
Янгиланаётган Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу шиор асосида фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш ва диний соҳадаги ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда сўнги йилларда диний-маърифий соҳа фаолиятини тартибга солиш бўйича кўплаб қонунлар, фармонлар ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Хусусан, 2021-йил 5-июлда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш борасида муҳим қадам бўлди. Бу саъй-ҳаракатларнинг туб замирида юртимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувликни таъминлаш каби эзгу ғоя ётибди.
2025-йил 25-феврал куни “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу консепсия виждон эркинлигига оид ҳуқуқ ва мажбуриятларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат эканлиги ҳақидаги конституциявий қоидаларни амалга оширишни ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсадлари, вазифалари, тамойиллари ва устувор йўналишларини белгилашни мақсад қилганлиги билан аҳамиятлидир.
Юртбошимиз томонидан жорий йил 21-апрел куни қабул қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни жадалаштиришга, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғоясини амалга ошириш жараёнида инновацион технологияларни татбиқ этишга ҳамда соҳага оид илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан муҳим ҳисобланади. Шу билан бир қаторда, Фармон “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини замонавий ёндашув асосида амалга ошириш, айниқса ёшлар онгида диний бағрикенглик ва ватанпарварлик руҳини шакллантириш, салбий оқимларга қарши маърифат орқали курашишни кучайтириш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Фармоннинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири унда жаҳон сивилизатсияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик каби умуминсоний ва олийжаноб ғояларга асосланган диний-фалсафий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишга алоҳида аҳамият қаратилганлигидир. Зеро, ватанимизнинг илмий, маънавий ва маданий тараққиёти йўлида муҳим омиллардан бири – бу буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни чуқур ўрганиш ва унинг асосида миллий ўзлигимизни, маънавий қадриятларимизни тиклашдир. Бугунги глобаллашув ва тез ўзгарувчан дунёда турли ёт ғояларга қарши маърифат ва бағрикенглик ғояларини илгари суриш, бу йўлда аждодларимизнинг маънавий-маърифий ғояларини кенг тарғиб қилиш жуда ҳам долзарб ҳисобланади.
Хулоса сифатида айтганда, юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш учун амалдаги қонунчилик тизимини такомиллаштириб бориш, соҳага электрон давлат хизматларини жорий этиш, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғоясини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ алломаларнинг бой маънавий меросидан амалиётда фойдаланиш муҳим бўлиб, бу ислоҳотлар мамлакатда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД)