
Аннотация. Ушбу мақолада Имом Термизийнинг буюк муҳаддис олим сифатидаги ўрни ҳамда илмий меросининг тарбиявий аҳамияти Президентимиз Ш.М.Мирзиёвнинг фикрларига асосланган ҳолда таҳлилга тортилган.
Калит сўзлар: муҳаддислар султони, мумтоз сиймо, ҳадис илми, маданият, цивилизация, илм-фан, соғлом дунёқараш.
Abstract. In this article, the role of Imam Termizi as a great scholar and the educational significance of his scientific heritage is analyzed based on the opinions of our President Sh.M. Mirziyov.
Keywords: sultan of muhaddis, classical figure, science of hadith, culture, civilization, science, healthy outlook.
«Муҳаддислар султони» деган юксак мақомга эришган буюк аждодимиз
– Имом Бухорийнинг суюкли шогирди бўлган бу беназир зотнинг ёрқин хотираси, ўлмас асарлари, юксак инсоний фазилатлари ўн икки асрдан буён юртимиз заминини шону шуҳратга буркаб келаётгани билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Имом Термизий бобомиз мусулмон дунёсида олти буюк муҳаддисдан бири сифатида эътироф этилгани, ул зотнинг ҳадислар тўплами энг мўътабар манбалар қаторида тилга олиниши, ислом уммати бу мумтоз сиймо олдида доимо таъзимда экани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон халқининг кўп асрлик бой тарихига назар ташлар эканмиз, унда тараққиёт чўққиларини забт этишнинг машаққатли босқичларини кўриш мумкин. Бу босқичларда давлатчилигимизнинг шаклланиши, жамиятда илму фан, санъат ва маданиятнинг юксалиши, буюк сиймоларнинг ўз ижодида эришган ютуқлари жаҳон тамаддунининг ривожига ҳисса қўшишдек ифтихорли жараёнлар гавдаланади.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллик тантаналарида Ўзбекистон Республикаси Президентининг: «Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда», деган сўзи янгради.
Дарҳақиқат, шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизда рўй бераётган юксалиш жараёнлари ўзини барча соҳаларда намоён этмоқда. Бинобарин, мустақилликка эришган йилларимизнинг илк даврида биз ўзимизнинг миллий ўзлигимизни англаш, бой тарихий-маънавий ҳамда илмий меросимизнинг асл мазмун-моҳияти мағзини чақиш ва уни рўёбга чиқаришга интилган бўлсак, эндиликда халқимиз жипсланиб «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш» ғоясини собит қадамлик билан амалга оширишга киришди. Бу даврда жамиятимизда ижтимоий тафаккурнинг юксалиш тенденцияси қарор топиши, унга хос ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларнинг мужассамлиги эътироф этилмоқда.
Жаҳон илмий ҳамжамиятининг эътироф этилишича, Ўзбекистон қадимдан маданият ва цивилизация барпо этувчи заминдир. Дарҳақиқат, ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудида вужудга келган илмий-маънавий ютуқлар Европадаги илму фанга асос бўлди. Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий каби улуғ мутафак- кирларимизнинг беқиёс илмий-фалсафий рисолалари дунёвий билимларни ривожлантириш ва тизимлаштириш билан бир қаторда, нафақат ўз замонаси, балки кейинги юз йилликларга тегишли умумжаҳон тамаддунининг юксалишига асос солди.
Куни кеча муҳтарам Президентимизнинг Муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг 1200 йиллик шодиёнасини кенг нишонлаш тўғрисидаги Қарори қабул қилинди. Минтақамиздан етишиб чиққан Имом Термизийнинг ҳаёти, ижодий ва илмий фаолияти даврида яратган асарлари,
илм талабида бошқа юртларга чиқишлари ва замондошлари ҳақидаги маъ- лумотларни ўрганиш тарихимизнинг ўрганилмаган саҳифаларини ёритишда муҳим аҳамият касб этади.
Мовароуннаҳрда VIII-IX асрларда ислом динининг кенг тарқалиши барча соҳалар фан, маданият, фалсафа, ижтимоий ҳаёт ривожига ўз таъсирини ўтказди. Ўша даврда машҳур мутафаккирлар, қомусий олимлар етишиб чиқди. Қодиров Қутлуғбек Бекмуродович ўзининг Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг муҳаддислик фаолияти ва тарбиявий қарашлари номли илмий ишида қуйидаги маълумотларни келтиради:
– тупроғида чўпон таёғини суқиб, унутиб қолдирса, кўкариб чиқадиган бу воҳа Сурхондарёда улуғ олимлар Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий, буюк муҳаддис Имом Исо Термизий, Масеҳо Бойсуний, мусаввир Абдулла Термизий, тарихчи Самандар Термизий, шайх Мир Бузург Термизий ва бошқа ўнлаб ижодкор, шайхлар, алломалар, саркардалар етишиб чиққан;
– IХ асрда Мовароуннаҳр, Хуросон ва Чағониён ўртасида ўзаро илмий маданий алоқалар яхши йўлга қўйилган381.
Исломшунос олим устоз Убайдулла Уватов эса Исо Термизий ҳақида шундай маълумотларни келтиради: Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Абу Исо Суламий Зарир Буғий Термизий бўлиб, у 209/824 йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод ноҳияси ҳудудида жойлашган) қишлоғида камбағал оилада таваллуд топган. Халқ орасида Термизий номи билан машҳур бўлишига сабаб, буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва фаолияти ёшлигидан бошлаб Термиз билан чамбарчас боғлиқ бўлганлигидан, шунингдек, олим туғилган Буғ қишлоғи Термизга яқин бўлиб, маъмурий идоравий жиҳатдан унга мансуб қишлоқлардан эканлигидан деб изоҳлаш мумкин.
Тадқиқотчи – олимлар М.Аминов, Ф.Ҳасановнинг фикрича, машҳур аллома, буюк муҳаддис Имом Термизий (тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Буғий Термизий) (824-892) Термизда унча бадавлат бўлмаган оилада таваллуд топган. Суламий деб нисбат берилишига сабаб боболаридан бири Сулам номидаги араб қабиласига дўст тутинган. Буғий дейилишига сабаб ўша вақтдаги Буғ номли қишлоқ (ҳозирги Шеробод тумани)да вафот этган ва шу ерга дафн қилинган. Умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун Зарир тахаллуси билан ҳам аталган382.
Шайх Абдусалом Муборакфурий ўз асарида келтиришича, Имом Термизий ҳижрий 206 йил таваллуд топиб, унинг исми – Муҳаммад, куняси (тахаллуси) Абу Исо ва насаби Муҳаммад ибн Исо Савра ибн Мусо Заҳҳок Суламий Зарир Буғий Термизийдир. Бобоси асли марвазийлардан бўлса-да, қандайдир иш юзасидан Термизни ватан тутиб, ўрнашиб қолган. Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтган, дастлабки маълумотни ҳам шу ерда олган. Болалигидан ўта зийраклиги, хотирасининг кучлилиги, ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан ўрганган, бу борадаги билимларини янада ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига борган. Кўп йиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Узоқ давом этган сафарлари чоғида қироат илми, баён, фиқҳ, тарих, айниқса ўзи ёшликдан қизиққан ҳадис илми бўйича ўша даврнинг йирик олимларидан таълим олган. Машҳур муҳаддислардан Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Саид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқалар унинг устозлари бўлганлиги383 манбаларда қайд этилган.
Ўз ижодий ва илмий фаолияти даврида Термизий бир қанча асарларни ёздики, уларнинг аксарият қисми бевосита ҳадисларга бағишланган. Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб ҳадисларнинг тўғрилиги, уларни ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берилган. Чунончи, ўша даврнинг ўзидан бошлабоқ ноаниқ, чала-чулпа, ҳатто сохта ҳадислар ҳам эл орасида тарқай бошлаган. Шундай пайтларда улар қайта-қайта текширилиб, муҳаддисларнинг бетиним меҳнати натижасида асл ҳолига қайтарилиб, ёзма равишда қайд қилинган «Шамоили набавия». Абу Исо Имом Термизийнинг бошқа бир йирик асари «Шамоили набавия» (Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари) деб аталади. Бу асар баъзи манбаларда «Аш-Шамоил фи шамоилин набий соллаллоҳу алайҳи васаллам», «Аш-Шамоилул Муҳаммадия» номлари билан ҳам келтирилган. Асар Пайғамбар алайҳис- саломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид тўрт юзу саккиз ҳадиси шарифни ўзига жамлаган қимматли манбадир.
Имом Термизий асарининг бошқалардан афзаллиги ва фарқи шундаки, муаллиф имкони борича Пайғамбар алайҳиссалом фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган.
«Шамоили набавия» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Термизий илмий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти беқиёсдир. Шу билан бирга, Ислом дини равнақи ҳамда Ислом цивилизацияси ривожига беназир ҳисса қўшган Термизий алломаларининг оламшумул аҳамиятга молик илмий- маърифий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш йўлида энг долзарб масаладир.
Шохрухмирза Мамадиев Абдуллахон ўғли, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита Сурхондарё вилоят Қумқўрғон тумани бўйича
бош мутахассиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
- www.termiziy.uz
- Тўрақулов М. Имом Термизий мақоласи. 2015.
- Иноятов А. Термизий мақоласи. 2016.
381 Қаранг: www.termiziy.uz