ТЕРМИЗГА ЙЎЛ…

by Matbuot xizmati
18 👁️

(Термиз сайёҳлар нигоҳида)

Маълумки, охирги йилларда юртимизда аждодларимиз меросига бўлган эътибор одатий сўзлардан илмий асосларга кўчди. Натижада Термизда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби ҳам илмий салоҳият жиҳатидан, ҳам бино жиҳатдан муҳташам бир маскан вужудга келди. Марказ бугунги кунда ўз фаолиятини нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам кенг кўламда олиб бормоқда. Тарихимиз ва қадриятларимизга бўлган бу илмий ёндашув натижасида эса Сурхондарёга сайёҳлар оқими ва муносабати тубдан ўзгараётганини қайд этиш лозим. Зеро, қисқа фаолияти давомида Имом Термизий маркази ушбу сайёҳларнинг илмий-амалий кўмак оладиган асосий нуқталаридан бирига айланиб улгурди. 

Яқинда қувайтлик тадқиқотчи олим Нодир Васийр Қувайтнинг “Ал-Баён” журналининг 2025 йил декабрь сонининг 18-19 бетида Термиз ҳақидаги “Термизга йўл…” мақоласини эълон қилди. У “Билад Мавроуннаҳр. Минал фатҳил исламий ила ихтилал ар-русий” (Мовароуннаҳр ўлкаси. Ислом давридан бошлаб, рус босқинига қадар) номли араб тилидаги йирик ҳажмли китоб муаллифи бўлиб, ушбу китоби 2023 йилда нашр этилган ва 676 бетни ташкил этади. 

Гап шундаки, муаллиф 2025 йил баҳорида Термизга ташриф буюрган ва бу ер билан танишиб, ўзининг таассуротларини мақола қилган. Қуйида ўқувчиларни араб тилида битилган мақоланинг қисқача мазмуни билан таништириб ўтамиз.

Муаллиф ўз сўзини Термизнинг қадимий шаҳар эканлиги билан бошлайди ва унинг 2500 йиллик тарихга эга эканлигини таъкидлайди. Муаллиф ўз сўзида давом этиб дейдики, Термиз – Амударё бўйидаги стратегик нуқта ҳисобланади. Унга ҳижрий биринчи, милодий 7 аср охирида ислом кириб келди ва ундан чиққан олимлар Термизнинг шуҳратини бутун ислом оламига ёйишган. Тарихий манбаларда ҳам Термиз кўчалари, бозорлари ва масжидлари обод бўлиб, совун, елим, қайиқ ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

617/1220 йилда мўғуллар шаҳарга улкан босқин уюштириб, вайронкорлик олиб келишган бўлса ҳам, 736/1336 йили Термизга келган сайёҳ ва олим Ибн Баттута унинг обод ва кўркамлигини қайд этган. Унинг айтишича, бу ерда боғу роғлар мўл-кўл, беҳиси эса энг юксак даражада ширин, гўшт ва сут кўп. У ўзи гувоҳ бўлган шаҳар Амударёдан уч километрча узоқда бўлганини ёзган. Яъни маълумки эски шаҳар Амударё қирғоқларида бўлган. Демак, Термиз аҳолиси босқиндан сўнг тез орада ўз диёрларини қайтадан қуриб, обод масканга айлантириб олишган.

Нодир Васийрнинг айтишича, охирги йилларда Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда ва бу борада улкан ишларни амалга оширмоқда. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг бу борадаги имконияти Марказий Осиё шаҳарлари орасида юксак ўринда туради. Чунки бу ерда Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва бошқа илму маърифат ўчоқлари жойлашган. Бу жойларда қадимий масжиду мадрасалар, тарихий қалъалар ва деворлар ва бошқа осору атиқалар кўп. Бу масалаларга илмий ёндашувни йўлга қўйиш учун эса Ўзбекистон ҳукумати  бир қатор илмий марказларни ташкил этди. Улардан энг муҳимларидан бири эса Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказидир.

Муаллиф дейди: “Ўзбекистонга кўп бора келганман, унинг тарихий аҳамият юксак эканлиги менга маълум бўлса-да, аммо Термизга келишга муваффақ бўлмаган эдим. Бу кўҳна шаҳарни зиёрат қилишни эса узоқ вақтдан бери жуда хоҳлардим. Олтинчи бор келишимда эса, борадиган жойларимнинг энг аввалги манзили сифатидаТермизни белгиладим ва бу ерда бир неча кунлар бўлиб, ушбу сеҳрли шаҳарнинг исломий осору атиқалари билан танишишни мақсад қилдим”.

Шундан сўнг муаллиф таассуротларини баён этар экан, Тошкентдан Термизга учиб келиш жараёнида қорлар билан қопланган тоғ ва чўққилар ва шу каби табиат манзаралари ундан катта таассурот қолдирганини айтади. Унга кўра, баҳорнинг ўрталаридаги Термиз далаю боғлар билан ўралган бўлиб, ажиб гўзаллик ичрадир. “Бизни аэропортда Имом Термизий марказининг икки ходими кутиб олди ва шаҳар ҳақидаги маълумотлар олишимизни ниҳоятда енгиллатди” дейди муаллиф. Бозорлар жуда тўкин-сочин бўлиб, ҳамма нарса муҳайё.

Муаллиф яна дейди: “Мезбонлар бизни Жомеъ масжиди тўғрисидаги шаҳардаги энг яхши овқатланиш масканларидан бирига олиб боришди. У ерда жуда мазали тушлик қилгач, Имом Термизий марказига кирдик ва у ерда олиб борилаётган тадқиқотлар билан танишдик, қадим арабий ва форсий китоблар таржималари амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Марказ ходимларининг хабар беришича, улар Термиздан етишиб чиққан олим ва тарихий шахслар борасида жуда чуқур илмий изланишлар олиб боришаётган экан. Маълум бўлишича, улар 212 нафар Термизий аллома ҳақида маълумот тўплашган экан. Шаҳарга қилган ташрифим қисқа бўлса-да, Имом Термизий маркази ходимлари менинг бу саёҳатимни жуда мазмунли ўтказишимга ва бу ер ҳақида энг муҳим маълумотларга эга бўлишимга ёрдам беришди. Қолаверса, улар тарих ва араб тилини жуда яхши билишар экан ва биз улар билан Термизнинг диққатга сазовор жойларини айландик”.

Муаллиф шундан сўнг қайси зиёратгоҳларда бўлганига ҳам тўхталиб ўтган. Биринчи кун дастлаб тасаввуф илмининг улуғ қутби бўлган Ҳаким Термизий зиёратгоҳига борилганини қайд этади. Унинг қурилиш тарихи бир неча босқичларда кечган. Жумладан, ўн бешинчи асрда у ҳозирги кўриниша яқинлашган. Қабр устига арабий нақшлар билан безатилган гўзал оқ мармартош қўйилган. Сўнг шаҳардан бир соатлик масофада Имом Термизий қабрини зиёрат қилганини айтади ва бу олимнинг Термизий олимлар орасида алоҳида ўрин тутишини таъкидлайди.

Иккинчи куни муаллиф Жарқўрғоннинг Минор қишлоғидаги Жарқўрғон минорасига борганини ёзади. У шаҳардан қирқ километрча узоқликда. У Термиз обидаларнинг дуру гавҳаридир. Зеро у асрлар ўтса-да, ўз ҳолича сақланиб турибди. Минора 503/1109 йилда Муҳаммад ибн Али Сарахсий томонидан қурилган ва бу миноранинг ўзида қайд этилган. У гўзал кўфий нақшлар билан безатилган. Минора баландлиги 21 метрга етади. Унинг устига чиқиб, атрофдаги экинзорлар ҳамда тарихий ва замонавий биноларга боқиш мароқлидир. Миноранинг ёнбошида масжид тарихий масжид бўлган, аммо бугунги кунда ундан ҳеч нарса қолмаган.

Учинчи куни эса муаллиф шаҳар кўчаларида айланганини ёзади. Шунда у Термиз археологик музейига дуч келган ва унга киргач, Термизнинг нафақат ислом, балки исломдан олдинги қадим маданиятига оид кўплаб осору атиқалар борлигига гувоҳ бўлганини тўлқинланиб сўзлайди. Зеро, бу шаҳарнинг қадимдан тарихдаги юксак ўрни бўлганини намоён этишини таъкидлайди.

Муаллиф сўзининг охирида хулоса сифатида шундай дейди: “Мен Термизга саёҳатим давомида эсдаликларимни доимо ёзиб, олиб юрдим ва улар ушбу мақолага асос бўлди. Шаҳар эса мен ўйлаганимдан ҳам кўра чиройлироқ ва ҳайратомуз экан. Шаҳар билан танишиш жараёнимда кўплаб ибратлар ва сабоқлар олдим. Масалан, билдимки, тадқиқотчи ўзи тарихи ва маданияти ҳақида ёзмоқчи бўлган жойларига бориб, уларни ўз кўзи билан кўриши керак экан. Чунки шунда тарихчиларнинг қаламлари тасвирлашга ожиз бўлган нарсаларга ўз завқи билан гувоҳ бўлади. Зеро, эшитиш ва кўриш ҳеч қачон тенг бўлмайди. Қолаверса, қадимги шаҳарларнинг ўз виқори ва ҳайбати бўладики, унга келувчиларга бу алоҳида таъсирини ўтказади, агарки орадан қанча асрлар ва воқеа-ҳодисалар кечган бўлса ҳам!”

Хулоса қилиш мумкинки, қадриятларимизни илмий асосда ўрганиш – тарих ва бугунимизни боғловчи муҳим омилдир. Бу эса ўзлигимизни англаш сари ташланадиган дадил қадамларимиз ифодасидир.

Жўрабек Чўтматов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими (PhD)

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика