
Самарқанд шаҳрида 2025-йил 4–5-октябр кунлари Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳамда Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Самарқанд археология институти, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамкорлигида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 14-мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155-йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида буюк мутакаллим, ислом ақидавий фикрининг йирик намоёндаси Имом Абу Мансур ал-Мотуридий илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг таълимотини замонавий шароитда маʼнавий барқарорлик ва бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини ёритишдан иборат боʻлди.
Конференциянинг очилиш қисмида мамлакатимизда исломшунослик ва каломшунослик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Мотуридийлик таълимотини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва ёш авлод онгига етказиш борасидаги ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жўрабек Чўтматов “Ҳолид Ибин Зиёд Термизийлар калом мактабининг илк номоёндаси” мавзусида маъруза билан иштирок этди.


Конференция доирасида мамлакатимиз олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва институтларидан келган олимлар, тадқиқотчилар ва ёш изланувчилар иштирокида бир неча йўналишдаги сексиялар фаолият юритди. Уларда Мотуридийлик таълимотининг илмий-фалсафий жиҳатлари, унинг жамият маънавияти ва диний-мафкуравий барқарорликдаги аҳамияти, шунингдек, мазкур таʼлимотнинг глобаллашув шароитидаги талқини юзасидан илмий фикр алмашувлар бўлиб ўтди.

Конференциянинг иккинчи кунида тадбир иштирокчилари Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилдилар. Шу ерда давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар Мотуридийлик таълимотининг замонавий жамият маънавиятини янада мустаҳкамлашдаги аҳамиятини қайд этиб, ушбу конференция ислом ақидавий илмининг илмий ва амалий йўналишларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, конференция доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Имом Мотуридий илмий меросига бағишлаб олий таълим муассасалари талабалари иштирокида ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди.