РАДИКАЛИЗМНИНГ ЗАМОНАВИЙ КЎРИНИШЛАРИ

by Matbuot xizmati
22 👁️

Бугунги кунда дунё миқёсида радикализм ва экстремизм каби иллатларнинг турли кўринишлари авж олаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу ҳолат глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солиб, жамиятнинг барқарор ривожланишига тўсиқ бўлмоқда. Радикализмнинг замонавий кўринишларини англаш, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва унга қарши курашиш усулларини ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга.

Радикализм – мавжуд ижтимоий-сиёсий тизим ёки қарашларга тубдан зид бўлган, кескин ўзгаришларни талаб қилувчи ғоялар мажмуидир. Экстремизм эса радикализмнинг энг хавфли шакли бўлиб, у ўз мақсадларига эришиш учун зўравонлик, террор ва бошқа ноқонуний усулларни қўллашни тарғиб қилади.

Тарихан, у Буюк Британияда ислоҳотчиларни, кейинчалик эса фалсафий радикалларни тасвирлаш учун қўлланилган. Ҳозирда бу атама баъзи сиёсий партияларга нисбатан ишлатилади.

Ўрта асрлар ва замонавий даврда радикализм демократияни қўллаб-қувватлаган. Радикаллар ижтимоий муносабатларни тубдан ўзгартиришга интилган, анархистлар эса шахсий эркинликни мутлақ деб билган.

Замонавий радикализм ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда зўравонликни қўллаши мумкин ва ижтимоий қўзғолонлар ҳамда беқарорлик даврида кучаяди. У, айниқса, ишсизлар ва люмпенлашган қатламлар орасида кенг тарқалади. Шу билан бирга, тарих кўрсатадики, радикаллар ҳокимиятни узоқ вақт ушлаб тура олмайди, радикал ғоялар эса фуқаролар урушига олиб келиши мумкин.[1]

Диний радикализм: Динни сиёсий мақсадларга эришиш воситаси сифатида қўллаб-қувватловчи, диний қадриятларни мутлақлаштириб, бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизликни тарғиб қилувчи оқимлар. Бунга мисол тариқасида исломий радикализмни келтириш мумкин.[2]

Миллий радикализм (миллатчилик): Миллатни бошқалардан устун қўювчи, ўз миллати манфаатларини ҳар нарсадан устун қўювчи, бошқа миллат вакилларига нисбатан нафрат ва душманликни қўзғатувчи оқимлар.

Сиёсий радикализм: Мавжуд сиёсий тузумни зўравонлик йўли билан ўзгартиришни мақсад қилувчи, конституциявий нормаларни инкор этувчи оқимлар.

Экологик радикализм: Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ғоясини мутлақлаштириб, инсон фаолиятини табиатга қарши деб билувчи ва ҳатто зўравонлик усулларини қўллашни ҳам оқловчи оқимлар.

Исломий радикализм – ислом динини сиёсий мақсадларга мослаштиришга уриниш, шариат қонунлари асосида теократик давлат қуришни мақсад қилиш, мусулмонларни бирлаштириш (панисломизм – ислом динига асосланган ягона сиёсий бирлик яратиш ғояси) ғоясини тарғиб қилиш билан тавсифланади. Исломий радикаллар ўз мақсадларига эришиш учун зўравонлик, террор ва бошқа экстремистик усулларни қўллашдан ҳам қайтмайдилар.

Радикализмнинг келиб чиқиш сабаблари кўп ва хилма-хилдир. Улар орасида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:

Ижтимоий-иқтисодий муаммолар: Қашшоқлик, ишсизлик, ижтимоий адолатсизлик, таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятининг чекланганлиги радикал ғояларнинг тарқалиши учун замин яратади.

Сиёсий беқарорлик ва бошқарувдаги муаммолар: Коррупция, ҳуқуқларнинг поймол қилиниши, сўз эркинлигининг чекланиши, сиёсий плюрализмнинг йўқлиги радикализмнинг кучайишига олиб келади.

Глобаллашув жараёнлари: Глобаллашувнинг ижобий томонлари билан бир қаторда, миллий қадриятларнинг эрозияси, маданиятларнинг аралашуви, анъанавий жамиятларнинг заифлашуви каби салбий оқибатлари ҳам мавжуд. Бу эса айрим гуруҳларда норозилик ва қаршилик кайфиятини уйғотиб, радикал ғояларни қабул қилишга мойилликни оширади.

Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг роли: Интернет ва ижтимоий тармоқлар радикал ғояларнинг тарқалиши, одамларни жалб қилиш ва сафарбар этиш учун қулай платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Радикализмга қарши кураш – мураккаб ва кўп қиррали жараён бўлиб, у комплекс чораларни талаб этади.

Ёш авлодни маърифатли қилиб тарбиялаш, уларда танқидий фикрлашни шакллантириш, диний ва миллий бағрикенгликни тарғиб қилиш радикализмга қарши курашнинг муҳим шартидир.

Қашшоқликни камайтириш, ишсизликни бартараф этиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, таълим ва тиббий хизматлар сифатини яхшилаш радикализмнинг ижтимоий заминини йўқотишга ёрдам беради.

Демократик институтларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш, сиёсий плюрализмни ривожлантириш радикализмнинг сиёсий илдизларини кесишга хизмат қилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятини кучайтириш: Экстремистик гуруҳларнинг фаолиятини аниқлаш ва бартараф этиш, террорчилик ҳаракатларининг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш радикализмга қарши курашнинг муҳим йўналишидир.

Интернет ва ижтимоий тармоқларда радикал мазмунга қарши курашиш: Радикал ғояларни тарғиб қилувчи сайтлар ва аккаунтларни блоклаш, интернет фойдаланувчиларининг медиасаводхонлигини ошириш, радикализмга қарши контентни тарғиб қилиш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, радикализм ва терроризм ҳақиқатан ҳам нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Давлатимиз томонидан ишсизликни камайтириш, иқтисодиётни ривожлантириш, қонунчиликни либераллаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби йўналишларда тизимли ишлар олиб борилмоқда.[3]

Ёшларнинг радикализмга мойиллигини инобатга олиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва радикализмга қарши курашиш барчамизни вазифаларимиздан ҳисобланади.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Худойназаров.Ф

[1] “Радикализм”. Ойина, 18 Апр. 2023, https://oyina.uz/kiril/teahause/1161. Аccэссед 12 Фебруарй. 2025.

[2] Диний экстрелшзм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-марифий асослари: Ўқув қул./ Масъул муҳаррир А.С.Очилдиев; ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом ун-ти. -Т.: «Тошкент ислом университет!!» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2008. -246 б.

[3] “Терроризм ва экстремизга қарши туриш бўйича расмий Интернет-медиа-портал Ёшлар ва радикализм: радикал ғояларга киришнинг сабаб–оқибатларининг механизмлари ва унга қарши туриш стратегияси”. Стоптеррор, 25 Сеп. 2018, https://stopterror.uz/uz/publications/exclusive/6499/. Аccэссед 12 Фебруарй. 2025

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика