ЭҲСОН ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ

by Matbuot xizmati
5 👁️

Абу Ҳурайра розияллоҳ анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда ҳар куни эрталаб уйғонганида, икки фаришта (осмондан) тушиб, улардан бири: “Аллоҳим, хайр-эҳсон қилувчи бандангнинг мол-дунёсини янада зиёда қилгин!” – деб дуо қилади. Иккинчиси эса, “Аллоҳим, хасис бандангнинг мол-дунёсига қирон келтиргин!” деб дуо қилади”, – деганлар” (Бухорий ривояти).

Бу ҳадис инсон ўзининг ҳалол йўл билан топган бойлигидан Аллоҳ таолонинг розилиги учун муҳтож кишиларга эҳсон қилиши лозимлигини таъкидлайди. Инфоқ қилиш Қуръони каримда мўминларнинг муҳим фазилатларидан бири сифатида тилга олинади:

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ей, имон келтирганлар! На савдо-сотиқ, на ошна-оғайничилик ва на шафоат (қилиб ўртага тушиш) бўлмайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан (шу дунёда) эҳсон қилингиз! Кофирлар эса, улар золимлардир” (Бақара сураси, 254-оят мазмуни).

Яна Қуръони каримда бу солиҳ амал ҳар бири юз донали етти бошоқли донга ўхшатилади. “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар(савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимли зотдир” (Бақара сураси, 261-оят мазмуни).

Ҳадисда инфоқ қилган киши фойда топиши, хасислик қилган киши эса зарарга учраши таъкидланади. Шунингдек, хасис инсон Аллоҳ берган неъматлардан муҳтожларга улуш ажратмагани сабабли танқид қилинади. Шунингдек, ҳадисда иккинчи бир фариштанинг “Ё Парвардигор, мумсик (хасис) бандангнинг мол-дунёсига қирон келтиргин!” деган дуоси билан, бойлиги устида дир-дир титраб, Аллоҳ таолонинг унга берган неъматларидан муҳтож кишиларгаларга бермагани учун уни қўлини бўйнига боғлаб хасислик кишини огоҳлантирилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам сахийлик ва хасисликни яна бир мисол билан тушунтирганлар. У зот сахий ва бахил инсонни темир зирҳ кийган икки кишига ўхшатганлар. Сахий инсон садақа берган сари унинг зирҳи кенгайиб, унга енгиллик беради. Аммо бахил киши садақа бермоқчи бўлганда зирҳи тобора тортилиб, уни қийнайди.

Бу ҳақда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди: “Бахил ва садақа қилувчи бўғзидан кўкрагигача темир жубба кийиб олган икки кишига ўхшайди. Саховатли киши садақа бериш биланоқ жуббаси кенгайиб, ҳатто юз-қўлидаги темир излари йўқолади. Аммо, бахил одам садақа қилмоқчи бўлиши биланоқ жуббасининг ҳар бир халқаси баданини тобора сиқа бошлайди, бахил ҳар қанча чиранмасин, жубба кенгаймайди” (Бухорий ривояти).

Эҳсон қилиш фақат бой одамларгагина хос амал эмас. Закот, садақа, оила учун сарф-харажат ёки бошқаларга қилинган ҳар қандай яхшилик Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлса, савобга сабаб бўлади.

Эҳсон қилиш фақат муҳтожларга моддий ёрдам бериш эмас, балки ҳар қандай яхши ишни, Аллоҳ розилиги учун қилиш ҳам энг катта савоб манбаи ҳисобланади. Мисол учун, оила аъзоларига эътибор ва меҳр-муҳаббат кўрсатиш, уйда ҳар бир аъзога яхшилик қилиш, ёки атрофдагиларга қўлдан келадиган ёрдамни бериш ҳам эҳсон ҳисобланади. Шу билан мўмин киши ўз ҳаётида ҳам маънавий қувонч, ҳам руҳий тинчлик ва розилик ҳис қилади.

Эҳсон қилишнинг ушбу маъноси шундан иборатки, ҳар бир инсон имконияти даражасида ҳам яхши иш қилса, бу амал унинг ҳаётида ҳам ибодатга айланади, ҳам муҳтожлар учун фойдали бўлади, ҳам Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Шу тариқа, эҳсон қилиш — фақат мол-мулк билан боғлиқ эмас, балки ҳаётдаги ҳар бир эзгу ҳаракатни ҳам қамраб олади.

У эҳсон қилиш бўладими, фарз бўлган закот бўладими, нафила садақаси бўладими ёки оила тирикчилиги учун қилинган бўлсин — Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилинган ҳар қандай эҳсон ва эзгу ишнинг савоби бўлади. Мўмин киши имконияти даражасида инфоқ қилса, бу иши билан у ҳам ибодат қилади, ҳам мухтожларни хурсанд қилади ва маънавий роҳат ҳамда савобга эришади. Бундай савоб ва роҳатга эришиш учун жуда бой-бадавлат бўлиши шарт эмас. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмонга садақа бериш зарурлигини таъкидлаб, кучи етмаганлар ҳам меҳнат қилиб ўзлари ва бошқалар учун фойдали бўлишлари, мухтожларга ёрдам беришлари, яхшиликка буюрилишлари ва ёмонликдан сақланишлари кераклигини айтдилар. Улар бу ишларнинг ҳеч бирини амалга оширолмаган тақдирда ҳам, бир ширин сўз айтишнинг ўзи садақа эканлигини таъкидладилар. Шу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ширин сўз – садақадир!” (Бухорий ривояти).

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими Олим Жўраев

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика