
Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот марказида “Имом Термизий илмий меросининг ислом сивилизатсиясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман давом этмоқда.
Унда дунёнинг ўнга яқин давлатидан дин арбоблари, нуфузли таълим муассасалари олимлари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёйевнинг халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табриги ҳам анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Туркиядаги Бурса Улудағ университети илоҳиёт факултети профессори, доктор Салиҳ Чифт бу ҳақда шундай дейди:
– Президент Шавкат Мирзиёйев жанобларининг юртингизда яшаган ислом дини буюк алломалари ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиб, тадқиқ этишга қаратаётган юксак эътибори таҳсинга сазовордир. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар бугунги анжуман қатнашчиларига йўллаган табригида ҳам ўз ифодасини топганини кўрдик. Ўзбекистон қадимдан муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган гўша сифатида ҳам маълуму машҳур. Мазкур анжуман эса Имом Термизий ва Ҳаким Термизийдек буюк зотларни камолга етказган қадимий шаҳарда ўтказилаётгани билан янада аҳамиятли бўлмоқда. Мен бундан 25 йиллар муқаддам Ҳаким Термизий ҳаёти ва илмий изланишлари ҳақида тадқиқот олиб борганимда Термизга келиш тўғрисида кўп ўйлаганман. Аслида ҳам ул зотларни чуқур англаш учун албатта, бу заминга келиш керак экан.
Бизда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб алломалар, жумладан, Имом Термизийнинг бебаҳо меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, муқаддас хотирасини эъзозлаш, табаррук қадамжоларини обод этиш юзасидан катта ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида муаззам ёдгорлик мажмуаси барпо этилгани, Термиз шаҳрида ул зотнинг табаррук номи билан аталган халқаро илмий-тадқиқот маркази, ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Ислом институти ташкил этилганини кўрдик.
Президентингиз табригида ислом тинчлик, эзгулик, илм-маърифат дини эканига эътибор қаратилганини қалбан ҳис этдик.