Силаи раҳм – умр баракаси

by Matbuot xizmati
17 👁️

Ислом таълимотида инсонлар ўртасидаги муносабатлар, айниқса, қариндошлик ришталарини мустаҳкам ушлаб туриш муҳим ўрин тутади. Шу муносабат билан “силаи раҳм” атамаси – қариндош-уруғ билан алоқаларни узмаслик, уларга яхшилик қилиш ва меҳр-оқибат кўрсатиш каби амалларни англатади. Бу амал фақат ахлоқий вазифа эмас, балки дунёдаги барака, ризқ кенглиги ва умрнинг мазмунли ўтиши каби омиллар билан боғлиқ экани исломий манбаларда таъкидланган.

“Раҳм” сўзи ўз луғавий маъносидан ташқари туғма қариндошликни англатади. “Сила” эса “боғлаш”, “мустаҳкам ушлаб туриш” маъноларини билдиради. Шу боис “силаи раҳм” – қариндошлар билан алоқани узмаслик, уларга ёрдам бериш, ҳолидан хабар олиш, меҳрибонлик ва ҳурмат кўрсатишни ўз ичига олади. Бу амал моддий ёрдам билан чекланиб қолмай, қалбий меҳр, кечиримлилик, ҳасад ва адоватдан сақланиш каби маънавий жиҳатларни ҳам қамраб олади.

Ислом таълимотида қариндошлик ришталарини узиш катта гуноҳ сифатида қайд этилган бўлиб, бу борада Қуръон ва ҳадисларда кескин огоҳлантиришлар мавжуд.

Жумладан, “Наҳл” сурасининг 90-оятида “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтаради. У сизларга ваъз қилади. Шоядки, эсласангиз” – дейилган.

Мазкур оят ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд розиаллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ буюрган адолат бу – жамиятда ўзаро одилона муомалада бўлиниш демакдир. Ҳамма тенг ҳуқуқли ва барча учун ўлчов бир. Айнан мана шу адолат мезонининг оиладаги барқарорлиги ёки беқарорлиги қариндошлар ўртасидаги муносабатлар даражасини белгилайди. Агар у барқарор бўлса, силаи раҳм мустаҳкамланиб бораверади. Чунки ўзаро адолат муҳитида улғайган фарзандлар бир-бирига нисбатан ўзаро меҳр-муҳаббатда улғаяди. Агар адолат тарозисининг ўлчови бузилса, у ҳолда қалбларга кина-кударт уруғи сепилган бўлади. Мана шу кина-кудрат уруғи эса йиллар ўтиб, фарзандлар уйли-жойли бўлганда, ўзининг аччиқ мевасини беради.

“Еҳсон” эса ўзаро яхшилик қилиш маъносини англатади. Одатда, бизлар “еҳсон” деганда, муайян моддиятни тушунамиз. Аслида ширинсўз, табассум, жаҳл чиққанда сукут сақлаш, нафс устун келганда, ўзни тийиш кабилар ҳам эҳсоннинг бир кўриниши ҳисобланади. Масалан, ширинсўз ёки бир табассум ортидан бир инсон кўнгли кўтарилса, ғазаб вақтида сукут сақлаш ортидан эса бир инсонга озор етишининг олди олинади.

Оилада ота-она, фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бардавомлиги юқорида қайд этилган “олтин қоида” асосида олиб борилса, бу, албатта, нур устига нур.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида: “Ким ризқи кенгайишини ва умри баракали бўлишини истаса, қариндошлик алоқаларини сақласин” – дейилган.

Уламоларнинг шарҳларида таъкидланишича, бунда умрнинг фақат узунлиги эмас, балки мазмунли, фойдали ва баракали ўтиши назарда тутилади.

Дарҳақиқат, инсон ўз вақтидан яхшироқ фойдаланса, соғлиғига беэътибор бўлмаса, тинчликни таъминлашга интилса, яхшилик қилишга талпинса, қариндошлар ўртасидаги ҳамжиҳатликка сабабчи бўлса ва бошқа Ислом дини қадриятлари доирасида ҳаёт кечирса, умрининг баракаси бўлади.

Силаи раҳм – мусулмоннинг ахлоқий, ижтимоий ва маънавий бурчларидан бири бўлиб, у нафақат қариндошлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди, балки инсон умрига барака, ризқига кенглик ва қалбига хотиржамлик олиб келади. Қуръон ва ҳадислар бу амалнинг фазилатини очиқ ва равшан баён этган. Шу сабабдан ҳар бир мусулмон силаи раҳмни ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириши лозим.

Олимжон Севаров,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика