
Ҳар бир жамият фаровонлиги, миллий бирдамлиги, тараққиёти ва тинчилигига рахна солувчи иллатлардан бири бу коррупциядир. Келинг коррупциянинг мазмун-моҳиятини дастлаб тушунтириб ўтсак.
Коррупция лотинча “corruptio” – “емирилиш” деган маънони англатади. Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича “коррупция-мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир”. Жамият орасида коррупциялар ҳолатига қараб турли хил шаклда бўлиши мумкин. Бугунги ривожланган замонда коррупция билан боғлиқ жиноятлар тобора оммалишиб бормоқда. Қуйида коррупциянинг бир неча турларини санаб ўтиш мақсадга мувофиқ.
Йирик коррупция деганда, амалдаги давлат сиёсатини йўққа чиқарадиган, ҳукумат даражасида амалга ошириладиган сиёсий ва ҳукумат раҳбарларига халқ ҳисобидан манфаат кўришга имкон берадиган ҳаракатлар тушунилади.
Маиший коррупция деганда, одатда касалхоналар, мактаблар ва бошқа жойларда асосий хизматлардан фойдаланишга уринган оддий фуқаролар билан алоқа қилишда ҳокимиятнинг қуйи ва ўрта бўғинлари мансабдор шахсларининг кундалик ишончли ваколатларини суиистеъмол қилишлари тушунилади.
Сиёсий соҳада коррупция демократик тамойилларга ўтиш жараёнини тўхтатади, сиёсий мақсадларни умуммиллий ривожланиш мақсадларига эмас айрим гуруҳларнинг мақсадларига тобе қилади, қонун устуворлигини бузилишига, сиёсий ва суд институтлари фаолиятининг самараси тушишига, мамлакат обрўсининг пасайтиришига ва ҳақиқий сиёсий рақобатнинг йўқолишига олиб келади, шу билан ҳокимиятга ишонч сусаяди, уни жамиятдан узоқлаштиради.
Иқтисодий соҳада коррупция давлат маблағлари ва ресурсларининг самарасиз тақсимланиши ва сарфланишига, бизнесни юритишда кўп вақт ва моддий харажатларга, молиявий ва тижорат хавфларининг ўсишига, нархларнинг ўсишига, рақобат муҳитининг ёмонлашишига, хуфиёна иқтисодиётнинг ўсишига, солиқ тушумларининг камайишига, инвестицион муҳитнинг ёмонлашишига, инвестицияларнинг камайиши ва умуман мамлакат иқтисодиёти самарадорлигининг пасайишига олиб келади.
Таълим соҳасидаги коррупция – мактабгача таълим, умумтаълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим жараёнида ҳақиқий билим ва малакани баҳолашда адолатсизлик тамойили асосда ёндашиб, соҳа вакилларини моддий манфаат ёки шахсий манфаат тақозоси билан баҳолашдир. Натижада бу каби лаёқатсиз кадрлар давлат ва жамият фаровонлигига катта хавф солиши таббиий.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳам коррупция билан қарши курашиш борасида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” 2017 йили 3 январ ойидаги ЎРҚ-419 сонли қонун қабул қилиниб, унда коррупция ҳолатларига йўл қўйган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши алоҳида қайд этиб ўтилган. Шунингдек, 2025 йилдаги 1292-V-сонли “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори”да ҳам коррупция ҳолатларини олдини олиш ва шаффофлик тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Дарҳақиқат, қайси бир халқ орасида коррупция ҳолатлари кузатилса, ушбу жамият натижада парокандаликка юз тутиши, турли хил келишмовчиликлар юзага келиши, халқнинг давлатга нисбатан ишончи сусайиши, одамлар орасида порахўрлик авж олиши, давлат хизматчилари шахсий манфаати доирасида иш олиб бориши, салоҳиятли кадрлар ўрнига салоҳиятсиз кадрлар мақом топиши каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Муборак ислом динида коррупция қаттиқ қораланган. Инсон ҳаётида порахўрлик, фиребгарлик, ўзгалар ризқини ноҳақ ейиш каби иллатлар мавжуд экан, улардан шахс ва жамиятни халос этиш учун ҳаракат қилиш, порахўрликни олдини олиш ҳар бир оқил мусулмоннинг ҳаётий вазифаси бўлиши шарт. Бу ҳақда динимиз кўрсатмаларини ўрганиш, уни амалга татбиқ этиш, шундай иллатларга дуч келинса, тегишли идораларга хабар бериш муҳим амаллардан саналади. Зеро порахўрлик гуноҳ ишлардандир. Бир гуноҳни кўриб туриб, унга индамаслик, шу гуноҳга рози бўлиш билан баробар. Муборак динимизда бировнинг молини бу йўллар билан ўзлаштириш қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 188 оятида бу ҳақда марҳамат қилиб, “Ўрталарингиздаги мол – бойликларингизни ботил йўллар билан еманг. Шунингдек, била туриб, одамларнинг бойликларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳукм чиқарувчиларга ҳавола этманг”, дейди.
Бу ўринда бировнинг ҳаққини ноҳақ ейиш ҳамда пора берувчи ва пора олувчи ҳам оғир гуноҳкор бўлишлиги айтиб ўтилади. Аллоҳ таоло Нисо сураси 29-оятда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йул билан еманг”.
Поранинг арабча маъноси “ришва” бўлиб, Ислом уламолари унга: “Пора – киши ўзи ҳақли бўлмаган нарсасига эришиши ёки зиммасида лозим бўлган нарсадан қутилиши учун тақдим етган мол ёки манфаатдир”, деб таъриф берадилар.
Порахўр инсон пора олиш билан динига, иймонига, виждонига, ишониб топширилган вазифасига, давлатига, халқига, енг асосийси “яхшилик қиляпман”, деб, оиласи ва фарзандларига хиёнат қилаётганини яхши билиши ва англаши лозим. Динимиз кўрсатмаларида, порахўрлар қилмишидан қайтиб, чин дилдан тавба қилмаса, уларни дунё ва охиратда ниҳоятда оғир жазолар кутиб тургани, оят ва ҳадислар орқали жиддий огоҳлантирилган. Жумладан, Имом Ибн Можа Aбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатладилар”.
Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан шуни англаш лозимки, пора олишнинг ҳар қандай тури ислом динида қораланган. Чунки, пора олувчи шахс дунё моли ва нафси учун виждонини сотади. Виждонини сотган шахс, оиласи, яқинлари, халқи ва ватанига ҳам хиёнат қилишдан қайтмайди.
Ноҳақ йўл билан даромад топаман деб бировларга зулм қилган инсон ҳеч қачон молу мулкида барака бўлмай, сарсонлик билан ҳаёт кечиради. Зеро, тарих давомида қайси бир амалдор пора олган бўлса, ёки бировга адолатсизлик юзасидан ён босган бўлса, охир-оқибат моддий-маъанвий зарар куришган. Салжуқийларнинг донишманд вазири Низомулмулк ўзининг “Сиёсатнома” асарида шундай дейди:
“Раиятдан бирортаси неъмат ҳақини, омонлик ва тинчлик қадрини билмаса, хиёнат этишни андиша қилиб, сотқинлик қилса, номардлик кўрсатса, ҳадиддан ошиб кетса, гуноҳини бўйнига қўйиб, яраша жазо бериб, ишдан олиб, улардан воз кечиш керак”.
Низомулмулк: халқпарвар, ватанпарвар, садоқатли, салоҳиятли ва имони пок шахслар ватанни обод қилиши, шунингдек, халқнинг молу мулкига хиёнат қилмаслигини баён этади. Агар қайсидир мансабдор, ўз нафсини ўйлаб, халқ молига хиёнат қилса, бу кабиларни қонун билан жазолаб уларни ишдан четлатиш зарурлигини уқтирилган. “Сиёсатнома” асарининг бошқа бир жойида айтадики:
“Ҳозирга замон мансабдорлари шундайки, ҳаром динорларга парво қилмайдилар, ҳақиқатни беҳуда нарсага чиқарадилар, иш оқибатини ўйламайдилар.
Исмиол (Сомоний)да шундай одат бор экан: қаттиқ совуқли кунларда, қор ёки ёмғир ёғса ҳам ёлғиз ўзи майдонга чиқиб, пешин намози вақтигача отга миниб турар экан ва айтарканки, бирор мазлум киши ҳожати бўлиб саройга келса-ю, турар жойи бўлмаса, қор ва совуқда бизни ичкарида кўрса, биз билан кўришиши қийин бўлади. Биз кутиб турганимизни кўрса, келиб ишини ҳал қилиб, саломат қайтади”.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, буюк аждоларимиз асрлар давомида коррупцияни маънавий иллат сифатида баҳолаган. Юқорида таъкидлаганмиздек, коррупция фақатгина пул шаклида бўлмаслиги мумкин, балки бировнинг ишини ҳал қилиб бериш, кишиларга адолатсизлик қилиш, киши нафсига эрк бериб, одамларни алдаши, моддий манфаат орттириш мақсадида турли хил фитналарни кенг оммага тарқатиши, бировни қўрқитиб молини талон-торож қилиши,, мансабдор шахснинг умумжамият мулкидан шахсий манфаати йўлида фойдаданиши каби иллатлар коррупциянинг турли хил кўринишларидир.
Натижада айтиш мумкинки, коррупцяни олдини олиш учун ҳар бир шахс, дастлаб ўзлигини англаб, нафсини тўғри йўлда тарбиялаб борса, аждодлар меросини ўрганса, ватани ва халқини чин қалбдан севса, энг муҳими коррупция – икки дунё саодатини бабод этишини англаса, ислом динида оғир гуноҳ эканлигини билса ҳамда қонунчиликда жазо муқаррарлигидан хабардор бўлса, аста-секинлик билан жамиятга ижобий таъсир кўрсатиб, коррупцяини олдини олишга ҳисса қўшиши мумкин.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)–Жамаҳматов Каромиддин Айнилло ўғли