ЎЗБЕК ТИЛИ ВА ГЛОБАЛИЗАЦИЯ

by Matbuot xizmati
60 👁️

Аннотация. Ушбу мақолада глобализация жараёнининг ўзбек тили тараққиётига кўрсатган таъсири таҳлил қилинади. Рақамли даврда тилнинг ривожланиши, халқаро майдондаги нуфузи ва коммуникатив салоҳияти илмий асосда кўриб чиқилади. Шунингдек, ўзбек тилининг глобал муҳитга интеграциялашуви натижасида пайдо бўлган имкониятлар ва муаммолар ёритилиб, истиқболдаги ривожланиш йўналишлари ҳақида таклифлар билдирилади. Мақола глобал тил сиёсати, рақамли маданият ва тил ўқитиш методикаси билан боғлиқ муаммоларни ҳам таҳлил қилади.

Калит сўзлар: ўзбек тили, глобализация, тил сиёсати, рақамли маданият, маданий интеграция, она тили, тил маданияти.

Кириш. XXI аср инсоният тарихида ахборот, технология ва коммуникация инқилоби даври сифатида намоён бўлди. Бу жараён – глобализация – нафақат иқтисодий, балки маданий ва тил жиҳатидан ҳам бутун дунёни ўзаро боғлаб қўйди. Глобализация шароитида миллий тилларнинг ўзлигини сақлаш, уларни замон талаблари даражасида ривожлантириш долзарб масалага айланди. Ўзбек тили ҳам ана шундай жараённинг фаол иштирокчисидир.

Глобализация жараёни инсоният тарихида энг муҳим босқичлардан биридир. У иқтисодиётдан тортиб маданият, таълим ва тил сиёсатигача бўлган барча соҳаларни қамраб олмоқда. Ҳар бир халқнинг миллий ўзлиги, маданий қадрияти ва дунёқараши, аввало, унинг тилида акс этади. Шу боис, глобализация тиллар рақобати, маданиятлар ўзаро таъсири ва ўзликни сақлаб қолиш масалаларини янада долзарб қилиб қўйди. Ўзбек тили бу жараёнда фаол иштирокчи бўлиб, у мустақилликдан сўнг давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 1989 йилда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, 1995 йилдан бошлаб лотин ёзувига ўтиш жараёнининг бошланиши, сўнгги йилларда эса рақамли муҳитда ўзбек тилининг пайдо бўлиши – буларнинг барчаси тилни замонавий глобал контекстда ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлардир.

Бугунги кунда ўзбек тили халқаро ахборот маконига кириб бормоқда. Интернет тармоғида ўзбек тилидаги веб-сайтлар, янгилик порталлари, блоглар, электрон кутубхоналар сони ортмоқда. Бироқ, бу жараён сифат жиҳатидан ҳам мукаммал бўлиши зарур. Шунчаки тилнинг мавжудлиги эмас, балки унинг рақамли самарадорлиги, илмий ифода имкониятлари ва халқаро тан олиниши муҳим омилдир. Шу нуқтаи назардан, ўзбек тили рақамли маданиятнинг фаол иштирокчисига айланиш йўлида.

Ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши ўзбек тилига илгари бўлмаган имкониятларни яратмоқда. Масалан, Google Translate, Yandex Translate, ChatGPT, Microsoft Sopilot каби тизимларда ўзбек тили мавжуд бўлиши – унинг халқаро миқёсда тан олинаётганидан далолат беради. Бу, ўз навбатида, ўзбек тилида контент ишлаб чиқарувчи мутахассислар учун ҳам янги имкониятлар очади.

Шунингдек, сунъий интеллект тизимларида ўзбек тили корпусларини шакллантириш – келажакда овозли ёрдамчилар, автоматик таржима, матнни таҳлил қилиш каби соҳаларда миллий тилнинг позитсиясини кучайтиради.

Сўнгги йилларда ўзбек адабиёти асарлари (масалан, Абдулла Қодирий, Тоғай Мурод, Ҳамид Исмоилов асарлари) инглиз, турк, рус, француз ва бошқа тилларга таржима қилинмоқда. Бу – ўзбек тилининг халқаро маданий майдондаги мавқеини мустаҳкамловчи муҳим жараёндир.

Бундан ташқари, ўзбек тили хорижий мамлакатларда (Туркия, Корея, Россия, Венгрия, АҚШ ва бошқалар) таълим дастурларига киритилмоқда. Бу эса ўзбек тилининг глобал коммуникация тизимида ўз ўрнини топишига хизмат қилади.

Бугунги кунда халқаро университетлар, қўшма таълим дастурлари ва онлайн платформалар орқали ўзбек тили ўрганилмоқда. Бу ҳол тилнинг илмий-тадқиқот даражасида ўрганилишини ҳам кучайтирмоқда. Масалан, “Ўзбек тили ва адабиёти” фанининг хорижий нашрларда пайдо бўлиши, филология йўналишида ўзбек тили бўйича диссертациялар ҳимоя қилинаётгани – тилнинг глобал илмий муҳитга кириб бораётганидан далолатдир.

Ижтимоий тармоқлар, блоглар, реклама ва оммавий маданиятда бегона сўзларнинг кўплаб қўлланиши ўзбек тилининг табиий тузилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Code switching” ва “Code mixing” (тилни аралаштириб ишлатиш) ҳодисалари айниқса ёшлар нутқида кенг тарқалган. Бу эса ўзбек тилининг тозалиги ва маданиятига хавф туғдиради.

Интернетда ўзбек тилида мавжуд илмий, техник, тиббиёт, ҳуқуқ ва ижтимоий фанларга оид материаллар ҳали ҳам кам. Натижада, ёшлар ва мутахассислар хорижий тилдаги манбаларга таянишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳол ўзбек тилининг илмий ифода имкониятларини чеклаб қўяди. Она тили таълимида замонавий методикалар, масалан, коммуникатив ва CLIL (Content and language integrated learning) ёндашувларининг етарли қўлланилмаётгани, ўқув адабиётларининг бир хиллиги ҳам муаммолардан биридир. Шу боис, тилни ўргатиш жараёнида креатив, технологик ва интерактив методларни кенг жорий этиш зарур.

Рақамли ўзбек тили экотизимини яратиш – ўзбек тилида сунъий интеллект, автоматик таржима, овозли хизматлар, тил корпуслари ва ахборот базаларини кенгайтириш. Тил сиёсатини халқаро стандартларга мослаштириш – ягона имло, терминология ва орфография меъёрларини тўлиқ жорий этиш.

Тил дипломатияси ва маданий экспорт – хорижда ўзбек тили марказлари ташкил этиш, ўзбек тилида нашр этилган филмлар, китоблар ва санъат асарларини тарғиб қилиш.

Таълимни модернизация қилиш – она тили фанини замонавий педагогика ва технологиялар асосида ўқитиш, ўқув дастурларини халқаро талабларга мослаштириш.

Глобализация – бу фақат иқтисодий ёки сиёсий ҳодиса эмас, балки маданий-тилшунослик жараёнидир. Ҳар бир халқнинг тилини асраб-авайлаши, уни замон талаблари асосида ривожлантира олиши – ўша халқнинг глобал жараёндаги мавқеини белгилаб беради. Ўзбек тили бугун глобал майдонга чиқиш арафасида турибди. У ўз тарихий илдизлари, бой лекцик манбалари ва ифода имкониятлари билан жаҳон тиллари орасида муносиб ўрин эгаллаш салоҳиятига эга. Аммо бу салоҳиятни рўёбга чиқариш учун рақамли соҳада фаолиятни кучайтириш, илмий-техник терминологияни бойитиш, она тили таълимини модернизация қилиш зарур.

Глобализация ўзбек тили учун икки томонлама жараёндир: бир томондан, у тилнинг жаҳон майдонига чиқишини таъминлайди; иккинчи томондан эса, тилнинг миллий руҳини сақлаб қолиш вазифасини юклайди. Шу боис, ўзбек тили сиёсати фақат ҳимоя ва сақлаш эмас, балки ривожлантириш, янгилаш ва глобал миқёсда тарғиб этишга йўналтирилиши лозим.

Келажакда ўзбек тили илм-фан, технология, маданият ва дипломатия тили сифатида жаҳон ҳамжамиятида ўз овозига эга бўлиши учун барча имкониятлар мавжуд. Энг муҳими – бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг она тилига бўлган меҳр-муҳаббати ва масъулияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Анвар Жураев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро алоқалар ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика