ИЛМ ВА МАъРИФАТ ОРҚАЛИ РАДИКАЛИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ

by Matbuot xizmati
46 👁️

Замонавий дунёда радикализм ва экстремизм инсоният тинчлигига, жамият барқарорлигига ва миллатлараро тотувликка жиддий хавф туғдираётган ҳодисалардир. Бу таҳдидлар, айниқса, ёшлар онгига турли йўллар билан сингдирилмоқда. Шунинг учун радикализмга қарши курашда куч ишлатиш ёки маъмурий чоралар эмас, балки илм ва маърифат асосидаги ёндашув энг самарали восита сифатида қаралади. Чунки жаҳолат илдиз отган жойда экстремизм тез ёйилади, маърифат эса инсон тафаккурини ёритади ва уни бу хатарли ғоялардан ҳимоя қилади.

Маърифатли жамият радикализмни рад этади, билимли инсон ҳар қандай фикрни танқидий таҳлил қила олади, ҳар бир ғоянинг моҳиятини англайди. Радикал қарашлар кўпинча мутаассиблик, бағрикенгликнинг йўқлиги, бошқаларнинг фикрини инкор этиш, диний ёки сиёсий ғояларни зўрлик билан сингдиришга уриниш, жамият қонун-қоидаларини рад этиш ҳамда “фақат биз ҳақмиз” деган бир ёқлама дунёқараш шаклида намоён бўлади. Маърифат эса инсонни мантиқий фикрлаш, далил-исбот асосида қарор қабул қилишга ўргатади. Шу боисдан, ёш авлодни радикал ғоялардан ҳимоя қилишнинг энг тўғри йўли — уларни тўғри, чуқур ва кенг қамровли билим билан қуроллантиришдир.

Таълим тизими бу жараёнда муҳим ўрин тутади. Мактаб ва олий таълим муассасалари фақат билим бериш билан чекланмасдан, ёшларнинг дунёқарашини шакллантирувчи, уларда танқидий тафаккур, толерантлик, бағрикенглик каби инсоний қадриятларни мустаҳкамловчи марказларга айланиши зарур. Ҳар бир ўқув дастури инсонпарварлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, фуқаролик масъулияти каби тамойилларни ўз ичига олиши керак.

Шунингдек, диний таълим ва маънавий тарбия ҳам радикализмга қарши курашнинг муҳим омилидир. Диннинг асл моҳиятини, инсонпарварлик, тинчлик ва адолат тамойилларини чуқур тушунтириш орқали ёшлар орасида нотўғри диний талқинларга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Ҳақиқий диний билим инсонни эзгуликка, меҳр-оқибатга, меҳнатсеварлик ва бағрикенгликка чорлайди. Шу сабабли, диний-маърифий таълим тизимини замон талаблари асосида ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Радикализмнинг илдизида кўпинча ижтимоий адолатсизлик, ишсизлик, маънавий бўшлиқ, ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслик каби омиллар ётади. Илм эса инсонни ўз ҳаёт йўлини англашга, жамиятда фойдали шахс сифатида шаклланишга ундайди. Маърифат орқали инсон ўзининг қадри, мақсади ва имкониятларини англайди. Уни турли ёт ғояларга берилишдан сақлайди.

Шунингдек, ахборот технологиялари даврида ёшлар интернет орқали турли мафкуравий оқимларнинг таъсирига тушиши мумкин. Шу боис рақамли саводхонлик, ахборот маданиятини ошириш ҳам маърифатнинг ажралмас қисмидир. Ёшлар интернетдаги ҳар қандай маълумотга танқидий ёндаша олсалар, радикал тарғибот воситаларига ишонмасдан, уларни таҳлил қила олсалар, бу ўз-ўзидан радикализмга қарши кучли ҳимоя тизимини яратади.

Маърифат орқали курашиш, бу — фикр ва тафаккур майдонида ғалаба қозониш демакдир. Чунки инсонни куч билан эмас, билим билан ўзгартириш мумкин. Илмли инсон нафақат ўз ҳаётини, балки атрофдагиларни ҳам юксак мақсадларга йўналтира олади. Шу боис давлат, жамият, оила ва таълим муассасалари биргаликда ёш авлодни маънавий жиҳатдан етук, билимли ва тафаккури кенг инсонлар сифатида тарбиялашга алоҳида эътиборбермоғи даркор.

Хулоса қилиб айтганда, радикализмга қарши курашнинг энг самарали йўли бу — маърифатни кучайтириш, илмни қадрлашдир. Маърифатли жамият ҳеч қачон жаҳолат ва радикализм домига тушмайди. Аксинча у тинчлик, тараққиёт ва барқарорликнинг энг мустаҳкам пойдеворини яратади.

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

АБДУВАХИДОВ АБДУЛЛАЗИЗ АБДУСАТТОР ЎҒЛИ

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика