
Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Сурхондарё воҳаси зиёрат туризми имкониятлари: ўтмиш ва бугун” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур конференция Сурхондарё вилоятининг бой тарихий-маънавий мероси ҳамда зиёрат туризми салоҳиятини илмий асосда ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланди.

Конференцияда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби Олим Севаров, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори Ойбек Рузийев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жўрабек Чўтматов, Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Фарруҳ Қодиров, Термиз давлат университети туризм кафедраси катта ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Дилфуза Хамзайева ҳамда Вилоят ошпазлар уюшмаси раиси Ботир Бозорбоев маърузалари билан иштирок этдилар. Шунингдек, конференцияда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар фаол қатнашди.


Тадбир давомида Ўзбекистонда маҳаллий ва халқаро диний туризмни ривожлантириш истиқболлари, илмий туризм тушунчаси ва унинг мазмун-моҳияти, “Зиёрат одоби” мавзусидаги тақдимот, Нақшбандия тариқатининг Сўфи Оллоёр тармоғи: силсила ва шажара масалалари, туризм политсиясининг вазифалари ҳамда соҳада фойдаланилаётган техник ва ташкилий воситаларнинг кўргазмали намойиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди.


Шунингдек, Сурхондарё вилоятида зиёрат туризмини ривожлантиришда рақамли технологияларнинг ўрни ва аҳамияти, “Ҳалол туризм” консепсияси бўйича тақдимотлар тингланди. Маърузаларда зиёрат туризмини ривожлантириш орқали ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, тарихий обидаларни асраш ва миллий-маънавий қадриятларни кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция иштирокчилари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар соҳани янада ривожлантиришда муҳим илмий-амалий аҳамият касб этиши таъкидланди.