
БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида Ўзбекистон сўнгги йилларда тинчликпарварлик, савдо-иқтисодий, халқаро мулоқотлар майдонида фаол иштирокчига айланганига дунё ҳамжамияти яна бир карра гувоҳ бўлди.
Халқаро экспертлар шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва БМТ муносабатлари тарихида янги саҳифа очганини бот-бот такрорламоқдалар. Қисқа муддатда “Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт”, “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш” резолюсиялари қабул қилинди. 2025 йилнинг ўзида мамлакатимиз Бош Ассамблеянинг 79-сессияси давомида қабул қилинган 3 та резолюсиянинг ташаббускори ва ҳаммуаллифи бўлди.
Президентимиз БМТ минбарида туриб, “Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва сивилизатсиялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз”, деди.
Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида экани, ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифалар сирасига киришини урғулаб, давлатимиз раҳбари бу борада “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди.
Шу билан бирга, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаол давом эттиришимизни таъкидлаб, яқин ойларда кенг минтақамиз учун ноёб бўлган Ислом сивилизатсияси маркази очилишини маълум қилди.
Буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш режалаштирилгани, қувонарли хабар бўлди.
Мазкур ташаббус, аввало, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги маънавий-илмий миссиясини намоён этади. Зеро, бугунги кунга қадар Ўзбекистон буюк алломаларимиз илмий-маърифий меросини ўрганиш ва уни нафақат мусулмон олами, балки жаҳон илмий жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш борасида муносиб ўрин эгаллади. Хусусан, бу йўналишда Имом Термизий, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ислом сивилизатсияси маркази тарихий меросни тизимли ва чуқур илмий таҳлил қилиш, унинг замонавий маънавий-маърифий аҳамиятини очиб бериш, халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва сивилизатсиялар ўртасида маънавий мулоқотни кучайтиришда стратегик аҳамиятга эга илмий-инновацион майдон сифатида хизмат қилмоқда. Чунки ушбу алломалар асарларида ислом маърифатига хос бағрикенглик, адолат, инсонпарварлик ва тинчлик ғоялари мужассам. Бугунги кунда дунёда турли зиддиятлар, радикал қарашлар ва экстремистик таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда ана шу ғояларни кенг тарғиб этиш жаҳон ҳамжамияти учун ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шунингдек, БМТ минбаридан алломалар меросини тақдим этиш нафақат Ўзбекистоннинг маънавий меросини жаҳонга танитиш, балки сивилизатсиялар ўртасидаги мулоқот ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Бу ташаббус орқали Ўзбекистон “янги маърифий дипломатия”ни амалга ошириб, ислом сивилизатсияси бойликларини бутун инсоният умумий меросининг ажралмас қисми сифатида намоён этмоқда.
Ислом маърифати ва сивилизатсияси тарихида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий алоҳида ўрин тутади. Улар ўз асарлари ва илмий мерослари орқали инсониятни бағрикенглик, адолат, инсонпарварлик ва тинчлик ғояларига даъват қилганлар.
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асари ислом динининг энг ишончли манбаларидан бири бўлиб, унда инсон шаъни ва қадри, адолат ва тинчликни муҳофаза қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш каби инсонпарварлик ғоялари кенг тарғиб этилган.
Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ан-набавия” (“Пайғамбарга хос сийрат ва фазилатлар”) асари Пайғамбар алайҳиссаломнинг олийжаноб хулқ-атворини ёритиб, инсон қалбида меҳр-шафқат, камтарлик ва бағрикенглик туйғуларини мустаҳкамлайди. Бу ғоялар турли миллат ва дин вакиллари ўртасида тинчлик ва ўзаро ишончни кучайтиради.
Имом Мотуридий эса “Таъвилот аҳл ас-сунна” (“Суннийлик анъаналари шарҳи”) асарида дин ва ақл уйғунлиги, инсоннинг эрки ва масъулияти, адолатли жамият қуриш ғояларини илгари сурган. Унинг таълимотига кўра, ақл ва маърифат орқали барқарорлик ва ҳамжиҳатликка эришиш мумкин.
Бу буюк алломаларнинг мероси нафақат ислом олами, балки бутун инсоният учун маънавий хазина бўлиб хизмат қилади. Шу боис, уларнинг бой илмий ва маънавий меросини жаҳон ҳамжамиятига етказиш, уни тинчлик ва маърифат сари даъват сифатида тарғиб қилиш замонавий давр учун ҳам улкан аҳамиятга эга.
Шунингдек, юқори минбардан “Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Реабилитатсия ва қайта интегратсия масалалари бўйича Минтақавий Кенгаш тузилган. Биз уни Халқаро компетенсиялар марказига айлантириш” таклиф этилди.
Бу тузилма муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши, бундан ташқари, мамлакатимиз Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёр экани ҳақида баён қилинди.
БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясида глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Ташкилот тизими ва халқаро молия архитектурасини ислоҳ қилиш, иқлим ўзгариши оқибатлари ва бошқа замонавий хатарларга қарши курашишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Янги Ўзбекистон тажрибасида терроризм ва экстремизмга қарши кураш соҳасида инсонпарвар ёндашув устувор аҳамият касб этади. Бу сиёсий ва ижтимоий-ҳуқуқий йўналиш фақат куч ишлатиш, жазо чоралари ёки ҳуқуқий тартиб-таомиллар билан чекланиб қолмайди. Аксинча, у кенг қамровли, тизимли ва комплекс чора-тадбирлар асосида амалга оширилади.
Биринчи навбатда, маънавий-маърифий тарбия орқали радикал ғояларга қарши мафкуравий иммунитет шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда диний соф таълимотни бузиб кўрсатувчи ва зўравонликни оқлайдиган қарашларга қарши ислом маърифати, бағрикенглик, инсонпарварлик ва тинчлик ғоялари устувор қўйилади.
Иккинчидан, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари инсонпарвар ёндашувнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Муаммоли ҳудудлардан қайтиб келган ёки радикал ғоялар таъсирига тушган шахсларни жамиятга қайта мослаштириш жараёнида уларнинг оилавий муносабатлари, ижтимоий алоқалари ва психологик ҳолатига жиддий эътибор берилади. Бундай шахсларни реабилитатсия қилишда жамоатчилик, маҳалла тизими ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки самарадорликни янада оширмоқда.
Учинчидан, иқтисодий имкониятлар яратиш ҳам радикализмнинг олдини олишда ҳал қилувчи омиллардан бири сифатида қаралмоқда. Жумладан, одамларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш орқали радикал муҳит таъсиридан чиқиб келган шахслар учун ҳаётда янги имконият эшиклари очилмоқда. Бу нафақат уларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлайди, балки ижтимоий адолат ва ишонч ҳиссини ҳам мустаҳкамлайди.
Амалий натижалар шуни кўрсатмоқдаки, Янги Ўзбекистонда йўлга қўйилган инсонпарвар ёндашув радикал ғоялар таъсирига тушган шахсларнинг қайта тарбияланиши ва соғлом ҳаёт тарзига қайтишида юқори самара бераяпти. Бу тажриба ҳозирда халқаро миқёсда ҳам қизиқиш уйғотиб, БМТ ва қатор нуфузли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда мутлақо янги даражага кўтарилди. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида мунтазам нутқ сўзлайди, хусусан, кейинги йилларда ўтказилган қатор сессиялардаги нутқи минтақавий хавфсизлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сивилизатсиялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган муҳим сиёсий баёнотларга айланди.
Мамлактимизда кечаётган диний-маърифий соҳа ислоҳотлари инсон манфаатларини кўзлайди. Бу давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 21 апрел куни имзоланган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда ҳам ўз аксини топган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепсиясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш, диний-маърифий соҳадаги эзгу ғоя ва ташаббусларни халқ манфаатларидан келиб чиқиб изчил давом эттириш ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини ташкил қилади.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг дўстлари, хайрихоҳлари халқаро майдонда ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги – соғлом сиёсий ва тенг шериклик асосидаги иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди. Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари, янги механизмлари жорий этилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва диний эркинлиги соҳасидаги Конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Диний ташкилот ва диндорлар учун ўз диний анъана ва маросимларини эмин-эркин ўтказиш, диний амаллларни бажариш учун барча шароитлар яратилган. Бу ҳолатни нафақат юртимиз фуқаролари, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган меҳмонлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам эътироф этиб келмоқда.
Яқин тарихда аждодларимиз ўз ота-бобоси бўлмиш Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Насафий ва Сўфи Оллоёрдек улуғ зотларнинг бой маънавий мероси билан эркин танишиш имконига эга эмас эдилар. Бугун эса диний-маърифий йўналишда аждодларимиз ёзган юзлаб китоблар ўзбек тилида, шарҳлари билан юртдошларимизга тортиқ қилинмоқда. Ёшларимиз ушбу ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, илмий ва амалий фаолияти билан элимиз фаровонлиги йўлида тинмай меҳнат қилиши, маърифатпарварлик, халқпарварлик, ватанпарварлик каби тушунчаларнинг моҳиятини англаб, шунга муносиб яшаши ҳар қачонгидан долзарблик касб этмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан билдирилаётган ташаббуслари, аввало, халқимиз асрлар давомида шакллантирган маънавий-руҳий меросга таянади. Буюк аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва бошқа улуғ зотлар асарларида мужассам бўлган бағрикенглик, адолат, инсонпарварлик ва тинчлик ғоялари бугун ҳам жаҳон ҳамжамияти учун улкан аҳамиятга эга. Ушбу меросни БМТ каби нуфузли ташкилот доирасида кенг тарғиб қилиш Ўзбекистоннинг маънавий дипломатияси, тинчликпарвар сиёсатининг ёрқин ифодасидир.
Шу билан бирга, терроризм ва экстремизмга қарши курашда инсонпарвар ёндашувнинг устувор қилинаётгани мамлакатимиз тажрибасининг ўзига хос жиҳатидир. Бу йўл ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маънавий-маърифий тарбия ва иқтисодий имкониятлар яратиш билан уйғунлашиб, радикал ғоялар таъсирига тушган шахсларни соғлом ҳаётга қайтаришда самарали натижалар бермоқда. Ўзбекистон БМТ майдонида илгари сураётган ташаббуслари билан нафақат минтақавий барқарорликка, балки глобал хавфсизлик ва маънавий тараққиётга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Шу маънода, Янги Ўзбекистоннинг бугунги изчил сиёсати инсоният тарихида тинчлик, дўстлик ва маърифат сари даъват сифатида муносиб баҳосини олаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Музаффархон ЖОНИЕВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори