Табиатни асраш инсонийлик бурчимиздир

by Matbuot xizmati
60 👁️

Ҳар биримиз учун табиат – ҳаёт манбайи ҳисобланади. Биз табиатдан нафас оламиз ва ундаги барча неъматлардан унумли фойдаланамиз. Табиатсиз инсон ҳаётини тасаввур этиш мушкул. Лекин айнан шу буюк неъматига нисбатан кўп одамлар бейеътиборлик қилмоқда, унинг аҳамиятини кам баҳоламоқда. Шундай экан, табиатни асраш ҳар бир инсоннинг инсонийлик бурчи эканини англаб етиш жуда муҳим.

Табиат – ер, осмон, дарахтлар, ҳайвонлар, сув, ҳаво ва умуман, атрофдаги барча табиий нарсалар — инсонларга Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат ҳисобланади.

Қуръони Каримда шундай дейилади:

“Йерни эса ёйиқ — кенг қилдик ва унда тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда мосланган турли-туман нарсаларни ундириб ўстирдик” (“Ҳижр” сураси, 19-оят).

Бу оятдан билиш мумкинки, Аллоҳ таоло ер юзида яратган ҳамма нарсани, ҳаттоки табиатни ҳам инсоннинг манфаати учун яратганини билишимиз мумкин. Табиат инсонларга Аллоҳнинг катта неъмати бўлиб, уни эҳтиёткорлик билан сақлаш ҳам катта савобдир. Ҳар бир дарахт, ҳар бир сув манбайи инсон ҳаётига хизмат қилади. Табиатдаги ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни бор ва уларсиз дунё мувозанатсизликка юз тутади.

Ҳозирги кунда дунёда табиатга етказилаётган зарарлар катталашиб, жуда катта хавф солмоқда. Ўрмонларни кесиш ва ёқиш натижасида нафас олиш учун зарур дарахтлар камаймоқда. Ўрмонларсиз ерлар қуриб қолади, сув манбалари камаяди, бу эса экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.

Сув манбалари ифлосланиши одамлар ҳаётига жиддий таҳдид солади. Тоза сувнинг камайиши ва ифлосланиши турли касалликлар, айниқса, болалар ўртасида соғлиқ муаммоларини кўпайтиради. Шунинг учун сувни муҳофаза қилиш ва исроф қилмаслик катта аҳамиятга эга.

Ҳавони ифлослантириш эса нафақат инсон соғлиғига, балки жамият фаровонлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Заводлар ва транспорт воситалари чиқиндилари ҳавога аралашиб, нафас олишни қийинлаштиради, бу ҳолат нафақат катта шаҳарларда, балки қишлоқ жойларда ҳам кузатилади.

Ҳайвонлар ва ўсимликларнинг табиий муҳитини бузиш эса кўплаб турларнинг йўқолишига олиб келади. Ҳар бир жонзот табиат мувозанатини сақлашда муҳим рол ўйнайди. Агар улар йўқолса, экотизимда катта бузилишлар юзага келади. Ҳайвонлар ҳам Аллоҳнинг мўжизавий яратилиши бўлиб, уларга ҳурмат ва муҳаббат билан қарашимиз керак. Ҳатто энг кичик жонзотлар ҳам табиат мувозанатини сақлашда муҳим рол ўйнайди.

Ҳайвонларга меҳр-шафқат билан муносабатда бўлиш ҳам зарур. Уларни ҳимоя қилиш, табиатдаги барча жонзотларга ҳурмат билан қараш инсониятнинг ахлоқий тамойилларидан бири бўлиши керак.

Ҳар биримиз ўз ҳаётимизда табиатни муҳофаза қилишга ҳисса қўшишимиз лозим. Бунинг учун қуйидаги оддий, лекин самарали ишлар билан бошлаш мумкин.

Аввало, чиқинди ташлашда масъулият билан ёндашишимиз керак. Атроф-муҳитни тоза сақлаш учун ҳар бир жойда чиқиндига эҳтиёткорлик билан қараш муҳим. Чиқиндиларни кўчаларга ёки атроф-муҳитга ташлаш эмас, албатта махсус ажратилган ахлат ташлаш пунктларига ёки контейнерларга ташлаш керак. Бу орқали атроф-муҳит ифлосланишининг олди олинади ва чиқинди материалларини қайта ишлаш учун шароит яратилади

Сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш жуда муҳимдир. Ҳар бир инсон сувни исроф қилмасликка доимий равишда ҳаракат қилиши лозим. Масалан, хонадонларда сувни тежаш учун махсус тежамкор кранлардан фойдаланиш керак, шу билан сув оқиб кетишининг олдини олиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, сувни тежаш орқали нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки келажак авлодлар учун ҳам соғлом ва барқарор муҳит яратишга ҳисса қўшамиз.

Ҳар бир хонадонда ва жамоат жойларида кўплаб дарахт экиш ва уларга ғамхўрлик қилиш жуда катта аҳамиятга эга.

Дарахтлар нафақат ҳавони тозалайди, балки атмосферадаги зарарли газларни камайтиради ва инсониятга тоза, соғлом ҳаводан нафас олиш имконини яратади. Бундан ташқари, дарахтлар тупроқнинг сувни сақлаш қобилиятини оширади, ернинг қуриб кетишининг олдини олади, сувни сақлашга ёрдам беради ва атроф-муҳитнинг мувозанатини таъминлайди. Аксинча, ифлос ва кир ҳаво эса инсоннинг нафас олиш тизимига салбий таъсир қилиб, соғлиқ муаммоларига сабаб бўлади. Шу боис дарахтлар экиш ва уларга ғамхўрлик қилиш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир.

Мактабларда, оилада ва жамоат жойларида табиатни асраш ҳақида таълим бериш керак. Ёш авлодга табиатни муҳофаза қилиш зарурлигини ўргатиш – келажак учун муҳим вазифадир.

Ёшларни табиатни асрашга жалб қилиш жуда муҳим. Мактабларда экологик тадбирлар, ўсимликларни сақлаш акциялари ва табиатни муҳофаза қилишга оид танловлар ўтказиш орқали уларнинг табиатга бўлган муҳаббати оширилиши мумкин.

Ёшлар табиатни севиши, уни асрашни ўз бурчи деб билса, келажакда улар яшайдиган муҳит тоза ва гўзал бўлади.

Табиатни муҳофаза қилишда энг асосий восита – бу тарбия ва маърифат. Ҳар бир оила, мактаб, жамоат муассасалари ва давлат ташкилотлари табиатга ғамхўрликни кучайтириши лозим.

Ҳар бир инсоннинг кичик ҳаракатлари умумий катта натижаларга олиб келади. Ҳар бир экишган дарахт, ҳар бир сақланган сув манбаи, ҳар бир ҳурмат билан қаралган ҳайвон – келажак учун муҳимдир.

Табиатни асраш – бу инсонийлик бурчи ва ҳар биримиз учун муқаддас масъулиятдир. Табиатга ғамхўрлик қилиш орқали биз нафақат бугунги ҳаётимизни, балки келажак авлодлар ҳаётини ҳам таъминлаймиз.

Шу сабабли, ҳар бир инсон ўз ҳаётида табиатни муҳофаза қилишга эътибор қаратиши зарур. Тоза ҳаво, тоза сув ва гўзал табиат келажак авлодларимизга қолиши – барчамиз учун энг муҳим бурчдир.

Олим Жўрайев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика