
Аннотатсия. Ушбу мақолада Имом Абу Мансур Мотуридий (873–944)нинг калом илмига оид қарашлари фалсафий нуқтаи назардан таҳлил қилинади. Мотуридий ўз даврида ислом тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган мутакаллим сифатида танилган бўлиб, унинг асарлари орқали калом илми методологияси, назарий асослари ва далиллаш усуллари янги босқичга кўтарилган. Мақолада аввало Мотуридий таълимотининг шаклланишига таъсир этган тарихий, диний ва интеллектуал муҳитга эътибор қаратилади. Алломанинг ақидавий қарашларида ақл ва нақлнинг ўзаро уйғунлиги, инсон эрки ва қадар масалалари, илоҳий сифатлар ва уларнинг талқини сингари масалалар таҳлил қилинади. Ушбу мақолада Имом Мотуридийнинг нафақат калом илмига, балки ислом фалсафаси ва диний тафаккур тараққиётига қўшган ҳиссаси янада чуқурроқ ўрганилиб, унинг қарашларининг бугунги кун учун аҳамияти кўрсатиб берилади.
Калит сўзлар: Имом Мотуридий, калом илми, ақида, фалсафий таҳлил, ислом тафаккури, ақл ва нақл, иймон ва амал, қадар масаласи, илоҳий сифатлар, методология, эпистемология, Муътазила, Ашъария, диний мерос.
Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса юртимиздан етишиб чиққан улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва улар асосида турли мафкуравий хуружларга қарши курашиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида Имом Абу Мансур Мотуридий илмий-маънавий меросини ҳар томонлама тадқиқ этишга қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида таъкидлаш лозим. Юртбошимиз ташаббуси билан “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази”нинг ташкил этилиши, “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент Қарорининг қабул қилиниши янгиланаётган Ўзбекистонда ушбу буюк аллома ижодига қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол намунасидир. Зеро, Имом Мотуридий асарлари ўз даврида ҳам, кейинги асрларда ҳам турли адашган оқимларга қарши ишончли раддиялар беришда дастуруламал вазифасини бажарган.
Имом Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида кўплаб муҳим воқеалар содир бўлган, диний, эътиқодий, фалсафий ва сиёсий мазҳаблар ҳамда оқимлар пайдо бўлган бир даврда яшаган. Ана шундай мураккаб муҳитда етишиб чиққан Имом Мотуридий соф Ислом эътиқодига нисбатан олиб борилган бузғунчи ҳаракатларга қарши ёзган асарлари билан машҳурдир. Аллома ўзининг илмий фаолияти орқали соф диний қадриятларни емиришга уринган турли диний ва фалсафий оқимларнинг фикр ва даъволарини танқидий ўрганиб, уларни рад этишга интилган. Аввало, тавҳид эътиқоди орқали Исломнинг асосий ақидавий асосларини аниқлаб, уларни ҳимоя қилган ва мустаҳкам ақидавий пойдеворга асос солган [4].
Исломий илмлар борасида юксак мавқега эга бўлган Имом Мотуридийнинг энг кўп шуғулланган илм соҳаларидан бири, шубҳасиз, калом илмидир. Имом Мотуридий ушбу илмга олиб кирган метод ва йўналишлари сабабли бу соҳада етук аллома сифатида тан олинган. Шу боис, у ислом оламида тафсир ва фиқҳ илмларидан кўра, калом илми олими сифатида кўпроқ машҳурликка эришган. Имом Мотуридийнинг калом илмида юксак мавқега эга бўлишидаги энг муҳим омил – унинг ушбу илмнинг ривожланиши ва тизимлаштирилишига қўшган ҳиссасидир [3].
Қуръони карим нозил бўлган даврдан бошлаб Имом Мотуридий яшаган милодий Х асргача бўлган давр оралиғида Ислом оламида сиёсий, ижтимоий, илмий ва маданий соҳаларда кўплаб муҳим воқеа ва ўзгаришлар юз берган. Бунинг натижасида Ислом дунёсида динни англаш ва шарҳлаш борасида турли хил сиёсий, фалсафий, эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар ҳамда оқимлар пайдо бўлган. Айниқса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотидан сўнг мусулмонлар орасида биринчи марта юзага келган халифалик/имомат борасидаги баҳслар, Ҳазрат Али (р.а.) халифалик даврида содир бўлган Жамал ва Сиффин урушлари мураккаб ақидавий муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Айнан ушбу асрларда хорижийлик, Шиа ва Муржиъа каби турли сиёсий мазҳаблар ҳам шакллана бошлади [4].
Ислом ўлкаларининг кенгайиб бориши натижасида турли дин, маданият ва сивилизатсиялар ўртасида диний, фикрий, илмий ва маданий соҳаларда ўзаро таъсирланиш кучайди ва турли эътиқод соҳиблари ўртасида диний-ақидавий масалаларда баҳс-мунозаралар пайдо бўла бошлади [6].
Бундан ташқари, мусулмонлар бошқа дин, маданият ва сивилизатсияларни чуқурроқ ўрганиш ва англаш мақсадида ҳинд ва форс маданияти ҳамда юнон фалсафасига оид асосий асарларни таржима қилишга катта аҳамият бера бошладилар. ВИИИ асрдан бошланган ушбу таржима ҳаракатлари натижасида ғайриисломий тафаккур шакллари Ислом сивилизатсиясига кириб келди. Бу ҳолат бир томондан илмий-фалсафий, ақидавий жиҳатдан кўплаб янги фикр ва ёндашувларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бўлса, бошқа томондан эса Исломга қарши кайфиятдаги, зарарли ва бузғунчи гуруҳларнинг юзага келишига ҳам олиб келди. Натижада, мусулмонлар бир томондан дин доирасида пайдо бўлган янги масалаларни тушунтиришга, бошқа томондан эса турли дин вакилларига Исломни баён қилишга ва кўплаб адашган оқимларнинг Исломга қарши ҳужум ва туҳматларига қарши курашишга мажбур бўлдилар [6]. Мана шундай ички ва ташқи омиллар туфайли, Ислом жамиятида Жабарийя, Жаҳмийя, Қадарийя, Мўтазила, Салафийя каби турли оқимлар вужудга келди. Имом Мотуридий илмий меросининг аҳамияти ҳам ўз давридаги турли ақидавий ихтилофларни илмий далиллар асосида тушунтириб, мусулмон дунёсида бирдамликни таъминлаш борасидаги интилишларида намоён бўлади [3].
Имом Мотуридийнинг Ислом оламида етук калом олимларидан бири сифатида тан олиниши фақатгина Абу Ҳанифанинг қарашларини қайта шарҳлаб, бойитгани ёки унинг номи билан аталувчи калом мактабининг мавжудлиги билангина изоҳланмайди. Булар билан бир қаторда, умуман Ислом тафаккурининг, хусусан калом илмининг мазмун, услуб ва метод жиҳатидан бойишига, янада тизимли бир шаклга киришига, Ислом эътиқоди асосларига қарши юзага келган бузғунчи фалсафий ва диний оқимларга қарши Ислом ақидасини ҳимоя қилиш ва асослаб беришда кўрсатган хизмат ва ҳиссаси ҳам унинг мазкур илм соҳасида шуҳрат топишига катта таъсир кўрсатган [4].
Алломанинг энг муҳим икки асари – “Китоб ат-Тавҳид” ва “Таъвилот аҳл ас-Сунна” юқоридаги фикримизни яққол тасдиқлайди. Чунки Имом Мотуридий бу асарларида ўзидан аввалги олимлар муҳокама қилмаган муҳим масалаларни кўтариб чиққан, нақлий далиллар билан бирга тарихий, ижтимоий характердаги ақлий далиллардан ҳам фойдаланиб, ихтилофларни бартараф қилишга ҳаракат қилган. Шу сабабли бугунги кунда унинг илмий фаолиятини чуқур ўрганган замонавий олимлар Имом Мотуридийнинг калом илми тизимлашуви ва ҳақиқий илмий фан даражасига кўтарилишида кўрсатган ҳиссасини очиқ-ойдин эътироф этадилар [3].
Имом Мотуридий калом илмининг жоизлиги масаласи бўйича мунозаралар авж олган бир даврда яшаб, бу илмни ўрганишнинг жоиз эканини асослаб беришга ҳаракат қилган ва калом илмининг мустақил бир илм соҳаси сифатида шаклланиши ҳамда мусулмон жамияти томонидан қабул қилинишига ҳисса қўшган. Чунки юқорида таъкидланганидек, унинг даврида калом илми қаттиқ танқид остига олинган, унга қарши салбий муносабат мавжуд эди. Бошқача айтганда, калом илмининг шаръийлиги масаласи шубҳа остига олинган эди. Имом Мотуридий эса бу баҳс-мунозараларда калом илмининг зарурий ва жоиз эканини Қуръон оятларидан далиллар келтириш орқали исботлашга интилган [6].
Маълумки, калом илмининг асосий вазифаларидан бири Исломнинг ақидавий асосларини ҳимоя қилиш, бу асосларни мустаҳкамлаш билан бирга, мусулмонларга уни тўғри тушунтириш ва кейинги авлодларга соғлом тарзда етказишдан иборатдир. Айниқса, “Таъвилот” асарининг турли жойларида Имом Мотуридий ўз давридаги турли адашган оқимларни танқид қилар экан, айнан калом илмининг мана шу хусусиятига эътибор қаратади. У диний масалаларда баҳс ва мунозарани инкор этувчи тоифаларга қарши туриб, калом илми нафақат жоиз, балки зарурий илм эканини исботлашга ҳаракат қилган. Имом Мотуридий калом илми билан шуғулланишнинг шаръан жоизлигини далиллаш учун аввалги пайғамбарларнинг ўз қавмлари билан олиб борган баҳс-мунозараларини далил сифатида келтиради [2]. Унга кўра, ҳеч бир пайғамбар ўз қавми билан баҳс қилмасдан, уларни даъват қилмаган. Масалан, Иброҳим (а.с.)нинг Аллоҳнинг борлиги ва ягоналиги масаласида ўз қавми ва подшоҳ билан олиб борган баҳслари, шунингдек, Мусо (а.с.)нинг Фиръавн билан олиб борган мунозаралари бунга далил сифатида кўрсатилган [3].
Имом Мотуридийга кўра, мусулмонлар Ислом динини бошқа халқларга етказиш учун ўзларини илмий жиҳатдан етук ҳолда тайёрлашлари керак, айниқса диний масалаларда зарур бўлган далилларни ўрганишлари зарур. Чунки ислом динига даъват этиш жараёнида фатҳ этилган халқларни ишонтириш учун айнан шу далилларга эҳтиёж туғилади. Зеро, барча пайғамбарларга ўз қавмларини Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Унга ҳеч қандай шерик йўқлигига ишонтириш вазифаси юклатилган бўлса, худди шундай мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг ягоналигини далиллар асосида бошқаларга етказишга масъулдирлар. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Имом Мотуридий адашган оқимларнинг “бу жоиз эмас” деган фикрларига зид равишда, калом илми билан шуғулланиш, дин ҳақида фикр юритиш ва баҳс қилиш шаръан жоиз эканини асослаган [4].
Ислом эътиқод тизимини ҳимоя қилиш ва уни тўғри англаш масаласида Калом илмининг зарурлигига урғу берган ҳолда Имом Мотуридий бу фикрни фақат назарияда қолдирмасдан, балки бутун ҳаёти давомида амалиётда ҳам қўллашга ҳаракат қилган ва шу орқали бу илмнинг зарурлигини исботлаб берган. Имом Мотуридийни бунга ундаган энг муҳим омиллардан бири, шубҳасиз, унинг диний, фалсафий ва сиёсий мазҳаб ҳамда оқимлар, бидъатларга асосланган қарашлар пайдо бўлган, Ислом жамиятига турли вайронкор ғоялар кириб келган бир даврда яшаганлигидир. Мана шундай муҳит ва даврда камол топган Имом Мотуридий бир томондан бошқа сивилизатсиялар томонидан кириб кела бошлаган турли ёт ғояларга қарши Исломнинг асосий эътиқод асосларини, бошқа томондан эса Ислом доирасида пайдо бўлган диний ва сиёсий мазҳаб ҳамда фирқаларга қарши сунний ақидани ҳимоя қилиш мақсадида кураш олиб борган. Имом Мотуридийнинг радикал оқимларга қарши олиб борган курашларини бугунги кунда унга нисбат берилган асарлари орқали билиб оламиз. Бу борада ушбу асарларнинг фақат номлари ва мавзу сарлавҳаларига назар ташлашнинг ўзиёқ алломанинг ҳаёти турли ёт, адашган фирқаларга қарши фикрий курашлар, радикал оқимларга қарши сунний ақидани ҳимоя қилиш билан ўтганини англаш учун етарли бўлади [3].
Умуман олганда, аҳли сунна ва-л-жамоа таълимотининг икки йирик ақидавий мактабларидан бири – мотуридия йўналишига асос солган Абу Мансур ал-Мотуридий Мовароуннаҳр заминида етишиб чиққан буюк мутафаккир сифатида ислом тафаккури тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. У ўзининг бой илмий мероси орқали ислом динининг бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини асослаб берган, турли ёт мафкуралар ва бузилган эътиқодий қарашларга Қуръони карим ҳамда Суннат асосида илмий раддиялар билан жавоб қайтарган. Мотуридий калом илми соҳасида чуқур билимга эга бўлган аллома бўлиб, унинг асарлари нафақат ақидавий масалаларни, балки фалсафий ва мантиқий муаммоларни ҳам қамраб олади.
Хусусан, “Китоб ат-Тавҳид” асари алломанинг калом, фалсафа ва жадал илмидаги юксак салоҳиятини яққол кўрсатса, “Таъвилот ал-Қуръон” тафсир, ҳадис, фиқҳ ва ақида соҳаларида чуқур билимга эгалигини исботлайди. Мазкур асарлар орқали Мотуридий нафақат Мовароуннаҳр минтақасида, балки бутун ислом оламида илмий обрў-эътибор қозонган ва ўз даврида ҳам, ундан кейинги асрларда ҳам ақидавий тафаккур тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Шу боис Имом Мотуридийнинг илмий мероси бугунги глобаллашув жараёнида ҳам диний-маънавий барқарорликни таъминлаш, турли радикал ғояларга қарши илмий асосланган ёндашувни шакллантиришда беқиёс аҳамият касб этади.
Сарвар Саидов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Тел: +998909826095
E-mail: sarvarsaid@bk.ru
Орcид: 0000-0003-0353-7455
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
- Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур. – Тошкент: Сано-стандарт, 2019. – 624 б.
- Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот ал-Қуръон (27-28-жузлар). – Тошкент: “ҲИЛОЛ-НАШР” нашриёти, 2022. – 736 б.
- Кутлу Сöнмес. Мâтüрîдîлигин Тариҳи Арка Плани. – Анкара: 2003.
- Реcеп Öнал. Мâтüрîдîънин Ҳаятı, Эсерлери Ве Келам İлмиъндеки Ери. Академик İнcелемелер Дергиси. Cилт: 8, Сайı: 3, 2013.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳидоят имоми. Имом Абу Мансур Мотуридий. – Тошкент: “ҲИЛОЛ-НАШР” нашриёти, 2021. – 128 б.
- Зиёдов Ш. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Китоб ат-таʼвилот” асари. “Фан” нашриёти. 2009. – 140 б.