СУНАН ТЎПЛАМЛАРИ ОРАСИДА ИМОМ ТЕРМИЗИЙ АСАРИНИНГ ЎРНИ

by Matbuot xizmati
42 👁️

Аннотация. Ушбу мақолада ҳадис илмининг буюк намоёндаси, муҳад- дис, ҳофиз, аллома, имом Абу Исо Термизий томонидан ёзилган ҳамда олти энг ишончли ҳадис тўпламлари қаторидан жой олган «Сунан» асарининг ўзига хос жиҳатлари ва унинг бошқа сунан тўпламлари орасидаги ўрнини кўрсатиб берилган. Имом Термизий ҳадислар билан бирга ўша ҳадис ҳақида ёки унга амал қилиш борасида турли олимларнинг фикрларини билдириб кетиши унинг бошқа ҳадис тўпламларидан ажратиб турадиган ўзига хос томонидан ҳисобланади.

Калит сўзлар: Сунан, Абу Исо Термизий, фиқҳ, ривоят, саҳиҳ, ҳасан, заиф, осор.

Abstract. This article shows the unique aspects of the work «Sunan» written by the great exponent of hadith science, muhaddis, hafiz, allama, imam Abu Isa Tirmidhi, which is among the six most reliable collections of hadiths, and its place among other collections of sunan. The fact that Imam Tirmidhi, together with the hadiths, expresses the opinions of various scholars about that hadith or its application is a unique feature that distinguishes it from other collections of hadiths.

Key words: Sunan, Abu Isa Termiziy, fiqh, narrative, sahih, hasan, zaif, asar.

Ҳадис илмига оид асарларнинг ҳар бири ўзига хос услубда ёзилган. Улардан «саҳиҳ» асарлар асосан ишончли бўлган ҳадисларни жамлаган бўл-

салар, «муснад» асарларда асосий эътибор саҳобалар ривоятига қаратилган, мустадрак, мустахраж, жарҳ ва таъдил, табақот ва бошқа жанрларда ҳам ҳадислар, ровийлар ҳақида муҳаддислар келгуси авлодга ўз меросларини қолдирдилар.

Ҳадис тўпламлари орасида «сунан»лар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Сунан сўзи одатлар, анъаналар, ривоятлар маъноларини билдиради. Асосан икки хил маънода ишлатилади. Биринчиси, суннат сўзининг кўплиги ҳисоб- ланса, иккинчиси, ҳадис тўплами тури сифатида ишлатилади.

Ҳадис тўплами сифатида эса, «Таҳорат» бобидан «васиятлар» бобигача фиқҳ тартиби бўйича ҳукмга оид ҳадислар жамланган китобларга айтилади. Бундай китобларда, одатда ақида, тарих, маноқиб ва шу каби фиқҳга оид мавзулар бўлмайди. Шунингдек, ҳадис илмидаги мавқуф ва мурсал каби турлар учрамайди. Бу турдаги китоблар ҳижрий II асрнинг биринчи ярмидан (мил. VIII) асрдан ёзила бошланган.

Бу бўйича ёзилган асарлар жуда кўп бўлиб, уларнинг машҳурларига имом Абу Довуд, имом Насаий, имом Ибн Можа, Имом Доримийнинг

«Сунан» асарларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Баъзи сунан китобларда аҳком ҳадислар билан бир қаторда фазилатлар ва зуҳд мавзуларига оид ривоятлар ҳам учраб туради. Имом Дориймий ва Байҳақийнинг «Сунан»ларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бу ҳолатда сунан китоблар «мусаннаф» ва «муватто» тўпламлари билан деярли фарқланмаслиги мумкин46. Сунан номи билан жуда кўп китоблар ёзилган бўлса-да, улардан олти ишончли тўламга кирувчи «Сунан»лар имом Термизий, имом Абу Довуд, имом Насаий ва имом Ибн Можага оиддир. Улар

«тўрт сунан» номи билан юритилади. Шунингдек, имом Доримий ва Дорақутнийнинг асарлари ҳам ўзининг машҳурлиги билан ажралиб туради.

Шунингдек, улардан бошқа «Сунан»лар турли олимлар томонидан ёзилган. Улар: Ибн Журайж номи билан машҳур Абдулмалик ибн Абдулазиз Абу Валид Румий Маккий (ваф. 151/768 й.), Саид ибн Мансур (ваф. 227/842 й.), Муҳаммад ибн Сабоҳ Абу Жаъфар Дулобий (ваф. 227/842 й.), Исмоил ибн Яҳё Абу Иброҳим Музаний Доримий (ваф. 264/878 й.) ривояти билан Имом Шофиъий (ваф. 204/819 й.) «Сунан»и, Иброҳим ибн Абдуллоҳ Кеший (ваф. 292/905 й.), Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳони Абу Бакр Асрам (ваф. 273/886 й.), Ҳасан ибн Али Абу Али Халлол (ваф. 242/856 й.), Абу Қурра номи билан машҳур бўлган Мусо ибн Ториқ Ямоний Зубайдий, Саҳл ибн Абу Саҳл Абу 

Амр Розий (ваф. 240/854 й.), Аҳмад ибн Убайд Абу Ҳасан, Муҳаммад ибн Яҳё Абу Бакр Шофиъий Ҳамадоний, Ибн Лол номи билан машҳур бўлган Аҳмад ибн Али Абу Бакр (ваф. 398/1008 й.), Аҳмад ибн Сулаймон Нажжор (ваф. 348/959 й.), Исмоил ибн Исҳоқ ибн Исмоил Қози Аздий Басрий (ваф. 282/895 й.), Юсуф ибн Яъқуб ибн Ҳаммод ибн Зайд Абу Муҳаммад Басрий (ваф. 297/910 й.), Лолкоий насаби билан машҳур бўлган Ҳибатуллоҳ ибн Ҳасан Абу Қосим (ваф. 418/1027 й.) ва Байҳақийнинг «ас-Сунан» каби асарларини келтириш мумкин47.

Имом Аҳмад ибн Ҳусайн Абу Бакр Байҳақийнинг (ваф. 458/1066 й.) «ас- Сунанул кубро» «Сунан»лар орасида ўз ҳажми катталиги ва яхши услубда ёзилгани билан ажраб туради. Аллома Каттоний бу асар ҳақида: «Уни

«Сунанул кубро» дейишади. Тўплам 10 жилддан иборат бўлиб, ислом оламида бу каби асар ёзилмаган. Аҳком ҳадисларнинг аксарини қамраб олган. Бу китоб ҳақида Ибн Салоҳ: «Суннатда Байҳақийнинг «ас-Сунанул кубро» китобидан кўра далилларни мукаммал тарзда жамловчи китоб ёзилмаган. Дунёнинг бирор томонида қандайдир ҳадис қолган бўлса, Байҳақий ўшани ҳам китобига киритган», деган. Китобнинг охирида саҳобийлар, тобеинларнинг исмлари, ҳадисларнинг санадлари ва матндаги турли ривоятлар қўшилган. Унга Ибн Туркмоний номи билан машҳур бўлган Али ибн Фахриддин Усмон ибн Иброҳим ибн Мустафо Мординий Ҳанафий (ваф. 750/1349 й.) «ал-Жавҳарун нақий фир радд алал Байҳақий» номда катта ҳажмда ҳошия ёзган», деган.

Шунингдек, баъзи асарлар ҳам борки, олим Саййид Абдулмажид Ғуврий фикрича, уларни сунан деб атаса зарари йўқ. Буларга Яъқуб ибн Иброҳим Абу Юсуфнинг (ваф. 182/798 й.) «Китобул осор», Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг (ваф. 189/805 й.) «Китобул осор», Муҳаммад ибн Идрис Шофиъийнинг (ваф. 204/819 й.) «ал-Умм», Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Жаъфар Таҳовийнинг (ваф. 321/933 й.) «Шарҳ маонийил осор», Муҳаммад ибн Жарир Абу Жаъфар Табарийнинг (ваф. 310/922 й.) «Таҳзибул осор» асарларини келтириш мумкин. Муҳаммад ибн Жарир Абу Жаъфар Табарийнинг асари халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ривоят қилган ҳадис билан бошланиб, ҳадис фиқҳи ва ҳадиснинг олимлар наздидаги ихтилофи ҳамда уни ҳужжат қилиб қабул қилиниши ёритилган. Ҳар бир ҳадис ёзилгандан кейин, унинг мазмуни, таърифи, усули, фиқҳи, иллати, уламолар ихтилофи, ҳужжатлари ва луғати баён этилган. Жаннат башорати берилган ўнта саҳоба, аҳли Байт, озод қилинган мусулмон қулларнинг муснадлари ва Ибн Аббос 

муснадларидан бир қисм келтирилган. Китобнинг энг ажойиб жойи Ибн Аббос муснадларидир. Бироқ уни тугатишдан олдин олимнинг ўзи вафот этган. Агар бу китоб ҳам охиригача ёзилганда, суннат илмлари борасида ягона китоб-ҳужжат бўларди, деб манбаларда фикр билдирилган.

Шунингдек, Муҳаммад ибн Ҳусайн Абу Бакр Ожурий Шофиъий (ваф. 360/971 й.) «Китобуш шарийъа», Ҳамад ибн Муҳаммад Бустий Хаттобий (ваф. 388/988 й.) «Маърифатус сунан вал осор», Ҳусайн ибн Масъуд Фарро Бағавий (ваф. 516/1122 й.) «Шарҳус сунна» асарларини ҳам сунан дейиш мақсадга мувофиқ.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Саҳиҳ Бухорий» номи билан машҳур бўлган «ал-Жомеъул муснадис саҳиҳил мухтасар мин умур Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва сунаниҳ ва айямиҳ», Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож Қушайрийнинг «Саҳиҳ Муслим» номи билан машҳур бўлган «ал-Жомеъус саҳиҳил мухтасар минас сунан би нақлил адл анил адл ан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» асари.

Имом Термизийнинг «ас-Сунан»и «Жомиъут Термизий» номи билан машҳурдир. Ушбу китоб фиқҳ ва бошқа мавзудаги бобларга бўлинган ва мавзуга мувофиқ саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадислар ҳам келтирилиб, уларнинг ҳар бири даражаси ўз ўрнида баён этилган. Ҳадиснинг заифлигига сабаб кўрсатилган, саҳобий ва тобеинлар ҳамда турли шаҳар фақиҳларининг мазҳабларини тушунтирилган. Ҳадис йўлларини мухтасар қилиб, бир санад бўйича битта ҳадис ривоят қилинган ва қолган иснод йўлларга ишора қилинган. Китобнинг охирида бир боб иллатларга бағишланган. Унда фиқҳ ва ҳадисга алоқадор кўп фойдалар жамланган бўлиб, булар бошқа китобларда мавжуд эмас. Шу жиҳатлар унинг қадрини ошириб юборган.

Муҳаддис Ибн Салоҳ «Улумул ҳадис»сида шундай ёзади: «Абу Исо Термизийнинг китоби «ҳасан ҳадис»ни билишда асл манбадир. Чунки «ҳасан ҳадис» номини баланд айтган, «ал-Жомиъ»ида кўплаб шундай ҳадисларни зикр этган муҳаддис имом Термизийдир»48.

Имом Термизий асаридаги ҳадисларнинг даражаси ҳақида машҳур олим Ибн Ражаб «Илалут Термизий» китобининг шарҳида шундай дейди: «Билинг- ки, албатта Термизий китобига киритган ҳадислар «саҳиҳ ҳадис», «ҳасан ҳадис» ва «ғариб ҳадис» деб юритилади. Ҳасан ҳадис саҳиҳ даражасидан пастроқ бўлиб, уларда бироз заифлик мавжуд. Ғариб ҳадис эса бироз мункарлик иллатига эга. Бундай ҳадислар «фазоил амаллар»ни таърифлашда

ишлатилади. Имом Термизий ғариб ҳадислар олдида сукут сақламаган, балки уларни баён қилиб берган.

Имом Термизий, Абу Довуд ва Насаий сунанларининг бир-бирига яқинлиги борасида Абу Жаъфар ибн Зубайр айтади: «Абу Довуд аҳком оятларини мукаммал жамлаган бўлиб, бу ишни бирор муҳаддис амалга оширмаган. Имом Термизий янги услубда ҳадисларни жамлаган бўлиб, унга шерик бўладиган бирор муҳаддис йўқ. Аммо имом Насаий бу йўлларнинг энг гўзалини ва энг улуғини танлаган», деган.

Имом Термизий ўз китобида, фойдаланувчининг ҳолатини инобатга олиб, ҳар бир жумлани аниқ ва лўнда келтирган ва китобда ҳадис, асар, фиқҳ ва турли қарашларнинг баёнини нозик ва нафис жумлаларда ифодалаган. Ҳатто, бир масалани баён қилиб туриб, «…Фақиҳлар шундай деганлар ва улар ҳадис маъноларини энг яхши билувчилардир»49, деб ўтган. Бу билан имом Термизий фақиҳларнинг ҳадисларни яхши тушунувчилар эканини алоҳида таъкидлаган. Бундай ҳолатлар имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд каби муҳаддисларнинг асарларида учрамаслигини айтиб ўтиш лозим.

Шу билан бирга ҳадисдан кейин фақиҳ уламоларнинг қарашларини келтириб ўтиш ҳолатлари тез-тез учрайди. Масалан, «Бу ҳадисга аҳли илмнинг оммаси наздида амал қилинади»«… илм аҳлининг баъзиси наздида амал қилинади»«…Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари амал қилган», «…Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан бўлган илм аҳлининг кўпи наздида амал қилинади», «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан ва улардан кейинги илм ва фиқҳ аҳлининг кўпи шу фикрда бўлган», «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан бўлган илм аҳли ихтилоф қилган…», «илм аҳли ихтилоф қилган», «… тобеин ва улардан кейинги илм аҳлининг баъзилари наздида амал қилинади», «…ва бу тобеин ва улардан кейинги бир неча илм аҳлининг сўзи», «баъзи аҳли илм бундай деган…», «илм аҳли ихтилоф қилган» кабиларни келтириб ўтиш мумкин50.

Шунингдек, баъзи ўринларда муайян ҳадис бўйича ўз фикрини билдир- ган олимларни санаб ўтади. Жумладан, «Набий соллаллоҳу алайҳи васал- ламнинг аҳли илм бўлган саҳобаларидан баъзилари шундай деган, улардан Умар ва Абдуллоҳ…»«ва бу баъзи илм аҳлининг сўзи, улардан Ҳасан Басрий, Ато ибн Абу Рабоҳ ва Шаъбийлар»«ва бу Суфён Саврий, Кўфа аҳли ва баъзи аҳли илмнинг сўзи…, шунингдек, Молик ибн Анас, Лайс ибн Саъд, 

Шофиъийларнинг ҳам сўзи»«бу ҳадисга илм аҳли наздида амал қилинади ва у Шофиъий ва бизнинг асҳобларимизнинг сўзидир»51.

Имом Термизий ўз китобида ҳадислар билан бир қаторда уларнинг ҳукмларини ҳамда фақиҳларнинг амал қилишларидаги даражасини ҳам кел- тириб ўтишни шарт қилиб қўйган. У қуйидагиларни айтган: «Мен бу китобга киритган ҳадислар баъзи фақиҳлар амал қилаётган ҳадислардир. Фақат икки ҳадис бундан мустасно, деб ўша ҳадисларни келтирган52.

Фақиҳларнинг мазҳабларини, уларнинг ижмоларини, носих ва мансухни, ҳадисларнинг ихтилофларини ҳам эътибордан четда қолдирмаган. У их- тилофли мавзуларнинг деярли барчасини тартиблаб, сўзларнинг ғарибларини ҳамда фойдаларини аниқ кўрсатиб ўтган. Бу эса, унинг даражасини жуда ҳам юқори кўтарган ҳамда асардан фойдаланишни осонлаштирган53.

Шунингдек, имом Термизий бирор ҳадисни саҳиҳ деб ўтган бўлса ва унинг саҳиҳлигини даражасини ҳам келтирган. Мисол учун, «Аллоҳ аксир- ганни яхши кўради, эснаганни кариҳ кўради…» деган ҳадисни, «бу ҳадис саҳиҳ» деб, давомида «бу менинг наздимда Ибн Ажлоннинг ҳадисидан кўра саҳиҳроқдир»54, дейди.

Имом Термизий ўзининг бу асарини мухтасар қилиб, иснодларини чўзиб юбормаган ҳолда барча ҳадисларнинг иллатларини ва қабул қилинишдаги даражаларини ҳамда ровийларнинг тарихини ҳам эслатиб ўтган. Масалан, бир ўринда саҳобий Ибн Умардан ҳадис келтириб, ҳадис матнидан сўнг Жобир, Ибн Аббосдан ҳам шу ҳадис ривоят қилинганини эслатади55. Шунингдек, имомлардан нақл билан ёки баъзида ўз ижтиҳоди билан ҳадисларда келган жарҳ ва таъдилни ҳам кўрсатиб ўтган.

Имом Термизийнинг «Сунан»и жуда фойдали, мукаммал ва пухта тартибланган, мақсадлари равшан, нафис бир китоб бўлиб, киши қайси мазҳабда бўлишидан қатъи назар ундан бемалол фойдалана олади. Зеро, китоб Термизийнинг юксак ақлий салоҳиятига далилдир. Бу китобда нафақат ҳадис, балки ундаги ҳукмларнинг асл маънолари, ҳалол ва ҳаром масалаларини ажратиш усуллари ҳам келтирилган.

Фақиҳлар эса, бу китобни мужтаҳид учун етарли далил бўла оладиган, муқаллид учун эса кифоя қилгувчи китобдир, дейишган. Шайхул ислом 

Ҳаравий китобга юқори баҳо бериб, шундай дея мадҳ қилган: «Термизийнинг китоби, мен учун, Бухорий ва Муслимнинг китобларидан кўра фойдалироқдир. Чунки уларнинг китобларидан буюк олимларгина фойдаланишлари мумкин. Абу Исонинг китобидан эса, ҳар бир одам фойдаланиши мумкин». Имом Термизийнинг ўзи айтишича: «Мен, бу китобни тасниф қилдим ва уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон олимларига тақдим этдим. Улар бу китобни илмий фаолиятда қўллаша бошлашди. Агар кимнингки, уйида бу китоб бўлса, гўё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйида гапираётгандай бўлади»56. Ибн Асир шундай деган:

«Термизийнинг «Саҳиҳ» китоби энг яхши, энг фойдали, энг пухта, энг ноёб китоб бўлиб, унда мазҳаблар зикрлари, ундаги далилларни чиқариб олиш усуллари, ҳадиснинг саҳиҳ, ҳасан, ғариб турларининг баёни, жарҳ ва таъдил келтирилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, имом Термизийнинг «Сунан» асари қулай услубда ёзилгани, турли соҳа вакиллари фойдалана олиши билан бошқалардан ажраб туради. Муаллиф ҳар бир ҳадис сўнгида фақат ўз фикрига таянмай, бошқаларнинг қарашларини ҳам келтириши асарнинг фазилатини оширган. Фиқҳий жиҳатдан эса, тўрт мазҳаб олимлари фойдаланишига ҳам осон тарзда тузилган. Бу асар ҳадис илмида ўзига хос ўринга эга бўлиб, унга кўплаб шарҳлар ёзилгани билан ҳам ажраб туради.

Дониёр Муратов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти,

2024 йил 17-18 октябрь кунлари Термизда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман мақолалари тўплами

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Ғуврий, Абдулмажид. Мавсуъа улумил ҳадис ва фунуниҳ. – Димашқ: Дор Ибн Касир, 2007. – Т. 3. – 741.
  2. Ғуврий, Абдулмажид. Ал-Важиз фи таъриф кутубил ҳадис. – Димашқ, Дор Ибн Касир. 2009. – Б. 21.
  3. Ибн Салоҳ. Улумул ҳадис. – Димашқ: Дорул фикр, 1998. – Б. 40.
  4. Термизий. Ас-Сунан. – Ар-Риёз: Дорул ҳазора, 2015. – Т. 1. – Б. 236.
  5. Обидов Р. Суннат, ҳадис ва муҳаддислар. – Т.: Мовароуннаҳр, Б. 387.
  6. Муҳаммад Муҳаммад Авайза. Абу Исо Термизий шайхул ҳадис. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1995. Б. 100.
  7. Термизий. Ал-Жомеъул кабир. – Байрут: Дорул ғарбил исломий, 1999.

– Т. 4. – Б. 462.

  1. Муҳаммад Муҳаммад Авайза. Абу Исо Термизий шайхул ҳадис. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1995. Б. 78.

46 Ғуврий, Абдулмажид. Мавсуа улумил ҳадис ва фунуниҳ. – Димашқ: Дор Ибн Касир, 2007. – Т. 3. – 741.

47 Ғуврий, Абдулмажид. Саййид Абдулможид. Ал-Важиз фи таъриф кутубил ҳадис. – Димашқ, Дор Ибн Касир. 2009. – Б. 21.

48 Ибн Салоҳ. Улумул ҳадис. – Димашқ: Дорул фикр, 1998. – Б. 40.

49 Термизий. Ас-Сунан. Ар-Риёз, Дорул ҳазора, 2015. – Т. 1. – Б. 236.

50 Қаранг: Термизий. Ас-Сунан. Ар-Риёз, Дорул ҳазора, 2015.

51 Қаранг: Термизий. Ас-Сунан. Ар-Риёз, Дорул ҳазора, 2015.

52 Обидов Р. Суннат, ҳадис ва муҳаддислар. – Т.: Мовароуннаҳр, Б. 387.

53 Муҳаммад Муҳаммад Авайза. Абу Исо Термизий шайхил ҳадис. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1995. Б. 100.

54 Термизий. Ал-Жомеул кабир. – Байрут: Дорул ғарбил исломий, 1999. – Т. 4. – Б. 462.

55 Термизий. Ал-Жомеул кабир. – Байрут: Дорул ғарбил исломий. Т. 1. Б. 536.

56 Муҳаммад Муҳаммад Авайза. Абу Исо Термизий шайхул ҳадис. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1995. Б.

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика