ИНСОН ҚАЛБИГА РАҲМАТ НУРИ ЁҒИЛАДИГАН МУҚАДДАС ОЙ

by Matbuot xizmati
6 👁️

Рамазон ойи раҳмат, хайр-эҳсон ойидир. Бу муборак ойда мўмин-мусулмонлар рўза тутиб, ибодат ва дуоларини янада кўпайтирадилар, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш орқали саховат ва мурувватни намоён этадилар. Рамазон фақат очлик ва чанқоқликни бошдан кечириш билангина чекланмай, балки инсон қалбини поклаш, гуноҳлардан тийилиш ҳамда эзгу амалларга янада кўпроқ эътибор қаратиш учун берилган ноёб имкониятдир.

Рамазон раҳмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу ойда бажарилган савоб амаллар алоҳида ажр билан мукофотланади, хайр-эҳсон ва яхшиликларнинг савоби эса янада зиёда бўлади. Шу жиҳатдан Рамазон ойи савоб умидида эзгу ишларни амалга оширишга интиладиган саховатпеша инсонлар учун энг қулай ва баракали фурсат саналади.

Ушбу ойнинг фазилатлари ҳақида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
“Рамазон ойи бошланганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади”.

Мазкур ҳадис Рамазон ойининг мўмин-мусулмонлар учун нақадар улуғ ва фазилатли эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Президентимиз томонидан ҳар йили мамлакатимизда Рамазон ойини муносиб кутиб олиш мақсадида махсус қарор қабул қилиниб, ушбу қарор асосида Рамазон ойида динимизга хос бўлган одамийлик, дўстлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, саховат ва мурувват ғоялари намоён бўлади. Ўтганлар ёд этилиб, уларнинг ортларида қолган оила-аъзоларига моддий-маънавий кўмак кўрсатиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилади.

Жорий йил 16-февралда юртбошимизнинг “Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ҳам она заминимизда ушбу муборак ойни ҳар томонлама кўтаринки руҳда ўтказиш борасида ҳуқуқий асос вазифасини бажармоқда. Ҳар йили мамлакатимизда ушбу муборак ойда Рамазоннинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон қадрини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилади. Моддий кўмакка муҳтож бўлган юртдошларимизнинг хонадонларида, маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ташкил этилиб, беморларнинг ҳолидан хабар олинади, масжидларимизда Қуръони карим хатмлари амалга оширилади, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун дуолар қилинади.

Ҳар йили анъанавий тарзда юртбошимиз иштирокида бутун мамлакатимиз бўйлаб ташкил этиладиган ифторлик дастурхони ҳам Рамазон ойининг моҳиятида акс этган баҳамжиҳатлик, биродарлик, бағрикенглик ғояларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қиладиган тадбирлардан ҳисобланади. Мазкур тадбирларда ҳар бир ватандошимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиши, уни мустаҳкамлаш учун сидқидилдан ҳаракат қилиши лозимлиги, эҳтиёжманд инсонларга нисбатан меҳр-мурувватли, саховатли бўлиши лозимлиги таъкидлаб ўтилади. Аллоҳ таоло мукаррам қилган инсонни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби тадбирлар халқимиз онгу шуурида динимиз белгилаб берган гўзал фазилатларнинг мустаҳкамланишига, баҳамжиҳатлик ғояларининг ривожига, Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам маънавий-маърифий пойдеворга эга бўлишига имкон яратади.

Сарвар Саидов Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика