УСТОЗ – МИЛЛАТНИНГ МАЪНАВИЙ ҚАЛЪАСИ

by Matbuot xizmati
30 👁️

Ҳар бир инсон ҳаётида устознинг ўрни беқиёс. Устоз нафақат билим беради, балки ҳаёт сабоқларини ҳам ўргатади. Меҳрибонлик, сабр-тоқат, адолат ва ҳалоллик каби инсоний фазилатларни ёш авлод қалбига сингдиради. Шу боисдан ҳам қадимдан устозлар мақоми ота-онадан кейин туради, дейилади.

Ҳар йили юртимизда 1-октабр санаси Устоз ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Бу кун нафақат таълим соҳаси ходимлари, балки бутун жамият учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки устоз – билим манбаи, маърифат чироғи ва келажак авлодни вояга етказувчи буюк сиймодир.

Президентимиз таъкидлаганидек: “Устозни эъзозлаш – миллатни эъзозлаш демакдир.” Зеро, бугунги баркамол ёшларнинг орзулари, эришаётган ютуқлари ва эртанги кун тараққиёти замирида устознинг меҳнати мужассамдир.

Устозларга таъриф берар эканмиз улуғ уламоларимизнинг устозларга нақадар ҳурмат-эҳтиром ва тавозеда бўлишганига гувоҳ бўламиз. Буюк мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда кишилар ҳалқа боʻлиб фиқҳ оʻрганишаётгани ҳақида айтилди. У зот: “Уларнинг боши (устози) борми?”, деб соʻради. “Ёʻқ” дейишди.

У зот: “Улар ҳеч қачон фиқҳни оʻргана олишмайди”, деди.

Агар инсон бирон ишни мураббий, устозсиз оʻзи амалга оширса, у манманликдан холи боʻлолмайди. Ва: “мен жидди жаҳд қилдим ва бунга эришдим” дейди. Аммо бу ишни муважжиҳ, ёʻлловчи томонидан қабул қилган ҳолда бажарса, у ҳолда: “Агар ушбу муважжиҳ, ёʻлловчи устозим боʻлмаганда, мен ҳақ ва ҳақиқатни билмаган боʻлардим”, дейди (Шайх Аҳмад Фатҳуллоҳ Жомий).

Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ имом Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилади. Ибн Ваҳб шундай дейди: “Уч юз олтмишта уламони коʻрдим. Агар Молик ва Лайс боʻлмаганида, илмда адашиб кетган боʻлар эдим”.

Ибн Ваҳбнинг яна шундай дегани ривоят қилинади: “Илмда тоʻрт кишига эргашдик. Иккитаси Мисрда, яна иккитаси Мадинада эди. Лайс ибн Саʼд ва Амр ибн Ҳорис Мисрда, Молик ва Можисун Мадинада. Агар мана шулар боʻлмаганда, адашиб кетган боʻлардик” (Ибн Ҳиббоннинг “Ал-Мажруҳун” номли китобининг муқаддимаси).

Шайх, муҳаққиқ Муҳаммад Аввома айтадиларки, “Уламоларимиз илмда оʻзига устоз тутмаган инсонга илтифот қилишмас, унга қиймат бериб, эʼтибор қилишмас эди. Шунингдек, у билан соʻзлашишда ҳам бирон наф бор деб ҳисоблашмасди. Сабаби, ундай кимса хато ва адашиш ичрадир”.

Шарқ мутафаккирлари тарихида устозга эҳтиром алоҳида ўрин тутади. Абу Райҳон Беруний илм олишда устозсизликни энг катта йўқотиш деб билган. Ибн Сино эса устозининг хизматини ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб бўлмаслигини ёзади. Алишер Навоий эса шундай деган: “Устозсиз шогирд, йўлсиз йўловчига ўхшар.”

Демак, устоз шогирдга нафақат билим беради, балки уни ҳаёт йўлида тўғри қадамлашга ўргатади.

Бугунги кунда устоз зиммасидаги вазифалар янада кенгайди. Эндиликда улар фақатгина дарс берувчи эмас, балки: ёшларни мустақил фикрлашга ўргатувчи, замонавий технологиялардан фойдаланишга йўналтирувчи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияловчи, жамиятга фойдали шахс сифатида вояга етказувчи мураббийдир. Шу маънода, устозлик – келажакни қуришдек буюк ва масъулиятли вазифа ҳисобланади.

Ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам устоз сиймоси доимо улуғланган. Мақолларда “Устоз – отангдек улуғ”, “Устоздан олган таълим – ҳаёт йўлига нур” каби ҳикматли сўзлар устозга бўлган юксак ҳурматни ифодалайди. Шу боис халқимиз азалдан устозни ота-онадан кейинги энг азиз инсон сифатида қадрлаб келади.

Устозлик – бу фақатгина касб эмас, балки олийжаноб миссия, жамият келажагини юксалтиришга қаратилган муқаддас бурчдир. Устозлар кунини нишонлаш – бу бир кунлик байрам эмас, балки бутун умр давомида устозларга ҳурмат ва миннатдорлик билдиришдир.

Мухлиса Эргашова Тўлқин қизиИмом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика