СЎФИ ОЛЛОЁРНИНГ «МУРОД УЛ-ОРИФИЙН» АСАРИ – ТАСАВВУФ ИЛМИГА ОИД МУҲИМ МАНБА

by Matbuot xizmati
14 👁️

Сўфи Оллоёр (1644–1724) тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, Нақшбандия тариқатининг давомчиси ва Мотуридия ақидаси шарҳловчиси сифатида тасаввуф тарихида муҳим ўрин эгаллайди. У сўфий мақомидаги мутасаввиф шоир бўлиб, ўз асарларида ислом ақидаси ва шаръий фиқҳ масалаларини шеърий – асосан ғазал жанрида, айрим ҳолларда эса насрий шаклда баён қилган бетакрор алломалардан биридир. Сўфий Оллоёрнинг асарлари ўз замонасидаёқ мадрасаларда дарслик сифатида қўлланилган бўлиб, бу анъана ХХ аср бошларига қадар давом этган.

Хусусан, унинг машҳур асари «Мурод ул-орифин» («Орифларнинг муроди») асарида тасаввуфий тушунчалар, хусусан «сўфий» атамаси муаллиф томонидан орифона қарашлар ва исломий ақида билан уйғун ҳолда кенг талқин қилинган. Ушбу асарда муаллиф мавзуларни баён этишда нафақат бадиий, балки илмий ёндашувга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Айниқса, «сўфий» тушунчасини шарҳлашда Қуръони карим оятлари, саҳиҳ ҳадислар ва ишончли манбалардан иқтибослар келтириб, уни назарий асослар билан мустаҳкамлаб берган.

Сўфи Оллоёр «Сўфий» сўзини таърифида ўз қарашларини асосан Қуръони карим ва ҳадислардан далил келтириш орқали сўфийларнинг ботиний сифатларини кенг шарҳлайди. Унинг шарҳлашича: “Сўфийларнинг сирлари софлиги ва унинг нишоналари зоҳирий покликда намоён бўлади. Ҳамда сўфий шундай кишики, нимаики қилса ундан риёни хоҳламайди ва нафсида манманлик қилмайди, қилган ишида тамаъгирлик ҳам қилмайди. Қанча кўп хизмат қилмасин ўзини камтар тутади. Камтар киши ўзини тамаъгирликдан тийиши ҳамда биров қилган ишни ўзим қилдим дейишдан қўрқиши керак.

  • Оллоёр сўфий сўзининг таърифида давом этар экан, сўфийларнинг мақоми зоҳидларнинг мақомидан устун эканини Ҳотами Асамм ҳикояси билан давом эттиради: “Бир ҳикоятда келганки, Ҳотами Асам Бағдодга келди. Халифага фалончи келди деб айтишди. Халифа уни кўриш учун одам юборди. Ҳотам келиб деди: «Ассалому алайкум эй зоҳид!» Халифа айтди: «Мен зоҳид эмасман, дунё менинг фармоним остидадир, зоҳид сенсан!» Ҳотам деди: «Йўқ! Балки, зоҳид сенсан». Аллоҳ таоло айтганки: “Дунё матоҳи оздир[1] Зоҳид шундай кишики, озга қаноат қилади. Мен токи асл мақсадимни ҳосил қилмас эканман, қаноат қилмайман. Модомики, шундай экан қандай зоҳид бўлишим мумкин[2]”.

Сўфи Оллоёр сўфийларнинг таърифида давом этар экан, уларнинг бироз дунё излаши жоиз эканлигини уқтиради. Сўфийларнинг дунёга бўлган муносабатини қуйидагича шарҳлайди: «Сўфийларнинг дунёни ихтиёр қилмаганининг сабаби шундаки, дунё мазаммат қилинган. Очликнинг олдини олиш ва авратни беркитиш миқдорида дунё излаш жоиз бўлади. Уч сабабга кўра дунё олинади. Бир сабабга кўра дунё йиғиш ҳаром, бошқа бир сабабга кўра мубоҳ, яна бир сабабга кўра фарз ҳисобланади. Охират азобидан қўрқиш сабабидан дунё ҳаром бўлади. Ҳисобни ўйлаб дунёдан юз ўгириш мубоҳдир. Очлик ва авратни беркитиш сабабидан бироз дунё излаш фарздир. Бунинг учун азоб ҳам ҳисоб ҳам йўқ, балки савоб бордир».

Сўфи Оллоёр сўфий мақомида бўлган тариқат пешвоси бўлган. Сўфийлик мақоми ва унга қандай эришиш мумкинлигини кўрсатиб берган тасаввуф раҳнамоси эди. Унинг қарашларидан шуни тушуниб етамизки, «сўфий» ва «тасаввуф» сўзлари Ислом ёйилиш давридаги манбаларда эмас, кейинчалик пайдо бўлишига қарамай сўфийлар бор бўлган. Баъзи тасаввуф инкорчилари мазкур терминлар дастлабки ислом манбаларида учрамаслигини пеш қилиб буткул тасаввуф йўналишини инкор қилади. У сўфий деганда Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келгандаги ҳолатдан бошлаб мўмин мусулмоннинг ҳар бир эзгу амалини сўфийларнинг сифати деб баҳолайди. Бир сўз билан айтганда Ислом кўрсатмаларига оғишмай амал қилган ҳар бир мусулмон сўфий ҳисобланади. Сўфийлик сифатини тарғиб қилишдан мақсад инсонларни ҳалол-пок яшашга ундаш, маънавий баркамол қилиб тарбиялаш мақсад қилинган.

Сўфи Оллоёрнинг «Мурод ул-орифин» асари ўз даври ва ундан кейинги тасаввуфий тафаккур ривожида муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу асар нафақат бадиий-адабий ёдгорлик, балки ислом ақидаси, тасаввуфий маърифат, ахлоқий тарбия ва фиқҳий масалаларни ўз ичига олган комплекс илмий манба сифатида қадрланади. Муаллиф «сўфий» тушунчасига орифона ва ақидавий ёндашиб, Қуръон, ҳадис ва ишончли манбаларга таянган ҳолда чуқур таҳлил берган. Асарда илм-фан, ахлоқ ва маънавият уйғунлиги асосида ҳақиқий ориф шахсияти тараннум этилади.

«Мурод ул-орифин» асарининг мазмуни тасаввуф илмининг асосий тушунча ва ғояларини тушунарли тильда ёритгани уни кенг омма, хусусан, мадраса талабалари учун фойдали қўлланма сифатида шакллантирган. Асар мазмунининг бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлиги уни нафақат тарихий, балки замонавий ахлоқий-маънавий тарбия учун ҳам манба сифатида ўрганишни тақозо этади.

Умарали Улжаев  Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. Туркия: «Диёнат ишлари бошқармаси», 2021.
  2. Абу Иброҳим Мустамлий Бухорий. Ҳасан Манучеҳр тадқиқи. Шарҳ ут-таарруф фи мазҳаб ит-тасаввуф. Теҳрон: «Донишгоҳи Теҳрон», 1967.
  3. Сўфи Оллоёр. Мурод ул-орифийн. Теҳрон: «Интишороти сухан», 1965.
  4. Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси». 2017.
  5. Абу Исо Термизий. Сунани Термизий. Байрут: Дор ул-кутуб ал-илмия. 1971.
  6. Абдулмажид Онарбой. Ан-Наъйм ул-кабир. Арабча ўзбекча луғат. Тошкент: «Муҳаррир нашриёти» 2021.

[1] (Нисо, 77)

[2] Сўфи Оллоёр. Мурод ул-орифийн. 9-бет.

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика