РАМАЗОН ОЙИНИНГ МАЪНАВИЙ, ИЖТИМОИЙ ВА ТИББИЙ ҲИКМАТЛАРИ

by Matbuot xizmati
7 👁️

Муборак Рамазон ойи Ислом динининг беш устунидан бири бўлиб, у еб-ичишдан тийилиш билангина чекланмайди. Бу ой инсонни руҳан поклайдиган, жамиятда меҳр-шафқатни мустаҳкамлайдиган ва жисмоний соғлиқни мустаҳкамловчи яхлит тарбия мактабидир. Қуйида ушбу муқаддас ойнинг уч асосий ҳикматини — маънавий, ижтимоий ва тиббий жиҳатларини — батафсил кўриб чиқамиз.

 Тақво ва нафс тарбиясиҚуръони каримда рўзанинг фарзлиги ва унинг бош мақсади равшан баён қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят). Ояти каримадан аниқ кўриниб турибдики, рўзадан кўзланган асосий мақсад — тақвога эришишдир. Тақво эса фақат таом ва ичимликдан тийилиш билан эмас, балки ёлғон, ғийбат, судхўрлик ва бошқаларнинг обрўсини топташдан ҳам ўзини тиймоқни тақозо этади.

Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк этмаса, Аллоҳнинг унинг таоми ва ичимлигини тарк қилишига ҳожати йўқ” (Имом Бухорий ривояти). Шунингдек, Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: “Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзасидан очлик ва чанқоқликдан бошқа нарса қолмайди. Баъзи кечаси бедор бўлганлар борки, уларга бедорлигидан уйқусизликдан бошқа нарса қолмайди.”

Бу ҳадис шуни англатадики, тилини ғийбатдан тиймаган ёки тунги ибодатини риё ва мақтанчоқлик билан бузган киши савобдан маҳрум бўлади.Рўза шу билан бирга сабр-бардош ва ғазабни бошқариш мактабидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Рўза қалқондир. Рўзадор фаҳш сўз айтмасин, жоҳилларча иш қилмасин. Агар кимдир у билан жанжаллашмоқчи бўлса, ‘Мен рўзадорман’, десин.( Имом Бухорий ривояти.)

“Ана шундай нафс тарбиясини ўтаган бандаларга Аллоҳ таоло гўзал ваъда берган: “Албатта, тақводорлар жаннату анҳорлардадирлар. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадирлар” (Қамар сураси, 54–55-оятлар).

 Меҳр-шафқат ва ҳамжиҳатликРўзанинг муҳим ижтимоий ҳикматларидан бири — тўқ одамларга очлик ва камбағалликнинг нималигини бевосита туйдириши. Халқимизда “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” деган нақл бор. Рўзадор киши ихтиёрий равишда очликни бошидан кечирар экан, жамиятдаги муҳтожларнинг аҳволини чинакам ҳис этади ва унда раҳм-шафқат шаклланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Рамазон ойининг ушбу ижтимоий моҳияти давлат ва жамоат ташкилотлари миқёсида кенг тарзда амалга оширилмоқда. Хусусан:Маҳаллалардаги “еттилик” тавсияси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида 100 минг нафар ногирон, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд фуқаронинг рўйхати тузилди. Уларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти жамланган 100 минг дона Рамазон совғаси манзилли тарзда етказиб берилмоқда.Барча маҳаллаларда эҳтиёжманд оилалар хонадонларида ифторликлар ташкил этилиб, 629 минг нафардан ортиқ нуроний ва ижтимоий дафтарлардаги фуқаро таклиф этилмоқда. Ҳар бир маҳалладан 5 нафар (жами 45 мингдан ортиқ) камбағал оиланинг уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланиб, 100 мингга яқин оиланинг томорқасига экин экиб берилмоқда.

Шунингдек, 20 минг нафар эҳтиёжманд оила аъзоси учун муқаддас қадамжоларга зиёрат сафарлари ва сумалак сайллари ташкил этилмоқда.”Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда: Андижон вилояти филиали 260 та оилага, Тошкент вилояти филиали 230 нафар эҳтиёжмандга, Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг чекка ҳудудларидаги муҳтожларга эса озиқ-овқат, кийим-кечак ва ифторлик дастурхонлари улашилди.

Замонавий тиббиёт рўзанинг инсон организмига фойдаси борлигини тадқиқотлар орқали кўрсатиб келмоқда. Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, рўза бадандаги ортиқча ёғларни камайтиради, қон таркибини яхшилайди ва меъда-ичак тизими фаолиятини тартибга солади.

Бу борада доктор Ю. Николаевнинг тадқиқотида, дозаланган даволовчи очлик  усулини ишлаб чиққан. Ушбу усул қуйидаги касалликларда самарали эканлигини таъкидлаган: Кам прогредиентли шизофрения, Циклотимия, Рекуррент депрессия, Невротик ва неврозсимон бузилишлар, Соматоформ ҳолатлар, Артериал гипертони, Бронхиал астма, Артроз, Нейродермит.

Ислом дини инсонни тоқатидан ташқари нарсага мажбурламайди. Соғлиғига зарар етадиган ёки сафарда бўлган кишиларга Қуръони каримда шундай енгиллик берилган: “Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, тута олмаган кунларини бошқа кунларда тутсин. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят.)

Рамазон рўзаси маънан поклайди, жисмонан соғломлаштиради ва бутун дунё мусулмонларини бир мақсад — тақво — йўлида бирлаштиради. Рўза тутган инсон еб-ичиш ва нафсоний истаклардан тийилиши орқали ўзини руҳан юксалтиради ва жамиятга фойдали инсонга айланади.

Худойназаров Фахриддин –  Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика