ХОТИН-ҚИЗЛАР РАДИКАЛИЗМИ: ТАЛҚИН ВА МОҲИЯТ

by Matbuot xizmati
13 👁️

Муқаддас динимизда, унинг асосий манбаи – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда хотин-қизларга, онага нисбатан чуқур эҳтиром яққол намоён бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бир ҳадиси шарифларида шундай дейилади:

“Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлу аёллари билан яхши бўлганларингиздир” (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам маълум бўладики, аёл зотига нисбатан гўзал муносабатда бўлиш динимизнинг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Аммо бугунги кунда дин ниқоби остидаги баъзи бир оқимлар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида хотин-қизлардан қурол сифатида фойдаланмоқда. Бу каби вайронкор ғоялар таъсирида бугунги даврда радикализмнинг яна бир кўриниши – хотин-қизлар радикализми пайдо бўлди.

Радикализм – бу мавжуд тизимни ўзгартириш ёки унга қарши чиқиш учун кескин чораларга интилиш жараёни ҳисобланади. Бугунги кунда хотин-қизлар ўртасида радикал ғоялар таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари долзарб аҳамият касб этаётган масалалардан бири ҳисобланади. Хотин-қизлар радикализми – бу аёллар ва қизларнинг экстремистик ғояларга мойиллиги ва радикал гуруҳларга қўшилиши билан боғлиқ ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Бу жараён кўпинча сиёсий, диний, иқтисодий ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ бўлиб, глобал ва маҳаллий миқёсда хавфсизликка жиддий таҳдид солади.

Хотин-қизлар радикализмининг юзага келишига бир қанча омиллар сабаб қилиб кўрсатилади:

Диний экстремизм – аёллар диний сабаблар натижасида радикал гуруҳларга қўшилади;

Ижтимоий тенгсизлик – таълим ва иқтисодий имкониятларнинг етишмовчилиги аёлларнинг радикал оқимлар таъсирига мойиллиги ошишига сабаб бўлади;

Оилавий муҳит ва зўравонлик – оилавий зўравонлик ёки камситиш аёлларнинг экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қоишига сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади;

Кибермакон таъсири – ижтимоий тармоқлар ва радикал тарғибот материаллари аёлларнинг экстремистик ғояларни қабул қилишига сабаб бўлиши мумкин.

Бугунги кунга келиб, экстремизм, терроризм ва радикал ғояларга қарши маърифий ғоялар асосида курашишни ўз олдига асосий мақсад қилиб олган халқаро фондлар, илмий-тадқиқот марказлари хотин-қизлар радикализмининг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида бир қанча чора-тадбирларни таклиф қилади. Ушбу тадбирлар қаторига аёллар учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, хотин-қизлар учун сифатли диний маълумот олиш имкониятларини яратиб бериш, хотин-қизлар ўртасида медиасаводхонлик ва ахборот маданиятини ривожлантириш, аёлларнинг бандлигига кўмаклашиш, оиладаги зўравонлик қурбонларига ҳуқуқий ва психологик ёрдам бериш, оилавий ва диний қадриятларни мустаҳкамлаш, интернет ва ахборот маконида сифатли маърифий контентларни бериб бориш кабиларни келтириш мумкин.

Умуман олганда, хотин-қизлар радикализми мураккаб ижтимоий муаммо бўлиб, унга қарши курашиш таълим, ижтимоий-иқтисодий шароитларни яхшилаш ва диний-маърифий фаолиятни кучайтириш орқали амалга оширилиши лозим. Зеро, аёлларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини бериш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамият барқарорлиги, эркин ва фаровон келажак барпо этишда муҳим аҳамият касб этади.

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика