
Ҳар қандай жамият тараққиёти, унинг маданий-маънавий ҳолати, ижтимоий барқарорлиги ва ахлоқий меъзонлари бевосита оила тарбияси билан боғлиқ. Оила тарбиясининг бош мезони эса – аёлнинг маънавий савияси, маърифати ва дунёқараши белгилаб беради. Шу сабабдан ҳам халқимизда “Аёл бор жойда барака бор” мазмунидаги чуқур маъноли иборалар яратилган. Зеро, аёл – жамиятнинг қалби, тарбиянинг устуни, миллатнинг шоҳ томиридир.
Инсон ҳаёти бешикдан қабргача илм олишга боғлиқ бўлса, бу йўлнинг илк қадами онанинг бағридан бошланади. Бола кўзини очган кундан бошлаб, биринчи муаллими бу – онадир. У боланинг ҳар бир ҳаракатини, гапини, хулқини шакллантиради. Шу сабабли буюк алломаларимиз онанинг тарбиясини илм ва иймоннинг асоси деб билганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай дейдилар:
“Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир”. Бу ҳадис аёлнинг оила ва жамиятдаги улуғ мақомини билдиради. Онанинг юрагидаги меҳр, маърифат, тилидаги дуо бутун жамиятнинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатади. Маърифатли аёл тарбиялаган фарзанд келажакда халқ ва давлатга садоқатли, иймонли, билимли шахс бўлиб етишади.
Ислом дини аёлни фақатгина уй-рўзғор ишлари билан чегаралаб қўймайди. Аксинча, уни оиланинг юраги, фарзанд тарбиячиси ва жамиятда фаол шахс сифатида кўради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Мўмин эркаклар ва мўмин аёллар бир-бирларига дўстдирлар, улар яхшиликни буюриб, ёмонликдан қайтарурлар…” (Тавба сураси, 71-оят).
Бу оятдан англашиладики, аёллар ҳам эркаклар қатори жамиятда ахлоқий меёрларни мустаҳкамлашда масъулдирлар. Бу масъулият уларнинг илм, маданият ва маънавият соҳасида ҳам фаол бўлишини тақозо этади.
Оиша онамиз (р.а.) ҳам ҳадис ривоят қилганлар, фиқҳий саволларга жавоб берганлар, ҳатто баъзи саҳобалар ҳам муаммолар билан у зотга мурожаат қилганлар. Бу ҳолат аёлнинг билимли, маърифатли бўлиши нафақат мумкин, балки зарур эканини кўрсатади.
Маърифатли аёл – бу замонавий билим ва минг йиллик миллий қадриятларни уйғунлаштира оладиган, ҳаётда тафаккур билан ҳаракат қиладиган, илмни ўрганишдан ҳеч тўхтамайдиган аёлдир. У ўзини нафақат уй бекаси, балки фарзандининг устози, турмуш ўртоғининг содиқ маслаҳатчиси, жамиятнинг мўтабар аъзоси деб билади.
Бугунги кунда бизнинг она юртимизда ҳам кўплаб аёллар илм-фан, тиббиёт, адабиёт, сиёсат, таълим, ижтимоий фаолият каби соҳаларда фаолият юритиш билан бир вақтда оила бекаси, она, тарбиячи ҳам бўлиб қолмоқдалар. Бу ҳолат аёлнинг қанчалик катта салоҳиятга эга эканини исботлайди.
Фарзандга компютер ўргатиш билан бирга, унга ҳалол-у ҳаромни, яхшилик ва ёмонликнинг фарқларини ҳам ўргатиш керак. Айнан мана шундай онанинг қўлида тарбияланган фарзандлар эртанги куннинг ҳалол савдогари, адолатли судяси, фидойи ҳарбий хизматчиси, меҳрибон шифокори, ҳалол сиёсатчиси бўлиб камол топади.
Тарихдан маълумки, ҳар қандай юксак сивилизатсиялар, маданиятлар ва тараққиёт замирида маърифатли оилалар, демакки, маърифатли аёллар турган. Бугунги кунда ҳам маънавий таҳдидлар, ахлоқий инқирозлар, таҳликали ғоялар қаршисида мустаҳкам тура олиш учун, аввало, аёлнинг онгини, иймонини, тафаккурини қувватлантириш керак. Шу асосда айтишимиз мумкинки, маърифатли аёл – бу фақат ўзини эмас, жамиятни юксалтирувчи кучдир. Маърифатли аёл – бу нур тарқатувчи чироқдир.
Агар биз маънавий баркамол, юксак тафаккурли жамият яратмоқчи бўлсак, аввало, аёлни – онани, қизни, опа-сингилни маърифат билан қувватлашимиз, эътиборни, ҳурматни ва билимни аввал унга беришимиз лозим. Чунки маърифатли аёл – маърифатли жамият демакдир.
Умарали Улжайев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими ходими