ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ ОИЛАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРГА ТАЪСИРИ

by Matbuot xizmati
14 👁️

Бугунги кунда инсониятнинг турли жамиятларида кўзга ташланадиган муҳим ўзгаришлардан бири ижтимоий тармоқларнинг ҳаётимизга чуқур кириб келишидир. Facebook, Instagram, TikTok, Telegram каби платформалар одамларнинг мулоқот тарзини, маълумот олиш усулини ва ҳатто оилавий муносабатларини ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Мусулмон жамиятлари учун бу масала айниқса муҳим аҳамият касб этади, чунки Ислом оилани жамиятнинг пойдевори деб билади ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун аниқ меъёрлар белгилаб берган.

Саволлар турли жабҳалардан кўтарилмоқда: ижтимоий тармоқлар оилавий алоқаларни мустаҳкамлайдими ёки заифлаштирадими? Улар қариндошлик ришталарини сақлашга ёрдам берадими ёки аксинча, узилишга сабаб бўладими? Никоҳ муқаддаслиги ва эр хотин ўртасидаги ишонч технология оқимида қанчалик мустаҳкам туролади? Ушбу саволларга жавоб топиш учун Қуръони карим оятлари, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳамда замонавий илмий тадқиқотларга мурожаат қиламиз.

Ислом таълимотида оилага берилган аҳамият беқиёсдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло инсонларни жуфт-жуфт яратганини ва никоҳни уларнинг тинчлик ва сукунат топишлари учун восита қилиб белгилаганини таъкидлайди. Рум сурасининг 21-оятида шундай дейилади: «Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир». Бу оятда оилавий ҳаётнинг учта асосий устуни кўрсатилган: сукунат, яъни тинчлик ва оромлик; муҳаббат, яъни чуқур меҳр; раҳмат, яъни шафқат ва марҳамат.

Қариндошлик ришталарини сақлаш ҳам Ислом шариатида алоҳида ўрин тутади. Нисо сурасининг 1- оятида шундай дейилади:  «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» Аллоҳ таоло одамларга ўз Парвардигоридан қўрқишни ва туғишганлик ришталарини ҳурмат қилишни буюради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қариндошлик алоқаларини узган киши жаннатга кирмаслигини огоҳлантирганлар. Бухорий ва Муслим ривоятлари бу ҳақда гувоҳлик беради. «Расулуллоҳ  (с.а.в) дедилар: «Ким қариндошлик ришталарини узса, у жаннатга кирмайди». Демак, Ислом назарида оилавий қадриятлар шунчалик муҳимки, уларни сақлаш эътиқод даражасида талаб этилади.

Ижтимоий тармоқлар ҳам катта имкониятлар, ҳам жиддий хавфларни мужассамлаштиради. Бу платформалар орқали одамлар дунёнинг исталган нуқтасидаги яқинлари билан бир зумда боғланишлари, маълумот алмашишлари, ҳатто видео қўнғироқлар орқали юзма юз кўришлари мумкин. Узоқ масофада яшаётган оила аъзолари учун бу жуда қулай имкониятдир. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар исломий билимларни тарқатиш, хайрли ишларга чақириш ва диний маърифатни кенгайтириш учун ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Бироқ медианинг иккинчи томони анча қоронғи. Турли мамлакатларда ўтказилган илмий тадқиқотлар ижтимоий тармоқларнинг оилавий муносабатларга салбий таъсирини яққол кўрсатмоқда. Покистон, Саудия Арабистони ва бошқа мусулмон мамлакатларида олиб борилган изланишларда респондентларнинг катта қисми ижтимоий тармоқлар оилавий алоқаларни сусайтирганини тан олган.[1] Энг ташвишли томонлардан бири шуки, оила аъзолари бир хонада ўтиришларига қарамай, ҳар бири ўз телефони экранига тикилиб, бир биридан узилиб қолишмоқда.

Қуръони каримда Муъминун сурасининг 3-оятида шундай дейилади:  «Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир». Оятда мўминларнинг бемаъни сўзлардан юз ўгиришлари таърифланади. Ижтимоий тармоқларда соатлаб маъносиз контентларни томоша қилиш ва тинимсиз скролл[2] қилиш айнан шу маънога тўғри келади. Бу вақт фарзанд тарбияси, ота-онага хизмат, турмуш ўртоққа эътибор ва илм олиш учун сарфланиши лозим эди. Агар киши ижтимоий тармоқда ўтирганлиги сабабли оиласига бериши керак бўлган вақт ва эътиборни бера олмаса, у ҳолда бу платформалар тинчлик ва ором бериш ўрнига, оила аъзоларини бир биридан узоқлаштиради.

Замонавий тадқиқотлар яна бир тобора кучаяётган муаммони очиб берди: ижтимоий тармоқлар орқали осон танишувлар, махфий мулоқотлар ва эмоционал алоқалар кўпайиши натижасида никоҳда ишонч кризиси юзага келмоқда. Кўплаб оилаларда турмуш ўртоқларнинг ижтимоий тармоқдаги фаолияти, бегона одамлар билан ёзишмалари ва вертуал дунёдаги муносабатлари туфайли жанжал ва шубҳалар пайдо бўлмоқда. Бу эса ажрашишлар сонининг ошишига олиб келмоқда.[3]

Ислом динида эса ғайрат ва ҳаё никоҳнинг муҳим устунларидан ҳисобланади. Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ҳаё фақат яхшиликка олиб боради». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёнинг фақат яхшиликка олиб боришини таъкидлаганлар.

Ижтимоий тармоқларда номаҳрам билан эркин ёзишиш, шахсий суратларни ошкора қилиш, бегона одамларнинг постларига муҳаббат билдириш ва шарҳлар орқали романтик ёки жозибадор муносабат ўрнатиш Ислом шариатида қаттиқ тақиқланган. Қуръони каримнинг Исро сурасининг 32-оятида шундай дейилади:  «Зинога яқин ҳам борманглар! Албатта, у фоҳишалик ва ёмон йўлдир». Аллоҳ таоло зинога яқин ҳам борманглар, чунки у фоҳишалик ва ёмон йўлдир, деб огоҳлантиради. Замонавий исломий олимлар бу ҳукмга зинонинг сабаблари ҳам киришини таъкидламоқдалар. Маънавий хиёнат, махфий онлайн муносабатлар ва номақбул контентларни томоша қилиш ҳам ана шу категорияга киради.

Ижтимоий тармоқларнинг яна бир жиддий салбий таъсири болалар ва ёшларга қаратилган. Турли мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ижтимоий тармоқлар болалар тафаккурига, ахлоқига ва қадриятларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Номувофиқ контентлар, фаҳш материаллар, зўравонлик кўринишлари ва дунёвийлашган турмуш тарзининг идеаллаштирилиши болаларнинг руҳий соғлиғига зарар етказмоқда. Болалар ота она назоратидан яширин ҳолда онлайн дунёга кириб кетишмоқда ва у ерда уларга зарарли таъсир кўрсатилмоқда.[4]

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар болаларни китоб ўқишдан, илм олишдан ва ибодатдан чалғитмоқда. Кўплаб ёшлар ҳақиқий ҳаётий мақсадлар ўрнига лайк тўплаш ва обуначилар сонини кўпайтиришни устувор қилмоқда. Бу эса уларнинг шахсий ривожланишига ва келажагига салбий таъсир кўрсатади.

Ижтимоий тармоқлар замонавий дунёнинг воқеликларидан биридир ва улардан бутунлай воз кечиш мумкин эмас.  Келинг, Қуръон ва Суннат мезонида, замонавий тадқиқотлар билан таққослаб, бир қатор муҳим хулосаларга келтирамиз.

Биринчидан, ижтимоий тармоқлар нейтрал воситадир ва уларнинг ҳукми фойдаланиш мақсади ҳамда усулига боғлиқ. Агар улар Қуръон тарғиб қилган сукунат, муҳаббат, раҳмат ва қариндошлик ришталарини мустаҳкамласа, бу маъқулдир. Агар бу қадриятларни емирса, хатарли ва гуноҳга айланиши мумкин.

Иккинчидан, оилавий қадриятлар исломий жамиятнинг маркази бўлиб қолади. Қуръон оилани “ором маскан” деб атайди. Ижтимоий тармоқлар бу риштани заифлаштираётгани ҳақида кўплаб эмпирик тадқиқотлар огоҳлантирмоқда.

Учинчидан, асосий вазифа меъёрни топишдир. Виртуал дунё реал оилавий ҳаётни босиб кетмаслиги керак. Оила аъзоларининг бир-бири билан юзма-юз суҳбати, бирга ибодат, бирга дастурхон ва бирга дам олиш экрандаги ҳар қандай лайкдан устун туриши шарт.

Тўртинчидан, ижтимоий тармоқларни яхшиликка буриш мумкин. Улар орқали оилавий алоқаларни мустаҳкамлаш,  илм  ўрганиш ва фарзанд тарбиясида замонавий восита сифатида фойдаланиш мумкин. Лекин бу фақат одоб ва оила ичидаги очиқ мулоқот билан биргаликда бўлгандагина самарали бўлади.

Фахритдин Хаитович Худойназаров

Имом Термизий халқаро

илмий-тадқиқот маркази

Илмий тадқиқот бўлими ходими


[1]https://dergipark.org.tr/en/download/article-file/891734, https://journals.ajsrp.com/index.php/jhss/article/download/765/724/1442

https://pu.edu.pk/images/journal/studies/PDF-FILES/2_v23_1_22.pdf,
https://www.globalmediajournal.com/open-access/social-media-and-youth-in-pakistan-implications-on-family-relations.php?aid=76372

[2] Скролл — бу интернетда, компютерда ёки телефонда маълумотларни кўриш учун экранда юқори-пастга ёки чап-ўнгга ҳаракатлантириш ҳаракати.

[3]https://dsr.ju.edu.jo/djournals/index.php/Hum/article/view/5413   

[4] https://www.ijcrt.org/papers/IJCRT2010428.pdf

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика