ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ ГНОСЕОЛОГИК ВА АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ

by Matbuot xizmati
15 👁️

Маълумки, халқимизнинг кўп асрлик тарихий тараққиёти давомида тўпланган маданий мерос, маънавий қадриятлар миллий маданиятимизнинг, миллий мафкурамизнинг назарий асосини ташкил этади ва жамиятимизнинг маънавий ривожланишига бевосита таъсир кўрсатади.

Марказий Осиё мутафаккирларининг фалсафий қарашлари маънавий меросимизнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Марказий Осиёдаги мантиқий-гносеологик ғоялар тарихини ўрганиш нафақат ўтмиш маданияти ва фалсафасини, балки ҳозирги даврга хос жараёнларни тўғри тушунишга ҳам имкон беради.

Ўрта асрлар Шарқ тарихи шундан далолат берадики, маданият ва таълим-тарбия, тиббиёт, адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларидаги беқиёс юксалиш, илмий мактабларнинг вужудга келиши, янги-янги истеъдодли авлодлар тўлқинининг пайдо бўлиши ва вояга етиши – буларнинг барчаси биринчи навбатда иқтисодиёт, қишлоқ ва шаҳар хўжалигининг анча жадал ўсиши, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг юксак даражада ривожланиши, йўллар қурилиши, янги карвон йўлларининг очилиши ва авваламбор нисбий барқарорликнинг таъминланиши билан бевосита боғлиқ бўлган.

Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири — Имом Мотуридий ҳисобланади. У киши имом, фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси. “Имом ал-ҳида”, “Имом ал-мутакаллимин” (“Ҳидоят ёʻли имоми”, “Мутакаллимлар имоми”) номлари билан улугʻланган. Мотурид қишлогʻида таваллуд топиб, то умрининг охиригача шу ерда яшаган, бу ерда катта богʻ ҳам барпо этган.

Мотуридийнинг асосий асарлари “Китоб ат-тавҳид” (“Яккахудолик ҳақидаги китоб”), “Таʼвилат аҳл ас-сунна”дир (“Суннийлик анʼаналари шарҳи”). “Китоб ат-Тавҳид” билиш назарияси баён қилинган мусулмон илоҳиётшунослигининг биринчи асари ҳисобланади.

Юртимиз заминидан етишиб чиққан алломалар орасида мутакаллим олим, калом илми ва мотуридийлик таълимоти асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш йўлида амалга оширтган ёрқин фаолияти ҳамда ислом оламидаги юксак мавқеи билан айниқса алоҳида ажралиб туради.

Унинг инсоният олдидаги энг катта хизматларидан бири сифатида жамиятда турли бузғунчи ғоялар авж олган, ихтилоф, бўлиниш ва парокандалик кенг тарқалган бир даврда майдонга чиқиб, мусулмонларни мўътадил таълимот атрофида мустаҳкам жипслаштиришга муваффақ бўлганлигини келтириб ўтиш лозим.

Абу Мансур Раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ақллар қамраб ололмайдиган яхшилик ва ёмонликларни идрок этишга ушбу икки нарса (сезга аъзолари ва хабар) орқали эришиб бўлмайди. Бунга эришишнинг ягона йўли тилни ишлатиб гапириш ва қулоқ тутишдир [Абу Мансур Мотуридий. “Китоб ат-Тавҳид”. – Т.: “Ҳилол нашр”, 2024. Б-157.]. Ҳақиқатда билишд сезги аъзолари ва хабарлар бу бирламчи манба ҳисобланади ва улар орқали олинган билимни яхшилик ва ёмонликка ажратиш, манфаатли ва манфаатсизга ажратиш, зарарли ёки зарарсизга ажратиш учун уни албатта ақл тарозисига қўймоқ лозимдир. Инсон тирик мавжудотлар орасида фикрлайдиган ягона онгли мавжудотдир. Оллоҳ таоло барча жонзотлардан инсонни улуғ қилиб яратди. Демакки инсон фикр юритмоғи ва ақлни ишлатмоғи лозим. Юқорида Абу Мансур Раҳимаҳуллоҳ ҳам айнан шундай демоқда.

Инсон гносеологияси кўриш, эшитиш, ушлаш, таъм билиш, ҳид билиш ва сенсуал тушунчалари орқали вужудга келади. Дастлабки тушунчага эга бўлгандан сўнг билимнинг маърифатини вужудга келтиради. Яъни якуний хулосани чиқаради. Бу ўринда Абу Мансур Мотуридий: “Аён (кўриш) – сезиш вужудга келадиган аъзолардир. У жаҳолатнинг акси бўлган илмнинг ҳосил бўлишига асос бўлади. Ким аксинча (маърифат ҳосил қилишда сезги аъзоларининг ўрни йўқ, деган) эътиқодда бўлса, барча эшитганлар уни “мутакаббир” деб айтади. Даражада бундай (тубан) бўлишни ҳайвонларнинг табиати ҳам қабул қилмайди. Чунки, уларнинг ҳар бири ўзининг боқийлиги, заволи нима билан бўлишини, нима билан лаззатланиший-у, азобланишини билади. Юқоридаги қараш эгаси эса шу нарсани (ҳайвонлар ҳам инкор этмайдиган нарсани) инкор этади” – деб таъкидлайди [Абу Мансур Мотуридий. “Китоб ат-Тавҳид”. – Т.: “Ҳилол нашр”, 2024. Б-156.].

Буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи”, деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради. Абу Мансур Мотуридий ўзининг барча асарларида залолатнинг ҳар қандай кўринишларидан йироқ бўлган, инсонларнинг мавжуд ижтимоий-маънавий муҳитида соғлом маънавий тафаккурни тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шунингдек соф диний-фалсафий қарашлари билан ўша даврнинг диний мутаассиблари ва бузғунчи ғоя тарафдорларига кескин раддиялар берган.

Абу Мансур Мотуридийнинг айнан ақоид ва калом илми билан шуғулланишига ўша даврда вужудга келган, инсонларнинг иймон-эътиқод масаласида нотўғри йўналишларга бошлайдиган турли хилдаги талқинлар ва чалкашликларнинг кўпайиб бораётганлиги сабаб бўлади. ҳақиқатдан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло инсонларга ўзининг имкониятлари доирасида маълум бир вазифа ва масъулиятларни юклаган. Бунинг натижаси ўлароқ, бажарилган ёки тарк этилган хатти-ҳаракатлар эвазига жазо ва ажрларни марҳамат этган. Инсон муайян ҳаракат ва фаолиятни амалга ошириши учун унга ҳаракатдан олдин амалда маълум бир куч ва қудрат берилган. Инсоннинг ҳаракатлари унга берилган шу куч-қудрат ва уни амалга оширишга ундовчи шахс иродасининг натижасидир. Бу жараён инсон ҳаракатларининг асоси ва унинг зиммасига юклатилган масъулиятларининг мажмуидир. Булар билан инсон маълум бир ҳаракатга юзланиб, ўз ихтиёри билан уни танлайди ва амалга оширади. Банданинг барча яхши ёки ёмон амалларини яратиш Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Демак, инсоннинг хатти-ҳаракатларида икки жиҳат бор: инсоннинг роли ва Аллоҳнинг қудрати. Абу Мансур Мотуридий, бу масалада ўз даврига қадар илгари сурилган тақдирни инкор этиш ва мажбурлаш ғоясини қабул қилганларнинг қарашларини буткул рад этиб, амаллар ҳам инсонга, ҳам Аллоҳга тегишли эканлигини таъкидлайди. Мазкур масаланинг ечими сифатида у янгича бир фикрни илгари суради. Абу Мансур Мотуридийнинг қарашларига кўра, маълум бир ҳаракатга мурожаат қилиш, уни танлаш ҳамда ўз хоҳиш ва иродаси доирасида бажариш инсоннинг шахсий иши. Ҳар бир нарсанинг яратувчиси бўлган Аллоҳ, инсоннинг ҳаракатини ҳам яратувчисидир. Демак, ижод нуқтаи назаридан ҳаракатга таъсир этувчи куч Аллоҳга тегишлидир. Бошқача қилиб айтганда, ҳаракат амалга оширилиш жиҳати бўйича инсонга, яратилиш хусусияти бўйича Аллоҳга тегишлидир. Инсон руҳиятидаги бу шериклик алоҳида хусусиятларга эга бўлган ҳамда масъулиятни бартараф этмайдиган ҳамкорликдир.

Нарсаларнинг гўзаллиги ёки хунуклигини шунингдек, фойдали ёки зарар эканлигини умуман ақл тамойиллари билан тушуниш мумкин. Бироқ, ақл уларни барча жиҳатлари ва тафсилотлари билан аниқлай олмайди. Чуқур изланиш ва тафаккурдан сўнг билиши ёки пайғамбарнинг хабари орқали билиши мумкин. Шариатнинг бу борадаги баёноти таъкид ва тасдиқдир. Шариат ҳам бирор нарсани яхшилиги учун буюриб, ёмон ва зарарли бўлгани учун уни ҳаром қилади. Дин бу борада ақл билан бирлашган. Қолаверса, ахлоқий туйғу инсонга хос бўлиб, инсон табиатан ахлоқий мавжудотдир. Баъзи нарсаларнинг гўзаллиги ва баъзи нарсаларнинг хунуклиги табиатан ақлда аниқ намоён бўлганлиги сабабли, ақл уларни идрок этади, таҳлил қилади, муайян ҳаракатга ундайди ёки қайтаради. Масалан, мавжуд неъматларга шукр қилишнинг ҳақиқати, адолатнинг гўзаллиги, ношукурликнинг хунуклиги, зулм ва ёлғоннинг чиркин иллат эканлиги ва хоказо. Фақат ақл охиратда мукофот ёки жазоланадиган ҳалол ёки ҳаром амал қилиш ҳуқуқига эга эмас, бу ҳокимият Аллоҳникидир. Демак, ақл илми охират учун жазо ва ажр миқдорини белгилай олмайди. Дин эса амр қилинганларни бажарганларга ажр ваъда қилган, ман этилганларни эса жазо билан таҳдид қилган. Абу Мансур Мотуридийнинг одоб-ахлоқ тушунчасида яна бир таъкидлаш лозим бўлган жиҳат шундаки, у амалдан кўра ғоя, эътиқод ва тўғри билимни биринчи ўринга қўйиб, амални тақлиддан кўра соғлом билимга йўналтириб асослайди. Абу Мансур Мотуридийнинг фíкрича, Аллоҳни таниш ва унинг гўзал сифатларини билиш ҳар бир инсон учун ахлоқий фарздир. Чунки борлиқни ва унинг яратувчиси ҳақидаги билимларни англашнинг ягона йўли ақлдир. Абу Мансур Мотуридий ўз асарларида одамларни ўз имкониятларига жавобгар қилиш каби масала борасида ҳам кўплаб фикрлар билдирган. Хусусан, алломанинг фикр мулоҳазаларига кўра, динда одамлар ҳеч қачон қодир бўлмаган хатти-ҳаракат учун жавобгар бўлмайдилар.

Хулоса ўринда шуни айтишимиз мумкунки бугунги глобаллашув шароитида Абу Мансур Мотуридийнинг шахсиятини, илмий меросини ҳамда мотуридийлик таълимотини ўрганиш динимиз, балки, бутун борлиқ, инсоният тўғрисида нотўғри ғояларни юзага келтирувчи турли мафкуравий таҳдидлар, ақидапарастлик ва туб дунёқарашларга қарши мафкуравий иммунитет вазифасини ўтайди. Абу Мансур Мотуридийнинг илмий мероси ёшлар онгининг турли кўринишдаги бузғунчи ғоялар билан заҳарланишига қарши туришда ҳамда уларга қарши курашишда ўта долзарб ва муҳим манба ҳисобланади.

Абдувахидов Абдуллазиз Абдусаттор ўғли

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими

Тошкент давлат педагогика университети мустақил изланувчиси (ПҳД)

абдуллазизабдувахидов@гмаил.cом +998-97-754-83-01

Орcид-ид: 0009-0003-7823-1837

Адабиётлар рўйҳати.

  1. Ал-Мотуридий таʼлимоти ва унинг Шарқ халқлари маданиятидаги оʻрни. Маʼрузалар тоʻплами, Т., 2000.
  2. Зиёдов Ш., Ал-Мотуридий ҳаёти ва мероси, Т., 2000.
  3. Абу Мансур Мотуридий. “Китоб ат-Тавҳид”. – Т.: “Ҳилол нашр”, 2024.

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика