ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

by Matbuot xizmati
65 👁️

Она тили – миллатнинг руҳи, ор-номуси, маънавий қиёфаси ва орзу-умидларининг ифодасидир. У миллатнинг бирлиги, бирдамлиги ҳамда ўзлигини намоён этувчи тимсолдир. Тил миллатни ягона халқ сифатида бирлаштиради, унинг мавжудлигини таъминлайди. Ҳар бир миллатнинг ўз ватани, оиласи бўлгани каби, ўзига хос ва бетакрор она тили ҳам мавжуд. Инсон учун ватани, ота-онаси ва оиласи қанчалик азиз бўлса, унинг она тили ҳам шунчалик муқаддасдир. Гўдак ўз ватани, ота-онаси ва дунёни айнан она тили орқали англайди. Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни беқиёс бўлганидек, инсоннинг камолотга эришувида ҳам тилнинг аҳамияти беқиёсдир. Шу боисдан ҳам уни “она тили” деб атаймиз.

Тил инсон вужудига қон сингари синади. Барча эзгу фазилатлар, аввало, она алласи ва она тилининг жозибаси орқали қалбга киради. Инсон юрагида она тилига нисбатан меҳр-муҳаббат ва садоқат уйғонади. Турк дунёсиing buyuk маърифатпарвари Исмоилбек Ғаспарали шундай деган эди: “Миллатнинг икки асоси бордур: бу – тили ва динидур. Агар шу иккисидан бири йўқолса, миллат таназзулга юз тутади.”

Тарих гувоҳки, минг йиллардан буён ўзбек тили ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ўзбек тили – ширин, жарангдор ва қулоққа ёқимли тил. Шоир Миртемир айтганидек, у болаликдан қулоғимизга, юрагимизга сингиб кетган. Оналаримизнинг аллалари, бобо-бу-виларимизнинг эртак ва ривоятлари орқали тилимиз бизнинг қалбимизга кириб борган, унда Ватанга ва халққа муҳаббат уйғотган. Ўзбекистон фуқаролари ўз она тилини севaди, ҳурмат қилади ва эъзозлайди. Чунки тил орқали миллатнинг тараққиёт даражасини, маънавий ҳолатини англаш мумкин. Шу боис “Тил – миллат кўзгуси” дейилади.

Тил – миллатнинг мавжудлик шарти. Сувсиз дарё бўлмагани каби, тилсиз миллат ҳам бўлмайди. Лутфий, Алишер Навоий каби буюк алломалар ўзбек тилининг ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Навоий XV асрда яшаб, туркий тилнинг имкониятларини амалда исботлади. У “Ҳамса” каби асарларини туркий тилда яратиб, бу тилнинг буюклигини бутун дунёга кўрсатди. Ҳақиқатан ҳам, буюк адабиёти бор халқнинг тили ҳам буюк бўлади.

Тил – миллатнинг бебаҳо хазинаси, маънавий бойлигидир. Чунки миллатнинг тарихи, маданияти, урф-одатлари ва анъаналари унда мужассам. Шу боис биз она тилимизини асраб-авайлашимиз, уни бойитиб, авлодларга тўла ҳолда етказишимиз лозим. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий боғлиқлик тил орқали вужудга келади.”

1989 йил 21 октябрда “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Шу билан она тилимиз қонуний ҳимоя остига олинди. Кейинчалик Конституцияда ҳам бу мақом мустаҳкамланди. 2019 йилда Президент фармони билан Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Бу – тилимизни янада ривожлантириш ва амалда қўлланишини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Миллий тилга эътибор тарих давомида ҳам доимо долзарб бўлиб келган. Маҳмудхўжа Беҳбудий шундай деган эди: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойнaи ҳаёти – тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак, миллат руҳини йўқотмакдур.” Бу фикр бугунги глобаллашув даврида янада долзарбдир. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Расул Ҳамзатов сингари адиблар ҳам тилнинг муқаддаслигини турлича ифода этганлар. Уларинг барчаси бир фикрда: она тили – миллатнинг руҳи.

Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда она тилининг ўрни беқиёсдир. Ўзбек тили тобора нуфуз қозониб, халқаро майдонда тан олинмоқда. Биз ёшлар тилимизининг софлигини асраш, унинг нуфузини ошириш учун ҳаракат қилишимиз керак. Абдулла Қодирий бежиз айтмаган: “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал.”

Тил – нафақат мулоқот воситаси, балки халқнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи ва тарихидир. Ҳар бир халқ ўз тилини асраса, бу тинчлик ва ўзаро ҳурматнинг кафолатидир. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллион киши фойдаланиши керак. Қувонарлиси, ўзбек тили ана шундай яшовчан тиллар сирасидадир.

Тилни севиш ва асраш – миллатни севиш ва асрашдир. Халқнинг тарихи, маданияти ва қадриятлари тилда акс этади. “Тил яшаса, миллат яшайди.” Биз она тилимизининг гўзаллиги, бойлигини бутун дунёга кўрсатишимиз, уни келажак авлодларга мерос қилиб қолдиришимиз керак. Чунки тарихчи Шобелев таъкидлаганидек: “Миллатни йўқ қилиш учун унга қўл кўтариш шарт эмас – унинг тилини, маънавиятини йўқ қилиш кифоя.”

Мухлиса Эргашова Тўлқин қизи – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика