ОТА-ОНАНИ ЭЪЗОЗЛАШ  БИЛАН ЖАМИЯТ ФАРОВОН ҲАЁТ КЕЧИРАДИ

by Matbuot xizmati
163 👁️

Инсон ҳаётининг асосий таянчи — бу оиладир. Оиланинг эса энг муҳим устунлари ота ва онадир. Ота – рўзғорнинг суянчи, меҳнатсеварлик ва масъулият рамзи бўлса, она – меҳр, садоқат ва раҳм-шафқат тимсолидир. Шу сабабли ота-онани эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг дуосини олиш ҳар бир инсоннинг энг муқаддас бурчи ҳисобланади.

Ота-онани эъзозлаш – инсонийликнинг юксак кўриниши ҳисобланади. Фарзанднинг ота-онага бўлган муносабати унинг инсоний фазилатларидан дарак беради. Ота-онани эъзозлаш — бу фақат уларнинг тирик пайтида ҳурмат кўрсатиш эмас, балки улар вафот этганидан сўнг ҳам уларнинг номини улуғлаш, дуо билан ёд этиш, уларнинг орзусини давом эттириш, номига доғ туширмасликдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилганлар: “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир.” Бу ҳадис оналарнинг мақомини, уларга ҳурматнинг нақадар улуғлигини очиқ ифода этади. Яна бошқа бир ҳадисда:
“Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир, Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, – деб таъкидланган.

Бу сўзлар ота-онага бўлган муносабат инсоннинг бутун ҳаётига, дунёвий ва охират саодатига бевосита таъсир этишини кўрсатади.

Қуръони каримда кўплаб оятлар ота-онага яхшилик қилишни буюради. Исро сурасининг 23-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Роббинг фақат унинг ўзига ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бири ёки ҳар иккиси кексалик ёшига етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларни койима, уларга чиройли сўз айт”.

Бу оят нафақат диний буйруқ, балки юксак ахлоқий қўлланма ва қадрятдир. Унда ота-онанинг кексалигида уларни асраб-авайлаш, ғамхўрлик қилиш, уларнинг кўнглини оғритмаслик буюрилган.

Жамиятнинг мустаҳкамлиги ва фаровонлиги ҳар бир оиланинг барқарорлигига боғлиқ. Агар оилада меҳр, ҳурмат ва эҳтиром ҳукм сурса, бу ижобий муҳит бутун жамиятга тарқалади. Аксинча, ота-онасига ҳурматсизлик қилган, уларни қадрламаган авлоддан жамият учун фойдали шахслар чиқмайди.

Ота-онани қадрлаш — бу оилавий қадриятларнинг, миллий ғурур ва ахлоқий меъёрларнинг асоси. Ҳар бир фарзанд ота-онасига меҳр кўрсатган сари, у ўз фарзандларида ҳам шу хислатни тарбиялайди, узлуксиз давом этадиган фазилат занжирига айланади. Натижада меҳр-оқибат, ғамхўрлик, ҳурмат сингари фазилатлар жамиятнинг ҳар бир қатламига сингиб боради.

Ота-онанинг дуоси билан улғайган фарзанд – ватанпарвар, меҳнатсевар ва ҳалол инсон бўлиб етишиб жамият тараққиётига, халқ тинчлигига, мамлакат равнақига хизмат қилади.

Ота-онанинг розилиги – фарзанднинг энг катта бойлиги. Уларнинг дуоси инсон ҳаётини нурли қилади, ишларида барака бўлади. Кўплаб инсонлар ҳаётдаги ютуқларини ота-онасининг дуосига боғлайди. Ким ота-онасига яхшилик қилса, Аллоҳ унга ҳам яхшилик эшикларини очади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Фарзанд ота-онасига қарши чиқса, дунёда бахт топмайди.” Демак, ота-онанинг кўнглини оғритиш, уларни ранжитиш нафақат гуноҳ, балки инсоннинг ўз ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган омилдир.

Хулоса қилиб айтганда ота-онани эъзозлаш – бу нафақат диний бурч, балки инсонийликнинг энг олий ифодасидир. Ота-онасига ҳурмат кўрсатган, уларнинг дуосини олган инсоннинг ҳаёти фаровон, жамияти эса тинч ва барқарор бўлади. Ҳар бир инсон ўз ота-онасини эъзозлаш орқали нафақат ўз ҳаётини, балки бутун жамиятнинг маънавий муҳитини яхшилайди.

Демак, жамият фаровонлиги, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, оилавий барқарорликнинг пойдевори — ота-онани ҳурмат қилиш, уларнинг қадриятларини асраб-авайлаш, дуоларини олишдир. Ким ота-онасини улуғласа, Аллоҳ уни улуғлайди, бундай инсон яшаётган жамият эса албатта фаровон ҳаёт кечиради.

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

АБДУВАХИДОВ АБДУЛЛАЗИЗ АБДУСАТТОР ЎҒЛИ

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика