ҚАЛБГА СУКУНАТ, ЭЛГА БАХТ КЕЛТИРАДИ

by Matbuot xizmati
27 👁️

Ҳар бир инсон ҳаётида энг муқаддас ва энг буюк қадрият – бу тинчликдир. Тинчлик бўлмаган жойда на тараққиёт, на бахт, на фаровонлик бўлади. Шу боис, тинчлик Аллоҳ таолонинг инсониятга берган энг юксак инъомидир. Инсоният тарихида кўплаб халқлар ва давлатлар ўз тараққиёт чўққиларига айнан тинчлик даврида эришган, тинчлик барқарор бўлмаган пайтларда эса инқироз ва қийинчиликларга юз тутган.

Ислом дини ўз моҳиятига кўра тинчлик дини ҳисобланади. “Ислом” сўзининг ўзи ҳам “силм” – яъни тинчлик, омонлик, хотиржамлик маъноларидан келиб чиққан. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз даврларида мусулмонларни ҳамиша тинчлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибатга чақирганлар.

Қуръони карим оятларида тинчлик тушунчасига кўп бора урғу берилган. Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали инсониятни фақатгина адолат, тинчлик ва тотувлик йўлига ҳидоят қилган.

Жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи Зотдир”.
(Анфол сураси, 61-оят).

Бу оятдан англаш мумкинки, тинчлик Аллоҳнинг бевосита ҳидоятидир. Зулмат адоват, жаҳолат ва беқарорликни билдирса, тинчлик адолат ва илмни ифодалайди. Инсоният фақат тинчлик туфайли жаҳолат қаъридан чиқиб маърифатга эришади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ривоят қилган). 

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз: “Ҳақиқий мусулмон – қўли ва тили билан бошқаларга озор етказмайдиган кишидир”, – деганлар
(Бухорий ривояти).

Бу ҳадис мўмин-мусулмоннинг белгиси сифатида тинчликпарварликни кўрсатади. Яъни мусулмон – ўз қўли ва тили билан бошқаларга зарар етказмайдиган, балки уларни тинчликда ушлаб турадиган инсондир.

Тарихга назар ташласак, ислом сивилизатсиясининг энг буюк даврлари тинчлик даврларига тўғри келганини кўрамиз. Хусусан, ИХ-ХИИ асрлардаги Шарқ Уйғониш даврида Бағдод, Дамашқ, Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарлар илм-фан марказига айланган. Мусулмон олимлари математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа, адабиёт ва санъат соҳаларида буюк ютуқларга эришган. Бу ютуқлар, аввало, тинчлик ва осойишталик муҳитида юз берган. ИХ–ХИИ асрларда Мовароуннаҳрда ҳукм сурган осойишталик туфайли Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Беруний, Ибн Сино каби алломалар камол топган.

Бугунги кунда, Янги Ўзбекистонимизда тинчлик ва барқарорлик давлат сиёсатининг энг муҳим пойдевори сифатида қаралмоқда. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари бир оила каби тотув яшамоқда. Айни ватда диний бағрикенглик давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланган. Масалан, айни кунда юртимизда мусулмонлар билан бир қаторда насроний, яҳудий ва бошқа 16 та диний конфессия вакиллари ҳам эркин фаолият олиб бормоқда. Миллатлараро тотувлик туфайли Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам обрў-эътибор қозонмоқда.

Тинчлик фақат ҳукумат ёки давлат сиёсати воситасида таъминланмайди. Уни ҳар бир фуқаро ҳам кундалик ҳаётда асраб-авайлаши лозим. Оилада тинчлик – жамиятдаги тинчликнинг гаровидир. Агар оила аъзолари ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатда бўлсалар, бу жамиятда ҳам тинчликни мустаҳкамлайди. Шунигдек, мактаб ва бошқа таълим муассасаларида ёшлар онгига тинчлик қадриятларини сингдириш, уларни бағрикенглик руҳида тарбиялаш муҳим. Чунки ёш авлод тинчликнинг қадрига етмаса, келажак барқарор бўлмайди.

Бугунги ахборот асрида интернет ва ижтимоий тармоқлар ҳам тинчликни асрашда катта ўрин тутади. Ёшлар орасида нотўғри ғоялар, радикал оқимлар ва адоват уруғини сочадиган кучларга қарши туриш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Умуман айтганда, тинчлик Аллоҳнинг инсониятга берган энг буюк неъматларидан биридир. Қуръони карим оятларида ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам тинчликнинг улуғлиги кўп бора таъкидланган. Тинчлик бўлмаса, ҳеч бир неъматнинг қадри бўлмайди. Инсоният тарихида тинчлик даврида буюк алломалар етишиб чиққан, шаҳарлар обод бўлган, илм-фан тараққий этган. Бугунги Ўзбекистон ҳам тинчлик ва осойишталик туфайли юксак марраларга эришмоқда, янгиланмоқда.

Шу боис, Исломнинг тинчлик-осойишталик, бағрикенглик ҳамда илм дини эканлигини юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломаларнинг ибратли ҳаёт йўли, бебаҳо маънавий мероси асосида тарғиб этиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Бу эса пировардида жонажон юртимизда Яратганнинг энг буюк инъоми бўлган тинчлик, осойишталик, бағрикенглик муҳитининг бардавом бўлишига хизмат қилади.

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика