
(Сўфи Оллоёрнинг “Муродул орифин” асари асосида)
Сўфи Оллоёр ўз даврининг йирик олимларидан бўлиб, давру даврон муаммоларига бефарқ бўлмаган фақиҳ зотлардандир. У доимо асарларида инсон ҳаётига хавф соладиган муаммоларни ечимини топишга интилади. Саодатга ва шақоватга сабаб бўлувчи омилларни кенг китобхон оммасига етказиш учун халқчил услуб билан ўз қарашларини баён этади.
Аллома асарларининг мавзу-мунадарижасига эътибор қаратадиган бўлсак, исломий илмларнинг фиқҳ, тасаввуф, ахлоқ, калом йўналишлари бўйича қалам тебратганига гувоҳ бўламиз. Соғлом эътиқод борасида Сўфи Оллоёрдек бирон бир мутафаккир ўз асарларида кўп урғу берилмаган. Аллома яшаган замонда гарчи Бобораҳим Машраб, Бедил, Сайидо Насафий каби зотлар шеърияти кенг шуҳрат қозонган бўлса ҳам, бироқ исломнинг эътиқодий масалаларига оид асарларга жуда кам урғу берилган. Сўфи Оллоёр ўзи айтганидек “халқнинг эътиқоди бузилгани ва турли ихтилофлар халқ орасида ёйгани сабабли” “Маслакул муттақин” ва “Саботул ожизин” асарлари ёзилди. Ушбу асарларда фиқҳий масалалар билан бирга эътиқодий масалалар ёнма-ён туради. Мутаффакир услубининг ажойиб томони шундан иборатки, инсонни тарбиялашда биринчи зоҳирий фиқҳ – яъни поклик, намоз, рўза, ҳаж, закот каби шаръий мавзуларни ёритиб, толиби илмларни ушбу мавзуларни ўрганишга чорлайди. Бу илмлар қатори ақида билан боғлиқ бўлган мавзуларни Қуръон ва суннатга мувофиқ тушунтиради. Толиби илм бу мавзуларни ўрганиб олганидан сўнг, ислом динининг муҳим мезони бўлган руҳий тарбия – тасаввуфни ўрганишга чақиради. Тасаввуфни ўрганишдан олдин Қуръон, ҳадис, ақида, фиқҳ ва мантиқ илмини билишни толиби илмларга шарт қилиб қўяди. Чунки, бу илмларни билмасдан тасаввуфни ўрганииш хатарли эканлигини тушунтиради. Илмсиз амал қилишни қоралайди. Толиби илм ҳар бир амали ва ибодатини шариат ҳукмидан ташқарига чиқмасдан бажаришини эслатади. “Саботул ожизин” асарида келтирадики,
“Шариатсиз киши учса ҳавога,
Кўнгил берма анингдек худнамога”.
Мана шу мавзунинг муҳимлигини олим ҳис қилган ҳолда умрининг ўрта ва охриги йилларида “Муродул орифин” асарини ёзишга киришади. Албатта, бу асарни ёзиш сабабларини асарнинг муқадамисида шундай баён этади:
“Аммо нуқсонли бўлган ушбу фақир, эранлар оёғининг тупроғига айланган Таваккулий – Оллоёр ибн Аллоҳқулий, Аллоҳ исёнлари ҳамда нуқсонларини мағфират қилсин, ўзининг ҳақирлигига қарамасдан, дўстларнинг маслаҳати билан “Маслак ул-муттақин” китоби, сўнгра “Сабот ул-ожизин”, ундан кейин “Махзан ул-мутиъин” асарларини ёзди. Тақво аҳлидан бўлган дўстлари тасаввуф ва иршод ҳақида (ҳанафий мазҳаби ва соф эътиқоди) эътиқоддан келиб чиққан ҳолда асар ёзишни талаб этдилар. Ушбу лаёқатсиз банда тасаввуф ва иршод йўналишида ҳосилсиз ҳамда уларни таҳқиқ этишдан бехабар бўлса-да, муҳтарам дўстлар талаби билан Аллоҳ таъолодан талаб қилдики, ушбу умид гавҳарини қўлга киритишга йўл очиб берсин. Эътиқодга мувофиқ бўлган ишончли китоблар асосида ушбу китобни ёзишликни илтимос қилдилар. Илм аҳли ва китобхонларга манзур ва баёнлари мақбул бўлиши учун ҳар бир фасл сўнгида мавзуга хос шеърий баёнлар битилди. Мақсад, китобхонга шавқу завқ уйғотиш ва уларни бу йўлга бўлган иштиёқини ошириш, эътиқодини тўғрилаш, сайру сулук моҳиятини илғаб олишдан иборат бўлган. Камина кўкси ва мухлисларни шояд ушбу назмий парчалар билан Аллоҳ таоло равшан этсин. Дўстлар ва мухлислар таклифига мувофиқ асар номи “Муродул орифин”, деб номланди. Шунинг файзи билан шояд ақл соҳиблари бизга таважжуҳ этиб, дуо ва фотиҳаларида эслаб йўқласалар ажаб эмас”.[1]
Маълумки, инсон зотини Аллоҳ таоло дунёда турли синов ва бало-офатлар билан иродасини синайди. Бу ўткинчи имтиҳонда сабр қилувчилар ҳаёти нурга тўлиши ва охирати обод бўлиши айни ҳақиқат. Сабрсиз, шошқалоқ, машаққат ва имтиҳонларни ўзига жабр деб билувчи ва бунга қарши исён қилувчилар ўзига зарар етказишдан нариги томонга ўтмайди. Инсоннинг зулмкорлигни айнан мана шунда билинади. Илм ўрганмаслик зулмларнинг каттасидир. Чунки илм нажот ва ҳаёт гаровидир. Илм бандаликни қандай изҳор қилишни бизга тушунтирувчи восита демак. Ҳиссиёт ва руҳият тарбияси билан боғлиқ тасаввуф илми ҳам бугунги мафкуравий ихтилофлар авж олган замонда ахлоқни тўғрилашда кенг имкониятларга эга. Фақат бу соҳани ўрганиш учун юқорида таъкидлаганимиздек шариатга мувофиқ қадам ташлаш лозим. Сўфи Оллоёр “Муродул орифин” асарининг در علوم صوفیه و حقیقت ایشان[2] (“Сўфийлик ҳақиқати ва унинг баёни ҳақида” номли иккинчи фаслида Мустамлий Бухорийнинг “Шарҳи таарруф” асаридан шундай мисолни келтириб, мавзуни бошлайди: “Сўфийлик илми аҳвол илмидир, аҳвол илми эса амалларнинг самарасидан ҳосил бўлади. Бу ҳол фақат амалларини тўғрилаган кишиларга дахлдор. Амалларнинг тўғрилиги маъноси эса – шариатга иқомат ва қалбни нопокликдан поклаш билан бўлади. Бундан шундай маъно чиқадики, зоҳирий муомалалари пок бўлмаган кишининг ботини ҳам пок эмас. Мабодо, ўз руҳиятида бирон ғаройиб ажойиботларни сезса ва ёки гувоҳи бўлса, каромат деб ўйлайди. Банда шу ҳолни сезганида шариатнинг муомала тошини қалбига урсин. Агар шариат унинг шу каби ҳолларини қабул қилса кароматдир, лекин шариат одобига тўғри келмаса, ғафлат, ёлғон ва ғурурдан бошқа нарса эмас. Бу билан ўзининг зоҳирини ҳам вайрон қилиши аниқ….[3]
Дарҳақиқат, шариат дунё ва охират ҳаётини тартибга солувчи муҳим мезондир. Уни бузган ва нотўғри талқин қилган одам залолатга тушиб қолиш эҳтимоли юқори. Зеро, шариат дунё ҳаёти ва моддий бойликларни қораламайди, балки уни зийнат ва эҳтиёжлар сабабини муолажа қилувчи восита ва хайрли амаллар эшиги деб билади. Инсон қалбида васваса ва турли ҳоллар содир бўлиши мумкин, у дарров “мен каромат соҳиб бўлдим”, деб жар солишга ҳожат йўқ, балки сир тутиб, мутафаккир айтганидек “шариат тоши билан синаб кўриш керак”. Агар Қуръон, суннат ва мазҳабимизга тўғри келса, қабул қилсин. Бу ҳолнинг акси бўлса, дарров илм билан уни муолажа қилиши зарур. Бунга далил сифатида мутафаккир Қуръони Каримдаги Мусо алайҳисалом ва Фиръавн қавми ўртасида содир бўлган воқеани келтиради.
قَالَ بَلْ أَلْقُوا ۖ فَإِذَا حِبَالُهُمْ وَعِصِيُّهُمْ يُخَيَّلُ إِلَيْهِ مِنْ سِحْرِهِمْ أَنَّهَا تَسْعَىٰ
(У: «Йўқ. Сизлар ташланг», деди. Бирдан уларнинг арқонлари ва асолари унга сеҳрларидан худди ҳаракатланаётгандек бўлиб кўринди).
“Руҳияти соғлом бўлган киши худди Мусо алайҳисалом асои каби ҳақиқий илонга айланади. Шуниси аниқки, хаёл ва шубҳада ҳеч қандай самара йўқ. Агар кўрувчи кишининг басират кўзи очиқ бўлса, ҳақиқатни англайди, Фиръавнниг сеҳргарлари ҳам ҳақиқатни охирда англаб етгани каби. Аммо басират кўзи бўлмаса, хаёл ва кибр билан овора бўлиб, залолатга кириб қолади”[4].
Сўфи Оллоёр Мусо алайҳисалом асоини илонга айланиб, бутун сеҳргарларнинг алдов билан илонга айлантирган нарсаларини йўтиб юборишини – илмнинг доимо жаҳолатдан устун келишига ўхшатади. Гарчи сурат билан инсонлар ҳаммаси бир-бирига ўхашаса-да аслида сиратлар ўзгачадир. Агар сурату сират бир бўлганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Жаҳл мақоми бир хил бўларди. Инсон сирати билан дунёву охиратда мақом топади. Толиби илм шундай устоз топсинки, унинг сирату сурати якдил бўлсин, амаллари билан қавлига эътибор қаратсин, токи суратга алданиб, Фиръавнинг сеҳргарлари каби надоматга қолмасин.
“Кашфур румуз” асарида шундай иборалар бор: “Банда ҳеч қачон шайтон макридан ўзини фориғман деб ўйламасин”. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўз ҳабиби – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон ўқиш асносида шундай марҳамат қилди:
فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ[5]
(Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин. (Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин).
Бутун васвасаларни дафъ этувчи оятлардан бири Қуръони каримда мана шу оят саналади. Аллоҳ таоло гарчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб айтган бўлса ҳам, бу бутун уммат учун умумий хитоб ва қоида саналади. Толиб шайтоний васваса ва фитналардан ўзини асраши учун ушбу оятни доимо ўзига қурғон қилиб олсин. Шайтон макридан омонда бўламан деб, бепарво юрмасин, балки илм ўрганиш жараёнида шайтоннинг ҳийлаларидан ўзини Аллоҳ ҳимоясига олсин. Толиби илмни кўпроқ шайтон кибрга берилиши ва фитналарга фитналашиш билан йўлдан оздиради. Аллоҳ бу ҳоллардан сақласин. Бунга йўлиқмаслик учун илм ўрганишда устознинг тарбиясти муҳимдир. Тарбия одобли ва тиришқоқ толиби илмга комил устознинг дарси орқали ўтади. Сўфи Оллоёр ушбу мавзу давомида айтади:
“Эй азизим, муҳаббат даъвосини қилувчи кишилар шуни билсинки, муҳаббатнинг нишони Мустафо алайҳисаломга эргашишдир, унга эргашишнинг нишони эса шариатни азиз тутишдир, муҳаббатнинг туғри бўлиши далили ботиннинг зоҳирга эргашишидир, ботиннинг тўғрилиги зоҳирнинг тўғрилигисиз бўлиши мумкин эмас” [6].
Зоҳир инсоннинг жисми бўлса, ботин эса руҳиятидир. Жисмнинг соғломлиги руҳнинг соғломлигига боғлиқ. Касал руҳдан жисм ҳам касал бўлиши муқаррар. Руҳиятнинг тўғрилигини биз руҳ соҳибининг ташқи оламдаги ҳаракатлари ва мувозанати билан англаб оламиз. Ибодат қилиш, рўза тутиш, ҳаж амалини адо этиш, закот бериш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, ота-она хизматини қилиш, одамлар фаровон яшаши учун дунёни обод этиш ва шу каби амаллар жисм билан адо этиладиган амаллардир. Энди бу амаллар тўғри ва нуқсонсиз Аллоҳ даргоҳига қабул бўлиши, одамлар амал соҳибидан барака топиши, руҳиятдаги қасд қилинган ният билан вобаста. Агар амал соҳиби нияти Аллоҳнинг ризолиги ва одамларнинг хушнудлиги бўлса, қилинган ишларидан ҳам ўзи ва бошқалар манфаат олади. Муҳаббатни даъво қилиш қуруқ гап ва дангасалик билан бўлмаслиги барчага аён. Муҳаббат итоат ва соғлом эъиқод билан шарафланган. Мен қалбимда фалончини яхши кўраман дейиш билан ҳеч ким ишонмайди. Балки, яхши кўришнинг сабабларини даъво қилувчи ўз ҳаётида кўрсатиши керак. Инсон оч қолса, сув ва нонга талпинади. Мана шу талпиниши унинг очлигидан далолат беради. Муҳаббат ҳам худди шундай, даъво қилувчи даъво қилинувчи томонга бориши керак. Сўфи Оллоёр назарда тутган муҳаббат ҳам худди шундай. Муҳаббатнинг биринчи шарти Аллоҳга итоат қилиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, солиҳ олимларнинг йўлини маҳкам тутиш, хулқни зийнатлаш ва зикрга бардвом бўлишдан иборат. Бугун тариқат аҳлиданман, деювчиларнинг баъзилари бу мезонга амал қилмасликлари ачинарли ҳол. Мени пиримнинг гапи гап. Бошқа шайхлар ва илм йўлида машаққат чеккан олимларни тан олмаслиги оғриқли ҳол. Чунки соф тасаввуф илм ўрганишни биринчи ўринга қўяди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзи ва Расулига итоат қилиш билан биргаликда олимларга ва тўғри йўлдаги раҳбарларги итоат қилишни шундай баён этади:
[7] يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ
(Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг).
Сўфи Оллоёр айтади: “Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни юбдордики, токи одамларнинг руҳиятидаги эътиқоди билан биргаликда зоҳирий амалларини ислоҳ этсин. Чунки инсоннинг ҳаёти жисм ва руҳдан таркиб топган. Агар фақатгина ботинни поклашни буюрилганида эди, нимага шариатда баъзи азобларни дунёнинг ўзида берилади ва баъзилари охиратда қолдирилади. Солиҳ амалнинг мукофотини Жаннат ва Ўзининг мислсиз жамолини кўриш билан тақдирлайди. Аллоҳнинг бу борадаги қавли шундай:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْكَبِير[8]ُ
(Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга, уларга, остидан анҳорлар оқиб турган жаннат бор. Бу эса ниҳоятда улкан ютуқдир).
[9] فَمَنْ كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا
(Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин).[10]
Сўфи Оллоёр ушбу оятлар орқали ҳар бир шариат толибини дастлаб солиҳ амал кимдан қабул бўлишини уқтирмоқда. Солиҳ амаллар иймон аҳлидан қабул қилиниб, қиёмат куни унга ҳисобсиз ажр берилишини айтади. Шариат аҳлининг одобига кўра, толиб бировга тили, амали ва қули билан озор бермаслиги шарт. Илм ўрганиш билан бирга ҳилмни ҳам ўрганиши муҳим. “Шунинг учун зоҳирнинг соғломлиги ботиннинг соғломлигидан далолат беради. Анбиё алайҳимуссаломнинг ботиний оламлари барча халқнинг ботинидан кўра пок, зоҳири эса барчадан кўра одобли бўлганини эшитмаганмисан”.[11]
Пайғамбарларнинг сийрати ва сурати бутун инсонларнинг сирати ва суратидан афзал бўлган. Демак шариат баъзилар айтганидек, фақат зоҳриий амаллар эмас, балки ботиний амаллар майдонидир. Шариат тарозусининг бир палласида зоҳирий амаллар турса, иккинчи палласида ботиний амаллар туради. Мабодо, тарозунинг бир палласи оғир келиб қолса, ўлчов миқдори бузилади ва мувозанатни йўқотади. Тариқатни даъво қилувчилар мана шу мезонга амал қилсагана дунёда нажот ва охиратда саодат топади. Чунки ибодат илм ва итоат билан қадрланади.
Жамаҳматов Каромиддин – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
[1] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 43.
[2] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 59
[3] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 59
[4] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 59-60
[5] Наҳл сураси. – 98 оят.
[6] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 60
[7] Нисо сураси, 59 оятдан.
[8] Буруж сураси, 11 оят.
[9] Каҳф сураси, 110 оятдан.
[10] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 60.
[11] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 60.