МАРТАБАНИ ТАРК ЭТИБ, КОМИЛЛИККА ЭРИШГАН ШОИР

by Matbuot xizmati
17 👁️

Аннотация. Маълумки, машҳур мутафаккирлар ўз даврида ҳам, бугунги кунда ҳам Ислом дунёси миқёсида улкан шахсият сифатида эътироф этиб келинмоқда. Буларнинг асарлари ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди. Шу ўринда савол туғиладики, ушбу забардаст олимнинг асарлари дини маърифий йўналишнинг қайси турига киради? Ушбу мақола нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаси Сўфи Аллоҳёрнинг асарлари ва унинг улкан илмий салоҳиятини манбаларга асосланган ҳолда намоён қилишга қаратилади. Маълум бўлишича, мазкур алломанинг асарлари ўз юртида ёзилган бўлиб, ўша пайтдаги кўп уламолар томонидан эътироф этилган.

Калит сўзлар: Қуръон, Тафсир, Ҳадис, Сунан, қироат, тиловат, таълим, фазоил, ақида, тасаввуф, фиқҳий, мазҳаб, кабир, сағир, нақшбандийлик, мутуридийлик.

Аннотация. Известно, что выдающиеся мыслители как в своё время, так и сегодня признаются выдающимися личностями в масштабе исламского мира. Их труды никогда не теряют своей актуальности. В связи с этим возникает вопрос: к какому направлению религиозно-просветительской мысли относятся труды этого великого учёного? Данная статья направлена на выявление трудов крупного представителя накшбандийского тариката — Суфи Аллоҳёра — и демонстрацию его огромного научного потенциала на основе источников. Как стало известно, произведения этого богослова были написаны на родине и признаны многими богословами того времени.

Ключевые слова: Коран, Тафсир, Хадис, Сунан, кираат, чтение (тиловат), образование, добродетели (фазайл), акыда, тасаввуф, фикх, мазхаб, кабир, сахир, накшбандийство, матуридийство.

Ўзбек адабиётининг забардаст сиймоларидан бири, зуллисонайн шоир, адиб, фақиҳ, нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаси Сўфи Аллоҳёрнинг туғилган йили ҳақида халқимиз орасида турли-туман фикрлар билдирилган. Илмий тадқиқотлар ва тазкираларда қайд этилишича, аллома 1644 йили Самарқанддаги Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида Аллоҳқули (Темирёр) хонадонида таваллуд топган. Бошланғич таълимотни мазкур ҳудудда олган. 12 ёшгача шу ерда истиқомат қилган. Болалик давриданоқ ақл-идроки тез, зеҳни ўткир, илмга муҳаббати кучли бўлганлиги сабабли кейинчалик буюк аллома, мутафаккир ва маърифат пешвосига айлангани тасодиф эмас, албатта.

Йигитлик чоғларида Сўфи Аллоҳёр илм излаб ва ҳаёт тажрибасини ошириш мақсадида Бухорога йўл олган. Даврнинг йирик сиёсий ва маънавий маркази саналган Бухорода у зотнинг салоҳияти ва тадбиркорлиги эътибордан четда қолмаган. Шу боис Бухоро ҳукмдори Абдулазизхон томонидан унинг зиммасига масъулиятли вазифа – бож маҳкамасида тўралик лавозими юклатилган.

Сўфи Аллоҳёр ўзига топширилган вазифани сидқидилдан, пок ният билан адо этишга интилади. Баъзан адолатни таъминлаш ва қонун-қоидаларни мустаҳкамлаш мақсадида муайян қатъият ва қаттиққўлликка йўл қўйгани ҳақида манбаларда қайд этилади. Ана шу ҳолат айрим вазиятларда халқнинг норозилигига ҳам сабаб бўлгани маълум.

Бироқ шунга қарамай, бу давр Сўфи Аллоҳёрнинг ҳаётдаги муҳим тажриба даври бўлиб, ундаги бошқарув маҳорати, адолат тушунчаси ва инсоний фазилатлари айнан шу жараёнда шакллангани таъкидланади.

Сўфи Аллоҳёрнинг дунёвий ишларни тарк этиб, тариқат йўлига киришига олиб келган воқеа манбаларда тафсилотлари билан зикр этилган. Ривоятларга кўра, у Бухорода божхона хизматига кириб, бир неча йил давомида маълум даражада қаттиққўл ва ҳатто шафқатсиз амалдор сифатида ном қозонган. Шу даврда Шайх Ҳабибуллоҳнинг муридларидан бири савдо юки билан Бухорога кириб келганида, Аллоҳёр томонидан қаттиқ таъқиб ва калтакланиши унинг тақдирида ҳал қилувчи бурилиш бўлгани айтилади. Муриднинг ҳол-аҳволини эшитган Шайх Ҳабибуллоҳ дуо қилгани ва ана шу дуо ҳамда руҳий таъсир туфайли Аллоҳёрнинг қалбида илоҳий бедорлик пайдо бўлгани ривоят қилинади.

Бу воқеадан сўнг Аллоҳёр қалбидаги тафаккур ўзгаради ва у Нақшбандия тариқатининг машҳур шайхи – Шайх Ҳабибуллоҳнинг ҳузурига бориб, тўлиқ тавба қилади ҳамда тариқатга қўшилиш истагини билдиради. Шайх уни қабул қилади ва шундан сўнг Сўфи Аллоҳёр мансаб, мартаба, дунёвий манфаатларни барчасини тарк этиб, тасаввуф йўлига бутун вужуди билан кириб кетади.

У зот ўн йил давомида Бухородаги Жўйбор шайхлари силсиласининг намоёндаси – Шайх Ҳабибуллоҳ мадрасасида таълим олади, унинг қўлида тасаввуф илмини пухта ўзлаштиради. Тариқатнинг турли руҳий машқлари, одоб ва талабларини сидқидилдан бажариб, шайхлик мартабасига кўтарилади, валийуллоҳ – Аллоҳнинг дўсти, каромат соҳиби сифатида танилади ва аҳли сунна ақидаларининг йирик ҳимоячиларидан бирига айланади.

Сўфи Аллоҳёр ўз асарларида таъкидлашича, у Шайх Ҳабибуллоҳдан ташқари яна бир қатор улуғ устозлар: Сўфи Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин каби уламолардан ҳам дарс олган. Шу тариқа у шаръий илмларни, хусусан, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуфни мукаммал эгаллаган; араб ва форс тилларини эса юксак даражада билиб, кейинчалик ўзининг машҳур асарларини ана шу тилларда ҳам ижод этган.

Шунингдек, манбаларда Сўфи Аллоҳёрнинг айнан шу даврларда замонасининг оташнафас, ишқий ва ирфоний руҳ билан суғорилган шеърият соҳиби – Бобораҳим Машраб (1650–1711) билан яқин мулоқотда бўлгани ҳам ривоят қилинади. Икки буюк софдил шайх ва шоирнинг учрашувлари, суҳбатлари ва руҳий мушоҳадалари уларнинг ҳар иккаласининг ҳам маънавий дунёсида муайян из қолдиргани айтилади. Машрабнинг ирфоний муҳаббатга асосланган ғоялари ва Аллоҳёрнинг ақидавий барқарорликка йўналтирилган таълимоти ўзаро мулоҳазалар орқали янада бойигани турли тазкира ва ривоятларда эслатиб ўтилади.

Манбаларда таъкидланишича, Сўфи Аллоҳёр ўзбек ва форс тилларида бир қатор нодир, илмий ва ирфоний аҳамиятга молик асарлар яратган. Улар орасида қуйидагилар алоҳида ўрин тутади:

1. «Маслакул муттақийн» («Тақводорлар маслаги»). Бу асар алломанинг шоҳ асари сифатида эътироф этилган. Форс тилида ёзилган ушбу китобда тақво эгалари йўли, ахлоқий-ирфоний масалалар, инсоннинг руҳий камолга интилиши каби мавзулар чуқур баён қилинган. Сўфи Аллоҳёрнинг илмий-педагогик қарашлари айнан шу асарда тўла намоён бўлади.

2. «Муродул орифийн» («Орифлар муроди»). Мазмуни билан «орифлар орзуси» ёхуд «ирфон эгалари мақсади»ни англатадиган бу асар ҳам форс тилида таълиф этилган. У ўн беш фаслдан иборат бўлиб, ўттизга яқин рисола асосида ёзилган. Китобда тасаввуф илмига оид кенг қамровли масалалар: нафс тарбияси, руҳий машқлар, зикр одоблари, шайх-мурид муносабатлари каби мавзулар шарҳланган. Асарнинг кўплаб қўлёзма нусхалари мавжуд. Шулардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида 1716 рақам билан сақланмоқда.

3. «Махзанул мутийъийн» («Итоаткорлар хазинаси», «Итоаткорлар захираси»). Форс тилида ёзилган бу асар икки асосий бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда ақидавий масалалар, инсоннинг эътиқоди, исломий қарашлар пойдевори ҳақида сўз юритилган. Иккинчи бўлимда эса фиқҳий масалалар, амалий ибодатлар, одоб-ахлоқ қоидалари баён қилинади. Китобнинг ўзига хослиги шундаки, у ақийда ва фиқҳни бир асарда уйғун тарзда қамраб олган.

4. «Саботул ожизийн» («Ожизлар саботи», «Ожизлар матонати»). Ушбу асар ақоид илмига бағишланган бўлиб, туркий тилда назмий услубда ёзилган. Муаллиф бу асарни «Маслакул муттақийн»дан кейин ёзган. Форс тилида ёзилган «Маслакул муттақийн» кенг омма томонидан катта муҳаббат билан кутиб олингач, Сўфи Аллоҳёрнинг яқинлари ва шогирдлари уни она тилида ҳам ёзиб беришини сўрайдилар. Ҳақ таолога таваккул қилиб, у зот бу илтимосни қабул қилади ва «Саботул ожизийн»ни қисқа вақтда ижод этади. Асар халқ орасида шиддат билан тарқалган, мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган ва асрлар давомида мусулмонлар учун муҳим маънавий дастуриламал вазифасини ўтаб келган.

«Саботул ожизийн» асари ўз пайдо бўлган давриданоқ кенг китобхонлар оммаси томонидан катта мамнуният билан қабул қилинган. Унинг оддий халқ тилида ҳам ёдлаб юрилиши, дастурхон атрофида, масжид ва мадрасаларда оҳанг қилиб қилиб ўқилиши – асарнинг халқ қалбида қандай чуқур ўрин эгаллаганини яққол кўрсатади. Мазкур асарнинг халқ орасида тез оммалашгани, унинг мазмуни оддий, равон ва таъсирли тили билан бирга, ақидавий масалаларни жонли, тушунарли тарзда баён этгани билан ҳам боғлиқдир.

«Саботул ожизийн» юзлаб йиллар давомида, аниқроғи, уч юз йилдан ортиқ вақт мобайнида мактаб ва мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган. У толиби илм учун қўлланма, тақво ва одоб-ахлоқ истаганлар учун эса маънавий дастуриламал вазифасини ўтаган.

Бу асарнинг нуфузи фақат Мовароуннаҳр билан чекланиб қолмаган. «Саботул ожизийн» Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия ва Россия каби кўплаб давлатларда нашр этилган. Асарнинг бу қадар кенг ҳудудларда тарқалиши унинг илмий ва руҳий қимматини янада оширади. Шу билан бирга, унинг тарқалиши мотуридия ақида мактабининг мазкур юртларда мустаҳкамланиши ва оммалашувига ҳам хизмат қилганини айтиш ўринлидир.

Баъзи тадқиқотчилар ва адабиётшунос олимлар Сўфи Аллоҳёр меросини ўрганар экан, унга тегишли деб қайд этилган яна бир нечта асарларга эътибор қаратадилар. Жумладан, «Нажотут толибийн», «Фавзун нажот» китоблари ҳамда «Мевалар мунозараси» номли манзума айрим манбаларда Сўфи Аллоҳёр қаламига мансуб экани айтилган. Гарчи бу асарларнинг муаллифлиги ҳақида баҳслар мавжуд бўлса-да, уларнинг услубий хусусиятлари, мазмун-моҳияти ва тасаввуфий руҳи Сўфи Аллоҳёр ижодига яқинлиги боис, бир қатор олимлар уларни шу улуғ зот номи билан боғлайдилар.

Октябрь инқилобига қадар Сўфи Аллоҳёрнинг асарлари форсий ва туркий тилда сўзлашувчи ҳар бир мўмин ва мусулмон учун азиз ва муқаддас маънавий мерос сифатида қадрланиб келган. Ҳар бир хонадон, ҳар бир мадраса ва илмий муҳитда бу асарлар эҳтиром билан ўқилган, ёш авлод улар орқали ақида, одоб ва тасаввуф таълимотини ўзлаштирган. Шунга мувофиқ, асарларга арабий, форсий ва туркий тилларда шарҳлар ёзилган, мазмунни яхшироқ англаш учун махсус луғат ва кўлланмалар тузилган.

Афсуски, собиқ шўролар давридаги мафкуравий босим ва диний меросга нисбатан салбий сиёсат натижасида Сўфи Аллоҳёрнинг бой илмий-ирфоний мероси таъқиқга учради. У зот ҳақида асоссиз гап-сўзлар, сохта айбловлар тарқатилди, асарлари танқид қилинди ва уларга нисбатан муносабат сунъий равишда ёмонлаштирилди. Натижада, узоқ йиллар давомида бу улуғ алломанинг номи ва мероси ҳақиқатдаги қадру қимматидан узоқлаштирилди.

Қайта қуриш ва ошкоралик даври, айниқса, Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг Сўфи Аллоҳёрнинг нурли мероси яна ўз қадрига қайта бошлади. Диний-маънавий меросга бўлган муносабат тубдан ўзгарди, асрлар давомида халқ қалбида яшаб келган, аммо таъқиқлар оқибатида чекланган бу буюк зотнинг асарлари қайта тарғиб этилди. Унинг бир қатор нодир китоблари нашр этилди, янги тадқиқотлар, илмий таҳлиллар, шарҳ ва изоҳлар ёзилди.

Сўфи Аллоҳёрнинг ҳаёти ва ижодиётини ўрганиш йўлида кўплаб салмоқли ишлар амалга оширилди. Уламоларимиз томонидан асарлари қайта ўрганилиб, шарҳланди, зиёлилар, муҳаққиқлар ва адабиётшунослар томонидан янги илмий изланишлар олиб борилди. Натижада, халқимиз яна бу асарларни севиб мутолаа қиладиган, улардан маънавий озуқа оладиган бўлди. Сўфи Аллоҳёр мероси яна бир бор ўзининг ҳақиқий қиймати, ирфоний қудрати ва ахлоқий аҳамияти билан юрт аҳли учун маънавий манбага айланди.

Сўфи Аллоҳёр нафақат буюк шоир ва тариқат шайхи, балки йирик фақиҳ, шариат илмларининг маҳоратли олим ва самарали тарғиботчисидир. Унинг барча асарлари инсонни ҳақиқий исломни тушунишга, дину диёнатга садоқат билан йўналтиришга қаратилган. Муаллиф асарлари орқали одоб-ахлоқ, ахлоқий тарбия ва фиқҳий билимларни оддий ва тушунарли тарзда баён қилиб, ҳар бир инсонни соф тасаввуф йўлига қадам қўйишга чақиради.

Шу билан бирга, Сўфи Аллоҳёр ижоди нафақат ақлий тафаккур, балки қалб ва руҳни поклаш, инсонни маънавий етукликка эриштириш йўлида ҳам хизмат қилади. Унинг асарлари ҳар даврда ҳам кишини маънавий бойликка, ибодат ва ахлоқ йўлида баркамолликка чорлайдиган устозлик мақомида қадрланган.

У зот ўз асарларида инсонларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда буюрилган амалларни сидқидилдан бажаришга даъват қилиш билан бирга, ҳалоллик, поклик, мурувват ва одамийликка эришишга ўргатади. Муаллиф инсоний фазилатлар билан безаниш, сабр-тоқатни ушлаш, ахлоқни тузатиш ва гўзал хулқни шиор қилиш, шукроналик туйғусини ривожлантириш, эътиқодни пок тутиш ва илмга амал қилишга чорлайди.

Шу билан бирга, Сўфи Аллоҳёр бидъат ва хурофотдан йироқ бўлиш, хавфу ражо орасида яшаш, сийлаи раҳм қилиш, бир-бирига ёрдам кўрсатиш, дўстона муносабатлар, сахийлик ва камтарликка мойилликни тарғиб этади.

Алломанинг ижоди асосан халқ орасида ислом маърифатини кенг ёйиш, рисоладагидек ҳаёт кечиришга даъват этиш, охиратни ўйлаш ва ҳисоб-китобга тайёр туриш, жаннат илинжида яшаш ва жаҳаннам азобидан сақланиш, гуноҳдан тийилиш, ҳамда тасаввуфнинг инсон камолоти билан боғлиқ ғояларини тарғиб қилишга қаратилган.

Бир сўз билан айтганда, Сўфи Аллоҳёр оят ва ҳадис маъноларини шеърий услубда китобхонга етказади, уларнинг қалб торини чертади, руҳиятини кўтариб, охиратга бўлган қизиқиш ва тайёргарлигини кучайтиради.

Умрининг асосий қисмини ҳақ йўлига, ирфоний билимлар тарғибига ва тасаввуф таълимотини кенг халқ оммасига сингдиришга сафарбар этган Сўфи Аллоҳёр, зулм, зўравонлик, такаббурлик, судхўрлик, вафосизлик, лоқайдлик, тамагирлик, танбаллик ва беҳунарлик, мансаб ва мол-дунёнинг ортидан эришаётган ғам-ғусса каби иллатларни қатъий равишда қоралаб, уларга нисбатан панд-насиҳатлар беради.

Шоир кишиларни кибру ҳаводан воз кечиб, ҳамжиҳатлик ва биродарликда яшашга, дўстлик ва садоқатда бир-бирига наф етказишга, бир-биридан баҳраманд бўлишга даъват этади. У инсонга ақли етадиган ишни қилиши, қўлдан келадиган юмушни адо этиши, ваъдасига вафодорлиги ва аҳдида садоқатли бўлиши зарурлигини уқтиради.

Сўфи Аллоҳёр айни пайтда инсонга бажара олмайдиган, эплай билмайдиган ишга қўл урмаслик, берган ваъдасини бузмаслик, дунёга ортиқча муҳаббат қўймаслик кераклигини эслатиб ўтади. Чунки бу ҳолат инсонни ҳар икки оламда ҳам бадном ва эл ичида шармисор қилиши мумкин.

Унинг панд-насиҳатлари нафақат шахсий ахлоқни тарбиялашга, балки халқ орасида ҳамжиҳатлик, инсонийлик ва соф тасаввуф ғояларини мустаҳкамлашга қаратилгани боис, Сўфи Аллоҳёрнинг мероси ҳар доим баркамол ва маънавий йўл кўрсатувчи йўлнамо сифатида қадрланади.

Сўфи Аллоҳёр кишиларни билим эгаллашга, касб-ҳунар ўрганишга даъват этар экан, уларни ҳалол меҳнат билан, пешона терини тўкиб ризқу рўзини топиб ейишга, пок ва покдомон яшашга ундайди. У ҳар бир инсонга бировлар миннати ва жабрини тортмаслик, сабр ва қаноат билан яшаш, ҳаётда тамагирлик ва беқарорликка йўл қўймасликни таъкидлайди.

Сўфи Аллоҳёрнинг бу таълимотлари нафақат шахсий ахлоқни тарбиялаш, балки халқ орасида адолатли, меҳнаткаш ва инсоний фазилатларга эга авлодни шакллантиришга хизмат қилади.

Сўфи Аллоҳёрнинг шеърлари китобхонни ҳалоллик, поклик, ростгўйлик, меҳнатсеварлик ва одамохунликка чақиради. У ёшликдан илм ва маърифат эгаллаш, садоқатли, қаноатли ва ризоли бўлиш, таъзим ва тавозуъ билан яшаш, иймон ва эътиқодда мустаҳкам туриш каби фазилатларга тарбиялайди.

Шоирнинг асарлари шу билан бирга ғайриинсоний ва ғайришаръий ишлардан парҳез қилиш, ҳаётни маънавий тоза йўлда ўтказишга даъват этади. Бу фазилатлар инсоннинг комиллиги ва маънавий етуклигининг асосий белгиларидир.

Сўфи Аллоҳёрнинг шеърий мероси инсондўстлик ва исломий маърифатпарварлик ғоялари билан тўла бўлиб, китобхоннинг қалбини тарбиялаб, руҳини юксалтиришга хизмат қилади.

Сўфи Аллоҳёр бобомиз динимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган, ўз қимматли асарлари орқали мотуридия таълимотининг Мовароуннаҳр ва ундан ташқари бошқа юртларга кенг тарқалишига хизмат қилган буюк уламолардан биридир. Унинг илмий ва маънавий мероси халқимиз ва мусулмон олами учун нафақат қадрли, балки маърифат ва тасаввуф йўлининг баркамол дастури сифатида ҳам хизмат қилади.

Сўфи Аллоҳёр Каттақўрғонда таваллуд топган бўлса-да, узоқ йиллар Бухорода истиқомат қилган, кейинчалик Каттақўрғон ва Ғузорда яшаган. У оила қуриб, фарзандларининг тарбиясига алоҳида эътибор қаратган, минглаб шогирдлар тарбиялаб, халқнинг маънавий-маърифий юксалишига муносиб ҳисса қўшган.

Умрининг охирида Сурхондарё вилояти, Денов (ҳозирги Олтинсой) туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғига бориб жойлашган. Бу ерда ўзбек мумтоз адабиёти ва тасаввуф илми анъаналарининг давомчиси сифатида ўзига хос мактаб яратган.

Сўфи Аллоҳёр 1721 (айрим ривоятларда 1724) йили ушбу қишлоқда оламдан ўтган. Ҳозирда унинг кўплаб авлодлари ҳам шу жойда яшаб келмоқда. Ерли аҳоли бу жойни авлиёнинг қадамжоси деб билган ва унинг яқинида кичик масжид бунёд этган. Натижада бу масжид ва атрофи тарихий зиёратгоҳга айланган ва халқ орасида муқаддас ва қадрли макон сифатида эъзозланади.

«Саботул ожизин» асари

Нақшбандия тариқатининг вакилларидан бири саналган Сўфи Аллоҳёр араб, форс ва ўзбек тилларида нодир китоблар ёзиб қолдирган, динимиз ва адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллаган улкан ижодкордир. Унинг «Саботул ожизин» китоби шеърий услубда ёзилган бўлиб, ўзбек ва тожик халқлари орасида жуда-жуда машҳур. Бу асар қадимдан мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган.

Китобнинг бир қанча мусулмон давлатларида нашр этилгани ва бу асарга махсус луғатлар, ҳатто арабча шарҳлар битилгани ҳам юқоридаги фикрларимизга далилдир. Сўфи Аллоҳёр масалаларни баён қилиш жараёнида оят ва ҳадислардан далиллар келтиради. Ҳар бир масалага тўхталар экан, тақво ҳамда одоб жиҳатларини ҳам эслатиб ўтади.

Шубҳасиз, Сўфи Аллоҳёр бу асарини илм ва тажриба орттириб, холис ният билан ёзгани унинг фикру мулоҳазаларидан билиниб туради. Мадрасаларда махсус ўқитилган ушбу асарни толиби илмлар қисқача «Сўфи Аллоҳёр» деб атаганлар. Асарнинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга кенг ёйилган.

Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлмиш ушбу асарда тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалаларини кенг ёритиш билан у туркий тасаввуф адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган. Асарларида ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма-бир таърифлаб берган. Ахлоқий-таълимий аҳамияти жиҳатидан, хусусан, «Маслакул муттақийн» ва «Саботул ожизийн» асарлари мактаб ва мадрасаларда асосий дарсликлар қаторида ўқитилиб келган. Унинг диний-тасаввуфий руҳдаги панду ҳикматга йўғрилган асарлари нафақат Туркистон, балки Қашқардан тортиб Этел (Волга), Ёйиқ (Урал) дарёлари воҳалари, Ҳожитархон (Астрахан), Булғор, Оренбург ва бошқа минтақаларда яшовчи халқлар орасида ҳам кенг тарқалган. Улар кўп нусхаларда кўчирилган. XIX асрнинг охирларига келиб эса Тошкент, Қозон, Боку, Истанбул ва бошқа шаҳарларда тошбосма йўли билан бир неча марта босилиб чиққан.

Сўфи Аллоҳёрнинг «Саботул ожизин» асари ўз туридаги бошқа китоблардан фарқли равишда ўқувчини зериктирадиган узун ҳам, маълумоти оз ҳам эмас, балки ўртача шаклда ёзилган китобдан иборатлиги, асар лафзи ёрқинлиги, иборалари енгиллиги, керакли маълумотларни қисқа лафзлар билан ўзида мужассам этгани ҳамда ақида илмини тўлиқ тушуниш ва терминларини ёдлаб қолишни осонлаштиргани аниқланган.

Сўфи Аллоҳёр мазкур асарда бошқа асарларидаги каби эътиқод софлиги, ақидавий масалаларга доир кўплаб муҳим маълумотлар бериб ўтган. Хусусан, алломанинг фикрича, ақидани билиш, ўрганиш, ҳаётга тадбиқ этиш, ўзига шиор қилиб олишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Буни аллома бир оғиз сўз билан қуйидаги услубда баён қилгани фикримиз тасдиғидир:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдур.

Демак, ақидани яхши ўрганиб, тушуниб, англаб, аслини сўраб-суриштириб, сўнг унинг қийматига баҳо бериш керак.

«Саботул ожизин»асари фиқҳий, ақидавий илмий-назарий ва тарихий-тадрижий асосларини ўрганувчи муҳим манбалиги исботланиб, ихтилофга сабаб бўлган бир қанча фиқҳий ва ақидавий масалаларнинг ечими очиб берилган.

Мазкур асар мустабид тузум даврида айрим шахслар томонидан нотўғри талқин қилинган. Унга атеистик нуқтаи назардан баҳо берилган. Ундаги маълумотлар ўқувчини йўлдан оздириши, бир тарафлама фикрлайдиган қилиб қўйиши, йўлдан оздириши айтиб ўтилган.

Сўфи Аллоҳёр ақидага оид масалаларни ишончли далиллар асосида келтириб ўтган ва бунда оят ва ҳадислардан ўринли фойдаланган. Ўрни келганда, оддий лафзларга қараб эмас, балки азал-азалдан ўлкамизда тадбиқ қилиб келинаётган ўлмас қадрият ва урфий амални асос қилиб олиб, бу масаладаги мавжуд ихтилофларни илмий йўл билан ечиб берганлиги асослантирилган.

«Саботул ожизин» асари аҳли сунна вал жамоа эътиқодини назмий услубда баён этган мўътабар асар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам улуғ устозлардан бири бу асарни: «Саботул ожизин» мағзи Қуръондир», дея таърифлаган.

«Саботул ожизин» асари аҳли илмларни доимо ўзига жалб қилиб келган. Шу сабабли унга кўплаб шарҳлар ёзилган ва ёзилмоқда. Жумладан «Рисолаи Азиза», «Иршод ул-ъоизийн» ва «Ҳидоят ут-толибин» сингари асарлар «Саботул ожизин»нинг энг машҳур шарҳлари ҳисобланади.

Халқимиз орасида алоҳида «Оллоёрхонлик» кечалари ўтказилиши, унинг байтлари ҳатто оддий халқ тилларида ёддан ўқиб юрилишининг ўзи унинг манзур бўлганига ва халқ кўнглидан жой олган муҳим асар эканига яққол далилдир. Шунинг учун ҳам бу асар турли даврларда кўплаб давлатларда қайта-қайта нашр қилинган:

Тошкентда 1882, 1884, 1905, 1915 йилларда, Қўқонда 1890 йилда, Когонда 1910 йилда, Тошкентда яна 1991, 2007 йилларда қайта нашр қилинган.

Булардан ташқари «Саботул ожизин» асари Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия ва Россия давлатларида ҳам нашр этилган. Бу эса асарга талаб жуда катта бўлганига далолат қилади.

«Саботул ожизин» асарининг сақланаётган нусхалари орасида турли тафовутлар мавжуддир. Шунга кўра Ўзбекистонда таниқли олим Рашид Зоҳид томонидан 94 қўлёзма ва 61 тошбосма матнларини ўзаро қиёслаб асарнинг энг ишончли матни таёрланган. Бу матн ҳозирда нашр этилган.

Табийки «Саботул ожизин» асари қўлма-қўл ўтиб ўқиб юриладиган машҳур асар бўлганидан унга кўплаб шарҳлар ёзилган. Ҳозирча бизга маълум бўлган шарҳлар қуйидагилардир:

1. Қозонлик олим Тожуддин Ёлчиқул ўғли ҳижрий 1221/1806 йилда «Саботул ожизин» асарига «Рисолаи Азиза шарҳу «Саботул ожизин» номли шарҳ ёзган. Бу шарҳ 1835 йилда «Қозонда, 2000 йил Ўзбекистонда нашр этилган. Бу «Саботул ожизин»га ёзилган биринчи шарҳ китоби бўлгани учунми унда матн тарихи, матн талқини билан боғлиқ нуқсонлар учрайди. Шарҳ муқаддимасида Сўфи Аллоҳёрнинг таржимаи ҳоли ҳақида келтирилган маълумотларнинг тарихий асосга эга эмаслигини кўриш мумкин. Шундай тўқима ривоятнома фактлар айрим байтлар шарҳида ҳам кузатилади.

2. Салоҳиддин ибн Ровил Салимий Қозоний «Иршод ул-ъоизийн». Бу шарҳ 1911 йилда Қозонда нашр этилган. Ушбу асарнинг тошбосма нусхаси Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 9320 рақами остида сақланмоқда.

3. Саййид Ҳабибуллоҳ ибн Саййид Яҳёхон Фарғоний, Қобулий «Ҳидоятут толибийн шарҳу «Саботул ожизин Сўфи Аллоҳёр». Бу шарҳ 1928 йилда Покистонда, 2009 йилда Тошкентда нашр этилган.

4. Шайх Муҳаммад Саъийд Туркистоний «Саботул ожизин шарҳи». Бу шарҳ Дамашқдаги «Тараққиёт» матбаасида 1967 йилда нашр этилган.

5. Тўрахўжа ибн мулла Сорийхўжа Ўзгандий «Шарҳу саботул ожизин».

Бу шарҳ араб тилида ёзилган. Ўзбек тилидаги асарни араб тилида шарҳлаганининг сабаблари ҳақида муаллиф қуйидагиларни ёзган:

«Халил (соллаллоҳу алайҳи васаллам) миллатининг чироғи, комил шайхга нисбат берилган «Саботул ожизин» китоби толиби илмлар қўлларида қўлма-қўл бўлган, кўплаб насиҳатлар ва латиф сўзларни ўзида жамлаган, улуғвор араб тилидаги ҳамда ёқимли тиллар бўлган форс ва туркий тиллардаги сўзлар билан битилган китоб бўлгани учун баъзи дўстлар бу заиф бандадан ушбу китобнинг тилини баён қилиб берадиган, ундан ирода қилинган маъноларини очиб берадиган шарҳ ёзишни илтимос қилдилар. Мен бу китобни араб тилида шарҳладим. Чунки араб тили баёни очиқ-ойдин бўлган ва Қуръон нозил бўлган тилдир…(қисқартириб олинди)»

Араб тилида ёзилган ушбу шарҳнинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида 1427 рақам остида сақланмоқда.

Асарнинг марказида – инсон ва унинг маънавий комиллик сари интилиши туради. Бу комилликнинг асосий шарти – нафсдан покланиш, дунёвий манфаатлардан воз кечиш, ва Аллоҳ муҳаббатига етишишдир. Муаллиф суфий таълимотга таянади ва унинг асосий босқичларини шундай акс эттиради.

Оятуллоҳ Айниддин

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказий бўлим бошлиғи,


Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика