Ҳаким Термизий онасидан ривоят қилган ҳадислар

by Matbuot xizmati
5 👁️

Аннотация. Ушбу мақолада Ислом тарихидаги буюк олимлардан бири Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг онаси ҳақида манбаларга асосланган ҳолда маълумот берилган. Шу билан бирга, бу олимнинг ҳаётида онасининг ўрни қанчалик катта бўлгани кўрсатиб ўтилган.

Калит сўзлар: Ҳаким Термизий, она, Умму Оиша бинти Саҳл, илм, сафар, тарбия.

Abstract. This article provides source-based information about the mother of one of the great scholars in the history of Islam, Muhammad Hakim Tirmizi. It also shows how important his mother’s role was in the life of this scholar.

Keywords: Hakim Termizi, mother, Umm Aisha bint Sahl, knowledge, travel, education.

Аннотация. В данной статье представлена информация, основанная на источниках, о матери одного из великих учёных в истории ислама Мухаммада Хакима Тирмизи. При этом было показано, насколько важна была роль его матери в жизни этого ученого.

Ключевые слова: Хаким Термизи, мать, Умм Айша бинт Сахль, знания, путешествия, образование.

Улуғ олимларнинг етишиб чиқишида тарбия муҳим ўрин тутса, тарбияда ота-онанинг ҳиссаси асосий саналади. Ўтмишдаги улуғ аждодларимиз ҳаётида ота-онанинг ўрнига мисол йиғилса, катта-катта жилдларни ташкил этадиган асарлар юзага келиши тайин. Жумладан, Ҳаким Термизий номи билан машҳур бўлган олим ва мутафаккир, улуғ донишманд Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр (тахм. 205-332/820-932) ҳаёти ва камолотида ҳам унинг ота-онаси муҳим ўрин тутган. Қуйида эса манбаларда бу зотнинг оналари ҳақида келган маълумотлар билан танишиб ўтамиз.

Фаридуддин Аттор (1145–1221)  “Тазкират ал-авлиё” асарида Ҳаким Термизийнинг таърифини шундай келтиради:

“У суннат (Пайғамбар йўли)нинг етук намоёндаси, у миллатнинг улуғи, у авлиёларнинг мужтаҳиди, у мусаффо (пок)ликда ягона, у пок Аллоҳ таолонинг эъзозли бандаси, замона шайхи – Муҳаммад  ибн Али Термизий раҳматуллоҳи алайҳи (унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин), шайхларнинг муҳташами, вилоят аҳлининг муҳтарами, тилларда достон, маънолар шарҳида беқиёс, ҳадис, ривоят, хабарлар ривояти бобида ишончли, маърифат ва ҳақиқат баёнида ажойиблардан эди. Комилликда эътироф топган, эзгуликда зийнатланган, меҳрибонликда мўл-кўл, хулқда буюк, риёзат ва кароматда бисёрдир. Илмнинг турли йўналишларида комил, шариат ва тариқат ишида серғайрат эди. Термизлик бир неча кишилар унга эргашардилар, унинг танлаган йўли илм бўлиб, ўзи раббоний олим эди. Умматнинг донишманд ҳакими бўлиб, бировга тақлид қилмасди, кашф эгаси ва сирлар билимдони, бағоят даражада ҳикмат эгаси эди, шу сабабли уни авлиёларнинг донишманд ҳакими дер эдилар. Абу Туроб раҳимаҳуллоҳу (Аллоҳ унга раҳм қилсин), Хизравия раҳимаҳуллоҳу ва Ибни Жало раҳимаҳуллоҳу суҳбатларини олган эди ҳамда Яҳё Маоз раҳимаҳуллоҳу ила баҳслашган эди. Термизийнинг айтишича: “Бир куни мунозарада сўз айтар эдим, менинг сўзларимдан Амир Яҳё раҳимаҳуллоҳу ҳайратга тушдилар”. Ва унинг кўп китоблари бор, улар манзуру машҳурдир. У яшаган замонда Термизда унинг сўзини тушунадиган киши топилмас эди ва у шаҳар аҳлидан узоқлашган эди.   

Ёшлик пайтлари икки дўсти билан илм олиш учун аҳдлашиб, сафар тараддудини кўра бошладилар. Йўлга чиқиш олдидан онаси ғамгин ҳолда деди: “Эй, жоним болам! Мен заиф ва ишимни қиладиган кишим йўқ, сен ишларимни бажарувчисан, мени кимга ташлаб кетасан? Мен танҳо ва ожизман!”

Бу сўзлардан фарзанд дилига дард тушиб, тарки сафар айлади. Унинг икки дўсти илм истаб жўнаб кетишди, орадан бир қанча вақт ўтди, бир куни гўристонда зор-зор йиғлар эди: “Мен бу ерда абгор ва жоҳил қолдим, дўстларим эса илмда камолга етиб, олим бўлиб қайтадилар”. Шу чоғ бир нуроний чол келиб деди:

– Эй ўғлон! Нега йиғлаяпсан?

Ўғлон аҳволни тушунтирди. Чол айтди:

– Истасанг, мен сенга ҳар куни шу ерда дарс ўтаман ва тезда дўстларингдан ўзиб кетасан!

– Истайман, – деди ўғлон.

Чол ҳар куни дарс ўта бошлади, шу зайлда орадан уч йил ўтди. Шундан сўнг маълум бўлдики, чол Хизр алайҳиссалом экан. Мен бу давлатни онамнинг розилиги туфайли топдим”. 

Ўша чол унинг ёнига тез-тез келиб турар ва бир-бирларидан воқеа-ҳодисаларни сўраб олар экан. Абу Бакр Варроқ Термизий айтадики: “Ҳар якшанба Хизр алайҳиссалом унинг олдига келар  ва улар ўзаро савол-жавоб қилишар эди”[1].

Аслида бу қисса яна бир манбада бошқачароқ келган. Унда айтилишича, Ҳаким Термизий ўз дўстлари билан Бағдодга илм сафарига чиқишни режалаштиришганда дейди: “Менинг бир кекса онам бор. Ундан ижозат сўраб кўраман. Агар рухсат берса, бораман. Шунда онамнинг олдига келдим ва дўстларим билан бўлган қисса, иттифоқ, ният ва азму қароримизни арз қилдим. Дилимдаги мақсадимни очиб, дедимки, агар рухсат берсалар, мен ҳам улар билан бирга кетсам. Шунда онам бир муддат тафаккурга чўмди ва кўп ўйга толгандан сўнг деди: “Сенга улар билан кетишга рухсат йўқ. Агар илм сенинг насибанг бўлса, у сенга етади”. Сўнг дўстларимнинг олдига келиб, уларга хабар бердимки, менга рухсат бўлмади”[2]. Шундан сўнг у ерда ҳам Термизийнинг охир-оқибат бир улуғ бир пири нуронийдан дарс ола бошлагани қиссаси келтирилади.

Бундан маълум бўладики, Ҳаким Термизийнинг таълим йўли билан эгаллаб бўлмайдиган ўзига хос ҳикмат илмига эга бўлиши кераклиги ва мана шу унинг қисмати эканлиги у зотнинг онасига билдирилган ҳамда Ҳаким Термизий камолотида у зотнинг онаси катта ўринга эга бўлган. Бу худди Мусо алайҳиссалом гўдакликларида у зотнинг Пайғамбар бўлиши онасига билдирилганидек:

“Ва Мусонинг онасига: “Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз” деб ваҳий (илҳом) қилдик” (Қосос, 7).   

Ҳаким Термизий ўзининг “ар-Радд ъалал-муаттила” асарида: “Менга онам, Аллоҳнинг унга раҳмати бўлсин, ривоят қилди ва деди: “Бизга отам, у Халлод ибн Муҳаммаддан…” деб, онасидан ҳадис ривоят қилган[3]. Бундан Ҳаким Термизий бобоси илмий сафарларга чиққанлигини ҳам хулоса қилиш мумкин, чунки у ундан ривоят қилаётган ушбу Халлод Хуносирий[4] Ҳалабга қарашли шаҳарчалардан биридир[5].

Ўзининг ҳадисга оид асосий асари бўлган “Наводир ал-усул” асарида эса ушбу ҳадисни онасига ҳурматан унинг исмини эмас, балки кунясини “Умму Оиша бинти Саҳл” деб келтирган ҳолда ривоят қилган[6].

Шунингдек, назаримизда, Ҳаким Термизийнинг “ар-Радд ъалал-муаттила” бобоси Саҳл ибн Солимдан келтирган ривояти ҳам онасидан бўлиши ҳақиқатга яқинроқ[7]. Унда шундай дейилади: “Абу Абдуллоҳ (яъни муаллиф Ҳаким Термизий), у бобоси Саҳл ибн Солимдан (бир нусхада: Салм), у Абдулазиз ибн Холиддан, у Ашъас ибн Абдуллоҳдан…”. Диққатга сазовор жиҳати, ушбу “Абдулазиз ибн Холид” шу номдаги Имом Аъзамнинг Термизий шогирди бўлиши ва бу Ҳаким Термизий бобосининг Термизда яшаганлигини кўрсатиши мумкин.

Ҳаким Термизийнинг отаси Али ибн Ҳасан Термизий йирик муҳаддис бўлганлиги ва ўзининг “Наводир ал-усул” асарида ундан 206 ҳадис ривоят қилган. Маълум бўлмоқдаки, у зотнинг нафақат отаси, балки онаси ва она томондан бўлган бобоси ҳам илм аҳлидан бўлишган. Бу эса фарзандлар камолотида ота-она, хусусан, оналарнинг ўрни қанчалик катта эканлигини кўрсатади. Ҳаким Термизий онасидан илм ўрганишдан ташқари, унинг хизматини қилиб, хайрли ва сидқидилдан қилинган дуосини олишга эришгани туфайли ҳам Ислом тарихидаги катта из қолдирган улкан шахсиятга айланди.

Бошқа халқларда ота-онасини номини атаб чақириш учрайди. Ҳаким Термизийнинг асарларидан маълум бўладики, у зот ота-онасининг номини ҳеч қачон тилга олмайди, балки ота-онасини “отам”, “онам” деб, ёки онасини фарзандининг номи билан кунялаб “Умму Оиша” (Оишанинг онаси) деб келтиради. Бу эса фарзанднинг ўз ота-онасига кўрсатиши лозим бўлган юксак эҳтиромини ифодалайди ва халқимиз қадриятларида бу одатга доимо амал қилиб келинади.

Хулоса қилиш мумкинки, Ҳаким Термизийнинг онаси Умму Оиша илм аҳли бўлган хонадонда таваллуд топган ва у ерда отасидан илм олган, хусусан, ундан ҳадислар эшитиб ёд олган. Бу эса келажакда Ҳаким Термизийдек олимнинг етишиб чиқишида катта ўрин тутган. Она-бола ўртасидаги муносабатлар эса энг юксак даражада бўлиб, инсон ҳаётида ва динимизда оиланинг қанчалик юксак ўринга эга эканлигини намоён қилади. Шунинг учун аждодларимиз меросини қанчалик чуқур ўргансак, миллий қадриятларимиз мазмун-моҳиятини шунчалик чуқур англаймиз, натижада эса ўзлигимизнинг мустаҳкам илдизларига шунчалик мустаҳкам боғланамиз. 

Жўрабек Чўтматов Омонович,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

 катта илмий ходими, тарих фанлари

бўйича фалсафа доктори (PhD)

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Абу Бакр Иброҳим Фаридиддин Аттор Нишопурий. Тазкиратул-авлиё. Рональд Никольсон таҳқиқи асосида Иброҳим Таваккулий нашри. – Теҳрон: Беҳзод, 1375/1997. Бешинчи нашр. – Б. 606-615.
  2. Сайфулла Турсунов, Бобоназар Муртазаев. Термизийларнинг илмий тафаккури. – Тошкент: Ўзбекистон, 2016. – Б. 56-71.
  3. Расоил Ҳаким Термизий. Китоб ал-Ҳаким ат-Термизий қуддиса сирруҳу фил-адъийати ват-тилсимат вал-азаим. Қўлёзма. Ая София, Туркия, 1814-рақам. – Б. 1б.
  4. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизий. ар-Рад ъалал-муъаттила. Муҳаққиқлар жамоаси. – Миср: ар-Равза, 1439/2017. Биринчи нашр. – Б. 94, 79-рақам.
  5. Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Асокир Димашқий. Тариху мадинату Димашқ ва зикру фазлуҳа ва тасмияту ман ҳаллаҳа минал-амасил ав ижтаз би-наваҳийҳа мин варидийҳа ва аҳлиҳа. LXXX. Умар ибн Ғорома Амравий таҳқиқи. –  Байрут: Дор ал-фикр, 1415/1995. XVII. – Б. 62-63.
  6. Камолиддин Умар ибн Аҳмад ибн Ҳибатуллоҳ Абу Жарода ибн Адийм Уқайлий. Буғятут-талаб фий тарихи Ҳалаб. XII. Суҳайл Заккор таҳқиқи. – Байрут: Дор ал-фикр, 1408/1988. VII. – Б. 3388-3389.
  7. Шиҳобиддин Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Румий Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. VII. – Байрут: Дору содир, 1415/1995. II. – Б. 390.
  8. Ҳаким Термизий. ар-Рад ъалал-муъаттила. – Б. 133, 167-рақам.

[1] Батафсил қаранг: Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Абу Бакр Иброҳим Фаридиддин Аттор Нишопурий. Тазкиратул-авлиё. Рональд Никольсон таҳқиқи асосида Иброҳим Таваккулий нашри. – Теҳрон: Беҳзод, 1375/1997. Бешинчи нашр. – Б. 606-615. Яна қаранг: Сайфулла Турсунов, Бобоназар Муртазаев. Термизийларнинг илмий тафаккури. – Тошкент: Ўзбекистон, 2016. – Б. 56-71.

[2] Расоил Ҳаким Термизий. Китоб ал-Ҳаким ат-Термизий қуддиса сирруҳу фил-адъийати ват-тилсимат вал-азаим. Қўлёзма. Ая София, Туркия, 1814-рақам. – Б. 1б.

[3] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизий. ар-Рад ъалал-муъаттила. Муҳаққиқлар жамоаси. – Миср: ар-Равза, 1439/2017. Биринчи нашр. – Б. 94, 79-рақам.

[4] У ҳақда қаранг: Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Асокир Димашқий. Тариху мадинату Димашқ ва зикру фазлуҳа ва тасмияту ман ҳаллаҳа минал-амасил ав ижтаз би-наваҳийҳа мин варидийҳа ва аҳлиҳа. LXXX. Умар ибн Ғорома Амравий таҳқиқи. –  Байрут: Дор ал-фикр, 1415/1995. XVII. – Б. 62-63. Камолиддин Умар ибн Аҳмад ибн Ҳибатуллоҳ Абу Жарода ибн Адийм Уқайлий. Буғятут-талаб фий тарихи Ҳалаб. XII. Суҳайл Заккор таҳқиқи. – Байрут: Дор ал-фикр, 1408/1988. VII. – Б. 3388-3389.

[5] Шиҳобиддин Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Румий Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. VII. – Байрут: Дору содир, 1415/1995. II. – Б. 390.

[6] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул фий маърифати аҳадис ар-расул. Тавфиқ Маҳмуд Такла таҳқиқи. VII.– Байрут: Дор ан-наводир, 1431/2010. Биринчи нашр. VII. – Б. 171, 1628-рақам.

 [7] Ҳаким Термизий. ар-Рад ъалал-муъаттила. – Б. 133, 167-рақам.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика