
Охирги йилларда юртимизда диний соҳада олиб борилган изчил ислоҳотлар улкан аҳамиятга эга бўлмоқда. Улар муҳим бир жиҳатга эга бўлиб, нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсда таъсир кучига эгадир. Зеро, охирги йилларда ташкил этилган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро-илмий тадқиқот марказлари, Ислом сивилизатсияси маркази ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси каби ташкилотларда муҳим масала – тарихда Мовароуннаҳр деб аталган юртимиз олимларининг асарлари чуқур тадқиқ этилмоқда. Бунда икки муҳим нуқта бор:
Биринчиси, илгарилари биз алломаларимизнинг фақат номларини қайд этиш, ҳаёт фаолиятларинигина қисман ўрганиш билан чекланар эдик. Бугун эса ушбу марказлар улар ижодини бевосита ўрганиб, чуқур тадқиқ этишмоқда.
Иккинчиси, юртимиз алломалари асарлари нафақат Ватанимиздаги, балки дунё миқёсдаги диний муҳитни соғломлаштиришда улкан аҳамиятга эга саналади. Зеро, охирги вақтларда Мовароуннаҳр илмий мактабининг ҳозирги кундаги Ислом дунёсидаги ихтилофларни ечишдаги ўрни ва аҳамияти бот-бот таъкидланмоқда. Ҳатто шундай фикрлар ҳам янграмоқдаки, Мовароуннаҳр алломалари меросининг тадқиқи – бугунги кундаги муаммоларнинг асосий ечимларидан бири саналади.
Шунинг учун бугунги кунда диний соҳа олимлари олдида турган улкан вазифалардан бири нафақат она тилимизда, балки жаҳон миқёсда дунё тилларида аждодларимиз меросини ва уларнинг асл мазмунини халқаро жамоатчиликка тақдим этиш саналади. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа турдош ташкилотларда ҳам ушбу йўналишда ишлар бошлаб юборилгани ва маълум натижаларга эришилгани диққатга сазовор. Имом Термизий марказида Ҳаким Термизийнинг “Баҳрут-тафсир”, Имом Мотуридийнинг “Китот ат-тавҳид” каби асарларнинг араб тилида нашр этилгани сўзимизнинг далилидир.
Бугунги кунда жаҳолатга қарши маърифат ғояси глобал аҳамият касб этмоқда. Зеро, кунимиздаги низо ва ихтилофлар фақат куч ёрдамида ечишга уринилиши дунё миқёсда кузатилмоқда, нафақат кузатилмоқда, балки кун сайин кучайиб бормоқда. Бундай вазиятда эса низо фақат кучайиб борса борадики, камаймайди.
Ҳўш, жаҳолат нима? Ҳаким Термизий ўзининг “Нафс одоби” асарида дейдики, нафс зулмати – жаҳолатдир. Бунинг мазмуни шуки, киши маълум зарурий нарсаларни ўз фикрига таяниб, фақат ҳавойи нафсига мослаб тушунса ва талқин қилса, бу фикр ва ғоя жаҳолатга айланади. Олимларга эргашилса ва илмий қоидаларга риоя этилган ҳолда иш олиб борилса, бу маърифат бўлади. Шунингдек, маърифат илмдан кўра ҳам юқорироқ тушунча бўлиб, у нарсалар ҳақиқатини нафақат англаш, балки юрагида ҳис қилиб, сезмоқ ва топмоқдир.
Ҳали Суқрот ўз давридаёқ бу масалага шундай қараган: маърифат – ҳақиқатлар маърифати бўлиб, бу энг олий саодат. Ҳеч ким ўз иродаси билан ҳақдан четланмайди ва агар унда ҳақиқатни англаш маърифати бўлса, ботилни ихтиёр қилмайди. Инсон маърифат яъни англашда ноқис бўлсагина, хатога кетади. Бу унинг яхшиликдан жоҳил бўлгани туфайли юз беради. Аслида эса ориф ҳакимнинг бир ўзи яшаса ҳам бахтли, ҳам фозилдир. Шунинг учун маърифат – инсон учун энг олий ғоядир. Айнан олганда, унинг ўзи яхшилик ва фазилатдир. Умуман, Суқротнинг қараши шуки, “дунёда биргина яхшилик бор – илм-маърифат ва фақат биргина ёмонлик бор – жаҳолат”.
Муҳосибий ҳам “Одобун нуфус” асарида маърифатни асл санайди ва яхшиликлар маърифат миқдорига кўра, ёмонликлар эса унинг нуқсони миқдорига кўра бўлишини айтади. Яна у дейдики, “Мен амалинг озлигидан эмас, маърифатинг озлигидан қўрқаман”.
Шу кунларда Президентимиз фармони билан ташкил этилган ва ўз фаолиятини бошлаган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳам юртимиз тасаввуф мактабининг олтин силсиласини ташкил этган хожагон-нақшбандия пиру муршидларининг барча даврлар учун долзарб ғояларини ўрганиш ва тарғиб қилиш орқали тегишли соҳадаги маърифатимизни теранлаштиршига хизмат қилади.
Жўрабек Чўтматов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)