АШ-ШИФО

by Matbuot xizmati
5 👁️

ﭽ ﮉ  ﮊ     ﮋ  ﮌ    ﭼ يونس: ٥٧

КЎКСИНГИЗДАГИ НАРСАГА ШИФО. ЮНУС, 57

Яна бир ояти каримада дейилади: “Иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир” (Фуссилат, 44).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ушбу ўринлардаги “шифо – кўкснинг кўрлигини кетказадиган баён” маъноси ривоят қилинган. Демак, у баён маъносида ҳам тафсир қилинган.

Абулайс Самарқандий ҳам шунга яқин маъноларни келтириб ўтган: “Қуръон – қалблар учун ширкдан шифодир. Яна айтилишича, у кўрликдан шифо топмоқдир. Чунки унда ҳалол-ҳаромнинг баёни бордир”.

Замахшарий ва Насафий тафсирларида ақида масаласига урғу берилади ва Қуръоннинг ҳаққа чақириш билан бузуқ ақидаларга ҳамда гумон ва шакка шифо бўлиши айтилади. Албатта, бу Исмоил Ҳаққий Бурсавий келтирганидек, кенг маъноларни ўз ичига олади, яъни, у жаҳолат, шак, ширк, нифоқ ва бошқа шу каби қалб касалликларидан иборат бузуқ ақидаларга даводир. Унинг умумий маъноси эса Табарийнинг ушбу тафсирига қайтади: “У кўксдаги жаҳолатга даво бўлиб, Аллоҳ у билан жоҳилларнинг жаҳолатига шифо беради”. Чунки олиму мутафаккирлар жаҳолатни барча касалликларнинг асли санашган.

Албатта, Имом Мотуридий келтириб ўтганидек, Қуръон шифоси – ҳамма дардларни тузатиб, барча офатларни кетказади. Чунки диннинг ҳам офат ва касалликлари бўлади, улар худди баданга касалликлар зарар берганидек, динга зарар беради. Баданга етадиган касаллик ва офатларга шифо берадиган дорилар бўлганидек, Қуръон ҳам кишининг дини саломатлиги учун шифо ва у билан даво топадиган малҳами саналиб, киши у билан дини борасидаги маънавий хасталикларини кетказади. Шунинг учун у кўксдаги нарсаларга шифо деб аталди.

Айнан шу маънолар Ҳаким Термизий томонидан мантиқан давом эттирилиб, хулосаланган. Қуръоннинг бу исми ҳақида Ҳаким Термизий ўз “Тафсир”ида шундай дейди: “Қуръоннинг “шифо” деб номланишига келсак, чунки қалблар қачонки нафс сўзи ва унинг шаҳватли васвасаларига қулоқ тутса, (қалбдаги) иймон касалланади. Ана шунда Қуръон иймон учун касалликдан шифога айланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон розияллоҳу анҳуга дедилар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан иймон борасида сиҳат-саломатликни сўрайман” деб айт”.

Маълумки, сиҳат-саломатлик сўраш фақат касаллик сабабли бўлади. Иймон касаллиги – унинг заифлиги ва нурининг ўчиши бўлиб, ҳатто киши иймонга феъли – иш-ҳаракати билан амалда вафо қилишга заифлик қилиб қолади”.

Албатта, Қуръони Карим шифолиги комил бўлиб, у баданга ҳам, руҳга ҳам тааллуқли. Урғу бериладиган жиҳат эса шуки, ҳадиси шарифда инсон танасида бир аъзо борлиги, агар у соғлом бўлса, барча аъзолар соғлом бўлиши, агар у фасод бўлиб, бузилса, барча аъзолар бузилиши, ўша аъзонинг қалб эканлиги таъкидланган. Зеро, қалб – инсон аъзолари подшоҳи эканлиги ҳам ривоятлар ва олимлар сўзларидан нақл этилади. Маълум бўладики, Қуръон айнан инсоннинг марказий ва энг муҳим аъзосига етадиган турли офат ва касалликларга шифо бўлади.

Ояти каримада бир муҳим нуқта мавжуд, у ҳам бўлса, шифонинг қалбдаги нарсага эмас, балки садр – кўксдаги нарсаларга нисбатан эканлигидир. Бунинг ҳам улкан ҳикмати бўлиб, Ҳаким Термизий асарларида ушбу масала кенг таҳлил этилган. Улардан маълум бўладики, садр, яъни кўкс умумий майдон бўлиб, қалб унда жойлашган. Ушбу умумий майдонда эса қалб ҳам, нафс ҳам фаолият юритади ва ишлар шу ердан юзага чиқади. Шунинг учун у “садр” – “чиқиш” деб номланган. Аниқроғи инсоннинг ўпка ва ошқозон қисмларида жойлашган нафснинг ишлари ҳам садрга кўтарилади ва у ерда ўз васвасаларини намоён этади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир:

ﮐ   ﮑ  ﮒ  ﮓ  ﮔ 

“Одамларнинг кўксларига васваса соладиган…” (Нас, 5).

Ҳаким Термизий “Баён ал-фарқ” асарида дейди: “Нафс учун кўксга кириш ва унда ҳукмронлик ўрнатишга имкон берилган. Нафс ўрни – қорин ва унга яқин жойларда, ғалаёни – қон ва нажосатдаги қувватда. Демак, қорин унинг тутуни зулмати ва олови ҳарорати ила тўлади. Сўнгра у кўксга ўз васвасалари ва ботил орзу-ҳаваслари билан кириб боради”.

Қалб эса ана шу васвасалар туфайли изтиробга тушади. Инсонга эгалик қилиш учун ҳокимиятга эга бўлиш йўлидаги кураш айнан садр – кўксда кечади. Уни ё қалб ўз нурлари ва Аллоҳдан келган ҳидоят нурлари билан тўлдиради ёки нафс бу жойни ўз шаҳват тутунлари билан тўлдириб, қалб кўзларини бекитиб юборади ва инсонни жаҳолат ботқоғига ботириб қўяди. Шу тарзда кўксда қалб ғолиб бўлса, инсонга қалб, нафс ғолиб бўлса нафс эгалик қилади ва бутун аъзоларни бошқариш куч-қудратига эга бўлади. Шунинг учун Қуръони Карим нафақат қалб, балки нафсларга ҳам таъсир қилувчи, унинг васвасаларини кетказувчи каломни туширган.

Бу тўғрида Ҳаким Термизий ўз “Тафсир”ида дейдики, Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни нафсга мувофиқ, унинг хоҳиш-истакларига мос қилиб яратди. Натижада инсон ёшлигидан нафснинг дунёга боғланиши ва мослашиши ҳолатлари ичра яшайди. Энди у шундай каломга эҳтиёж сезадики, ўша нафсларга ҳам таъсир ўтказа олсин. Шунинг учун “калом” сўзи ўзагидаги “калм” сўзи “жароҳат”ни билдиради ва бу таъсир кўрсатиш ва из қолдиришдир. Аллоҳнинг Каломи ҳам қалбларга тушганда уларга мана шу тарзда таъсир кўрсатиб, уларда из қолдиради. Натижада қалб нафсга таъсир ўтказиб, уни тийиб қўйиш қувватига эга бўлади. “Чунки Қуръонда шундай нур қилинганки, у билан кўкслар кенгаяди. У шундай латифликлар билан тўлдирилганки, қалбни ўлдирувчи нафс гармселларини қайтариб, тўхтатиб, киши томирларини тўлдириб, унга тезлик билан кириб борган ҳолда уни кенгайтириб, ундаги заҳарни кесадиган тирёқ каби бўлади. Бу билан эса ёмонликка буюрувчи нафс ўз касалликларидан шифо топади ҳамда отамиз Одам алайҳиссалом сабаб бўлиб ҳалокатга учрагани туфайли бизга нисбатан душманлиги қатъийлашган шайтоннинг ҳийла-найранглари ҳам куйдирилиб, йўқотилади”.

Хулоса қилиш мумкинки, Қуръони Каримнинг кўксдаги нарсаларга шифолиги ҳам қалбни, ҳам нафсни бирдек қамраб олади. Чунки бирини қамраб, иккинчисига таъсир кўрсатмаса, мақсад ҳосил бўлмайди. Зеро, шундагина ақл қалбга тобе бўлиб, ўз фитратига мувофиқ Қуръондан келган ҳидоят ила яхши ва ёмонни ажратади. Булар натижасида руҳ ҳам соф ҳолатга келади. Буларнинг бари эса  Қуръоннинг шифолиги комилу шомиллигини ва бу малҳамнинг истеъмоли барча учун қанчалик муҳимлигини билдиради. 

Жўрабек Чўтматов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика