ШАЙБОНИЙЛАР ДАВРИДА МОВАРОУННАҲРДА ҲАДИС ИЛМИ

by Matbuot xizmati
17 👁️

Аннотация. Мазкур мақолада шайбонийлар (1501-1600) ҳукмронлик қилган даврдаги Мовароуннаҳрда ҳадис илми ривожи бирламчи манбалар асосида кўриб чиқилган. Бунинг учун шайбонийлар даврида яшаб, илмий фаолият олиб борган, ҳадис илми билан ҳам шуғулланган Мустафо Румий, Насимиддин Миракшоҳ, Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон, Шамсиддин Муҳаммад Ҳанафий, Асомиддин Иброҳим Исфароиний, Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний, Муҳаммад Ширвоний Бухорий каби олимларнинг илмий фао- лиятлари, уларнинг ҳадис илмига оид ёзган асарлари мақолада илмий маъ- лумот сифатида айтиб ўтилган.

Мақолада Имом Бухорий ва Имом Термизий каби улуғ муҳаддис- ларнинг «Сулосиётул Бухорий» ҳамда «аш-Шамоилул Муҳаммадия» каби асарларига шайбонийлар даврида битилган шарҳлар тўғрисида маълумот берилган. Ушбу шарҳларнинг қўлёзма нусхалари, қачон кўчирилгани, уларнинг маъно-мазмуни ҳақида мақолада сўз юритилади.

Шунингдек, ушбу мақолада «Шарҳул Ҳиснил ҳасин» номли шарҳ тўғрисида, унинг тарихда ўқилиш сабаблари ҳақида ҳам тўхтаб ўтилган.

Мақолада тилга олинган ҳадисга оид шарҳлар араб ва форс тилларида ёзилган. Форсий шарҳлар эса маҳаллий халқнинг фойдаланишида қулай бўлган.

Мақолада «Саҳиҳи Бухорий» ва «Мишкотул масобиҳ» мадрасаларда ўқитилган бўлса-да, лекин ушбу машҳур олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламларига шайбонийлар салтанатида бирорта шарҳ ёзилмагани ҳақида хулоса қилинган.

Бу даврда кам бўлса ҳам қирқ ҳадисдан иборат «Арбаъийн» тўпламлари тузилган.

Калит сўзлар: ҳадис, шарҳ, муҳаддис, қўлёзма, Бухоро, Самарқанд, Ширвон, шайбонийлар

Abstract. In this article, the development of hadith science in Movarounnahr during the reign of the Shaybanids (1501-1600) was considered based on primary sources. For this purpose, scientific activities of scholars such as Mustafa Rumi, Nasimuddin Mirakshakh, Fazlullah ibn Rozbekhan, Shamsuddin Muhammad al- Hanafi, Asamuddin Ibrahim al-Isfaraini, Shamsuddin Muhammad Kohistani, Muhammad ash-Shirvani al-Bukhari, who lived in the era of the Shaybanids and was engaged in the science of hadith, as well as their works related to the science of hadith, are mentioned in the article as scientific information.

The article provides information about the commentaries on the works of

«Sulasiyot al-Bukhari» and «ash-Shamail al-Muhammadiyya» by great muhaddiths such as Imam Bukhari and Imam Tirmidhi, written during the Shaybanids period.

Manuscript copies of these comments, when they were copied, and their meaning are discussed in the article. Commentaries on the hadith mentioned in the article are written in Arabic and Persian. Persian commentaries were convenient for local people to use.

The article concluded that although «Sahih Bukhari» and «Mishkat al- Masabih» were taught in madrasahs, not a single commentary was written on these famous six collections of authentic hadiths during the reign of the Shaybanids. During this period, collections of «Arbain» consisting of forty hadiths were compiled, although few.

Keywords: hadith, commentary, muhaddis, manuscript, Bukhara, Samarkand, Shirvan, the Shaybanids.

Шайбонийлар (1501-1600) ҳукмронлик қилган пайтда Мовароуннаҳрда бошқа исломий илмлар сингари ҳадис илми ҳам ривожланиб борди. Буни биз Шайбонийлар даврида яшаб, илмий фаолият олиб борган, ҳадис илми билан ҳам шуғулланган Насимиддин Миракшоҳ, Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон, Шамсиддин Муҳаммад Ҳанафий, Асомиддин Иброҳим Исфароиний, Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний, Муҳаммад Ширвоний Бухорий каби олимларнинг илмий фаолиятлари орқали ҳам биламиз.

Шайбонийлар даври ҳадис илми тарихини ўрганар эканмиз, Бухорода илмий фаолият олиб борган машҳур муҳаддис Мустафо Румий (888-966/1483- 1559) эсланмай иложи йўқ. Мовароуннаҳр мадрасаларида ХVI асрдан бошлаб то ХХ аср бошигача ҳадис фанидан «Мишкотул масобиҳ» китоби асосий дарсликлардан бири бўлиб келган. Унинг Мовароуннаҳр таълим тизимида ўқув дастурлари орасида мустаҳкам ўрнашиб қолишида Мустафо Румий каби олимларнинг алоҳида ўрни бор. Ушбу олим машҳур «Мир Араб» мадрасасида мударрис сифатида мазкур асарни ўқитиш билан фаолият олиб борган. Мустафо Румийнинг Мовароуннаҳрдаги фаолияти, «Мишкотул масобиҳ» асарини ўқитгани ва у бўйича шаҳодатнома (ижоза) берганлиги бирламчи манбалар орқали очиб берилади232.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (194-256/810-870) то- монидан битилган, «Сиҳоҳи ситта» – олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламлари орасида биринчи ўринда турувчи «ал-Жомеъус саҳиҳ» асаридаги 7563 та ҳадисдан фақатгина 22 та ҳадис уч ровий силсиласидан иборат. Мазкур уч ровийлик ҳадислар «Сулосиётул Бухорий» деб юритилади. Булар Имом Бухорийнинг табъа тобеин табақасидаги устози томонидан тобеиндан, у эса саҳобадан ривоят қилган ҳадислардир. Имом Бухорий билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ораларидаги вақт қарийб 250 йилни ташкил қилади. Демак, бу ҳадисларни ривоят қилган ровийларнинг барчаси узоқ умр кўрган ва бир-бирлари билан шахсан учрашган. Зотан, Имом Бухорийнинг ҳадисларнинг саҳиҳлигига қўйган шартлари энг оғири бўлиб, унда ровийлар бир-бирлари билан шахсан учрашганлиги ва устоз-шогирд бўлганлиги аниқ бўлиши керак233.

«Сулосиётул Бухорий»ни олимлар алоҳида шарҳ қилганлар. Шу хилдаги шарҳларнинг 10 га яқини илм аҳлига маълум. Унинг ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган, Бухорода ёзилган шарҳлардан бири Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний (ваф. 962/1555) томонидан олтмиш ёшларида 948/1541 йилда ёзилган. У Бухоро муфтийси бўлиб, ҳанафий фиқҳида ўзининг «Жомиъур румуз» асари билан шуҳрат қозонган. Олим 

«Сулосиётул Бухорий»дан ташқари ҳадисга оид «аш-Шамоил ан-набавия»,

«ал-Арбаъийн» ва «ал-Ҳиснул ҳасин» каби асарларга ҳам шарҳ битган234.

Шамсиддин Муҳаммад Қўҳистоний шарҳни ёши олтмишдан ўтганида, сочлари оқариб қолган вақтида («Ва иштаалаш шайбу фи раъсий, фа иннаҳу қод тажоваза анис ситтина») ёзаётганини айтган. Шарҳ охирида эса 948 ҳижрий йилда тугаган вақтини «Маҳз» сўзи билан ифодалаган («фи маҳз минас санавот»)235. Бу эрда абжад ҳисобида «мим» ҳарфи қирқни, «ҳо» ҳарфи саккизни, «зо» эса тўққиз юзни билдиради. Шарҳнинг охирида «назм қилувчи риоя қилди», «ҳусни ихтитом» каби жумлаларнинг ишлатилишидан уни Шамсиддин Кўҳистоний ёзганлигини айтиш мумкин. Чунки, олим қарийб барча асарлари охирида мазкур жумлаларни ишлатишга ҳаракат қилган. Асар муқаддимасида у бузғунчилар балосига йўлиққанини айтиб ўтади. Бу эрда у шиалар ҳужумини назарда тутган бўлса керак.

«Шарҳус Сулосиёт»нинг бизга икки қўлёзма нусхаси маълум. Улардан қадимийси 10164/II тартиб рақами билан сақланади, 981/1573 йилда муаллиф дастхат нусхасидан олиб кўчирилган (115б-132б). Иккинчи нусха эса 2439/VI тартиб рақами билан сақланади, уни машҳур хаттот Мавлавий Муҳаммад Соқий 1093/1682 йилда китобат қилган (135б-150б).

«Сулосиётул Бухорий»ни ҳанафий мазҳаби, мотуридий таълимотига уйғун ҳолда шарҳлаш ишлари олимлар томонидан ХVI асрда Имом Бухорийнинг ўз юртида ҳам давом қилдирилган. Ушбу шарҳларни тадқиқ ва таҳлил этиш улуғ муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий фаолиятини илмий ўрга- нишда аҳамиятли экани шубҳасиздир.

«Шарҳ Арбаъийнин Нававий» ҳам Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний томонидан ёзилган бўлиб, у Муҳйиддин Абу Закариё Яҳё Нававий (1233- 1277) қаламига мансуб қирқ иккита ҳадис тўпламидан иборат «Арбаъийн» асарига битилган шарҳдир. Унинг Бухорода яшаган машҳур хаттот Мавлавий Муҳаммад Соқий ибн Муҳаммад Амин Балхий 1093/1682 китобат қилган 

қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар хазинасида мавжуд236. Шориҳ шарҳ муқаддимасида Нававийнинг қисқача таржимаи ҳолига ҳам тўхталган.

«Шарҳул Ҳиснил ҳасин» ҳам Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний томонидан ёзилган. Шарҳ машҳур қироат олими Шамсиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Жазарий (ваф. 833/1429) қаламига мансуб, 1388 йилда ёзилган –

«Ҳиснул ҳасин» китобига битилган. У саҳиҳ ҳадислар асосида тузилган дуо ва зикрлар тўпламидир. Уни асрлар давомида мусулмонлар орасида ўқиш одат бўлиб келган. Китобни мутолаа қилиб туриш бало ва офатларни даф қилиш хусусиятига эга, деган эътиқод мавжуд бўлган. Китоб, айниқса, Темурийлар даврида машҳур бўлган. Уни асрлар давомида мусулмонлар орасида ўқиш одат бўлиб келган. Ҳукмдорлар ҳам ўз саройларида тез-тез «ал- Ҳиснул ҳасин» китобини ўқитиб турган. Хива саройи архив ҳужжатларида ушбу китобни ўқитишга сарфланган маблағлар ҳам қайд этиб борилган. Жумладан, 1867 йилнинг Ражаб ойида ушбу китобни ўқиган муллаларга 20 тилло берилган237.

Кўҳистоний мазкур асарга 948/1541 йилда шарҳ битган. У ягона нусхада ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар хазинасида сақланади238. Мирак Зинда Али (XVII аср) ўзининг «Самаротул машойих» асарида Кўҳистонийнинг мазкур асарини тилга олади ва ундан иқтибослар олади239.

Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий (209-279/824-892) томонидан битилган «аш-Шамоил ан-набавия» ва «аш-Шамоилул Муҳаммадия» номли асари ҳам Мовароуннаҳр мадрасаларида ўқитилган. Жумладан, Сафиюддин Мустафо Румий (888-966/1483-1559) Бухоройи шарифда 963/1556 йили Мавлоно Кепак Туркистоний (XVI аср) номли олимга «Мишкотул масобиҳ» ва «Шамоили набавия»ни ўқитгани борасида ижоза берган. «Самаратул машойих»да «Охунд Мавлоно Кепак «Мишкот»ни Мавлоно ва шайхуно Мустафо Румий ҳузурларида ўқиганлар», дейилган240. «Самаратул машойих» муаллифи Саййид Зинда Али Ҳусайний (XVII аср)нинг ўзи ҳам Кўкалдош 

мадрасасида Муҳаммад Қосим Бухорий (975-1070/1568-1660) ҳузурида

«Шамоили набавия»дан сабоқ олиб, ижоза ҳам олганини қайд қилиб қолдирган241.

Асрлар давомида «аш-Шамоил ан-набавия» мадрасаларда дарслик си- фатида ўқитилгани боис ҳам унга кўплаб шарҳлар ёзилган. Масалан, Абдаҳ Али Кушк «Шамоили набавия»нинг 72 та шарҳи, 15 та мухтасар варианти, 2 та ровийлари тўғрисидаги махсус асар, яна 3 та манзума шакли, туркча, урдуча, французча ва инглизча 4 та таржимасини санаб ўтган242.

«аш-Шамоил ан-набавия»га шайбонийлар даврида ёзилган шарҳларни XVI аср бошида Насимиддин Муҳаммад ибн Саййид Жамолиддин Атоуллоҳ ибн Фазлуллоҳ Шерозий Ҳаравий Даштакий (тахминан 850-950/1446-1543) томонидан битилган шарҳ бошлаб беради. «Мирак» ва «Миракшоҳ» номи билан шуҳрат қозонган олим «кичик амир» номи билан танилган243. У зот

«ал-Ҳиснул Ҳасин» ва «Мишкотул масобиҳ»га ҳам шарҳлар битган. Мавлоно Али Қори (ваф. 1014/1606) Муҳаммад Саид Мир Калон Хуросоний (902- 981/1491-1573) шогирди бўлгани боис ўз асарларида унинг китобларидан ҳам кўп фойдаланган ва унинг номини кўп бора тилга олган244.

Миракшоҳнинг «Шарҳуш Шамоил» асари бўйича Маккаи мукарра- манинг «Уммул қуро» университетида Мане ибн Дабий томонидан магистрлик иши қилинган ва 2016 йили эълон қилинган245.

Шайбонийлар даврида ёзилган шарҳлардан иккитаси Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон Шерозий (860-927/1455-1521) томонидан битилган. У Шайбоний- хон (ҳукмронлик йиллари 1500-1510) сафарларида бирга бўлган ва унга атаб

«Меҳмонномаи Бухоро» асарини битган. У муҳаддис ва фақиҳ олим бўлиб, бир қанча асарларини Мовароуннаҳрда яратган. Шулардан бири «Шамоили набавия»га ёзган «Нашрул фазойил фи шарҳиш Шамойил» деб аталади. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида 6429/I рақами билан сақланувчи қўлёзма нусхаси 359 (1б-359б) + 4 (05б-08б) иборат йирик ҳажмли бўлиб, Муҳаммад Тоҳир ал-Ҳусайний деган хаттот 1263/1847 йили китобат қилган.

Шориҳ «Шамоили набавия» китобини 11 яшарлигида ўқиб ёдлаганини айтади. Уни устози Тоҳир ибн Арабшоҳ ибн Иброҳим Исфаҳоний (786- 870/1384-1466) ҳузурида ўқиган. У эса буни машҳур қироат олими Абулхайр Муҳаммад Жазарий (751-833/1350-1429) ҳузурида ўқиган. Маълумки, Имом Жазарий темурийлар даврида Самарқандда таълим берган. Шориҳ Ҳиротга келиб «Шамоил»дан дарс бергани, талаба ва илм аҳли ушбу китобни ўрганишга жуда қизиқишини айтади246. Лекин у пайтларда узоқ баҳс- мунозаралар ва дарс бериш билан машғул бўлиб, китобни тўла шарҳлаб ёзишга имкон туғилмаган. Бу имкон шориҳга 913/1508 йили рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга кириб, шарҳлашга киришган ва 3 ойу 2 кунда уни тугатишга муваффақ бўлган247. «Такримат ул-афозил»да эса уни 3 ою 3 кунда тугатганини айтиб ўтган248. Фуод Сезгин эса асарни 909/1503 йили ёзилган, деб хатога йўл қўйган249.

Шориҳ ўз номини ва асарга қўйилган номни келтириб, Макка ва Мадина шаҳарларида ушбу китобдан ижоза олганини алоҳида қайд қилиб, муаллифгача бўлган таълим силсиласини (санад) тўлиқ келтириб ўтади250.

Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳоннинг «Шамоили набавия»га битган иккинчи шарҳи «Такриматул афозил би таржиматиш Шамойил» деб аталган бўлиб, унинг икки нусхаси ЎзР ФА ШИ да 12724 ва 9410/II рақамлари билан сақланади. Олим ўзини Хожа Мавлонойи Исфаҳоний номи билан танилган Абулхайр Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон деб таништиради251. Асар таржима ҳарактерида бўлиб, қисқа шарҳланган. 105 (1б-105б) варақдан иборат.

«Такриматул афозил»нинг муҳим жиҳатларидан бири шарҳ бошла- нишида шамоил ва сийрат илмининг 10 та фойдаси тўғрисидаги – «фавоиди ашара» деб аталган муқаддима мавжудлигидир252.

«Такриматул афозил» ёзилган пайтда олим Самарқандда яшаётган (мутаваттин) эди. Мадрасада талабаларга дарс берарди. Талабалар ундан

«Шамоили набавия»ни форс тилида таржима ва қисқа шарҳ қилиб бериш- ларини илтимос қилади. Шу тариқа, 925/1519 йили «Такриматул афозил» асари ёзилади253.

Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон «Такриматул афозил»да «Шамоили набавия»- гача бўлган 2 та санадини тўлиқ келтириб ўтган ва йирик шарҳи «Нашрул фазойил»ни «Шарҳи Шамоили калон» деб тилга олган254.

Ҳожи Халифа (1017-1068/1609-1657) «Кашфуз зунун»да Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Ҳанафий (XVI аср) томонидан 926 йили жумодул увло – 1520 йил апрель-май ойида «аш-Шамоил ан-набавия»га шарҳ ёзилганини қайд қилиб ўтган255. У шайбонийлар даврининг энг етук олимларидан бири бўлиб, унинг шарҳи «Ҳошия Мавлоно Ҳанафий» ва

«Ҳошия ли шарҳ Шамоилин набий» номлари билан ҳам учрайди. ЎзР ФА ШИ да 4563/В рақами билан сақланадиган нусхаси 100 (203б-303б) варақдан иборат. Қўлёзма 1221/1806 йили кўчирилган. Мазкур асар «Шамоли набавия»нинг шарҳига ҳошия эмас, балки «Шамоли набавия»нинг айни ўзи – матнига араб тилида битилган шарҳ ҳисобланади. Негадир, уни «Шамоили набавия»нинг шарҳига ҳошия деб ўйлашган. Бу шориҳ томонидан шарҳнинг ўзига махсус ном берилмагани, шориҳнинг кўпроқ турли фанларга оид шарҳларга ҳошиялар боғлагани сабаб бўлган бўлса керак.

Ҳожи Халифа «Кашфуз зунун»да Асомиддин Иброҳим ибн Муҳаммад Арабшоҳ Исфароиний (ваф. 943/1536) томонидан ҳам «аш-Шамоил ан- набавия»га шарҳ ёзилганини қайд қилиб ўтган256. У шайбонийлар даврининг энг етук ва таниқли олимларидан бўлиб, Ҳирот, кейин Бухоро ва Самарқандда илмий фаолият олиб борган. «Музаккири аҳбоб»да айтилишича, Самарқандда 943/1536 йили вафот қилган ва Хожа Аҳрор Валий (806- 895/1404-1490) қабри ёнига дафн қилинган257.

Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний (888-963/1483-1556) томонидан битилган яна бир шарҳ «Шарҳуш Шамоил» деб аталади. У шайбонийлар даврида Мовароуннаҳрнинг бош муфтийси ва садри аъзами бўлиб хизмат қилган. Ўзидан ўндан ортиқ илмий-диний асарлар мерос қолдирган. «Музак- кири аҳбоб»да уни «фиқҳда катта шуҳрати бор», деб қабри Хожаи Бузругвор (Баҳоуддин Нақшбанд) мақбараси ёнида эканини қайд этилади258.

Мазкур «Шарҳуш Шамоил»нинг энг қадимий нусхаларидан бири 981/1573 йили Мусо ибн Маҳмуд Тархоний томонидан Бухорода «Шодия» мадрасасида кўчирилган. Нусха 114 (1б-114а) варақдан иборат259. Мазкур қўлёзма нусханинг 113а-варағи ҳошиясида: «Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Қўҳистонийнинг дастхат (нусхаси)дан кўчирилди. Аллоҳ уни ва ота-онасини ёрлақасин. Яна бир марта 981 санада қайта текшириб (муқобала) чиқилди», деган қайд мавжуд. Демак, 981/1574 йилда «Шамоили набавия» билан бирга мазкур шарҳ дарслик сифатида қўлланма бўлган ва матни устозлар ҳузурида қайта назардан ўтказилган.

Кўҳистонийнинг ушбу шарҳи араб тилида бўлиб, сўзма-сўз, жумлама- жумла шарҳлаб борилган. Ибораларнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маънолари, тилшунослик жиҳатидан таърифи ҳам келтириб ўтилган. Кейин жумланинг умумий маъноси изоҳлаб берилган.

К.Брокеллман ва Фуод Сезгин каби тадқиқотчилар томонидан «аш- Шамоил ан-набавия»га ХVI аср олимларидан Мулла Муҳаммад Ширвоний Бухорий томонидан ҳам «Шарҳуш Шамоил» номли шарҳ ёзилгани айтиб ўтилган260. Унинг «Бухорий» деган нисбасидан бухоролик олим экани ўз- ўзидан маълум. Ширвон – Озарбайжондаги Ширвон шаҳри эмас, балки у Бухоро атрофидаги Бимажкас яқинидаги қишлоқ номидир. Унга нисбат берилган бир қанча олимлар «Ўрта Осиё олимлари қомуси» китобида санаб ўтилган261. Мулла Муҳаммад аш-Ширвоний ҳам ана шу жойдан этишиб чиққан марказий осиёлик олимлардан ҳисобланади.

Маълумки, Имом Термизийнинг «аш-Шамоил ан-набавия» номли асарига асрлар давомида етмишдан ортиқ шарҳлар ёзилган бўлиб, XVI асрда ҳам унга ўндан зиёд шарҳлар битилган. Шулардан камида еттитаси айнан Шайбонийлар ҳукмронлиги остидаги Мовароуннаҳр ҳудудида ёзилган. Тадқиқотлар натижасида бу хилдаги шарҳлар янада ортиши мумкин. Мазкур шарҳларни илмий ўрганиш, уларнинг муаллифларининг ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш Марказий Осиёнинг сиёсий, илмий-маданий ва диний тарихи учун кўплаб янги маълумотларни бериши шубҳасиздир.

ХVI асрда Мовароуннаҳрда «Сулосиётул Бухорий» ва «аш-Шамоил ан- набавия» каби ҳадис тўпламларига шарҳлар битилган ҳамда «Саҳиҳи Бухорий» ва «Мишкотул масобиҳ» мадрасаларда ўқитилган бўлса-да, лекин 

на уларга ва на «Сиҳоҳи ситта»нинг бошқа тўпламларига мукаммал шарҳлар ёзилганини учратмаймиз. Ҳадисга оид йирик ҳажмли мустақил асарлар ёзилгани ҳам маълум эмас. Фақатгина ўзида қирқ ҳадисни тўплаган «Арбаъийн» тўпламлари мавжуд, холос.

Ҳамидуллоҳ Аминов,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди

2024 йил 17-18 октябрь кунлари Термизда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман мақолалари тўплами

232 Aminov Kh. «Buhara Mir Arap medresesi müderrisi: Mustafa Rûmî» (Buxorodagi «Mir Arab» madrasasi mudarrisi: Mustafo Rumiy) // Uluslararası «Orta Asyaʼdan Anadoluʼya İslâmî İlimler» Sempozyumi Bildirleri Kitabı. Karabûk Universitesi (Turkiye), 2021. – S. 409-412; Aminov H. Mustafo

Румийнинг Бухородаги фаолияти // «Инсоният, миллат ва тил: ўзаро алоқадорлик ва ривожланиш тенденциялари» мавзусидаги илмий-назарий семинар материаллари. – Тошкент: «Фан зиёси», 2024. – Б. 358- 362.

233 Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Сулосиётул Бухорий / Таржима ва шарҳ муаллифи Ҳ.Аминов. – Тошкент: Ирфоннашр, 2021. – Б. 6.

 
  

234 Aminov H. Academic Legacy of Shams al-Din Muhammad al-Kuhistani // Proceyedings of the International Conference Dedicated to the Memory of Academician Ubaydulla Karimov «New Perspectives for the Study of Islamic Culture, History and Art in Uzbekistan. May 2021, Tashkent. (Аминов Ҳ. Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистонийнинг илмий мероси // «Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари» мавзуидаги академик Убайдулла Каримов хотирасига бағишланган 2021 йил май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро конференция мақолалар тўплами). – Истанбул: ИРCИCА – Research Centre for Islamic History, Art and Culture, 2021. – P. 369-376.

235 Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний. Шарҳус Сулосиёт. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 10164/II. –В. 132б.

236 Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний. Шарҳ ал-Арбаинин Нававия. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 2439/VIII. –B. 168б-213а.

237 Йўлдошев М. Хива хонлигида феодал эр эгалиги ва давлат тузилиши. – Тошкент: «Ўздавнашр», 1959. – Б. 41. Лекин М.Йўлдошев китоб номини янглиш «Ҳасанул Ҳусайн» деб ўқиган. Ҳазрати Алининг эгизак ўғиллари ҳақидаги қиссаларни ўқиш фақат халфа аёллар орасидагина одат эди. Ҳатто «Хоразм тарихи» номи билан қайд этилган муаллифи номаълум китобда 1870 йилги сарой харажатлари қаторида «ал-Ҳиснул ҳасин» ўқувчиларига минг тилло берилгани қайд этилган. Қаранг: Хоразм тарихи. ЎзР ФА ШИ Ҳ.Сулаймонов фонди, № 280. – В. 26б.

238 Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний Шарҳул Ҳиснил ҳасин. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 4633. – 157в.

239 Мирак Зинда Али. Самаротул-машойих. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 2619. – В. 254а.

240 Саййид Зинда Али Ҳусайний. Самаратул машойих. ЎзР ФА ШИ-1, № 2619. – В. 480а.

241 Саййид Зинда Али Ҳусайний. Самаратул машойих. ЎзР ФА ШИ-1, № 2619. – В. 471б.

242 Абу Исо Термизий. Аш-Шамоилул Муҳаммадия / Таҳқиқ: Абдаҳ Али Кушк. – Баҳрайн: Мактаба Низом Яъқубийил хосса, 2012. – Б. 9-22.

243 Абу Исо Термизий. Аш-Шамоилул муҳаммадия ва мааҳул Мавоҳибил ладуния / Таҳқиқ: Муҳаммад Аввома. – Мадинаи мунаввара: Дорул Юср, 2013. – Б. 6.

244 Али Қори. Мирқотул мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2001. – Б. 40.

245 Насимиддин Миракшоҳ Шерозий. Шарҳуш Шамоил. – Маккаи мукаррама: Жоме Уммул қуро, 2016. – 294 б.

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика