
Бағрикенглик инсоният тарихида энг қадрланган фазилатлардан бири бўлиб, жамият тинчлиги, барқарорлиги ва осойишталигининг асоси ҳисобланади. У фақат инсоний хислат эмас, балки ўзаро ҳурмат, сабр, кечирим ва муросанинг тимсолидир. Бағрикенглик мавжуд бўлган жамиятда адоват эмас, ҳамжиҳатлик ҳукм суради, инсонлар бир-бирининг фикри ва қарашларига ҳурмат билан ёндашади, зиддиятлар эса мулоқот ва муроса орқали ҳал этилади. Бугунги глобаллашув даврида бағрикенглик нафақат ахлоқий, балки ижтимоий заруратдир, чунки турли миллат, дин ва маданият вакиллари бир жойда яшамоқда ва бу хилма-хилликни ҳурмат қилиш тинчликни сақлашнинг шарти ҳисобланади.
Ислом дини инсонларни айнан шу йўлга, яъни сабр, раҳм-шафқат, кечирим ва бағрикенгликка чорлайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат билан айтади:
“Ей одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ушбу ояти карима инсонлар ўртасидаги тенглик, ҳурмат ва бағрикенглик ғоясини ифодалайди. Ундан англашиладики, инсонларни устун ёки паст қилувчи мезон уларнинг ирқи, миллати ёки дини эмас, балки тақвоси ва ахлоқий камолотидир
Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётида бағрикенгликнинг энг олий намуналарини кўриш мумкин. Тоиф воқеасида У зот тошбўрон қилинишларига қарамай, душманларга дуо қилиб, уларнинг ҳалок бўлишини эмас, балки авлодларининг ҳидоят топишини сўраганлар. Бу инсонийлик ва кечиримнинг энг юксак даражасидир.
Бағрикенглик фақат диний эмас, балки ижтимоий, маданий ва сиёсий соҳаларда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Турли халқ ва маданият вакиллари тинч-тотув яшаган жамият ҳар доим барқарор бўлади. Қуръонда шундай ҳикматли оят бор:
“Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайдир. Яхшиликка шошилингиз”. (Моида сураси, 48-оят).
Бу оятдан тушуниш мумкинки, инсониятдаги хилма-хиллик Аллоҳнинг ҳикмати бўлиб, фарқлилик бир-бирини душманлик учун эмас, балки ўрганиш ва ҳамкорлик учун яратилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Мадинага ҳижратидан кейин тузилган “Мадинадаги ижтимоий шартнома” тарихий бағрикенглик намунаси ҳисобланади. Унда мусулмонлар, яҳудийлар ва бошқа диний гуруҳлар биргаликда тинч яшаш, ўз динларига эркин амал қилиш шартлари билан келишиб олишган. Бу ҳужжат бугунги демократик жамиятларда илгари сурилаётган диний эркинлик тамойилларининг илк шакли бўлган.
Ислом дини нафақат мусулмонларга, балки барча инсониятга тинчлик тилайди. Арабча “ислом” сўзининг ўзи “салом” – тинчлик, осойишталик маъносини билдиради. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Ҳақиқий мусулмон — бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадис ҳар бир мусулмонни бошқаларга зарар етказмаслик ва бағрикенглик руҳида яшашга чорлайди.
Бугунги кунда дунёда диний бағрикенгликни тарғиб этиш, экстремизм ва нафратга асосланган ғояларга қарши курашиш инсоният олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Бағрикенглик фақат сўз билан эмас, амалда ҳам кўриниш топмоғи лозим. Ҳар бир инсон хилма-хил дунёқарашга эга бўлганларни тушунишга интилиши, муроса қилиш маданиятига эга бўлиши зарур. Юртимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан асосий мақсад ҳам 38 миллионлик халқимиз орасида бағрикенглик сиёсатини қарор топтиришдан иборатдир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Оʻзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таʼминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунлар ҳар бир фуқарога ўз эътиқодини танлаш, уни адо этиш эркинлигини кафолатлайди. Бу ҳуқуқий асослар бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, турли дин вакиллари ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик тадбирлари, ҳар йили ўтказиб келинаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” – буларнинг барчаси жамиятда тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умуман айтганда, бағрикенглик инсоннинг ахлоқий юксаклигини кўрсатади. Кимки бошқаларнинг фикрини тушунишга, кечиришга, муроса қилишга қодир бўлса, демак, у маънавий жиҳатдан етук инсондир. Бағрикенглик инсоният тинчлигининг пойдевори, жамият барқарорлигининг кафолати ва маънавий камолотнинг белгиси сифатида кўплаб тарихий воқеалар ва ҳадислар билан тасдиқланган. Ҳар бир инсон ўз ҳаётида сабр, кечирим, муроса, раҳм-шафқат ва меҳр-муҳаббатни устувор қилса, дунё янада осойишта бўлади.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD