ФОТОРЕПОРТАЖ

Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри ўзининг янги 90-ижодий мавсумини бошлади.
Мазкур театр 1935 йилда Жарқўрғон ҳаваскорлик театри негизида ташкил этилган. Ижодий жамоа кейинги йиллар давомида республика ва халқаро миқёсда ўтказилган “Андижон баҳори-2001”, “Дебют”, “Бойсун баҳори”, “Театр.уз-2012”, “Сени куйлаймиз, замондош”, “Еътироф”, “Баҳор нафаси”, “Халқаро бахшичилик санъати”, “Халқаро ҳунармандчилик”, “Халқаро мақом санъати” фестивалларида иштирок этиб совринли ўринларни қўлга киритиб келди.

Жамоанинг янги ижодий мавсуми ҳам кўтаринки кайфиятда ўзига хос ижодий ютуқлар билан бошланди. Мавсум очилиш маросимида кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкорлар, театр мухлислари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” давлат муассасасининг кириш қисмидаги фойеда театр тарихи, ижодий фаолиятини акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилиб, томошабинлар оркестр жамоасининг мусиқа садолари остида қарши олинди. Бу ерда ташриф буюрувчиларга театр тарихи ва бугунги ижодий фаолият ҳақида маълумотлар берилди.
Анъанага кўра, театр жамоаси бу йилги ижодий мавсумини маҳаллий драматург Шавкат Пардайев асари асосида саҳналаштирилган “Имом Термизий” спектакли билан бошлади. Спектаклда илгари сурилган ғоя, актёрларнинг ижро маҳорати иштирокчиларда катта таасссурот уйғотди.

Мазкур асар Имом Термизийнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини акс эттириб, унинг ислом илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини ёш авлод ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган. Ибратнамо жанридаги спектаклда Имом Бухорий образини маҳоратли актёр Абдуқодир Панжийев ижро этган бўлса, Имом Термизий образини Илҳом Рўзийев гавдалантирган.