ИМОМ ТЕРМИЗИЙ – БУЮК МУҲАДДИС

by Matbuot xizmati
20 👁️

Аннотация: Ушбу мақолада Имом Термизийнинг буюк муҳаддис экани, унинг ҳаёти ва ижоди, «Сунани Термизий» асарининг ўзига хос хусусиятлари, бошқа ҳадис китобларидан ажралиб туриши ҳамда мазкур асар ҳақида уламоларнинг фикр-мулоҳазалари баён этилган.

Калит сўзлар: Имом Термизий, «Сунани Термизий», кутуби ситта, ҳадис, муҳаддис, тахриж, истидлол, саҳиҳ, ҳасан, заиф.

Абстраcт: Тҳис артиcле десcрибес тҳе греат муҳаддитҳс оф Имам Тирмизи, ҳис лифе анд wорк, тҳе чараcтеристиcс оф Сунани Тирмизи, итс дифференcес фром отҳер боокс оф ҳадитҳ, ас wелл ас тҳе опинионс оф счоларс абоут тҳис wорк.

Кейwордс: Имам Тирмизи, «Сунани Тирмизи», кутуби ситта, ҳадитҳ, муҳаддитҳ, такҳриж, истидлал, саҳиҳ, ҳасан, заиф.

Юртимиз қадимдан буюк алломаларга, улуғ мутафаккирларга бешик бўлган. Бу заминдан етишиб чиққан олимлар илм-фаннинг ҳар соҳасида катта шуҳрат қозониб, Ватанга, элга, Ислом динига буюк хизмат қилиб ўтишди. Ана шундай улуғ алломалардан бири Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Суламий Буғий Термизийдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда буюк аждодларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, уларнинг таваллуд саналарини кенг нишонлаш, бой илмий-маънавий меросларини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни улуғ 

мутафаккир боболаримизга муносиб авлод сифатида улғайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу йил 19 августда қабул қилинган «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги41 Президент қарори мута- факкир бобомизнинг бой илмий меросини ўрганиш, у зотга муносиб авлод бўлишга ундайди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ Имом Термизийнинг «аш-Шамоил ал- Муҳаммадийя» ва «Сунани Термизий» асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаб нашр этиш белгилангани олимлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Имом Термизийнинг ҳадис илмига оид шоҳ асари «Ал-Жомиъус саҳиҳ» асарида минглаб ҳадислар жамланган. Бу асар «Ал-Жомиъус саҳиҳ» («Саҳиҳ тўплам»), «ал-Жомиъул кабир» («Катта тўплам»), «Саҳиҳут Термизий» («Термизий саҳиҳ ҳадисларга оид китоби»), «Сунани Термизий» («Термизийнинг суннатларга оид китоби») каби номлар билан ҳам аталади42.

Имом Термизийнинг ушбу асари ҳадис тўпламларида мавжуд барча масалаларни ўз ичига олгани боис «ал-Жомиъ» («Жамловчи») номи билан ҳам танилган. «Ал-Жомиъ» китоблари ақида, тафсир, диний қонун-қоидалар, ижтимоий ва шахсий ахлоқ мезонларига доир ҳадисларни қамраб олади.

Асарнинг «Сунани Термизий» деб аталишининг асосий сабабларидан бири – унда фиқҳ (ислом ҳуқуқи) масалаларига доир ҳукмларга оид ҳадислар жуда кўп келтирилган. Шу билан бир қаторда асарда имон, Қуръон тафсири, Қуръон фазилатлари, сийратлар, дуолар, таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж, жаноза, никоҳ, савдо-сотиқ, қурбонлик, либос, таомлар, ичимликлар, хайр- эҳсон ва саховат, табобат, фарзлар, жаннат ва жаҳаннам сифатлари, илм, изн сўраш, панд-насиҳат, одоб-ахлоқ ва бошқа мавзуларда ҳам ҳадиси шарифлар мавжуд.

Абу Исо Термизий «Сунан» асарини алоҳида бобларга бўлади. Мана шу боблар асарда сарлавҳа тарзида бўлиб, бобга доир ҳадислар бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалайди. Ушбу бобга (мавзуга) доир масала бўйича муаллиф бир қанча ҳадисларни келтиради, сўнг бу масала юзасидан бошқа уламо ва фақиҳларнинг фикрларини ҳам тартиб билан баён этади. Кейин ривоят қилинган ҳадиснинг саҳиҳ, ҳасан, заиф ёки ғариблиги даражасига ўз 

муносабатини билдиради. Шундан сўнг ҳадис ровийлари, санадлари ва санаднинг ўз ичига олган иллатлари хусусида ўз фикрини билдиради.

Имом Термизийнинг «Сунани Термизий» асари барча учун ўқишли, тушунарли китоб экани билан алоҳида аҳамият касб этади. Мисол учун, Шайхул Ислом Абу Исмоил Ансорий мазкур асар ҳақида ёзади: «Мен учун унинг (Термизийнинг) китоби Имом Бухорий ва Имом Муслим китобларидан кўра фойдалироқдир. Чунки Имом Бухорий ва Имом Муслим асарларидан фақат теран илмли мутахассисларгина истифода этади. Имом Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин»43.

Ҳақиқатан, Имом Термизий ўз асарларини оммабоп қилиб ёзган. Шу боис «Сунани Термизий» асари бошқа ҳадис китоблари орасида ўзига хос хусусиятга эга. Ушбу асарнинг бошқа ҳадис китобларидан ажралиб турадиган энг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтсак.

Аввало, «Сунани Термизий» «Кутуби ситта», яъни олти ишончли тўпламдан тўртинчи мўтабар манба ҳисобланади. Имом Термизий ҳар бир бобда шу бобга доир ҳадисларни зикр қилгач, мавзуга тегишли ҳадисларни ривоят қилган саҳобаларнинг исмларини санаб ўтади. Шу хусусият туфайли

«Сунани Термизий» асари мавқеи ошган.

Имом Термизий каби барча ҳадисларни санадлари ва матнлари билан тахриж қилмоқ, яъни асослаб юзага чиқармоқ катта меҳнат талаб қиладиган машаққатли ишдир.

Иккинчиси, Имом Термизий фиқҳий масалаларда фақиҳларнинг сўзларига, фикр ва қарашларига кўп бора мурожаат қилади, далилларга ишора этиб, худди ўша масалада бир-бирига зид ҳадисларни шарҳлайди. Зотан, ҳадис илмининг асосий ғояси ва мақсади истидлол, яъни далил келтириш ҳамда уларга нуқсонсиз эргашиш ва амал қилиш учун асос бўладиган ҳадисларни аниқлаб тайин этишдир.

Учинчиси, Имом Термизий ҳадислар таълилига жуда катта эътибор қаратади. Ҳар бир ҳадиснинг саҳиҳ ва заифлик даражасини аниқлайди. Ҳадиснинг иллатлари, ровийлар ҳақида батафсил ва аҳамиятли изоҳлар беради. Имом Термизийнинг бу борада амалга оширган ишлари орқали ҳадис илми қоидаларининг, айниқса, таълил илмининг амалиётга татбиқи намоён бўлади44.

Шу боис Имом Термизий ўз китоби ҳақида бундай деган: «Бу китобни тасниф қилганимдан кейин уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим 

этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапираётгандек бўлади»45.

Аллома Тошкўпризода ҳам «Сунани Термизий»га жуда чиройли таъриф берган: «(Муҳаммад ат-Термизий) ҳадис илми соҳасида бир қанча асарлар тақдим этди. Унинг ушбу «ал-Жомиъус саҳиҳ» («Сунан») китоби бу асарлар орасида фойдаси энг кўп, тартиби энг ихчам, такрори энг оз асардир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар бор:

– мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинган;

– саҳиҳ, ҳасан ва заиф деб, ҳадис турлари аниқ белгиланган;

– шарҳ ва таъдилга (қиёслаб тўғрилашга) ўрин ажратилган;

– китоб охирида иллатларга оид махсус бир бўлим илова этилган, хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамлангандир. Китобни мутолаа қилган кишилар бунга тан берадилар».

Мен буюк алломаларимизнинг асарларини ўқиб, ҳайрону лол қоламан. Улар 10-11 аср муқаддам бугунгидек компютер технологиялари бўлмаган даврда шам ёруғида шундай китоблар таълиф қилиб кетишганки, биз бугун улардек китоблар ёзиш у ёқда турсин, ҳатто уларнинг асарларини ўқишга ҳам улгурмаяпмиз.

Муҳтарам Президентимизнинг «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорлари буюк аждодларимизнинг бой илмий меросларини ўрганиш, асарларини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга замин яратади, иншааллоҳ.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов,

Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

2024 йил 17-18 октябр кунлари Термизда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман мақолалари тўплами

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Муҳаммад ибн Исо Термизий. Сунан. – Байрут – Ливан: Дорул кутубил илмия, 1973. 784 б.
  2. Муҳаммад Соҳил Сулламий. Китобатут тарихил исломий. – Макка, 1998. 344 б.
  3. Сунани Термизий. – Байрут: Рисола, 2020. 488 б.
  4. Шамсиддин Заҳабий. Тазкиротул ҳуффоз. 2-жилд. – Ҳайдаробод. Мажлис доиратил маъориф ан низомия, 1915. 1403 б. 
  5. Нуриддин Итр. Ал-Имам ат-Термизий вал мувазанату жомиъиҳи ва байна саҳиҳайн. – Дамашқ: Дорул басоир, 2014. – 576 б.
  6. Саййид Абдулможид Ғоврий. Муъжамул мусталаҳотил ҳадисия. – Дамашқ: Дору ибн Касир, 2012. – 893 б.
  7. Аминов Ҳ. Исмоилов М. Абиев Ҳ. Абдуллаев Б. Сунани Термизий шарҳи. 2-ж. – Тошкент: Ирфоннашр, 2021. 396 б.
  8. уза.уз/уз
  9. //ар.wикипедиа.орг/wики

41 //уза.уз/уз/постс/имом-термизий-таваллудининг-1200-йиллигини-кенг-нишонлаш-тогрисида_626465

42 //ар.wикипедиа.орг/wики.

43 Нуриддин Итр. Ал-Имам ат-Термизий вал мувазанату жомеиҳи ва байна саҳиҳайн. Димашқ: Дорул басоир, 2014. – Б. 576.

44 Муҳаммад ибн Исо Термизий. Сунан. – Байрут – Ливан: Дорул кутубил илмия, 1973. – Б. 784.

45 Сунани Термизий. – Байрут: Рисола, 2020. – Б. 488.

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика