КАЛОМ ИЛМИ МАНБАЛАРИДА «ИМОН»ГА БЕРИЛГАН ТАЪРИФЛАР: ИХТИЛОФ ВА ТАЛҚИНЛАР

by Matbuot xizmati
17 👁️

Аннотатсия. Мазкур мақолада «имон» тушунчаси ҳанафийлик ва мотуридийлик қарашларига таянган ҳолда ёритиб берилган. Шунингдек, тадқиқотчи олимларнинг маълумотларидан келиб чиқиб, «имон» сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноси кўрсатиб берилган.

Калит сўзлар: имон, тоат, қалб маърифати, калом илми, амал, ажал, ризқ, гуноҳ, солиҳ амаллар.

Абстраcт. Тҳис артиcле эхплаинс тҳе cонcепт оф “фаитҳ” басед он тҳе виеwс оф Ҳанафисм анд Мутуридисм. Алсо, басед он тҳе информатион оф ресеарч сcиентистс, тҳе диcтионарй анд терминологиcал меанинг оф тҳе wорд “фаитҳ” ис шоwн.

Кейwордс: фаитҳ, обедиенcе, энлигҳтенмент оф тҳе ҳеарт, кноwледге оф тҳе wорд, аcтион, деатҳ, сустенанcе, син, ригҳтеоус деедс.

Эътиқодий масалалар, хусусан, калом илми доирасида қизғин муҳокама қилинадиган имон, зот ва сифат, амал, ажал, ризқ каби масалалар азалдан алоҳида эътибор билан муҳокама қилинадиган мавзулар ҳисобланган. Чунки тарихан мазҳаблараро ихтилофлар, алалоқибат, қонли тўқнашувларга айланиши асосан айни шу соҳа туфайли кузатилган. Диндаги илк тафриқаланиш имон мавзуси доирасида юз бериб, у такфир – мусулмонларни куфрда айблаш шаклида ривожланди.

Умуман, замонавий деструктив ҳаракатлар, экстремистик қарашлар қайсидир кўринишда ўрта аср оқимлари, айниқса, хорижийлик ва муътазилийлик ғоялари таъсирида вужудга келган. Шунинг учун «имон» мавзусини атрофлича ўрганиб чиқиш, уни аҳли сунна вал жамоа талқинида баён қилиш ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.

«Имон» сўзининг луғавий маъноси борасида ХИИ-ХИИИ аср Мовароуннаҳр мутакаллимларидан Абу Муъин Насафий (ваф. 508/1114), Абу Сано Маҳмуд ибн Зайд Ломиший (ваф. ВИ/ХИИ аср биринчи ярми), Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий (ваф. 552/1157), Жалолиддин Умар ибн Муҳаммад Хаббозий (ваф. 691/1291), Шамсиддин Самарқандий (ваф. 705/1305), Абу Баракот Насафий (ваф. 710/1310), Ҳусомиддин Ҳусайн ибн Али Сиғноқий (ваф. 714/1314) каби олимлар баҳс юритганлар. Бироқ Саффор Бухорий (ваф. 534/1139), Али ибн Усмон Ўший (ваф. 575/1179), Абу Бакр Косоний (ваф. 587/1191), Нуриддин Собуний (ваф. 580/1184), Абу Муҳаммад Рукниддин Убайдулло ибн Муҳаммад Самарқандий (ваф. 701/1301)лар ўзларининг ақида илмига оид асарларида «имон» сўзининг луғавий маъносига тўхталмаганлар15.

Бундан маълум бўладики, олимларнинг айримлари ўзларининг ақида соҳасига бағишлаган асарларида «имон» сўзининг луғавий маъносига тўхталиш орқали, унинг истилоҳий маъноси билан боғлиқлик жиҳатини кўрсатиб беришга уринган бўлсалар, бошқа олимлар унинг фақат истилоҳий маъносини айтиш билан чекланишган.

«Имон» сўзининг истилоҳий таърифи борасида тарихда турли қарашлар илгари сурилган. Жумладан, Имом Молик (ваф. 179/795), Имом Шофиъий (ваф. 204/820), Имом Авзўий (ваф. 157/774) ва муҳаддислардан Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/855), Исъҳоқ ибн Роҳавайҳ (ваф. 238/853), Суфён Саврий (ваф. 161/778), Довуд ибн Али Исфаҳоний (ваф. 270/884), мутакаллимлардан Ҳорис ибн Асад Муҳосибий (ваф. 243/857), Абул Аббос Қалонисий (ваф. ИХ асрнинг боши), Ибн Али Сақафий (ваф. 328/940), Ибн Ҳазм Андалусий (ваф. 406/1064): «Имон – қалб маърифати, тил иқрори ва арконларга амал қилишдир», деганлар16.

Абу Баракот Насафий мазкур олимларнинг имонга берган таъриф- ларидаги «қалб маърифати» ибораси ўрнига «қалб тасдиғи» атамасини қўллаган17. Лекин салафлар ўз даврида «қалб маърифати» билан «қалб тасдиғи»ни синоним маънода талқин қилганлар. Кейинги даврга келиб, у икки ибора ва атама орасида фарқланиш юзага келган. Жумладан, жаҳмийларнинг имонга берган таърифида айни шу фарқни инобатга олиш керак бўлади. Бу аҳли сунна вал жамоага мансуб олимлардан бир гуруҳининг қарашидир.

Аҳли сунна вал жамоадан ажралиб чиққан илк оқимлардан хорижий ва муътазилийлар: «Имон – қалб тасдиғи, тил иқрори ва арконларга амал қилишдир», дейишган. Хорижийлик ва муътазилийлик оқими орасида имон таърифида бироз фарқ мавжуд. Жумладан, хорижийлар барча тоатни – имон, маъсиятни – куфр ҳисоблашади.

Балоғатга етган кишидан тоат ҳам, маъсият ҳам содир бўлса, у мўмин эмас, кофир бўлади, дейишади. Аксарият муътазилийлар: «Имон нафл ва фарз ибодатларнинг мажмуасидир», дейишган. Уларнинг баъзилари «имон фақат фарз ибодатларни ўз ичига қамраб олади», деб таъкидлашган18.

Умуман олиб қараганда, хорижийлар гуноҳи кабира қилган кишини кофир, муътазилийлар эса, уни манзилатун байнал манзилатайнда қолишини айтишган.

Калом олимлари, аввалбошда, имоннинг шартлари бўйича бир-бирини инкор қиладиган қарашларни илгари сурдилар. Асли мужассимий – Аллоҳга жисм мансуб қилувчилардан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Карром (806-869) номи билан боғлиқ карромийлик ақидасига кўра, имон – тасдиқсиз фақат иқрорнинг ўзи19. Бунда қалб тасдиғи шарт қилинмайди. Улар ўзига «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса, жаннатга киради», деган ҳадиснинг зоҳирий маъносини далил қилиб келтиради.

Унга раддия билан чиққан ҳидоят байроғи (аламул ҳудо), мотуридийлик ақида мазҳаби асосчиси Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (870-944) имон ягона, яъни қалб билан тасдиқлашдан иборат эканини таъкидлаган. Унинг далили Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари хабари ҳақидаги оятга асосланади: «Рост гапирсак ҳам, (барибир) Сиз бизга ишонувчи эмассиз» («Юсуф», 17. –Б. 237). Бундан айтилган гапни тасдиқламаслик мақсад қилинган ва тил иқроридан қалб тасдиғи афзал ва бирламчи экани таъкидланган20.

Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича, Абу Мансур Мотуридий наздида имон фақат қалб билан тасдиқлашдан иборат бўлган. Аллоҳ таоло Моида сураси 6-ояти, Бақара сураси 183-оятида бандаларга намоз ўқиш ва рўза тутишни буюришдан аввал «имон келтирганлар», дея мурожаат қилган. Бу эса имон амаллардан алоҳида эканини англатади21.

Шофиъийлик фиқҳи мазҳаббошиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий (767-820) наздида, «Имон – тил иқрори, дил тасдиғи ва фарзларга амал». Унга кўра, фарзларни бажариш имондан, яъни амал имон шартларидан ҳисобланади. Унинг далили «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган…» («Бақара», 177. –Б. 27) оятига асосланади22.

Ҳанафий-мотуридий таълимотида амал имоннинг таркибий қисмига кирмайди. Шунинг учун қуйидаги ояти каримада Имон келтирган бандаларни ҳали намоз ўқишларидан олдин «мўмин» деб номланмоқда: «(Ей, Муҳаммад), имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни мукаммал адо этсинлар» (Иброҳим сураси, 31-оят). Бошқа оятда шундай дейилган:

«Ей, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз» (Моида сураси, 6-оят).

Юқоридаги қарашларнинг хулосаси шундаки, имоннинг дунёвий ва ухровий жиҳати бор:

– Дунёвий жиҳатга имон калимасини тил билан иқрор қилишнинг ўзи кифоя қилади.

– Ухровий жиҳатга кўра, унинг етти хил талқини бор. Шундан бештаси ботил таълимотларга оид бўлса, қолган иккитаси аҳли сунна вал жамоага тегишлидир:

Биринчиси, хорижийларнинг таълимотига биноан «имон – қалб тасдиғи, тил иқрори ва рукнларга амал қилиш». Хорижийлик тарафдорлари мўмин гуноҳи кабирани содир қилиши билан исломдан чиқиб, кофирга айланади.

Бу ислом таълимотига мутлақо зид. Чунки саҳобалар, тобеинлар, салафи солиҳлар ва барча мусулмонлар «қалбида заррача ёки хардал23 донича имони бор киши дўзахда абадий қолмайди», деб иттифоқ қилишган.

Яна улар Пайғамбаримизнинг шафоати гуноҳи кабира қилган мўмин- ларга тегишли бўлади, дейишган. Зеро, ҳадисда «Шафоатим гуноҳи кабира қилган (мўмин-мусулмон)ларга», дейилган. Бошқа ҳадисда эса, шундай де- йилади: «Имондан зарра мисқолича қалбида бўлган киши дўзахда қолмайди». Абу Зарр Ғифорийдан нақл қилинган ривоятда: «Зино қилса, ўғирлик қилса ҳамми?» дейилган.

Бу шу нарсага далолат қиладики, гуноҳи кабирага қўл урган киши комил мўмин бўлмаса-да, белгиланган жазони олганидан кейин, албатта, дўзахдан чиқади.

Иккинчиси, муътазилийлар имонга хорижийлар каби таъриф берган бўлишса-да, бироқ муътазилийликда гуноҳи кабира қилган киши то тавба қилмагунича икки манзил орасида бўлади. Уларнинг нигоҳида дўзахнинг икки даражаси орасида яна бир даража бор. Бу имон билан куфрнинг орасида яна битта манзил бўлгани каби. Ундан на холис кофир ва на холис мўмин жой олади. Балки, у гуноҳи кабира қилган кишининг манзилидир.

Учинчиси, жаҳмийлар, хусусан, Жаҳм ибн Сафвон таълимотига кўра, киши мўмин бўлиши учун қалб маърифатининг ўзи кифоя қилади. Яъни имон маърифатдир. Уларнинг нигоҳида, киши мўмин бўлиши учун тил иқрори ва арконларига амал қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ.

Жаҳмийлар илгари сурган қараш тўғри бўлса, барча аҳли китоблар, шунингдек, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини илми ва ақли билан эътироф этган бўлса-да, имонни қабул қилмаган – ҳокимиятни ҳидо- ятдан устун билган Византия императори Ҳирақл И (ваф. 641) ва Абу Толиб Абд Манноф ибн Абдул Мутталиб ибн Ҳошим Қураший (549, Макка – 619, Ҳижоз)24 ҳам мўмин бўлиши керак бўлади. Бу эса хато.

Тўртинчиси, муржиийлардир. Улар: «Имон фақат тасдиқдан иборат бўлиб, куфр билан тоат таъсир қилмагани каби имон билан маъсият кор қилмайди», дейишади.

Бешинчиси, карромийлик таълимотига кўра, имон фақат тил билан иқрор қилишдир. Уларнинг имонга берган таърифига кўра, мунофиқлар ҳам мўмин-мусулмон бўлиб қолади. Чунки мунофиқлар тили билан имон келтирган, аммо қалбидан тасдиқламаган бўлади.

Олтинчиси, Абу Ҳанифа, Имом Мотуридий, Абу Ҳасан Ашъарий ва жумҳур мутакаллимларнинг имонга берган таърифидирки, унга кўра, имон фақат қалб тасдиғидан иборат.

Бунда тил иқрори ҳукмларни жорий қилиш учун шарт. Амал эса комил имоннинг шартидир. Бироқ бу иккиси имоннинг таркибий қисми эмас. Бу қарашга кўра, имон яхлит нарса бўлиб, у бирор нарсадан таркиб топмаган.

Еттинчиси, уч мазҳаб имомлари ва жумҳур муҳаддислар наздида имоннинг таърифи шундай: «Имон – қалб тасдиғи, тил иқрори ва арконларга амал қилиш». Бу ва ундан олдинги қараш вакиллари аҳли сунна вал жамоа тоифаси дейилади. Улар орасидаги мазкур фарқ ҳақиқий эмас, балки лафзийдир.

Умуман, аҳли сунна вал жамоадан бири «имон ҳеч нарсадан таркиб топмаган» деса, иккинчиси «имон уч нарсадан таркиб топган» дейди. Яъни ҳанафийлар ва жумҳур мутакаллимлар имон мураккаб бўлмаган нарса дейишса, уч мазҳаб имомлари ва жумҳур муҳаддислар имон уч нарсадан таркиб топган, дейишади. Жумладан, Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳи Бухорий» асарида имон уч қисмдан иборат эканига далилларни жамлаган.

24 Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиси ва ҳимоячиси, Абдул Мутталибнинг иккинчи ўғли, тўртинчи халифа Алининг отаси. Қурайш қабиласининг раҳнамоси. Қурайш улуғлари ўртасида Муҳаммад алайҳиссаломни доим ҳимоя қилган бўлса-да, исломга кирмаган – «Абдул Мутталиб динида» қолган. Ушбу муносабат билан «Тавба» сураси 113 (На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам – уларнинг дўзах аҳли эканлари маълум бўлгандан кейин – истиғфор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас) ва «Қасос» сураси 56-ояти (Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз) нозил бўлган.

Уч мазҳаб имомлари ва жумҳур муҳаддисларнинг имонга берган таърифи зоҳирий жиҳатдан муътазилий ва хорижийларнинг таърифига ўхшайди. Аммо бу фақат лафзий ўхшашликдир.

Моҳият жиҳатидан шофиъийларнинг қараши муътазилий ва хорижий- ларнинг қарашидан тубдан фарқ қилади. Чунки муътазилий ва хорижийларда имоннинг мазкур уч унсуридан бири топилмаса, киши мўмин ҳисобланмайди. Аниқроқ қилиб айтилса, уларнинг таълимотига кўра, амалларни тарк қилган киши абадий дўзахда қолади.

Шунингдек, ҳанафий ва жумҳур мутакаллимларнинг имонга берган таърифи зоҳирий жиҳатдан муржиийларнинг талқинига ўхшайди. Аммо бунда ҳам ўхшашлик фақат лафзий, холос. Чунки икки қараш вакилларининг сўзлари бир-биридан моҳият жиҳатидан фарқ қилади.

Ҳанафийлар ва жумҳур мутакаллимлар амални зарурий деб билишиб, уни тарк қилган кишини фосиқ ҳисоблайди. Муржиийлар эса: «Мўминга амаллар таъсир қилмайди», деб эътиқод қилишади.

Имонга берилган таърифнинг зоҳирий ўхшашлигидан келиб чиқиб, уч мазҳаб имомлари ва жумҳур муҳаддисларни муътазилийларга ҳам, хори- жийларга ҳам ўхшатиш мумкин эмас.

Худди шунингдек, ҳанафий ва жумҳур мутакаллимларни, уларнинг имонга берган таърифидан келиб чиқиб, муржиийларга ўхшатиш ҳам хато бўлади.

Умуман, ҳанафийлар имонни қалбий тасдиқдан иборат бўлиб, яхлит, яъни мураккаб бўлмаганини тушунтиришади. Ҳанафий уламоларнинг далили қуйидаги оятдан олинган: «Албатта, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир» (Каҳф сураси, 107-оят).

Қуръони каримнинг баъзи ўринларида имонга солиҳ амал атф (боғловчи) ҳарфи билан боғланган. Араб тили қоидасига кўра, атф муғояратни, яъни отиф билан маътуфнинг бир-биридан бошқа-бошқа нарса, турфа эканини тақозо қилади. Шу тариқа амал билан имон бошқа-бошқа экани исботланади.

«Еркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз» (Наҳл сураси, 97-оят).

Шу каби оятларда амалларнинг қабул бўлиши учун имон шарт қилинган. Демак, имон шарт, амал эса машрут (шартга боғлиқ қилинган) нарсадир. Араб тили қоидасига кўра, шарт билан машрут бошқа-бошқа нарса ҳисобланади.

Солиҳ амаллар – намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқалар имоннинг таркибий қисми ҳисобланмайди. Яъни киши фарзларни бажармаслигининг ўзи билан диндан чиқиб қолмайди.

Яхши амаллар имоннинг жилваси бўлиб, улар орқали у зийнатланади ва равнақ топади. Натижада, банданинг имони комил бўлади. Бунга Қуръо-ни каримдан қуйидаги оят далил бўлади: «Имон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат – жаннат бордир» (Раъд сураси, 29- оят).

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа «Васият» номли китобида айтади:

«Шунингдек, амал имондан алоҳида, имон ҳам амалдан алоҳидадир. Бунинг далили шуки, баъзан мўминдан амаллар вақтинчалик соқит бўлиб туради. Лекин ундан имон соқит бўлади, деб бўлмайди.

(Масалан) ҳайзли аёлдан намоз соқит бўлади. Лекин ундан имон соқит бўлди ёки унга имонни тарк қилиш буюрилган, дейиш мумкин эмас»25.

Мотуридийлик эътиқодига кўра, амаллар имоннинг бир бўлаги, ёки рукни эмас. Шу сабабли ҳар қандай фарзни (инкор этмаган ҳолда) тарк этган киши диндан чиққан – кофир бўлиб қолмайди. Бунинг далилларидан бири:

Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом даврларида Абдуллоҳ исмли киши бўлиб, унинг лақаби «химор»26 эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдирар эди. У Зот уни ичгани учун дарра урдирган эдилар. Бир куни у яна шу ишни қилди ва унга дарра уришни амр қилдилар. Қавмдан бир киши: «Аллоҳим, уни лаънатлагин, у қандоқ ҳам кўп ичади», деди. Шунда Набий алайҳиссалом дедилар: «Уни лаънатламанглар, Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва унинг Расулини яхши кўради»27. Кўриниб турганидек, қайтарилган амални содир қилгани билан Абдуллоҳни кофир санамадилар, бошқаларни лаънатлашдан қайтардилар. Аксинча, унинг имонига ишора қилдилар. Шундан амал имондан ташқари экани маълум бўлади.

Моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳабларида солиҳ амаллар имоннинг таркибий қисми экани эътироф этилса-да, бироқ уларни тарк этиш имондан чиқишга эмас, балки имоннинг камолоти йўқолишига олиб келиши таъкидланади.

Айрим ҳадиси шарифларда амал имоннинг бир қисми эканини англатувчи маънолар мавжуд. Жумладан:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом хутба қилганларида: «Омонатсиз инсонда имон, аҳдсиз кишида дин йўқ», – дедилар»28.

Абу Умомадан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ғазаб қилса ва Аллоҳ учун бериб, Аллоҳ учун бермаса, у имонини камол топтирибди», деганлар»29.

Ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Омонатсиз кишида имон йўқ, аҳдсиз кишида дин йўқ. Муҳаммаднинг нафси изнида бўлган Зотга қасамки, банданинг дини тили тўғриланмагунича тўғри бўлмайди. Унинг тили қалби тўғриланмагунича тўғри бўлмайди. Қўшниси бавоиқларидан омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда: «Ей Аллоҳнинг Расули! Бавоиқ нима?» дедилар. У зот: «Унинг зулм- ситами», дедилар…» (Табароний ривояти).

Мазкур ҳадисларнинг барчасида комил имон ҳақида сўз бормоқда, яъни ушбу ҳадислар «омонатсиз кишида комил имон бўлмайди» деган маънони англатади.

Бошқа бир ҳадисда масжидга қўшни бўлиб яшайдиган инсоннинг намози фақат масжидда адо бўлиши таъкидланган. Ундан ушбу одамнинг уйида ўқиган намози қабул бўлмайди, деган маъно англашилмайди. Балки масжидга қўшни яшаган инсон масжидда ўқимай, уйида ўқиса, намози комил бўлмаслиги тушунилади.

Худди шунингдек, мазкур ҳадисларни «омонатсиз кишида комил имон бўлмайди», деб талқин қилиш лозим. Акс ҳолда, қўшнисига азият етказган ёки омонатга хиёнат қилган киши кофир бўлиши керак бўлиб қолади. Бундай бўлиши эса «чин қалбдан ла илаҳа иллаллоҳ, деб айтган киши жаннатга киради», деган мазмундаги диннинг асосини ташкил қилувчи ҳадиси шарифлар моҳиятига зиддир.

Имонга тегишли ҳадислар орасида, зоҳирий жиҳатдан муржиийларнинг қарашини қўллаб қувватлайдиган, яъни «имонли инсонга гуноҳ таъсир қилмайди» деган маънони зоҳиран ифодаловчи ҳадислар ҳам мавжуд. Жумладан, Расулуллоҳ алайҳиссалом Муъоз ибн Жабалга шундай деганлар:

«Ким «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммаднинг расули», деб чин қалбдан шаҳодат келтирса, Аллоҳ таоло уни дўзахга ҳаром қилади».

Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким

«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У яккаю ягона, шериги йўқдир. Муҳаммад унинг бандаси ва расулидир. Исо Аллоҳнинг бандаси, расули ва чўрисининг ўғли, Марямга ташлаган калимаси ва руҳидир. Жаннат ва дўзах ҳақ», деб шаҳодат келтирса, амали қандай бўлмасин, уни Аллоҳ таоло жаннатга киритади», дедилар»30.

Имом Муслимдан қилинган бошқа ривоятда шундай дейилган: «Расу- луллоҳ алайҳиссалом: «Ким «Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расули», деб гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади», дедилар».

Мазкур ҳадисларнинг маъносини ифодаловчи кўплаб ҳадислар, зоҳиран мўмин кишига амалнинг зарурати йўқ, деган маънони англатади. Лекин унинг муқобилидаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқиб, «чин қалбдан имон келтирган инсон қилган гуноҳларига яраша жазо олганидан кейин, албатта жаннатга киради, у ҳеч қачон дўзахда абадий қолиб кетмайди», деган хулосага келиши мумкин.

Имон мавзуси остида ўрганиладиган ва тадқиқ этиладиган масалалардан бири «Имон келтириш ақл асосида вожибми ёки нақл биланми?!» деган мавзудир. Нуриддин Собунийнинг «ал-Бидая» асарида шундай келтирилади:

«Аллоҳ таолога имон келтириш фарз, куфр келтириш эса ҳаромдир. Олимлар имоннинг ақл ёки нақл асосида вожиб бўлиши борасида ихтилоф қилганлар. Хусусан, ислом даъвати етиб бормаган ҳудудларда вафот этган киши31нинг тақдири борасида ҳам олимлар орасида турли қарашлар мавжуд. Шунингдек, сивилизатсия етиб бормаган ҳудудларда ўсиб, ислом етиб бормай, вафот этган кишилар узрлими ёки узрсизми? Фитратда яшаб ўтган кишилар борасидаги ихтилоф ҳам айни шундайдир»32.

Ботиний, рофизий, мушаббиҳа ва хорижийлар: «Ақл билан ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Имоннинг яхшилиги ва куфрнинг ёмонлигини ақл воситасида идрок этиш имконсиз. Бинобарин, улар шариат орқали билинади», дейди33.

Муътазилийлар наздида, «ақл имон келтиришни, неъмат берувчига шукр қилишни тақозо этади. Ақлнинг ўзи билан ҳукмлар собит бўлади»34.

Ашъарийлар «ақл билан бирор нарса вожиб ва ҳаром бўлмаслиги, бироқ унинг воситасида айрим нарсаларнинг хайрли ёки ёмон экани маълум бўли- ши»ни таъкидлашади. Имом Ашъарий наздида, мукаллафга юклатиладиган барча ҳукмлар нақл орқали олинади.

Ашъарийлар ва бир гуруҳ ҳанбалийлар: «Бу тоифа кишилар узрлидирки, уларнинг далил келтиришлари шарт эмас», дейди ҳамда қарашини «То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик» ояти (Қуръони карим. Исро сураси, 15-оят. – Б. 283) билан исботлайди35.

Абу Муин Насафий наздида, имон Аллоҳ таоло ҳидояти билан бан- данинг ишидир. Уни тил билан иқрор қилиб, дил билан тасдиқлаш бандадан, тавфиқ ва ҳидоят эса Аллоҳдандир.

Умуман, ҳозирги кунда «имон» масаласи мураккаблашиб, ақидапараст тоифаларнинг қуролларига айланиб қолмоқда. Чунки радикаллашган тоифа- лар ўз мақсадларини амалга оширишда амални имоннинг таркибий қисмига айлантириб, ислом аҳкомларига билиб-билмай амал қилмаган мўмин-му- сулмонларнинг қонини ўзларига ҳалоллаш учун «такфир» масаласини ўртага олиб чиқмоқда.

Бу эса Пайғамбаримиз олиб келган илоҳий мўтадил таълимот асос- ларига буткул зиддир.

Таҳлиллар асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

– Имон каломдаги тарихан энг ихтилофли масалалардан бўлиб, аҳли сунна олимлари билан бир қаторда уларнинг рақиблари ҳам мазкур мавзу доирасида баҳс юритганлар.

– Кўплаб тўғри ва ботил қарашлар зоҳиран ўхшаш бўлса-да, мазмунан тубдан фарқ қилади. Масалан, Имом Молик, Имом Шофиъий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва уларга эргашган алломалар билан хорижий ва муътазилий олимларнинг имонга берган таърифи шаклан ўхшаш: «Имон – қалб тасдиғи, тил иқрори ва амал қилиш». Аммо бу орқали хорижийлар гуноҳи кабирани содир қилувчи – кофир, муътазилийлар икки манзил ўртасида, дейди. Шофиъий уламолар эса катта гуноҳ содир қилганни исломдан чиқармайди. Улар гуноҳни имоннинг камолотига боғлашади. Яъни гуноҳ орқали имон эмас, унинг камолоти йўқолади.

– Ҳанафийлар, хусусан, Абу Мансур Мотуридийнинг таърифи зоҳирий жиҳатдан муржиийлар талқинига ўхшайди. Яъни имон тасдиқдир. Айни шу масала туфайли айрим тоифалар ҳанафийларни муржиийликда айблашади.

Лекин ҳанафийлар амални зарурий ҳисоблаб, уни тарк қилган фосиқ бўли- шини таъкидлайди. Муржиийлар эътиқодига кўра эса «мўминга амаллар таъсир қилмайди».

– Мотуридийлик эътиқоди, ҳақиқат қиличи Абу Муин Насафий қарашларига кўра, амал имон шартларидан ҳисобланмайди. Шунга асосан улкан гуноҳларни содир этган кимса имонда қолади – кофир ҳисоблан-майди. Улар таклиф қилган ғояга биноан тил иқрори – шариат ҳукмларни жорий қилиш, амал – комил имоннинг шарти ҳисобланади.

Демак, имон масаласини чуқур англаш, ҳанафийлик-мотуридийлик қа- рашларини таҳлилий идрок қилиш, керак бўлса, ҳимоя қилиш кўплаб эъ- тиқодий тушунмовчиликларга барҳам бериш, ихтилофларнинг олдини олишга ёрдам беради. Қолаверса, юртимизда азалдан қарор топган диний ва динлараро бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Иргаш Даминов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (РҳД)

2024 йил 17-18 октябр кунлари Термизда бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман мақолалари тўплами

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Байҳақий Абу Бакр. Ас-Сунанул кубро. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2003. – Ж. 4.
  2. Бухорий Саффор. Талхисул адилла ли қавоидит тавҳид // Анжлика Бродрсн таҳқиқи. – Байрут: Муассасатур Райён, 2011.
  3. Имом Абу Довуд. Ас-Сунан ли Аби Довуд. – Байрут: Дорул қибла, 2009. – Ж. 5.
  4. Имом Муслим. Ас-Саҳиҳул Муслим. – Байрут: Дорул жийл, нашр йили кўрсатилмаган. – Ж. 1.
  5. Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Ҳиндистон: Қадимий кутубхона, 1961. – Ж. 1.
  6. Косоний Алоуддин Абу Бакр. Ал-Муътамад минал муътақод // Энес Дурмуш, Муҳаммад ва Усман Дўган таҳқиқи. – Истанбул: Дате Публишед, 2021.
  7. Ломиший Абу Сано Маҳмуд ибн Зайд. Китобут Тамҳид ли қавоидит тавҳид // Абдулмажид Туркий таҳқиқи. – Байрут: Дорул ғарбил исломий, 1995.
  8. Мулла Алиюл Қорий. Шарҳу фиқҳил акбар / Али Муҳаммад таҳқиқи. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1995.
  9. Насафий Абу Баракот. Шарҳул Умда фи ақида аҳлиис сунна // Абдуллоҳ Муҳаммад ва Абдуллоҳ Исмоил таҳқиқи. – Қоҳира: ал-Мактабатул азҳария лит турос, 2011.

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика