ИККИНЧИ МУАЛЛИМ: АБУ НАСР ФОРОБИЙНИНГ МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

by Matbuot xizmati
6 👁️

Ислом тамаддуни тарихида ўзининг фалсафий-ахлоқий мавзулардаги асарлари, сиёсатнома туркумидаги “Фозил одамлар шаҳри” каби ўхшаши йўқ китоблари билан ўчмас из қолдирган алломалардан бири “Ислом фалсафасининг отаси”, “Иккинчи муаллим” каби унвонлар соҳиби Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тарҳон ибн Ўзлуғ ал-Форобий (873-950)дир. У ўрта асрларда Мавароуннаҳрнинг муҳим марказларидан бири бўлган Фороб вилоятида, ҳарбий оилада туғилган ва умрининг охирини Шом ўлкасида ўтказган. Абу Наср Форобий дастлаб фиқҳ, ҳадис ва тафсир каби исломий илмларни ўрганган ва туғилган ҳудудида бир муддат лавозимида ишлаган.

Форобийнинг илмий саёҳати уни Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Марв, Балх ва Рай каби савдо ва маданият марказларига олиб борган. Илмга бўлган чанқоғини қондириш мақсадида у ўша даврнинг энг йирик илм-маркази бўлган Бағдодга йўл олган. Бағдодда у дин, маданият, тафаккур ва фалсафий билимлар соҳасида етук олим бўлиб етишган.

Бағдодда Форобий Абу Бакр ибн Саррождан наҳв ва мантиқ илмини ўрганган. Она тилидан ташқари араб, форс, юнон тилларини ҳам эгаллаган. Аристотел фалсафасининг маркази бўлган Бағдодда у фалсафий муҳит билан яқиндан танишиб, даврнинг машҳур олимлари – Абу Бишр Матто ибн Юнус ва Юҳанно ибн Ҳайлондан фалсафа ва мантиқ бўйича таҳсил олган. Илм-фан соҳасида эришган юксак даражаси учун аллома “Муаллими соний” (Иккинчи муаллим) номи билан машҳур бўлган. Абу Нарс Форобий яратган фалсафий таълимот тез орада Мовароуннаҳрдан Андалусгача бутун Ислом оламига тарқалган.

Форобий илмни тил, мантиқ, математика, физика ва метафизика каби беш асосий бўлимга ажратган. У фалсафа ва мантиқдан ташқари тиббиёт ва мусиқага ҳам қизиққан. Тиббиётда у назарий тадқиқотлар олиб бориб, танани соғлом сақлаш учун нима қилиш кераклигини ўрганиб, тиббиёт бўйича етти асосий тамойилни белгилаган.

У мусиқа назарияси бўйича биринчи систематик китобларни ёзган олимлардан бири бўлиб, уд мусиқа асбобини моҳирлик билан чалган. Шунингдек, у қонун номли мусиқа асбобининг ихтирочиси сифатида ҳам тилга олинади. Абу Наср Форобий мусиқа соҳасида жами беш асар ёзган, ушбу асарлари орқали мусиқа илмини мукаммал даражада тизимлаштирган.

Форобийнинг фикрига кўра, инсон муваффақияти учун иккита асосий йўл бор: бири – инсоннинг руҳини, тана ва шахсини бошқариш санъати, иккинчиси – ўзидан ташқари инсониятни бошқариш санъати. Шу билан бирга, у илоҳий қонунлар ва ижтимоий билимларнинг уйғунлиги орқали фозил жамият барпо этилиши мумкинлигини таъкидлайди. Форобийнинг асарлари нафақат Ислом олимларига, балки ғарб олимларига ҳам таъсир қилган ва уларнинг кўплари дунё бўйлаб дарслик сифатида ўқитилган.

Абу Наср Форобий илм, ахлоқ ва жамият ўртасидаги уйғунликни асосий қадрият деб билган. Унинг қарашларида илм инсонни комилликка етаклайди, ахлоқ эса жамиятни барқарор қилади. Шунинг учун ҳам у илмли ва ахлоқли шахсни баркамол жамиятнинг пойдевори деб ҳисоблаган.

Бугунги кунда ҳам Форобий мероси ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Унинг фикрлари замонавий таълим, маънавият ва тафаккур ривожи учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Иккинчи муаллимнинг илм ва ҳикматга асосланган йўли бугунги авлодни ҳам фикрлашга, изланишга ва комилликка чорлайди.

Сарвар СаидовИмом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика