БУЮК АЛЛОМАЛАР ЮРТИ Муқаддас кутубхонага “Саҳиҳи Бухорий” ва “Сунани Термизий” шарҳлари тортиқ қилинди

by Matbuot xizmati
16 👁️

Юртимизда кечаётган диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларнинг амалий инъикоси халқимиз мусулмонларининг ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун яратилаётган енгиллик, қулайлик ва имкониятларда ҳам яққол акс этмоқда. Жумладан, “Ҳаж – 2025” мавсуми доирасида юртимиз ҳожилари учун яратилган шарт-шароитлар Саудия Арабистони Подшоҳлигининг “ал-Мадина”, “Ар-Риёд”, “ал-Хабар”, “ал-Халиж” каби катта ададга эга нуфузли марказий нашрлари томонидан юксак эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригида халқимиз ҳаётида эзгулик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик рамзи сифатида мустаҳкам қарор топган Қурбон ҳайити бугунги кунда биз учун барча соҳаларда инсон қадри етакчи ўринга чиқаётган Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмунига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани билан янада аҳамиятли бўлиб бораётгани таъкидлаган эди.

Истиқлол шарофати билан халқимизнинг кўп йиллик орзуси ушалиб, Ҳаж сафарларига кенг йўл очилди. 1991 йилда 2500 тадан бошланган ҳаж квоталари, кейинчалик 5000 тадан ошди. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида юртимиз мусулмонларининг истакларини инобатга олган ҳолда Президентимиз томонидан Ҳаж ва Умра сафарларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Йилдан-йилга муборак Ҳаж ва Умра сафарларига бораётганлар сафи ортиб, улар учун яратилаётган шароитлар ҳам кенгаймоқда.

Ҳаж сафарига юбориш ишларини янада яхшилаш ва янги босқичга кўтариш тадбирлари амалга оширилиб, 2022 йилда 12 мингдан зиёд зиёратчи ушбу амалларни адо қилиб келди. 2023 йилда эса Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 12 мингдан 15 минг нафарга оширилди. Бу йилги “Ҳаж-2025” дастури бўйича маросимларни бажариш истагида бўлган зиёратчилар Ўзбекистоннинг 10 та минтақавий халқаро аэропортидан муқаддас манзилларга етказилди. Ҳозирги кунда 15200 нафарга яқин юртимиз зиёратчилари мусулмончилик бурчини адо этиш, халқимиз ва мамлакатимизнинг тинчлиги ҳамда тараққиёти учун дуо қилиб, муқаддас шаҳарларда бўлиб турибди. Айни пайтда уларга 300 нафарга яқин малакали гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпазлар, таржимон ва бошқа кўмакчилар ҳам ҳамроҳлик қилмоқда. Айниқса, юрт раҳбари томонидан зиёратчиларнинг ҳолидан хабар олиб турилиши юксак эътиборнинг ўзига хос намунаси бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида Имом Термизий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди.

Уларнинг асосий вазифалари – ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг улкан илмий ва диний меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш орқали халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборат.

Жорий йил Ҳаж сафари мобайнида юқоридаги марказлар томонидан нашрга тайёрланган Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ва Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарлари шарҳларининг 1-4-жилдлари Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) абадий қўним топган, бутун дунё мусулмонларини Ҳаж ва Умра зиёратлари асносида бир жойга тўплаган замин – Мадинаи мунавварада жойлашган Масжидун Набавий кутубхонасига топширилди.

Ҳаж зиёратидек муборак сафар жараёнида Масжидун Набавий кутубхонасида ислом сивилизатсиясида муҳим ўрин тутган улуғ алломаларимизнинг илмий меросларидан иборат ўзбек тилидаги адабиётларга мўлжалланган “Ўзбекистон бурчаги” ташкил этилиб, “Олти саҳиҳ ҳадислар”дан саналган “Саҳиҳи Бухорий” ва “Сунани Термизий” шарҳларининг 1-4-жилдлари тақдим этилди. Китоблар Масжидун Набавий кутубхонаси Хорижий тиллар бўлими бошлиғи Аҳмад Наим Мулла томонидан қабул қилиб олинди.

Тадбир жараёнида “Саҳиҳи Бухорий” ва “Сунани Термизий” асарларининг “Олти саҳиҳ ҳадислар” даражасидаги ўрни хусусида тўхталиниб, Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг ислом дини тараққиётидаги хизматлари алоҳида эътироф этиб ўтилди.

Жумладан, Масжидун Набавий кутубхонаси бўлим бошлиғи Аҳмад Наим Мулла ислом оламидаги 6 буюк муҳаддислардан 2 нафари айнан Мовароуннаҳрдан етишиб чиққани бу заминда ислом билимларининг баракаси юқорилигидан далолат эканлигини таъкидлади.

Шу билан бирга у бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида диний соҳада олиб борилаётган диний бағрикенглик сиёсатини юқори баҳолаб, Кутубхонага тақдим этилган ўзбек тилидаги ушбу ҳадислар тўпламлари шарҳлари Ҳаж ва Умра зиёратларига келувчи зиёратчиларга муҳим манба бўлиб хизмат қилишини айтиб ўтди.

Тадбир жараёнида билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Қуръони каримдан кейин муқаддас саналган ҳадислар тўплами қаторида бугунги Ўзбекистон ҳудудида туғилиб, вояга етиб, илм ўрганиб, шу заминда абадий қўним топган Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг “Саҳиҳи Бухорий” ва “Сунани Термизий” асарлари бу буюк алломаларнинг ўз она тилида мазкур Кутубхонадан жой олиши ифтихор туйғусини уйғотиш билан бир қаторда мамлакатимизнинг ислом сивилизатсиясидаги ўтмиш ва бугунги ўрнини яққол кўрсатиб бериши шубҳасиз.

Нуроний отахон ва онахонларимиз Ҳаж ибодатини адо этарканлар, Яратган зотдан элимизнинг фаровонлиги йўлида куну тун хизматда бўлган давлатимиз раҳбари ҳаққига дуои хайрлар қилишмоқда. Тилда шукроналик билан элимизнинг қувончи бундан-да зиёда бўлишни табаррук маскандан туриб, Яратгандан сўраш ўзи катта бахтдир. Ахир яқин тарихда аждодларимиз ўз ота-бобоси бўлмиш Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Насафий ва Сўфи Оллоёрдек улуғ зотларнинг бой маънавий меросини ўқишига таъқиб бор эди.

Бугун эса диний-маърифий йўналишда аждодларимиз ёзган юзлаб китоблар ўзбек тилида, шарҳлари билан юртдошларимизга тортиқ қилинмоқда. Халқимизнинг азалий орзу ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда диний-маърифий соҳада жадаллик билан кечаётган ислоҳотлар эса Яратган зотга беҳисоб шукронлар айтишимиз учун омилдир. Аждодларимизнинг армонлари бугун ушалмоқда.

Куни кеча Президентимиз Самарқандга ташриф буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Бутун ислом оламида Имом Бухорийнинг ҳурмати юксак, унинг мақбарасини кўриш истагидаги инсонлар кўп. Шу боис зиёратчиларга шароитларни кенгайтириш мақсадида бу ерда янги мажмуа барпо этилмоқда. Ташриф чоғида Президентимиз қурилишнинг боришини кўздан кечирди.

Мажмуанинг умумий майдони 44 гектар этиб кенгайтирилган. Ҳозирги кунда мўтабар мақбара, 10 минг кишилик масжид, 4 та минора қуриб битказилган. Янги мажмуа зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлади. Музей, маъмурият, меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларини ўз ичига олади. Пештоқлар ва айвон деворларига “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар битилади.

Ёшларимиз ушбу ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, илмий ва амалий фаолияти билан элимиз фаровонлиги йўлида тинмай меҳнат қилиши, маърифатпарварлик, халқпарварлик, ватанпарварлик каби тушунчаларнинг моҳиятини англаб, шунга муносиб яшаши ҳар қачонгидан долзарблик касб этмоқда. Биз дунёда Ўзбекистон буюк сиймолар юрти эканлигини муносиб ворис сифатида кўрсата олсак, янада юртимиз фаровон, халқимиз шод, ҳаётимиз мазмунли бўлиши табиий ҳол. Чунки Аллоҳ таоло тили, дили ва амали билан шукр қилувчи бандаларига ўз неъматларини янада зиёда қилиб беришни ваъда қилгани айни ҳақиқат.

Музаффархон ЖОНИЙЕВ,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика