ИСЛОМ ОЛАМИДАГИ ОЛИМАЛАР: СУТАЙТА АЛ-МАҲАМАЛИЙ

by Matbuot xizmati
61 👁️

IX-X асрлар ислом сивилизатсияси тарихда “илм-фаннинг олтин даври” сифатида тан олинади. Айниқса, Аббосийлар халифалиги даврида Бағдод шаҳри жаҳон миқёсидаги илмий марказга айланган бўлиб, бу ерда фиқҳ, ҳадис, фалсафа, тиббиёт, астрономия ва математика каби фанлар жадал ривожланди. Мазкур илмий муҳитда нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам фаол иштирок этган. Шундай нодир, аммо кўп ҳолларда етарлича ёритилмаган шахслардан бири – Сутайта бинту ал-Маҳамалий (баъзан Сутайта бинту ал-Ҳусайн номи билан зикр қилинади).

Сутайта Х асрда Бағдодда яшаган бўлиб, Қуръон, фиқҳ, математика, хусусан алгебра ва исломий мерос ҳисоблари соҳасида юксак даражадаги илмий салоҳиятга эга бўлган аёл олима сифатида тарихга кирган. У ҳақидаги маълумотлар кам бўлишига қарамай, ишончли тарихий манбаларда унинг илмий салоҳияти аниқ эътироф этилган.

Сутайта машҳур қозилардан бири Абу Абдуллоҳ ал-Ҳусайннинг қизи бўлган. Шу сабабли тарихий манбаларда у кўпинча “Ҳусайннинг қизи” сифатида тилга олинади. Унинг оиласи Бағдоднинг илмий давраларига мансуб бўлиб, бу ҳолат Сутайтанинг болаликдан илмий муҳитда вояга етганини кўрсатади. Амакиси таниқли муҳаддис, ўғли эса кейинчалик қозилик мартабасига эришган.

Ўрта аср ислом жамиятида илм одатда оила даврасида ва устоз-шогирд анъанаси орқали ёйилган. Сутайта ҳам ана шу анъана доирасида бир нечта етук олимлардан, жумладан отасидан таълим олган. У араб тили ва адабиёти, Қуръон ва унинг тафсири, ҳадис илми, фиқҳ ва математика фанларини чуқур ўрганган. Аёллар учун бундай кенг қамровли таълим камёб ҳолат бўлса-да, Бағдоддаги нисбатан очиқ илмий муҳит бунга имкон берган.

Таржимаи ҳол (табақот) асарларида Сутайта фақиҳ, муфтий ва муаллима сифатида қайд этилган. Бу лавозимларнинг барчаси унинг илмий даражаси ва салоҳиятининг ниҳоятда юқори эканлигини кўрсатади. Айниқса, муфтий бўлиш мустақил равишда фиқҳий ҳукмлар чиқариш ваколатини бериб, бу эса чуқур илмий тайёргарлик ва жамиятнинг ишончига эга бўлишни талаб қилади.

Машҳур тарихчилар Ибн ал-Жавзий, аз-Заҳабий, Ибн Касир Сутайтани фиқҳ илмида, хусусан Ҳанбалий мазҳаби доирасида ўз даврининг энг билимдон аёлларидан бири сифатида эътироф этганлар. У илмий мажлисларда қатнашган, баҳс-мунозараларда фаол иштирок этган ва саҳобалар авлодлари билан бир қаторда илмий муҳокамаларда фикр билдирган.

Ибн Касир унинг шахсий фазилатларига алоҳида урғу бериб, уни “ўз замонасининг энг билимдон, обрўли ва сахий аёлларидан бири, эзгу амалларда шошилувчан” дея таърифлайди. Бу баҳо ўша давр тарихчилари аёл олимани фақат билим эмас, балки ахлоқий камолот мезонлари билан ҳам баҳолаганини кўрсатади.

Сутайта ал-Маҳамалийнинг тарихий аҳамиятини алоҳида белгилаб берувчи жиҳат унинг математика ва алгебра соҳасидаги фаолиятидир. У айниқса “Илм ал-фароид” “Мерос тақсимоти илми” бўйича етук мутахассис бўлган. “Илм ал-фароид” фиқҳий қоидаларга асосланган ҳолда мураккаб математик ҳисобларни талаб қилади. Вафот этган шахснинг мулкини фарзандлар, опа-сингиллар, амакилар, холалар ва бошқа қариндошлар ўртасида адолатли тақсимлаш учун кўп босқичли математик ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Сутайта айнан шу соҳада етакчи мутахассис сифатида танилган.

Манбаларга кўра, у нафақат мавжуд масалаларни ечган, балки умумий алгебраик ечимлар ва методлар ишлаб чиққан. Кейинги математиклар унинг ишланмаларига мурожаат қилганлари бу фикрни асослайди. Афсуски, унинг аниқ математик формулалари ва рисолалари бизгача етиб келмаган, бироқ тарихий маълумотлар унинг юқори даражадаги алгебраик тафаккурга эга бўлганини кўрсатади.

Сутайта ал-Хоразмий (ваф. 850) ва Абу Камил (850-930) дан кейинги авлодга мансуб бўлиб, уларнинг тенгламаларни синфларга ажратиш ва умумий ечимлар топишга қаратилган алгебраик анъанасини давом эттирган бўлиши тахмин қилинади. Айрим тадқиқотчилар унинг ишлари кейинчалик Ибн ал-Ҳайзам ва Умар Хайём даврида ривожланган мураккаб алгебраик масалаларга замин яратган бўлиши эҳтимоли мавжудлигини таъкидлашади.

Муҳими шундаки, Бағдоддаги эркак олимлар мураккаб математик муаммоларни ҳал этишда Сутайтага мурожаат қилганлар. Сутайта ал-Маҳамалий шахси ислом тарихида аёлларнинг илмий фаолияти тасодифий ёки истисно ҳолат эмаслигини кўрсатади. У яшаган даврда Бағдодда аёл муҳаддислар, фақиҳлар, шоиралар ва мутафаккирлар мавжуд бўлган. Кейинчалик ижтимоий-сиёсий омиллар таъсирида бу имкониятлар торайган бўлса-да, Сутайта каби олималар ислом сивилизатсиясининг дастлабки илмий тизими очиқ бўлганини тасдиқлайди.

Унинг ҳаёти аёллар илмга лаёқатли эмас деган хато тушунчаларга тарихий раддиядир. Аксинча, у илмий муҳит, таълим ва ижтимоий эътироф мавжуд бўлган тақдирда аёллар энг мураккаб назарий фанларда ҳам юксак натижаларга эриша олишига яққол мисол бўла олди.

Сутайта ал-Маҳамалий фиқҳ ва алгебра соҳаларини бирлаштирган, ўз даврида эътироф этилган йирик аёл олимадир. Унинг илмий мероси тўлиқ сақланиб қолмаган бўлса-да, тарихий манбаларда қайд этилган мақоми унинг юксак илмий салоҳияти даражасидан далолат беради. Сутайта ал-Маҳамалий ислом илм-фани тарихида аёллар нафақат иштирок этганини, балки уни фаол равишда шакллантирганини кўрсатиб берган буюк сиймодир.

Мухлиса Эргашова – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика