устоз ва шогирд)” асарини Абу Муқотил Самарқандийдан ривоят қилган.
Балхдан кейин ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган ҳудуд Рай шаҳридир. Аббосий халифалари Ҳорун (786-809) ва Маъмун (813-833) Табаристонда фаолиятларини жадаллаштирган зайдийлар[1] ва шиаларга[2] қарши ўлароқ ўлкаларда қозилик мансабига ҳанафий уламоларни тайинлаш орқали ҳанафийларни қўллаб-қувватлаган. Бунга мисол аббосий халифалари Рай шаҳрига Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирди марвлик Фазл ибн Гʻоним Хузоийни (ваф. 236/850), ундан сўнг Абу Мутеъ Балхийнинг шогирди Муҳаммад ибн Муқотил Розийни (ваф. 248/862 й.) қозиликка тайинлаган. Мазкур сиёсий қўллаб-қувватлаш натижасида Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирдлари ва тарафдорлари устозларининг эътиқодий ва фиқҳий қарашларини бутун Хуросонда ёйдилар.
Дастлаб Балхда қабул қилинган ҳанафий мазҳаби қисқа вақтда ўлкадаги бошқа шаҳарларда ҳам ёйилди. Бу шаҳарларда етишиб чиққан ҳанафий уламолари давлат томонидан қозилик ва бошқа юқори лавозимларга тайинлана бошланиши ҳанафийларнинг ўлкада изчил тарзда кучайишини таъминлади. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га таклиф этилган қозилик мансабини рад этишига қарамасдан, унинг шогирдлари қози, муфтий ва мударрисликка рози бўлишлари муҳим рол ўйнади. Ҳақиқатда, у зотнинг шогирдларидан 28 таси қози, 6 таси муфтий ва 2 таси эса таълим даргоҳида бош мударрис бўлишган. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирдлари бу шаклда фаолият юритишлари у зотнинг қарашларини бошқа ўлкаларда ёйилишига ёрдамчи бўлган. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг хуросонлик ва мовароун-наҳрлик жуда кўплаб шогирдлари нуфузли лавозимларга тайинланиши ҳанафий мазҳабининг ёйилишига катта ёрдам берган.
Бағдодга бориб Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийдан таълим олган шогирдлари устозларининг йўлини Балх ва Райдан ташқари, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларда ҳам тарқатишга ҳаракат қилдилар. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)дан таълим олган ва у зотнинг мазҳабини Самарқандда ёйган уламолар Абу Муқотил Ҳафс ибн Салим Фаззорий, Наср ибн Абу Абдулмалик Атакий, Шарик ибн Абу Муқотил, Маъруф ибн Абу Ҳасан, Юнус ибн Собиҳ ва Исъҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалийлардир. Булар орасида энг машҳури шубҳасиз, Абу Муқотил Самарқандийдир.
Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) шогирдларининг Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидан бири Самарқандда олиб борган, таълим ва қозилик фаолиятлари узоқ вақт давом этди. 150/767 ва 300/912 йиллар оралиғида тахминан – бир ярим аср мобайнида Самарқандда муҳим ривожланишлар қайд этилди ва натижада мазкур ўлкада Самарқанд калом мактаби каби муҳим йўналишлар пайдо бўлди. Бошқа шаҳарларда бўлгани каби Самарқандда ҳам қозилик мансабларига ҳанафий уламолари тайинланди. Самарқандда қозиликка тайинланган ҳанафий уламолари қуйидагилар:
1. Муқотил ибн Ҳайён (ваф. 150/767 йилдан сўнг) Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг дўсти бўлиб, Самарқандда тайинланган илк ҳанафий қозидир. У қозилик фаолияти билан биргаликда талабаларга дарс берган ва Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабини Самарқандда ёйилишига ҳаракат қилган. У Ҳорис ибн Сурайж 48 воқеасида ҳам катта рол ўйнаган;
2. Исъҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий (203-209/818-824) ҳам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирди бўлиб, Муқотилдан сўнг Самарқанд қозиси бўлган. У Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)дан ташқари моликий мазҳаб асосчиси Молик ибн Анас (712-795) ва Абдуллоҳ ибн Муборак каби уламолардан ҳам таълим олган ҳамда Ҳайсам ибн Жунайд Қозий ва Абу Ҳафс Санжидизакий каби жуда кўплаб самарқандлик шогирдларга таълим берган;
3. Абу Усмон Салим ибн Абу Муқотил Фаззорий Самарқандий (ваф. 211/826 й.) ҳам Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Муборак, Муҳаммад ибн Ҳасан, Ҳаммод ибн Салама, Шарик ибн Абдуллоҳ каби муҳаддис ва уламолардан таълим олган. У ҳам ўз навбатида Аҳмад ибн Наср Атакий каби жуда кўплаб шогирдларга таълим берган. Узоқ муддат Самарқанд қозиси бўлган Абу Усмон ушбу мансабда 211/826 йилда вафот этгунга қадар фаолият кўрсатган. Унинг жанозасини сомонийлар амири Аҳмад ибн Асад ўқиган.
4. Умар ибн Абу Муқотил Фаззорий Самарқандий (ваф. 214/834 й.) 211/826 йилда акаси Абу Усмон Салимдан кейин унинг ўрнига қозиликка тайинланган. У Абдуллоҳ ибн Муборак ва Яҳё ибн Убайд каби уламолардан таълим олган. Ундан эса Аҳмад ибн Наср Атакий, Қози Абу Ҳафс Умар ибн Яъқуб Санжидизакий ва Аҳмад ибн Ҳишом Иштиҳоний каби кўплаб шогирдлари таълим олган. Абу Ҳафс 219/834 йилда вафот этгунга қадар етти йил қозиликда фаолият юритган. Унинг жанозасини сомонийлар амири Нуҳ ибн Асад (942-954) ўқиган;
5. Абу Ҳафс Умар ибн Яъқуб Санжидизакий Самарқандий (ваф. 240/854 й.) Умар ибн Абу Муқотилнинг вафотидан кейин 214/819 йили устозининг ўрнига қозиликка тайинланади. У зот Абу Муқотилнинг икки ўғли ва Али ибн Исъҳоқ каби ҳанафий уламоларидан таълим олган. Умар ибн Яъқуб устозлари каби қозилик билан бирга таълим фаолиятини ҳам юритган. Ҳанафий мазҳаби қозиси Муҳаммад ибн Жиннаҳ Санжидизакий каби кўплаб уламоларга устозлик қилган Абу Ҳафс Умар ибн Яъқуб 240/854 йилда Самарқандда вафот этган. Унинг жанозасини сомонийлар амири Аҳмад ибн Асад ўқиган;
6. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аслам ибн Абдуллоҳ ибн Муғирий (ваф. 286/881 й.) Умар ибн Яъқубдан сўнг унинг ўрнига қозиликка тайинланган. У Абу Сулаймон Жузжоний ва муржиийлардан бўлган Шаддод ибн Ҳакимдан фиқҳ илмини ўрганган. Абу Муъин Насафий Абу Абдуллоҳнинг сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад даврида қозилик қилганини ва 286/881 йил рабиул аввал ойида вафот этганини хабар бера-ди 151. Лекин унинг неча йил қозилик қилгани маълум эмас;
7. Абу Наср Иёдий (ваф. 279/892 йилдан кейин). Манбаларга кўра, Муҳаммад ибн Асламнинг вафотидан кейин Самарқанд қозиси ким бўлгани маълум эмас. Эҳтимол, бу лавозимга Абу Наср Иёдий тайинланган бўлиши мумкин. Чунки Абу Наср Иёдий йигирма ёшидаёқ таълим бериш фаолиятларини бошлагани ва қозилик қилгани манбаларда зикр этилган.
Юқорида баён қилинганидек, сомонийлар давлатининг пайдо бўлиши ва ривожланиши даврларида Самарқанд қозилари бутунлай ҳанафий уламоларидан тайинланган. Қозилик лавозимига тайинланган уламолар расмий ишлари билан бирга қизғин илмий фаолиятлар олиб бориб, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабини тарқатишга ҳаракат қилганлар. Булардан ташқари, расмий мансабда бўлмаган бошқа уламолар ҳам кенг кўламда илмий фаолиятлар олиб борган. Бу хусусда Абу Муин Насафий бундай дейди: “Марв, Балх ва бошқа бутун Хуросон ва Мавароуннаҳр ўлкасидаги Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) тарафдорлари эътиқодий ва фиқҳий масалаларда у зотнинг мазҳабида бўлганлар”.
Ибн Яҳёнинг “Шарҳу жумали усулид дин” асарида шунга ўхшаш маълумот келтирилган: “Янги мусулмон бўлган бир киши мусулмонларнинг етмиш уч фирқага бўлинганини кўрди. Шу сабабдан қадарий-моʻтазилийларнинг вакилидан инсоннинг феъллари ҳақидаги эътиқодларини сўради. Қадарий-моʻтазилий айтди: “Кўнглимга келган ишни қиламан ва ҳар бир нарсага кучим етади”. Янги мусулмон бўлган киши: “Мен бу мазҳабга кирмайман. Чунки бу эътиқодга кўра, Аллоҳдаги қудрат менда ҳам бўлади”, дея бу сўз динга мос эмаслигини айтади. Қадарий эса: “Агар менинг сўзимни қабул этмасанг, аҳли сунна вал жамоа мазҳабига кир”, деди. У киши эса етмиш уч фирқанинг ҳар бири билан учрашиб, уларнинг бу мавзудаги қарашларини сўрар эди. Ҳеч бирининг қараши унга маъқул келмади. Ҳар бир фирқа вакиллари: “Агар бизнинг мазҳабимизга кирмасанг, аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига кир”, деб жавоб берарди. У эса аҳли сунна вал жамоа кимлар эканини сўраганида аҳлул аҳво (адашган фирқа вакиллари) унга: “Улар ҳар бир шаҳарда аҳли сунна вал жамоа номи билан танилишган. Улар Самарқандда Дорул жузжония ва Дорул иёдия мактабига мансублар, Бухорода Абу Ҳафс издошлари ва Балхда Нусайр ибн Яҳёнинг тарафдорларидир”, деб жавоб берар эди”.
Юқоридаги Ибн Яҳё келтирган маълумотидан Самарқандда ҳанафий мазҳабининг Дорул жузжония ва Дорул иёдия икки мактаби кенг кўламда фаолият кўрсаттани маълум бўлади. ИИИ/ІХ асрда Самарқандда ҳанафийларнинг энг муҳим таълим маркази Дорул жузжония бўлган. Бунда Абу Мансур Мотуридий, у зотнинг устозлари ва шогирдлари фаолият юритган. Дорул иёдия Абу Аҳмад Иёдий ва Абу Бакр Иёдий каби уламолар фаолият юритган таълим маркази бўлган. Ўша вақтда Хуросон, Сурия, Ироқ ва Онадўли каби ўлкалардан талабалар Самарқандга илм таҳсил қилиш учун келганлар.
Дорул жузжония Самарқандда Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабида фаолият кўрсатган муҳим илмий марказ бўлган. ИВ/Х аср ўрталарига қадар аҳли раъй (ҳанафий мазҳаби) йўналишида, ундан сўнг асъҳобул ҳадис (шофиъий мазҳаб) йўналишида фаолият кўрсатган бу марказдан Абу Мансур Мотуридий ва кўплаб уламолар етишиб чиққан.
Дорул жузжония илм даргоҳи ҳижрий ИИ асрда Абу Муқотил Самарқандий томонидан қурилгани эҳтимол қилинади. Ундан кейин бу мактабни Абу Сулаймон Жузжоний ва Абу Бакр Аҳмад ибн Исъҳоқ ибн Сабиҳ Жузжоний ривожлантирган. Абу Муқотил Самарқандий Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳнинг ёнида таълим олгандан сўнг Самарқандга қайтиб келиб, устозининг мазҳабини ёйди. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг эътиқодий қарашлари баён қилинган “Китабул олим вал мутааллим” номли асарини Самарқандга олиб келди ва у ерда илмий фаолият юритди. Мазкур асар устоз ва шогирд ўртасида диалог шаклида ёзилган.
Бир ривоятга кўра, халифа Маъмун (813-833) Хуросонда бўлган вақтда муҳим бир масала ўртага чиқади. Бу сабабдан халифа Маъмум Хуросон уламоларини тўплайди. Лекин уларнинг бирортаси масалани ҳал қилмайди. У ерда ҳозир бўлган уламолар бу масалани фақат Абу Муқотил Самарқандий ёки Абу Ҳанифа Балхий ҳал этишини айтади. Кейин халифа ушбу масалани Абу Муқотилга ҳавола этади. Манбаларда бу масаланинг нима экани ҳақида батафсил зикр қилинган. Ушбу воқеа минтақада Абу Муқотилнинг катта таъсири бўлганини тасдиқлайди.
Ибн Яҳёнинг берган маълумотига кўра, Дорул жузжония таълим маркази уламоларнинг устозлик шажараси қуйида гича: Абу Ҳанифа (ваф. 150/767 й.) – Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 189/804 й.) – Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/816 й.) – Фақиҳ Имом Абу Абдуллоҳ ибн Жузжоний – Шайх Фақиҳ Абу Бакр Аҳмад ибн Исъҳоқ Жузжоний (ваф. 250/864 й.) – Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий (ваф. 275/888 й.) – Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944 й.)
Мазкур устозлар силсиласида учта “Жузжоний”[3] нисбалик уламо мавжуд. Ушбу жиҳатдан мазкур таълим даргоҳи “Дорул жузжония” номи билан танилган бўлиши мумкин. Абу Наср Иёдийдан бошқа барча устозлар ўзларини бутунлай илмий фаолиятга бағишлаганлар. Абу Наср Иёдий эса юқорида айтиб ўтилганидек, илмий фаолият билан бирга қозилик қилган ҳамда вақти-вақти билан сафарларга чиққан. Дорул жузжония мактабини яқиндан таниш учун унда раҳбарлик қилган устозларни даврий жиҳатдан ўрганиш тўғри бўлади.
1. Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/816 й.) Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийнинг шогирди бўлган. У ҳанафий мазҳабининг асосий китобларини юқорида зикр қилинган икки устозидан ривоят қилган. Ҳақиқатдан ҳам, Имом Муҳаммаднинг “Ал-Асл (Ал-Мабсут)” номли асарини энг ишончли нусхаси унинг ривоят қилган нусхаси деб қабул қилинган. Тақво ва раъй соҳиби бўлган Абу Сулаймон Жузжоний халифа Маъмуннинг қозилик таклифини ўзини асабий бир киши экани сабабидан рад этади. Юқорида келган силсилага кўра, Абу Сулаймон Жузжоний Дорул жузжония марказининг биринчи устози бўлгани маълум бўлади.
2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исъҳоқ ибн Субайҳ Жузжоний (ваф. 250/864 й.) Абу Сулаймон Жузжонийдан кейин Дорул жузжонияга бошлиқ бўлган. Абу Бакр Жузжоний ҳам Имом Муҳаммаднинг шогирдларидан бўлиб, Абу Сулаймон Жуз-жонийдан ҳам дарс олган. Фиқҳ ва калом фанининг етук билимдони Абу Бакр Жузжоний Абу Наср Иёдий ва Абу Мансур Мотуридий каби шогирдлар етиштириб чиқарди. У барча илм соҳаларида чўққига етган бўлиб, “Ал-Фарқ ват-тамйиз” каби қимматли асарлар ёзиб қолдирган. Абул Муин Насафийнинг айтишича, Аҳмад ибн Исъҳоқ Жузжонийнинг асарларини кўрган оддий одам ҳам унинг буюклигини фаҳмлаши мумкин. Манбаларда Исъҳоқ Жузжонийнинг вафоти санаси келтирилмаган. Абу Мансур Мотуридий унинг шогирди бўлганига кўра, ҳижрий ИИИ аср ўрталарига қадар яшаган бўлиши мумкин.
3. Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий (ваф. 275/888 й.). Абу Бакр Жузжонийдан кейин Дорул жузжонияга энг етук шогирди Абу Наср Аҳмад Иёдий бошлиқ бўлади. Зийрак, ақлли, сабрли, фаҳм-фаросатли аллома Абу Наср Иёдий йигирма ёшидаёқ таълим маркази ва уламоларнинг бошлиғи бўлган. Усул ва фуруъ илмида ўз даврининг имоми деб қабул қилинган. У Самарқандда бўлган чоғида мухолиф кишилар билан жуда кўплаб тортишувларда иштирок этди ва ўз қарашларини муваффақиятли шаклда ҳимоя қилди. Абул Муин Насафий алломанинг Аллоҳнинг сифатлари хусусида китоби мавжудлигини зикр қилган. Мазкур асарда моʻтазилий ва нажжорийларнинг қарашларини танқид қилгани ҳамда аҳлул ҳақ (аҳли сунна вал жамоа)нинг қарашларини тўғрилиги борасида келтирган далилларига қараб, алломанинг қанчалик чуқур илм соҳиби бўлгани билинади.
Абу Насрдан олдин Дорул жузжония таълим марказига раҳбарлик қилган уламолар расмий лавозимлардан узоқ бўлган ва Самарқанд чеккасида қурилган ғозийлар работида (ғарибхона, карвонсаройда) фаолият кўрсатганлар. Абу Наср Иёдий эса устозларидан фарқли равишда сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад (913-942) билан яқин алоқада бўлган. Абу Насрнинг бу хатти-ҳаракати сомонийлар сиёсатига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Чунки 263/876 йилда сомонийлар тоҳирийларга боғлиқ бўлмаган мустақил давлат қурди. Сомонийлар расман аббосийлар давлатига бўйсунса-да, ички ишларида тўлақонли мустақил давлат эди. Эҳтимол сомонийлар давлатининг биринчи амири Наср ибн Аҳмад ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун Абу Наср Аҳмад Иёдийдан фойдаланган бўлиши мумкин.
4. Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий; Абу Наср Иёдийдан кейин Дорул жузжонияга энг севикли ва тиришқоқ шогирди Абу Мансур Мотуридий бошчилик қилади. Бир муддат Абу Аҳмад Иёдий ҳам бош устозлик қилган бўлса-да, Абу Аҳмад Иёдий раҳбарлик даврида унинг асл устози Мотуридий бўлган. Зеро, Абу Наср шаҳид бўлганида унинг ўғли Абу Аҳмад ҳали ёш бола эди. Мотуридий эса бу вақтда таҳсилни тамомлаган эди ва умрининг охиригача мазкур даргоҳда устозлик қилади. Устозининг муҳаббати ва ишончини қозонган Абу Мансур Мотуридий келгунича устози Абу Наср Иёдий дарсни бошламас, узоқдан унинг келаётганини кўрганида, уни кутиб олар эди.
Ибн Яҳёнинг берган маълумотига кўра, Абу Насрдан кейин Дорул жузжонияда Абу Мансур Мотуридий дарс бера бошлади. Мотуридий у ерда дарс бераркан, Абу Насрнинг ўғли Абу Аҳмад Иёдий асирликдан қутулиб, Самарқандга қайтади ва отаси шаҳид бўлишидан олдин ушбу таълим марказига ўзини бошчилик этишини васият қилганини айтади. Шу сабабдан Абу Мансур Мотуридий, Абул Қосим Самарқандий ва бошқа уламолар Дорул жузжонияда тўпланиб устозларининг сўзини эътиборга олиб, Абу Аҳмад Иёдийни отасининг ўрнига бош устозликка тайинлайди ва унга ҳурмат кўрсатади. Дастлаб таълимни Мотуридийдан олган Абу Аҳмад Иёдий у ердаги бошқа уламолардан ҳам таълим олиб, қисқа муддатда фақиҳлик мартабасига етишади. У расман марказнинг бошлиғи бўлса-да, Абу Мансур Мотуридийни устоз деб биларди ва жуда ҳурмат қилар эди. Чунки Абу Мансур Мотуридий илм, фикр ва мазҳаблар борасида ўша вақтнинг энг етук олими эди.
Абу Аҳмад Иёдий устози Абу Мансур Мотуридийнинг соясида Дорул жузжонияда бир муддат бош устозлик қилди ва кейин Дорул иёдияга ўтиб кетган. Абу Мансур Мотуридий эса умрининг охирига қадар кўплаб шогирдларга бу марказда дарс берди. Абу Мансур Мотуридий Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний билан бирга кўплаб шогирдларига Имом Муҳаммаднинг “Ал-Мабсут” асаридан дарс бераркан, тахминан юз ёш атрофида вафот этади.
Абу Мансур Мотуридийдан кейин унинг қарашларини Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний, Абу Салама Самарқандий ва Ибн Яҳё каби уламолар баён қилиб беришди. Мазкур уч уламодан Рустуфағний Мотуридийнинг шогирди бўлган, қолган иккиси Мотуридийнинг етук шогирдидан таълим олган. Абу Салама Абу Аҳмад Иёдийдан ва Ибн Яҳё эса Рустуфағнийдан таълим олган. Бу шахслар Абу Мансур Мотуридий каби халқ орасида содда ҳаёт кечирган. Муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг таъвилини зарурий деб билиб, ақлдан фойдаланишни зарурлигини ҳимоя қиладилар. Бу жиҳатдан Рустуфағний, Абу Салама ва Ибн Яҳё Мотуридийнинг илк издошлари ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Дорул жузжония мактабида Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг фикрлари ва услубини айнан ўзлаштирган ва давом эттирган ҳанафий уламолар майдонга келган. Бу мактабнинг энг машҳур вакили шубҳасиз Абу Мансур Мотуридийдир.
Дорул иёдия мактаби (ИВ-В/ХІ ХИ аср ораси) қачон қурилгани ҳақида манбаларда бирор бир маълумот учратилмади. Лекин тадқиқот давомида шундай фикрга борилдики, эҳтимол Дорул иёдия ҳижрий ИВ аср бошларида устозларининг психологик ҳужумларидан қутулишни истаган Абу Аҳмад Иёдий томонидан Дорул жузжонияга муқобил тарзда Самарқандда қурилган бўлиши мумкин. Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда ҳанафийлар орасида ўртага чиққан Дорул иёдия мактаби вакиллари муташобеҳот (маъноси ноаниқ оят ва ҳадис)ларнинг таъвил қилишга ва ақлдан далил сифатида фойдаланишга қарши чиқдилар. Дорул иёдия мактаби вакиллари ушбу икки нуктада аҳли райдан айрилиб, аҳли ҳадис томонга мойил бўлдилар. Булардан аҳли ҳадисга мойил бўлган Дорул иёдия мактаби вакилларининг етакчиси Абу Аҳмад Иёдий экани маълум бўлади.
Абу Аҳмад Иёдий Мотуридийнинг устози Абу Наср Иёдийнинг ўғли бўлиб, Дорул жузжонияда Имом Мотуридийдан таълим олди ва қисқа муддатда фақиҳ бўлиб етишди. Абул Муин Насафий, Қураший ва Лакнавий каби уламолар Абу Аҳмад ҳақида яхши фикр билдирмаган. Ҳосирий нақл этган бир ривоятга кўра, Ҳаким Самарқандий бир кун Абу Аҳмадни зиёфат бериш учун уйига чақиради. Абу Аҳмад бу чорловни қабул қилиб, у ерга борганида Ҳаким Самарқандий ундан бир киши таҳорат олган сув билан иккинчи марта таҳорат қилиш мумкинми, деб сўрайди. У: “Жоиз эмас”, деб айтади. Бу сабабдан Ҳаким Самарқандий: “Илм ҳам шундай бўлади, дунёвий нарсага восита бўлиш учун фойданилса, охиратда бирор фойдаси бўлмайди. Сен бу илмни бойлик ва бошлиқлик каби дунёвий ишларга восита қилмоқдасан. Илмингни бадалини дунёда олдинг”, дейди. Абу Аҳмад дарҳол ўрнидан туради ва ҳозирланган дастурхондан бирор нарса емасдан, у ердан кетади
Агар бу ривоят тўғри бўлса, Абу Аҳмад илк йилларда мадҳ этилган, кейинги йилларда танқид қилинган. Чунки у навқирон ёшидаёқ машҳур эканини мансаб ва шуҳрат орқасидан қувишига олиб келган бўлиши мумкин. Муҳим мансабда бўлгани ва обрўли отанинг фарзанди бўлганига қарамасдан, нуфузли уламоларнинг танқид қилиши унинг “Дорул жузжония”даги устозлари тарафидан қувилганига ишора қилади. Бу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли Абу Аҳмад Иёдий “Дорул жузжония”дан бошқа бир ерда “Дорул иёдия” номли илмий марказ очиб, унга кўчиб ўтади. Бошқача қилиб айтган-да, у диний ва дунёвий қарашлари жиҳатидан бошқа фикрда бўлган устози Мотуридийнинг руҳий босимидан қутулишни ўйлаган бўлиши мумкин.
Бундан маълум бўладики, шундан сўнг Самарқандда Дорул иёдия мактаби вакилларининг фаолиятлари сомонийлар давлати тугагунга қадар давом этган. Бу гуруҳга сомоний амирлари билан алоқалари яхши бўлган Ҳаким Самарқандий ва Абу Бакр Иёдий каби уламоларни киритиш мумкин. Ҳақиқатда сомоний амири томонидан ёздирилган Ҳаким Самарқандийнинг “Ас-Савод ал-аъзам” асарининг охирида ўша даврдаги самарқандлик уламолар зикр этилишига қарамасдан, Имом Мотуридий зикр этилмаган. Ҳолбуки, Имом Мотуридий Ҳаким Самарқандийнинг дарс олишдаги шериги ёки устози бўлганига доир бир қанча ривоятлар бор. Абу Бакр Иёдий Абу Аҳмад Иёдийнинг укаси бўлиб, унинг калом илмига оид “Масоилул ашарил иёдия” номли асари бор. Бу асарни турк тадқиқотчиси Шукру Ўзен таҳқиқ ва тадқиқ этиб, туркчага таржима қилган ва нашр эттирган. Алоуддавла томонидан баъзи расмий лавозимга тайинланган Абу Бакр Иёдій Мотурийдан сўнг, Абу Саламадан олдин 361/971 йилда вафот этган. Имом Мотуридийнинг замондоши ва Самарқанднинг нуфузли уламоларидан бири бўлган Абу Бакр Иёдий халқнинг муҳаббатига сазовор бўлган эътиборли киши эди.
“Шарҳу жумали усулид дин (Дин асосларининг қисқача шарҳи)” асарида келган бир ривоятга кўра Абу Бакр Иёдий вафот этганида фақиҳ Абдуссамад ибн Аҳмад Арбинажий (ваф. 369/979 й.) Мотуридийнинг у ҳақдаги ушбу сўзини нақл этади: “Диний илмлар ва ҳукмлар ўргатиш хусусида бу умматнинг уламолари ўтган пайғамбарлар кабидир. Ўтмишда бир пайғамбар даври сўнгида чуқур таҳлил этилиш керак бўлган масала ўртага чиқса, бу масалани ҳал қиладиган бирор бир олим қолмаганида янги бир пайғамбар жўнатилгани каби, бу умматнинг ичида ҳар бир асрда вафот этган фақиҳлар ўрнига янги уламолар келади. Бу ҳол қиёматгача давом этади. Аллоҳ инсонларни йўл кўрсатувчилардан маҳрум этмайди”.
Ҳовий асарида келган бир ривоятга кўра, Абу Бакр Иёдий: бир кишининг Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида эканини қандай билиш мумкин, деган саволига бундай жавоб беради: “Унинг илми Аллоҳ таолонинг китоби, Расулининг суннати ва салафи солиҳларнинг сўзларига мувофиқ келса, у аҳли сунна вал жамоа мазҳабидандир”. Шу сабабдан Ибн Яҳё Абу Бакр Иёдийни аҳли сунна вал жамоанинг байроқдори бўлган, дея эслайди. Мазкур барча ривоятлар Абу Бакр Иёдийнинг Самарқанд ҳанафийлари ичида алоҳида ўрин эгаллаганини кўрсатади.
Абу Бакр Иёдийнинг баъзи эътиқодий масалаларни ўз ичига олган “Масоилул ашрил иёдия (Иёдийларга оид ўнта масала)” номли асарини вафотидан озгина олдин ёзади ва халқ уни ўқиб ўрганиб бидъатлардан, хусусан, моʻтазилийларнинг ботил эътиқодларидан узоқ бўлсин дея Самарқанд кўчаларида эълон қилдирган. Бу асарда баён қилинган ўнта масала ўша давр Самарқанд ҳанафийларининг асосий тамойиллари деб қабул қилинган ва буларга ишонмайдиганларни эса “Соҳибуш шарр вал бидъа (ёмонлик ва бидъат соҳиблари)” дея баҳоланган.
Эшбойев Шахзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Адабиётлар рўйхати
1. Аминов Ҳ., Примов С. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. Тошкент: Мовароуннаҳр нашриёти, 2017.
2. Насафий Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад. Ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд. Саудия Арабистони: “Мактабатул Кавсар”, 1991.
[1] Shialarning bir guruhi bo’lib, Zayd ibn Ali ibn Husaynni imom deb e’tiqod qiladi
[2] “Shia” so’zi “tarafdor” ma’mosini anglatadi. Ularning e’tiqodiga ko’ra, Ali (roziyallohu anhu)ga Payg’ambar (sollallohu alayhi va sallam) vasiyat qilganlar va shunga ko’ra Ali (roziyallohu anhu) u zotning o’rinbosaridir.
[3] Bugungi Afg’oniston hududida joylashgan viloyat bo’lib, Xuroson va Movarounnahrni bog’laydigan yo’l ustida joylashgan