ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ҲАДИСЛАРИ АЛИШЕР НАВОИЙ БАДИИЙ ТАЛҚИНИДА

by Matbuot xizmati
9 👁️

Барча даврларда инсоният учун маънавий юксаклик рамзларидан бири бўлиб келаётган Алишер Навоий меросининг қиймати замонлар оша ортиб, сайқалланиб бормоқда. Чунки тафаккур даражасининг юксалиши ва унинг самарасининг амалий ҳаётда намоён бўлишини биз у зот каби инсонлар орқали кузатишимиз мумкин бўлади. Натижада ҳаёт ва ижод, фикр, сўз ва амал уйғунлиги кўз олдимизда жонли гавдаланади.

Албатта, Навоий мероси қирралари ва уфқлари ғоятда кенг. Аммо асосий жиҳат, бу зот мусулмон мутафаккири бўлиб, ўз борлиғи ва ҳақиқатини мана шунда кўрганлигидир. Ислом ҳақиқатлари унинг бутун мероси мазмунига сингдириб юборилганидан ташқари, бевосита дин илмларига бағишланган асарлари ҳам етарлича. Жумладан, қирқ ҳадис шарҳига бағишланган “Арбаъин” рисоласи ҳам шулар жумласидандир. Ўтмишда кўплаб олимлар қирқ ҳадис битиш ва уни шарҳлашга катта эътибор қаратишган ва бу иш анъанага айланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган айрим ҳадисларнинг бирида шундай дейилади:

“Ким умматим учун уларнинг дини борасидаги қирқ ҳадисни сақлаб етказса, Аллоҳ уни қиёмат кунида фақиҳ ва олим қилиб тирилтиради” (Имом Дорақутний ва бошқалар Муъоз ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилган) (Суютий. Жомеъ ал-кабир. 21368-рақам).

Маълумки, Абдураҳмон Жомийнинг “Чиҳил ҳадис” (Қирқ ҳадис) ини Алишер Навоий туркийга таржима қилган. Шоирнинг нияти, асар муқаддимасида таъкидланганидек, “форсийдонлар идрок айлаган” қирқ ҳадис моҳиятидан туркийзабонларни ҳам баҳраманд қилиш эди. Бу ҳадисларни шеърга солишда эса барча шоирлар уларнинг осон тушунилишини, ёдда сақланишини ҳам назарда тутганлар:

Форсийдонлар айлабон идрок,

Орий (холи) эрди бу нафъдин атрок (турклар).

Истадимки, бу халқ ҳам бори

Бўлмағайлар бу нафъдин орий.

Навоий ўз асарини ҳадиси шарифнинг барча учун улкан аҳамияти ҳақидаги қуйидаги гўзал байт ва маънолар билан бошлайди:

Ҳамд ангаким, Каломи хайрмаол (яхшиликка етакловчи)

Қилди элга Расулидин ирсол.

Ул расулеки, ҳам каломи фасиҳ

Элга еткурди ҳам ҳадиси саҳиҳ.

То улус жаҳлдин халос бўлуб,

Илм хилватгаҳига хос бўлуб,

Чун тамуғдин (дўзахдан) нажот топқайлар,

Учмақ (жаннат) ичра ҳаёт топқайлар.

Жалла зикруҳ зиҳи Илоҳи рафиъ,

Азза қадруҳ зиҳи Расули шафиъ.

(Қадри юксак Аллоҳнинг зикри нақадар олий бўлди

Шафоатчи Расулнинг қадри нақадар азиз бўлди).

Ана шу ҳадислар орасида Имом Термизийнинг “Сунан” асарида келтирилган бир қатор ҳадислар ҳам ўрин олганлиги диққатга сазовор. Ўтган мақоламизда ушбу ҳадисларнинг айримларини келтириб ўтган эдик. Қуйида Навоий асарида келган Имом Термизий ҳадисларидан намуналар келтиришда давом этамиз.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

Хослатани лаа йажтамиъани фи муъмин: ал-бухлу ва сууъул хулуқ.

“Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”.

Имом Термизий “Сунан” асарида келтирган ушбу ҳадис (1962-рақам) Навоий ҳазратларида 4-ҳадис бўлиб, қуйидагича байтга солади:

Мўмин эрсанг, қилиб дурунгни нисор,

Эл била равшан ўл нечукким шамъ.

Негаким, Тангри ҳеч мўминда

Бухлу бадхўйлиғни қилмади жамъ.

Таъкидлаш лозимки, Навоий ҳазратлари ушбу ҳадисларни фақат байтга солиш билан чекланмайди, балки уни ўзига хос шарҳлаб ҳам кетади. Ушбу ҳадис мисолида ҳам бахил ва бадхулқликдан четланган мўминнинг ҳаёт йўли қандай бўлиши лозимлиги борасида изоҳ берилмоқда: у ўзидаги энг қийматли хулқ ва қобилиятларни ишга солган ҳолда ўз халқига ва инсониятга фойда келтиради. Зеро, чиройли хулқ орқали одамлар билан муносабат изга тушса, бахилликни кетказиш орқали унинг зидди бўлган одамларга яхшилик соғиниш хислатига етишилади. Демак, бу ўринда Навоий ушбу ҳадисга амал қилиш фойдасини ҳам баён этмоқда.

Имом Термизий “Сунан”ида мавжуд кейинги ҳадис (1955-рақам) Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

Ман лам йашкурин-наса лам йашкуриллаҳа азза ва жалл.

“Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмабди”.

Навоий ҳазратлари қирқ ҳадисларининг 6-рақамида келган ушбу ҳадис бадиий талқинда қуйидагича акс этган:

Улки Холиқға шукр дер, аввал

Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.

Кимки махлуқ шукрин демагай,

Демагай шукр доғи Холиқдин.

Албатта, инсонларга шукр қилиш – уларнинг ўзидаги ҳаққини эътироф этишдир. Зеро, бир инсон дунёга келар экан, унинг камолга етиши учун жуда кўплаб инсонларнинг ҳиссаси бўлади. Уни дунёга келтириб, парваришлаган ота-онаси, қўлига қалам тутиб, ҳарф ўргатган устози, ҳаёт йўлида уни турли-туман йўллар билан қўллаб қувватлаган шахсларнинг ҳаққи зиммасида турган киши ҳеч қачон кибрга кетмаслиги, балки уларга ташаккурлар билдириши лозим бўлади. Бу шукрлар эса яхшиликларга ушбу шахсларни сабабчи қилган Аллоҳга боғланади ва Аллоҳга шукр қилишнинг ҳақиқий моҳиятини юзага чиқаради.

Натижада инсон нафақат ҳақиқий шукр даражасига етади, балки кибрдан четланиб, тавозе ва камтарлик билан ҳам безанади. Чунки кибр – ўзидаги нарсалар билан ҳаволаниш ва уларни ўзи қўлга киритганини даъво қилиш ҳамдир. Инсонларга шукр қилишда эса ҳаётда эришилган нарсаларда кўплаб кишиларнинг ҳам хизмати борлигини, бу эса илоҳий тадбир эканлигини эътироф этиш мавжуд.

Шунинг учун, Навоий айтганидек, махлуқотга шукр қилинмас экан, уларнинг Холиқига шукр келтириш ҳам душвор бўлиб қолади. Таъбир жойиз бўлса, Аллоҳнинг бошқалар орқали кўрсатган илтифотларини инкор қилиш – куфрони неъмат (Аллоҳ неъматларини инкор этиш) бўлиб, бундай киши Аллоҳга шукр келтира олмайди ёхуд келтирган шукри ҳам мақбул бўлмайди. Шунинг учун ҳадиси шарифда ундай киши Аллоҳга шукр келтирмаганлиги қатъий равишда айтилмоқда.

Хулоса қилиш мумкинки, ҳадиси шарифларни ўрганишда қирқ ҳадис йўналишининг ўзига хос ўрни бўлиши билан бирга уларни шеърий усулда баён қилишнинг ҳам аҳамияти улкан. Чунки қирқ ҳадис маълум туркум ёки ададдаги ҳадисларга диққатни жамлаш орқали ҳадиси шарифларни ўқиб-ўрганишга қулайлик туғдирса, уларни шеърий тарзда бериш ҳадисларни янада чуқурроқ англашга ва эслаб қолишга қўшимча тарзда хизмат қилади. 

Манбалар:

  1. Абулфазл Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий Қоҳирий. Жамъ ал-жавомиъ ал-маъруф би-жамиъ ал-кабир. XXIV. – Азҳар: Дор ас-саъода лит-тибаъа, 2005. Янги нашр.
  2. Алишер Навоий. Навоийдан чу топқайлар навое. Арбаъин. Нашрга тайёрловчилар, таржима ва изоҳлар муаллифи Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид. – Тошкент: Hilol-Nashr, 2023.

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика