
Президентимизнинг Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорида ул зотнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқаро анжуманлар ўтказиш, асарларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш каби вазифалар белгилаб қўйилган. Шу билан бирга буюк олим ҳаёти ва илмий меросининг моҳиятини ҳамда бугунги кундаги аҳамиятини очиб берувчи илмий-оммабоп саҳна асарини яратиш ҳам белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш жараёнида Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри санъаткорлари ёзувчи ва драматург Шавкат Пардаев асари асосида “Имом Термизий” спектаклини саҳналаштирди.
Муборак Рамазон шукуҳи эсиб юрган ойда янги асар театр бадиий кенгашининг илк муҳокамасидан ўтказилди.
Асарда буюк муҳаддис олим ижодининг ёш авлод маънавий-руҳий оламини бойитишдаги аҳамияти, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришдаги ўрни, ҳозирги глобаллашув жараёнларида ёш авлодни ислом динига ёт ғоялардан асраш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Қизғин мунозараларга бой бўлган муҳокамада кенгаш аъзолари ва асар муаллифи айрим саҳна кўринишларига тузатишлар киритиб, спектаклни янада мукаммаллаштириш, таъсирчанлигини ошириш юзасидан таклиф ҳамда тавсияларини билдирди.
Театрнинг жорий йилги репертуар режасига киритилган янги спектакль Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги театрлар фаолияти бўйича Бадиий кенгаш аъзолари кўригидан ўтказилгач, томошабинларга тақдим этилади.