ШАРАФИ УЛУҒ ЗОТ

by Matbuot xizmati
90 👁️

Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсоният тарихида тутган улкан ўрни ҳеч кимга сир эмас. Комил инсон тушунчаси ўзининг энг юксак намунасида у зотда мужассам бўлгани маълум. У зотнинг сийрат ва сифатларини ўрганиш эса дин ҳақиқатини англашда асосий жонли ўрнак тимсоли саналади. Шунинг учун махлуқотларнинг энг афзали ҳам у зот ҳисобланадилар.

Шундан келиб чиқиб олимлар ижмо қилишганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг жасадлари аъзосини ўзида сақлаган жой Ернинг энг афзал қисмидир. Қози Иёз (Абул Фазл Иёз ибн Мусо Моликий, 476-544/1083-1149) ўзининг машҳур “Аш-Шифо би-таърифи ҳуқуқ ал-Мустафо” (Пайғамбар ҳақларини танитишда шифо) китобида (2/91, “Дор ал-кутуб ал-илмийя” нашри) дейди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам қабрлари ўрни Ернинг энг афзал ўрни эканлиги борасида (олимлар ўртасида) хилоф йўқдир”.

Аллома Самҳудий (Саййид Нуриддин Али ибн Абдуллоҳ Шофеъий, 844-912/1440-1506) “ал-Вафоул-вафо би-ахбари дорил-Мустафо” асарида (1/28-33, “Дор ал-кутуб ал-илмийя” нашри) дейди: “Дарҳақиқат, Пайҳамбар алайҳиссалом жасади шарифларини сақлаган ўрин афзаллигига ижмо собит бўлган, ҳатто у Каъбаи Шарифдан ҳам афзалдир. Пайғамбар алайҳиссалом аъзолари жойлашган ўриннинг афзаллиги борасидаги ижмони Қози Иёз нақл қилган. Худди шундай ундан олдин Абул Валид Божий ҳам буни сўзлаган бўлиб, бу ҳақда Хатиб Ибн Жумла айтган. Буни Абул Яман Ибн Асокир ва бошқалар ҳам нақл қилган ва уларнинг сўзида ҳам бу жойнинг Каъбаи Шарифдан афзаллиги очиқ айтилган. Тожиддин Субкийнинг Ибн Ақийл Ҳанбалийдан нақл этишича, бу ер аршдан ҳам афзалдир”.

Тож ал-Факиҳий дейди: “Олимлар шундай дейишган: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг аъзои шарифаларини ўзида сақлайдиган жой Ер юзининг мутлақ энг афзал жойидир, ҳатто Каъбанинг ўрнидан ҳам. Заркаший дейди: “Пайғамбар алайҳиссалом жасадлари аъзоларини ўз ичига олган жойнинг афзаллиги унинг у зот билан биргалиги сабабидандир. Шунинг учун бетаҳорат кишига Мусҳаф муқовасини ушлаш мумкин эмас” (яъни бу муқовани у Мусҳаф билан биргалиги туфайли бетаҳорат ушлаш мумкин эмас).

Сўнг яна шундай дейди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг қабрларига тушувчи раҳматлар ва баракатлар файзи умматни қамраб олиб, барчага умумийдир, унинг ниҳояси йўқ, чунки у зот алайҳиссалоту вассаломнинг даражалари юксалиб бориши давомийдир. Зеро, уммат ўз Пайғамбари сабабидан эга бўлган ютуқлар у зотга берилган ғоятда юксак фазилатлар сабабидандир. У зот Пайғамбарларнинг энг афзали бўлганлари учун умматлари ҳам умматлар ичра энг афзали бўлди. Энди у зотнинг қабри яхшиликлар файзининг манбаи бўла туриб қандай қилиб энг афзал макон бўлмасин?”

Ибн Жавзий “ал-Вафо” китобида Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам вафот этганларида у зотни дафн этиш борасида турли фикрлар берилди. Улар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам қаерга дафн этиладилар?”, – дейишди. Али розияллоҳу анҳу шундай деди: “Ер юзида Аллоҳга ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг жонини олган жойдан ҳам кўра ҳурматлироқ жой йўқдир”.

Яҳёнинг ривоят қилишича, қачонки дафн масаласида турлича фикрлар билдирилганда Али деди: “У зот фақат Аллоҳ жонларини олган жойдагина дафн этиладилар”. Бунга барча рози бўлди. Мен (Самҳудий) дейманки, Али айтган сўздан юқорида келтирилган қабри шарифнинг афзаллиги борасидаги ижмонинг асоси олинган. Чунки барча бу фикрга сукут сақлашди ва ўша ерга дафн этишга рози бўлишди. Шунингдек, одамлар Абу Бакр розияллоҳу анҳуга дейишди: “Эй Расулуллоҳнинг соҳиби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам қаерга дафн этиладилар?” У деди: “Аллоҳ ул зотнинг жонини олган ерда. Аллоҳ у зотнинг жонини фақат пок жойдагина олади. Буни Имом Термизий “Шамоил”да, Имом Насаий эса “Сунан ал-кубро”да келтирган ва санади саҳиҳдир.

Абу Яъло Мавсилий қилган ривоят лафзи эса қуйидагича: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Пайғамбар жони фақатгина маконлар ичра ўзига энг севимли бўлган макондагина олинади”. Мен дейманки, у зотга энг севимли бўлгани Аллоҳга энг севимли бўлганидир. Аллоҳ ва Унинг Расулига энг севимли бўлгани қандай қилиб энг афзал бўлмайди?”

Аллома Ҳаскафий (Муҳаммад ибн Али Алоуддин Ҳанафий Димашқий, 1025-1088/1616-1677) “ад-Дур ал-мухтор” (2/257, “Дор ал-кутуб ал-илмийя” нашриёти) китобида дейди: “Устун фикрга кўра, Макка Мадинадан афзалдир, бундан фақатгина Пайғамбар алайҳиссалом аъзоларини ўзида сақлаган жой мустаснодир. Албатта, у жой ҳатто Каъба, арш ва курсидан ҳам мутлақ афзалдир”.

Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад Улайш Моликий (1217-1299/1802-1882) “Манҳ ал-жалил шарҳ мухтасар халил” асарида (3/133, “Дор ал-фикр” нашриёти) Макка ва Мадинанинг қай бири афзаллиги борасидаги ихтилоф ҳақида сўзлаган ўрнида дейди: “Ихтилоф мавзуси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламни ўз ичига олган ўрин ҳақида эмас. Албатта, у Каъба, само, арш, курсий, лавҳ, қалам ва Байтул маъмурдан ҳам афзалдир”.

Аллома Роҳийбаний (Мустафо ибн Саъд Суютий Ҳанбалий, 1165-1243/1751-1827) “Матолибу улин-нуҳо” китобида (2/384, “ал-Мактаб ал-исломий” нашри) дейди: “Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом қабрларининг ўрни Ер юзининг энг афзал ўрнидир. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам шу тупроқдан яратилганлар ва у зот башарнинг энг яхшисидирлар, тупроқлари ҳам тупроқларнинг энг яхшиси. Аммо бу қабрнинг тупроғига келсак, у Каъбадан афзал эмасдир, балки Каъба ундан афзалдир, бу эса қачонки у жасади шарифдан холи бўлганда”.

Абул Вафо Али ибн Ақийл “ал-Фунун” номли китобида дейди: “Каъба – Пайғамбар алайҳиссалом ҳужраларининг ўзидан афзал. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам унинг ичида бўлсалар, йўқ, Аллоҳга қасамки, у Арш ва уни кўтариб турувчилару жаннатдан ҳам афзалдир. Чунки у ҳужрада бир жасад борки, агар бошқа махлуқотларнинг бари у билан ўлчанса, у оғирроқ босади”.

Юқорида келтирилган ушбу масалаларни “Дор ал-ифто ал-мисрийя” (Миср фатво уйи) манбаларига ишора қилган ҳолда шу тарзда баён этган ва унинг аксар қисми Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий Шомийнинг “Субулу-л-ҳуда ва-р-рашод фий сийрати хойри-л-ибод” асаридан олинган.

Имом Нававий “Таҳриру алфази-т-танбеҳ” асарида (“Дор ал-қалам” нашриёти. – Б. 62) дейди: “Жумҳур олимлар ихтиёр қилгани шуки, осмонлар Ердан афзалдир. Заиф қавл саналса-да, яна дейиладики, Ер афзал, чунки у анбиёларнинг қароргоҳи ва дафн ўрнидир”.

Имом Заркаший “Иълому-с-сажид би-аҳками-л-масажид” (“ал-Мажлис ал-аъло” нашриёти. – Б. 242) асарида шундай қайд этган: “Ушбу макон Ер юзининг энг афзал жойи эканлигига ижмо қилинган ва у Пайғамбар алайҳиссаломнинг аъзоларини ўз ичига олган жойдир. Бу ижмони Қози Иёз ва бошқалар нақл қилган”. Сўнг сўзида давом этиб, бу ижмони инкор этиш тўғри эмаслигини ёзган ва ўнлаб асосларни келтирган.

 Умуман олганда, Маккани Мадинадан, Мадинани Маккадан устун кўрган ёки иккаласини тенг санаган олимлар ҳам бўлган. Аммо Маккани устун кўрганлар кўпроқ бўлиб, қуйида келтириладиганидек, Субкий ҳам ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалийлар асосан Макани устун санаганини айтган. Юқорида тўрт мазҳаб олимлари томонидан қилинган нақллар келтирилди. Уларда ҳам Пайғамбар алайҳиссалом жойлашган ер масаласида муштараклик бор. Ҳанафий олимлардан бўлган Ҳаскафийдан қилинган нақл эса бу борада ушбу мазҳаб қарашини ифодалаши мумкин: “Устун фикрга кўра, Макка Мадинадан афзалдир, бундан фақатгина Пайғамбар алайҳиссалом аъзоларини ўзида сақлаган жой мустаснодир. Албатта, у жой ҳатто Каъба, арш ва курсидан ҳам мутлақ афзалдир”.

Хуллас, бу икки шаҳар Аллоҳ таолонинг улуғ неъматлари эканлиги айни ҳақиқат. Аммо Аллоҳ яратган энг афзал махлуқот Пайғамбар алайҳиссалом эканлиги ва махлуқотлар ичра Аллоҳга энг маҳбуби ҳам у зот эканлиги борасида ҳеч ким ихтилоф қилмайди. Шунинг учун Қуръон ҳам у зотнинг қалбларига нозил қилинди (Бақара, 97). Имом Ибн Можа Ибн Умар розияллоҳу анҳу орқали Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилишича, у зот Каъбани тавоф қилатуриб шундай деганлар: “Сен қандай хушбўю поксан ва ҳидинг ҳам хушбўю пок, сен қандай ҳам улуғсан, ҳурматинг ҳам қандай улуғ! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, мўминнинг ҳурмати Аллоҳнинг наздида сенинг ҳурматингдан улуғроқдир, унинг моли ва қони шу жумладан, у ҳақда фақат яхши гумон қиламиз”. Ушбу ҳадисни Имом Термизий ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳудан мавқуф (санади саҳобага тўхтаган) тарзда ривоят қилиб, ҳасан-ғариб санаган. Бу ҳадисдаги “мўмин” эса аввало мўминларнинг ва барчанинг энг афзали бўлган Пайғамбар алайҳиссаломдирлар.

Шофеъийларнинг улуғ олими Имом Тожиддин Субкийнинг (727-771/1327-1370) отаси Тақийиддин Абул Ҳасан Али ибн Абдулкофий Субкий (683-756/1284-1355) ўз асрининг шайхулисломи, ҳофиз, муфассир, Шом қозиси ва кўплаб асарлар муаллифи бўлиб, ўзининг “Фатово” асарида (1/278-279, “Дор ал-маъориф” нашри) дейди: “Аммо шарафли қабрга келсак, у масжид ҳукмида эмас, балки у масжиднинг ўзидан ҳам шарафлироқдир ҳамда Макканинг масжидидан (яъни Байтуллоҳдан) ҳам ва барча макондан шарафлироқ саналади. Қози Иёз бунга ижмо борлигини нақл қилганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жасадларининг шарафли аъзоларини ўз ичига олган ўрин афзаллиги борасида ихтилоф йўқ ва у шофеъийлар, ҳанафийлар, ҳанбалийлар ва бошқаларнинг Макка Мадинадан афзалдир деган қарашларидан мустасно бўлган жойдир”.

Мусанниф раҳимаҳуллоҳ юқорида уч мазҳабни қайд этиб, моликийларни қайд этмагани сабаби улар Имом Молик бошчилигида Мадинанинг афзаллигига мойиллик кўрсатишган. Имом Суютий ҳам (қуйида келтириладиган рисоласида) ўзининг қалби шунга мойиллигини айтади. Субкий бу масалани ўз китобида узоқ таҳлил этади. Жумладан, дейдики, Масжиди Набавийдаги намоздан кўра, Каъбадаги намоз савоби кўпроқлиги ҳақидаги ҳадис энг афзал макон масаласига дахл этмайди. Чунки бу масала Пайғамбар алайҳиссалом шахсиятларига боғлиқ, амалларнинг кўпайиб-озайишига эмас. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом тирикликларидаги у зотнинг амаллари бошқаларнинг амаллари билан солиштириб бўлмас даражада ортиқдир. Қози Иёз нақл қилган ижмога нисбатан шубҳани кетказиб, кўксга шифо берадиган икки омил бор. Биринчиси шуки, киши ўзи ундан халқ қилинган маконда дафн этилади. Иккинчиси эса, ушбу ерга тушадиган раҳмат, барака, Аллоҳнинг у зотга бўлган иқболидир. Аллоҳнинг у зотга бўлган муҳаббати ва эътиборини идрок этишдан ақллар ожиздир. Бошқа ўринлар учун бу каби нарсалар йўқ. Энди қандай қилиб у энг афзал бўлмасин? Агар макон ўз зоти билан эмас, балки ундаги нарса билан шараф топишига кўнсак ҳам, тушуниб етасанки, ушбу қабрдаги макон барча ердан, ҳатто Каъбадан ҳам устундир.

Шу билан бирга бу масалада яна бир муҳим манба бор, у ҳам бўлса Ислом тарихидаги китоб ва қарашларни имкон қадар хулосалаган йирик олим Жалолиддин Суютийнинг “ал-Ҳужаж ал-мубаййана фий тафзийли байна Макка ва-л-Мадина” (Макка ва Мадинанинг қай бири афзаллиги борасида очиқ ҳужжатлар, “ал-Ямома” нашри) рисоласидир. Унда Маккани ёки Мадинани афзал санаганлар ҳужжати келтириб ўтилгач, шундай дейилади: “(Макка ва Мадинанинг қай бири афзаллиги борасидаги) ихтилоф мавзуси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабридан бошқа масалададир. Аммо у энг афзал ер эканлигига ижмо қилинган. Бундан Қози Иёз ва ундан бошқалар ҳам огоҳ этишган. Балки бу ер Каъбадан ҳам афзалдир. Балки мен Қози Тожиддин Субкийнинг ўз хати билан Ибн Ақийл Ҳанбалийдан нақл этиб ёзганида кўрдимки, бу ер аршдан ҳам афзалдир. Баъзилар (Имом Абу Муҳаммад Бискарий Мағрибий) бу ҳақда шундай дейишган:

Жазама ал-жамийъ би-анна хойрол-арзи маа

Қод ҳаато затал-Мустафо ва ҳавааҳаа.

Ва наъам лақод содақуу би-сакиниҳаа ъалат

Кан-нафс ҳийна закат закаа маъвааҳаа.

Маъноси:

Барча жазм этмишки, ернинг энг яхшиси

Мустафо зотини ўраб тургани ва ўз ичига олгани.

Ҳа, дарҳақиқат, рост сўзлашди, у маскан сокини билан олий бўлди,

Бир жондекки, у покланганда қўним топган маъвоси ҳам пок бўлди!

Олимлар сўзларидан чиқадиган хулоса сифатида қайд этиш лозимки, соф макон жиҳатидан Каъбаи шариф улуғ бўлса, зот эътиборидан эса Пайғамбар алайҳиссалом барча махлуқотдан устундирлар. Зеро, у зоти шариф барча борлиққа маъно берувчи ёхуд барча маънолар у зотда тажаллий этувчи зотдирлар. Аллоҳ таолонинг у зотга ва оила аъзоларига салавоту дурудлари бўлсин!

Жўрабек Чўтматов –Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази катта илмий ходими

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика