
Ҳар бир инсоннинг ҳаётида уни тўғри йўлга бошловчи, қалбини нурга тўлдирувчи ва илм-маърифат сари етакловчи зот бўлади. Бу зот – устоздир. Инсон дунёга кўз очган пайтдан бошлаб ота-она меҳридан тарбия олса, онг ва тафаккури шаклланаётган даврида устознинг ҳикматли сўзлари, самимий ғамхўрлиги ва сабр билан берган илми унинг ҳаёт йўлини ёритади.
Ислом дини илмни энг улуғ фазилат сифатида кўрсатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур”. (Мужодала сураси, 11-оят)
Бу оят устозларнинг жамиятдаги мақоми нақадар улуғ эканини кўрсатади. Зеро, илмни ёювчи, уни қалбларга сингдирувчи кимсалар – устозлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лимнинг фазли ҳақида шундай деганлар:
“Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон ва муслимага фарздир”. Яъни, илм олиш хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин барчага бирдек фарз (яъни шарт) қилинган. Илм эгаллашда эса устоз-мураббийларнинг ҳисса беқиёс ҳисобланади. Шубҳасиз, устоз – инсон учун энг катта маънавий фойда келтирувчи зотдир.
Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган анъаналари ҳам устозни улуғлашга асосланган. “Устоз отангдек улуғ”, “Устозни кўрмаган шогирддан барака кетар” каби мақоллар халқимизда устоз-шогирд муносабатининг нақадар муҳим эканидан далолат беради. Шарқ мутафаккирлари ҳам устозга бўлган ҳурматни доим тарғиб қилганлар. Бу борада Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги мисралари барча замонлар учун долзарбдир:
Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Устознинг вазифаси фақат билим бериш билангина чегараланмайди. У – қалбни тарбиялайди, нафсни жиловлайди, ёшларни маънавий камолотга етаклайди. Устоз – меҳрибон мураббий, ҳам дўст, ҳам йўл кўрсатувчи маслаҳатчи ҳисобланади. У шогирдининг кўзидаги нур, қалбидаги орзу ва онгидаги умидни кўра билади. Шунинг учун ҳам устозни кўпинча “қалб табиби” деб аташади.
Глобаллашув, ахборот оқимлари кучайган ҳозирги даврда устозларнинг зиммасига янада юксак масъулият юкланган. Ёшлар фақат билимли эмас, балки маънавиятли, ватанпарвар, бағрикенг бўлиб тарбияланиши учун устозлар ўзларини доимий равишда ривожлантириб боришлари зарур. Зеро, устознинг биргина насиҳати, биргина самимий сўзи шогирд ҳаётини бутунлай ўзгартириши мумкин.
Умуман айтганда, устоз – қалбларга илм нурини ёювчи, жамиятга эзгулик уруғини сочувчи, миллат келажагини шакллантирувчи улуғ зотдир. Ҳар бир инсон устозларини қадрлаши, уларга ҳурмат кўрсатиши, дуоларини олишга интилиши лозим. Зеро, устознинг дуоси – ҳаётга барака, илмга файз, келажакка нур олиб киради.Бугунги кунда устозни қадрлаш – нафақат маънавий қарз, балки жамият равнақини таъминловчи муқаддас бурчдир.
Сарвар Саидов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,